Сурия: муваққат ҳукумат тузилди

Сурия муваққат ҳукумати бош вазири Муҳаммад ал-Башир

Сурат манбаси, Telegram

Сурат тагсўзи, Муҳаммад ал-Башир Сурия муваққат ҳукумати бош вазири лавозимини 2025 йил мартигача эгаллашини айтди
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сурияда муваққат тузилди, унинг илк мажлисига янги ҳукумат ва президент Асад ҳукумати вакиллари қатнашганлар.

"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи Сурия муваққат бош вазири лавозимига Муҳаммад ал-Баширни тайинлади.

Мутахассислиги электрик муҳандис бўлган Муҳаммад ал-Башир урушгача газни қайта ишлаш заводларида ишлаган.

Бунгача у "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи назоратидаги Идлиб вилоятига раҳбар, исёнчилар Сурия шимоли-ғарбида барпо этган "Сурияни қутқариш ҳукумати" бош вазири бўлган.

Суриянинг муваққат бош вазири Муҳаммад ал-Башир айтишича, иттифоқчилар унга раҳбарликни 2025 йил мартигача беришган.

Сурияликларнинг "барқарорлик ва осойишталикдан роҳатланадиган" вақти келди, деб айтди муваққат бош вазир.

Мухбирларга кўра, Дамашқда ҳаёт тобора нормал кўринишга қайтаётгани кузатилади.

Асадни ағдарган исёнчилар Сурия шарқидаги Дайр аз-Зор минтақасини ўз назоратига олганлар.

У ердан Курд жангарилари чиқиб кетган.

Нефт конларига эга Дайр аз-Зор янги Сурия ҳукумати учун муҳим ҳудуд ҳисобланади.

Айни пайтда Исроил Сурия ҳудудида янада кўп жойларни бомбалашни давом эттирган, охирги ҳужумларда Сурия ҳукуматига тегишли бўлган ҳарбий денгиз флотини нишонга олган.

Исроил ҳарбийлари Сурия билан чегарадаги буфер зонадан ҳам ичкарироқ киргани маълум бўлди.

Syria

Сурат манбаси, .

Сурия: пойтахт Дамашқда 40 дан ортиқ инсон жасади топилди

Пойтахт Дамашқ кўчаси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Би-би-си мухбири пойтахт Дамашқ кўчаларида автомобиллар кўпайгани, айрим дўконлар очилгани ҳақида айтди.

"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" раҳбарияти пойтахт Дамашқ шифохонасида 40 дан ортиқ инсон жасадини топганини хабар қилди, қийноқлар учун маъсул собиқ президент Асад ҳукуматидаги масъул раҳбарлар ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди.

"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" хабар қилишича, инсонлар таналарида шафқатсиз қийноқ излари бўлган.

Энди собиқ Сурия ҳукумати сақлаган тутқунларни сақлаб туриш жойларида текшириш ва топилган инсон жасадлари борасида тергов бошланган.

"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний айтишича, Сурия ҳукумати армияси ва хавфсизлик хизматларидаги юқори лавозимли зобитлари "уруш жиноятлари" учун қидирувга бериладилар, яқин орада бу расмийларнинг исми-шарифлари эълон қилинади.

Пойтахт Дамашқдаги "Сидная" қамоқхонасида яширин қамоқ бўлмалари топилмагани ҳақида хабар қилди инсон ҳақлари ташкилоти.

"Сидная" бутун дунёда машъум ном қозонган, халқаро ташкилотлар бу қамоқхонани "инсон қассобхонаси" деб таърифлаган.

Сурия йирик шаҳарлари назоратини қўлга киритган исёнчилар қамоқхоналардаги барча тутқунларни озод қилдилар.

Собиқ президент Асад режими қулаганидан кейинги уч кун давомида Исроил Сурия ҳудудини мунтазам бомбалаб келаяпти.

Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳи хабар қилишича, Исроил охирги кунларда 310 дан ортиқ жойга зарба берган.

Бу ҳужумлар нафақат пойтахт Дамашқ ва атрофи, балки Ҳама шаҳри четидаги нишонларга берилган.

Исроил айтишича, Асад ҳукуматига тегишли қурол-яроғ омборларини ҳужумга тутаяпти, мақсад - қурол-яроғ экстремистлар қўлига тушиши олдини олиш.

Асад режими қулагани хабарлари тарқалиши билан Исроил Сурия билан чегарадаги Жўлон тепаликлари ва ўртадаги буфер зонага ўз қўшинларини киритди, буни ўз хавфсизлигини таъминлаш эҳтиёжи билан тушунтирди.

Орада Исроил қўшинлари Сурия ичкарисидаги ҳудудга кириб борганлари ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ Исроил Мудофаа кучлари бу хабарни рад этиб, ўз ҳарбийлари буфер ҳудудда турганини айтди.

Пойтахт Дамашқда бўлиб турган Би-би-си мухбири Йогита Лимайе хабар қилишича, шу кеча Исроил ҳарбий самолётлари ва дронлари уюштирган ҳужумлар оқибатидаги портлашлар тинмаган.

Асад қочганидан икки кун ўтиб ҳаёт секин-аста нормал шароитда қайтаётгандек, дейди мухбиримиз.

Кўчаларда машина ва одамлар кўп.

"Биз айрим дўкон ва ресторанлар очилганини кўрдик. Айрим жойларда кўчада мева-сабзавот сотувчилар қайтдилар", дейди Би-би-си мухбири.

Минглаб одамларнинг байрам жойига айланган марказий Уммавий масжиди атрофида одам сийрак, атрофдаги кўча хиёбонларни тозалаётган одамларни кўрдик, деди мухбиримиз.

Асад режими қулади

Танк устида Сурия байроғини кўтариб хурсанд бўлаётган сурияликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Атиги 12 кун олдин Сурия шимолида ҳукумат қўшинларига қарши Ҳайъат Таҳрир аш-Шом исёнчи гуруҳлари жанг бошлаганларидан кейин Президент Башар ал-Асад режими қулади.

Ҳайъат Таҳрир аш-Шом ва бошқа исёнчи гуруҳлар иттифоқининг қуролли қаршилиги Суриядаги Асад режимининг 50 йиллик ҳукмронлигига якун ясади.

Исёнчилар дастлаб Сурия шимолидаги Ҳалаб шаҳрини қўлга киритдилар.

Сўнг жанубга илдамлашни бошладилар, бирин-кетин мамлакатнинг йирик шаҳарлари устидан назоратни қўлга киритдилар.

Бир кунлик жанглардан кейин Суриянинг учинчи йирик шаҳри Ҳомс 7 декабр куни исёнчилар қўлига ўтди.

8 декабр куни исёнчилар пойтахт Дамашқ шаҳрига кирдилар.

Шу куни эрталаб президент Асад ўтирган самолёт номаълум томонга учгани хабарлари тарқалди.

Кейинроқ Кремл Башар ал-Асад Россияда экани, Россия унга сиёсий бошпана берганини хабар қилди.

Пойтахт Дамашқда тутқунларга шафқатсиз муомала қилиниши билан танилган Сидная қамоқхонасида сақланган инсонлар озод қилинганлар.

Видео тагсўзи, Сурияликлар Сидная қамоқхонасига кириб қариндошларини излай бошладилар.

Британия "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом"ни террорчи ташкилот рўйхатидан чиқариши мумкин, бироқ Сурия тақдирини ҳал қиладиган фақат у эмас

"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, 2024 йил ноябри охирида "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи Сурия ҳукумат кучларига қарши жанглар бошлади

Асад қулаши - Россия обрўсига зарба

Собиқ Сурия президенти Башар Асад ва Россия Президенти Владимир Путин

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Собиқ Сурия президенти Башар Асад ва Россия Президенти Владимир Путин

Фақат Россиянинг ҳарби кучи Башар Асадга охирги тўққиз йилда ҳокимиятни ушлаб қолишга ёрдам берди, деб ёзади Би-би-сининг Россия бўйича муҳаррири Стив Розенберг.

Бироқ саноқли кунлар ичида Кремлнинг Суриядаги лойиҳаси парчаланиб кетди, кўринишидан, бунга қарши Москванинг қўлидан ҳеч нарса келмади.

Ўзининг баёнотида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Асад президентлик лавозими ва мамлакатни тарк этди деб хабар қилди(қаерга кетгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермасдан).

Ва вазирлик қўшимча қилди: Москва Суриядаги драматик воқеаларни катта хавотир билан кузатиб турибди".

Асад режимининг қулаши - Россия обрўсига зарба.

2015 йили Асадга ёрдам учун бир неча минг ҳарбийни юбориш Россия олдида турган асосий вазифани ҳал қилиш мақсадини кўзлаган эди - ўзининг дунёдаги қудратли давлат эканини кўрсатиб қўйиш.

Бу Владимир Путиннинг собиқ Совет маконидан ташқаридаги Ғарб қудрати ва устунлигига илк бор қарши чиқиши бўлган эди.

Сурия харитаси

Бошида масала ҳал қилингандек кўринди. 2017 йили Президент Путин Суриядаги Ҳмеймим Россия авиа базасига ташриф буюрди ва барча мақсадларга эришилди деди.

Россия авиа зарбалари тинч аҳоли ўртасида қурбонларга сабаб бўлаётгани ҳақидаги хабарларга қарамасдан, Россия Мудофаа вазирлиги Сурияга халқаро оммавий ахборот воситалари вакилларини олиб боришдан чўчимади, бу билан Россиянинг суриядаги ҳарбий муваффақиятларини намойиш этишни истади.

Ана шундай сафарлардан бирида зобитлардан бири менга, "Россия Сурияга узоқ вақтга келди", деб айтганди.

Лекин гап фақат обрўда эмас эди.

Ҳарбий кўмак эвазига Сурия Россияга 49 йилга Ҳмеймимдаги авиа базани ва Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасини ижарага берди.

Россия шарқий Ўрта Ер денгизида муҳим плацдармни қўлга киритган эди.

Ушбу базалар Африкага ҳарбий буюртмачиларни юбориш ва қайтаришдаги муҳим нуқталарга айландилар.

Энди Москванинг олдида муҳим савол турипти: энди Россия ҳарбий базаларига нима бўлади?

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

Ўз баёнотида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги базалар "жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилган"ини хабар қилди, бироқ "ҳозирги пайтда улар учун жиддий хавф йўқ" эканини қайд этди.

Асад Россиянинг Яқин Шарқдаги ишончли иттифоқчиси эди.

Кремл Асадга катта маблағ сарфлади.

Россия Асадни ҳокимиятда ушлаб қолиш учун молиявий, ҳарбий ва сиёсий ресурслар ётқизди.

Россия раҳбарларига Асад режимининг қулашини Москванинг йирик мағлубияти деб тақдим этиш осон бўлмайди.

Бироқ ўзининг ижтимоий тармоқдаги постида Россия парламенти юқори палатаси спикери ўринбосари Константин Косачев шундай деб ёзди:

"Сурияда юз бераётган воқеалар ҳамма учун фожеа. Россия учун энг устувор нарса ўз фуқароларимизнинг, ҳам тинч аҳоли, шу жумладан, дипломатлар ва уларнинг оилалари ва албатта, ҳарбий хизматчиларимизнинг хавфсизлигидир".