Нега Сурия урушини тугатиш осон бўлмайди – беш асосий сабаб

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock
- Author, Луис Барручо
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Янгилик: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши бугун Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.
Мамлакатда исломчи исёнкор гуруҳлар томонидан Башар ал-Асад режими қулатилди.
Таҳлил:
Исёнчи кучлар Сурия ҳукуматига қарши сўнгги йиллардаги энг катта ҳужумини бошлади, бу эса урушнинг амалда тугагани ҳақидаги илгариги тасаввурлар чил-парчин қилди.
Улар Ҳалабдан кейин кеча, пайшанба куни Ҳамани ҳам олди. Бу энди исёнчи кучлар пойтахт Дамашққа йўл солади, деган хавотирларни кучайтирди.
Қўрқувдаги ўн минглаб одам Суриянинг учинчи йирик шаҳри Ҳомсни ташлаб чиқмоқда.
Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (ҲТШ) исломий жангари гуруҳи бошчилигидаги кутилмаган ҳужум натижасида улар дастлаб Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабни назоратга олиб, ҳукумат қўшинларини чекинишга мажбур қилишди.
Бу ҳужум, шунингдек, 2016 йилдан бери Ҳалабга Россиянинг биринчи ҳаво ҳужумларини келтириб чиқарди.
Уруш бошланганидан деярли 14 йил ўтиб, бу янги жанглар уруш давом этишидан хавотирларни кучайтирди.
2018 йилдан бери мамлакат фуқаролик уруши туфайли амалда уч қисмга бўлинган, бунда Башар ал-Асаднинг авторитар режими, курд кучлари ва исломий исёнчилар турли ҳудудларни назорат қилмоқда.
Қуйида Суриядаги урушни тугатиш нима учун қийин эканлигининг бешта сабаби келтирилган.
Алоқадор мавзулар:
Хорижий манфаатлар

Сурат манбаси, Getty Images
Сурия рақобатчи давлатлар иттифоқчиларга ёрдам бериш баҳонасида ўз стратегик мақсадларини кўзлаётган глобал шахмат тахтасига айланди.
Туркия, Саудия Арабистони ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган тарқоқ қуролли мухолифат гуруҳлари Асадга қарши курашмоқда. Бироқ, унинг режими Эрон ва Россиянинг муҳим ёрдами туфайли яшаб турибди.
Уруш чуқурлашгани сайин, "Исломий давлат" (ИД) ва "Ал-Қоида" каби экстремистик жиҳод ташкилотлари ҳам қўшилиб, халқаро хавотирларни кучайтирди. АҚШ ёрдамида ўзини ўзи бошқаришга интилаётган Сурия курдлари вазиятни янада мураккаблаштирди. Россия ва Эрон Асад ҳокимиятини сақлаб қолишда ҳал қилувчи роль ўйнади, Туркия эса шимолдаги ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун исёнчи гуруҳларни қўллаб-қувватлади.
2020 йилда Россия ва Туркия Идлибда вақтинчалик тинчлик ўрнатишда воситачилик қилиб, қўшма патруллар билан хавфсизлик йўлагини ташкил этди, гарчи айрим жойларда жанглар давом этаётган бўлса-да. Бу кенг кўламли тўқнашувларни камайтирган бўлса ҳам, Сурия ҳукумати ҳеч қачон тўлиқ назоратни қайтариб ололмади.
Ҳозир исёнчилар ҳукуматнинг асосий иттифоқчилари бошқа можаролар билан банд бўлганидан фойдаланмоқда.
"Асад режими узоқ йиллар давомида чет элдан қўллаб-қувватлов ҳисобига жуда муваффақиятли сақланиб турди. Исроилнинг шиддатли ҳужуми натижасида Ҳизбуллоҳнинг буткул инқирози ва Украинадаги уруш туфайли Россия ресурсларининг тобора камайиб бориши ҳамда эътиборнинг чалғиши Асад режимини чиндан ҳам ёлғиз қолдирди. Бу эса ҲТШ учун кутилмаган ҳужум уюштириб, ҳудудларни қайтариб олишни бошлашга қулай имконият яратди," дейди Мельбурн университетининг сиёсатшунослик бўйича катта ўқитувчиси доктор Саймон Франкел Пратт.
"Урушнинг қайта бошланиши Сурия шимолида ҳеч қачон тўлиқ ҳал қилинмаган ички беқарорлик ва Асад таяниб келган ташқи ёрдамнинг емирилиши ёки барбод бўлиши натижасида юз берди," дея қўшимча қилади у.

Иқтисодий чўкиш ва гуманитар инқирози

Сурат манбаси, Getty Images
Уруш Сурияни вайрон қилди, унинг иқтисодиётини издан чиқарди, инфратузилмасини барбод этди ва миллионлаб одамларни оғир аҳволга солиб қўйди. Бу эса тикланишнинг аниқ йўли кўринмайдиган гуманитар тангликни келтириб чиқарди.
БМТ маълумотига кўра, Суриянинг урушдан олдинги 22 миллионлик аҳолисининг ярмидан кўпи қочқинга айланди. 6,8 миллион ички кўчкинларнинг 2 миллиондан ортиғи асосий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган, гавжум лагерларда яшайди. Қўшимча 6 миллион киши мамлакатдан чиқиб кетди, асосан Ливан, Иордания ва Туркияга, улар биргаликда 5,3 миллион қочқинни қабул қилган.
"Вазият жуда беқарор ва ноаниқлигича қолмоқда," дейди "World Vision Syria" ташкилотидан Эммануэль Иш. "Турли жойларда жанглар давом этмоқда ва бу ички кўчкинлар сони ортишига олиб келмоқда."
"Улар турли жойларга кетишмоқда ва бизни ташвишлантирадигани шуки, Суриянинг шимоли-ғарбий қисмида аллақачон 2 миллион киши лагерларда яшайди. Шу боис, қочқинларнинг баъзилари ёрдам олиш умидида ушбу жойларга келишмоқда, аммо янгиларни қабул қилиш учун шароитлар мавжуд эмас."
2023 йил ҳолатига кўра, жангларнинг сўнгги давридан олдин Сурияда 15,3 миллион киши гуманитар ёрдамга муҳтож эди – бу рекорд даража ҳисобланади – ва 12 миллион киши жиддий озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. 2023 йил феврал ойида Туркиянинг Газиантеп шаҳри яқинида содир бўлган зилзила вазиятни янада ёмонлаштириб, Сурияда 5900 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва 8,8 миллион кишига зарар етказди.
Иқтисодий манфаатлар, жумладан нефть конлари ва асосий савдо йўлларини назорат қилиш истаги ҳам кескинликни кучайтирмоқда ва гуманитар инқироз билан биргаликда мамлакатда норозилик ва ички зиддиятларга сабаб бўлмоқда.
Авторитар бошқарув

Сурат манбаси, Reuters
Асад режимининг ҳокимиятни сақлаб қолиш учун зўравонлик ва қатағонларга эрк бериши ҳам норозиликни кучайтирди ва урушни чўзди.
БМТнинг 2021 йилги ҳисоботида ҳукумат томонидан амалга оширилган кенг кўламли ваҳшийликлар, жумладан, кимёвий ҳужумлар, аҳоли пунктларига ҳаво зарбалари, тинч аҳолини оч қолдирадиган қамаллар ва гуманитар ёрдамга қўйилган қаттиқ чекловлар ҳужжатлаштирилган.
"Бу уруш негизида авторитаризм туради, – дейди Европа ташқи алоқалар кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури директори Жюлен Барнс-Дейси. – Асад режими муросага келиш ёки ҳокимиятни бўлишишдан мунтазам равишда бош тортиб келди."
2022 йилга келиб, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 306 887 тинч аҳоли уруш ҳаракатлари туфайли ҳалок бўлган, яна минглаб одамлар очлик, касалликлар ва тиббий ёрдам етишмаслиги оқибатида вафот этган.
Буюк Британиянинг Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти мудофаа ва хавфсизлик бўйича таҳлил маркази Яқин Шарқ хавфсизлиги бўйича катта илмий ходими Буржу Ўзжелик қўшимча қилди: "Режим яхши бошқарувдан кўра тирик қолишга эътибор қаратишга мажбур бўлмоқда."
Бўлинган жамият

Сурат манбаси, Getty Images
"Сиёсий бўлинишлар можаронинг марказида турган бир пайтда, шубҳасиз, узоқ вақт давомида кучли мазҳаб оқими ҳал қилувчи роль ўйнади," дейди жаноб Барнс-Дейси.
Шарқда курдлар кўпчиликни ташкил этадиган ҳудудлар урушнинг дастлабки йилларидан бери Сурия давлати назоратидан ташқарида қолди. Айни пайтда, ИШИД қолдиқлари Сурия саҳроларида сақланиб қолмоқда ва хавфсизликка таҳдид солмоқда.
Шимоли-ғарбда Идлиб уруш авжига чиққан пайтда у ерга сурилган жангари гуруҳлар учун таянч нуқтасига айланди ва бу кучларга ҲТШ вилоятнинг де-факто ҳукмдори сифатида раҳбарлик қилмоқда.
Вазият исёнчи гуруҳлар ўртасидаги ўзаро тўқнашувлар билан янада мураккаблашмоқда. Баъзи гуруҳлар, жумладан Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар асосан курдларнинг Халқ мудофаа бўлинмалари жангчиларидан иборат коалиция Сурия Демократик кучлари (СДК) билан тўқнашди. Туркия Халқ мудофаа бўлинмаларини террорчи ташкилот деб ҳисоблайди.
ҲТШ ҳужумни бошлаганидан кўп ўтмай, Ҳалабнинг катта қисмини эгаллаб олган исёнчилар коалициясининг бир қисми бўлган Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган Озод Сурия армияси шаҳар атрофидаги ҳудудлар ва қишлоқларни эгаллаганини эълон қилди.
Ушбу ҳудудлар Башар ал-Асад ҳукумати томонидан эмас, балки СДК томонидан назорат қилинарди, бу эса можаронинг тарқоқ ва кўп қиррали хусусиятини яна бир бор кўрсатиб берди.
Муваффақиятсиз халқаро дипломатия

Сурат манбаси, Reuters
Тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шу жумладан БМТ бошчилигидаги музокаралар, асосий манфаатдор томонлар ўртасидаги қарама-қарши кун тартиблари туфайли муваффақиятсизликка учради. Экспертлар таъкидлашича, йирик иштирокчилар кўпинча ўз стратегик мақсадларини муросадан устун қўяди ва бу барқарор ечимлар учун кам имконият қолдиради.
"Асосий вазият ўзгаришсиз қолмоқда: Асад режими ҳокимиятдан воз кечишни ҳам, муросага келишни ҳам истамайди, исёнчилар эса уни ағдариб ташлаш ва мамлакатдаги ўз ўринларини таъминлаш учун курашни давом эттирмоқда," дейди Барнс-Дейси.
Франкел-Пратт қўшимча қилади: "Минтақадаги бошқа мамлакатлар жуда хавотирда, чунки вазият қандай ҳал бўлиши номаълум.
"Хавотирланган мамлакатлар одатда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади. Масалан, Эрон ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида вазиятни барқарор сақлаш учун вақтинчалик келишувлар, АҚШ ва Европа томонидан эса кескинлашув олдини олиш учун эҳтиёткор ташқи сиёсат юритилишини кўришимиз мумкин."
Баъзи экспертлар, шунингдек, Трамп маъмурияти даврида АҚШ сиёсатининг ўзгариши билан юзага келган ноаниқликни таъкидлайдилар. Масалан, Туркия АҚШ ва Россия билан қулай музокаралар олиб бориш мақсадида Трампнинг лавозимга киришидан олдин ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун исёнчиларнинг сўнгги ҳужумини қўллаб-қувватлаган, деган тахминлар бор.
Бироқ Барнс-Дейсининг сўзларига кўра, Трамп маъмуриятининг Яқин Шарқдаги стратегияси ҳамон ноаниқ.
"Трамп атрофида Исроил тарафдори, Эронга қарши Яқин Шарқда тажовузкор сиёсатни хоҳловчи гуруҳ ҳам, изоляционизм ва АҚШнинг чиқиб кетишини ёқловчи гуруҳ ҳам мавжуд. Трамп АҚШнинг Эронга қарши чуқурроқ аралашувини кучайтирадими ёки минтақавий иштирокчиларни ўз можароларини мустақил ҳал қилишга қўйиб, АҚШнинг чиқиб кетишини тезлаштирадиганми, бу номаълум," дея хулоса қилади у.
Асад тузуми исёнчиларга қарши: Россия ва Эрон ёрдам берадими? Видео
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост














