Россия ё Ғарб? Араб ва мусулмон дунёси икки ўт орасида Rossiya Ukraina Musulmonlar Yangiliklar

Arab dunyosi

Сурат манбаси, AFP

    • Author, Ксения Гогитидзе
    • Role, Би-би-си

Араб дунёси кучни яхши кўрадими ёки Путинга содиқлар кўпми?

Алоқадор мавзулар:

Россиянинг Украинага қарши тажовузи унинг араб дунёсидаги ҳамкорларини чўчитгани йўқ. Уларнинг Ғарбга бўлган одатий ишончсизлиги Владимир Путинга қўл келди. Баъзи эски алоқалар уруш туфайли янада мустаҳкамланди. Бироқ Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг бирорта давлати Ғарбнинг ундовига қарамай, Россиядан юз ўгиргани йўқ.

Украинадаги уруш минтақадаги айрим кучли давлатларнинг геосиёсий вазнини оширди. Миср, Эрон, Туркия ва Форс кўрфази давлатлари бир йилдан бери Ғарб ва Россия ўртасида мувозанат сақлаб келмоқда, Кремль билан ҳам, АҚШ, Европа ва уларнинг иттифоқчилари билан ҳам бизнес ва мулоқот имкониятини қўлдан бой бермаяпти.

Араб дунёси кучни яхши кўради ва Путин Украинада ўз кучини намойиш этди, дейди Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти эксперти Фабрис Баланш олти ой олдин Би-би-сига.

Уруш бошланганидан бир йил ўтиб, жанг майдонидаги муваффақиятсизликларга қарамай, Путиннинг араб тарафдорлари унга ҳамон садоқат сақламоқда, дейди у. Улар Ғарбни ёқтиришмайди, мустамлакачилик ўтмишидан оғринишади, Ғарб дунёсига эмас, балки Россия ва Хитойга юзланиб, улар билан узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр.

"Агар Путин урушда мағлуб бўлса, эҳтимол, нимадир ўзгаради, - деб тан олади Баланш. - Акс ҳолда, ҳаммаси аввалгидек қолади".

Узоқ муддатли ва қонли тўқнашувлар одатий ҳолга айланган бу минтақада давомли уруш даҳшатлари жамоатчилик фикрига айтарли таъсир кўрсатмайди. Уларнинг баъзиларида НАТО рақиб сифатида кўрилади, Европа ва АҚШ Исроилга босим ўтказмаяпти дейишади, улар қочқинларни қабул қилишни истамаяпти деб айблашади.

Натижада Ғарбга ишонч деярли йўқ, араб дунёси эса Украина урушида нафақат Путин, балки НАТО ҳам айбдор эканини айтади.

Ҳозир уруш қизғин, ўткир босқичдан сурункали босқичга ўтган, унинг барча асосий иштирокчилари - Россия, Украина ва Ғарб аниқ бўлгач, Яқин Шарқ мамлакатлари ҳам бундан ҳам сиёсий, ҳам молиявий фойда олишга уринмоқда.

"Аввалига баъзи мамлакатларда қўрқув ва хавотирлар бор эди, бироқ вақт Россия бардошли ва йирик инқирозлардан узоқ эканини кўрсатди", дейди Россия халқаро масалалар бўйича кенгаши (Президент Дмитрий Медведевнинг буйруғи билан 2011 йил таъсис этилган нотижорий ташкилот) эксперти Кирилл Семенов.

"Санкциялар унчалик самарали бўлмаяпти ва биринчи навбатда иқтисодий алоқалардан манфаатдор бўлган араб давлатлари учун бу муҳим, айни шу ҳолат Яқин Шарқ давлатларининг Россия билан муносабатлари ижобий бўлиб қолишига ёрдам беради", деб ҳисоблайди россиялик эксперт.

Араб дунёси давлатлари Европадаги урушда, биринчи навбатда, ўз ролини ошириб олиш имконияти, жумладан, унда ўзини воситачидек кўрмоқда.

Тарафдор ёки қарши

Suriya prezidenti

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Сурия президенти Башар ал-Ассад Путинни ҳамма нарсада қўллаб-қувватлайди

Сурия ўзининг асосий иттифоқчисига тўлиқ қарам ва Россияни ҳар жиҳатдан сўзсиз қўллаб-қувватлайди - ДХР ва ЛХР ўзини мустақил эълон қилганда уларни тан олган Россиядан кейин биринчи ва ягона давлат бўлиб қолди, шунингдек, БМТнинг Россия агрессиясини қораловчи ўтган йил мартдаги резолюциясига ҳам қарши овоз берди.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг бошқа давлатлари анча эҳтиёткор ва мослашувчан ҳаракат қилмоқда.

Жазоир, Ироқ, Эрон ва дастлаб Бирлашган Араб Амирликлари Россия босқинини қоралашдан ўзларини тийишди. Марокаш каби айримлари умуман овоз бермади.

Украинадаги урушда Эрон Россияга худкуш дронлар сотиб, алоқаларини мустаҳкамлади (расмий равишда Эрон ҳам, Россия ҳам буни тасдиқламайди) ва ядровий келишув бўйича музокаралар муваффақиятсизлигида ўз фойдасини кўрмоқда.

Форс кўрфази давлатлари нефть ва газ нархи ошишига даромадни кўпайтириш ва коронавирус пандемиясидан зарар кўрган иқтисодларини ўнглаш имконияти сифатида қарамоқда. Ғарбнинг анъанавий иттифоқчилари ҳам Россия билан алоқалардан қочмаяпти.

Бошқа бир мамлакат ҳудудига бостириб кирган Путиннинг янгича дунё тартиботи ҳақидаги сўзлари араб дунёсидаги кўплаб мамлакатларга мойдай ёқади. Улар энди каттароқ марраларни кўзлашни, бошқаларнинг ўйинида пиёда бўлмасликни истайди.

"Россиянинг (Яқин Шарққа) қайтиши ва Хитой таъсирининг кучайиши минтақа давлатларига Ғарб, Россия ва Хитой ўртасида ўз манфаатлари учун маневр қилиш имконини беради", дейди Баланш.

Туркия аллақачон Россия ва Ғарб қарама-қаршилигидан фойдаланадиган кучли минтақавий ўйинчига айланди. Президент Ражаб Эрдўғон Путин билан алоқани бузмайди: бир томондан, у Москва билан яқин ҳамкорликни давом эттиради, санкциялар қўллашдан бош тортади ва давлатлар ўртасидаги авиақатновларни бекор қилмайди, иккинчи томондан, у Украинани дронлар билан таъминлайди ва Россиянинг «Мир» тўлов карталарини қабул қилишни бекор қилиб, қўйилган чекловларнинг айримларини қабул қилади.

Туркия ва Россиянинг минтақадаги бир нечта можароларда - Сурия ва Ливияда манфаатлари кесишади. Эрдўғон Путин билан биргаликда Сурия президенти Башар ал-Ассаднинг келажагини муҳокама қилмоқда ва Ливияда ўзаро урушаётган икки томонни қўллаб-қувватлаши икки давлат ўртасидаги яқин ҳамкорликка тўсқинлик қилмайди.

Саудия Арабистони каби минтақадаги бошқа давлатлар ҳам худди шундай йўлдан бориб, Россия ва Ғарб давлатлари билан муносабатда мувозанат сақламоқда ва шу билан минтақадаги аҳамиятини оширмоқда. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон АҚШ ва Европанинг нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича чақириқларига қулоқ тутмаяпти, Бирлашган Араб Амирликлари эса Ғарб санкцияларидан қочиб, пул ўтказмоқчи бўлган россиялик тадбиркорларга эшик ёпишга шошмаяпти.

АҚШ молия вазири ўринбосари Брайан Нельсон жорий ҳафтада БАА, Уммон ва Туркияга санкциялар бўйича тирқишларни ёпишга кўндириш учун борди. Аммо, Кирилл Семёнов таъкидлаганидек, Қўшма Штатлар бунинг эвазига арзирли таклиф бермаяпти ва оддий босимлар билан уларни Россияга нисбатан ёндашувни ўзгартиришга мажбурлаб бўлмайди.

Namoyish

Сурат манбаси, ...

Шимолий Африкада ҳам аввало ўз манфаатларига қарашади. Россия ўзаро адоватли Жазоир ва Марокаш билан алоқаларни давом эттирмоқда.

Жазоир СССР давридан бери Россияга кўпроқ содиқ бўлиб келган. Бу мамлакат Россиядан қурол сотиб олади ва БРҲХЖ блокига (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) қўшилмоқчи, бунинг учун Россия ва Хитойнинг «оқ фотиҳа»сини ҳам олган. 2021 йилда Жазоир Россия қуролларининг энг йирик харидори бўлган Ҳиндистон ва Хитойдан кейин учинчи ўринга чиқди. Шу билан бирга, Жазоир Россия билан савдо қилишни истамаётган Европага газ сотиб фойда оляпти.

"Ғарб музокарачилари биз билан Украинани муҳокама қилмоқда, бироқ улар газ таъминотидан ҳам хавотирда. Бу бизга манфаатларимиз, айниқса, мудофаа ва Ғарбнинг бизни ҳеч қандай алоқаси бўлмаган можарога тортиш истаги ўртасида мувозанатни топишга имкон беради", дея жазоирлик дипломат сўзларини келтирган Le Monde Diplomatique.

Ғарбнинг анъанавий ҳамкори бўлган Марокаш Ғарбий Саҳрои Кабирдаги инқирозни ҳал этишдаги ролини ҳисобга олиб, Россия билан жанжални истамайди.

Қора ва оқ эмас

Idlibdagi namoyish

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Россияга қарши очиқ кайфият араб дунёсида кам учрайди. 2022 йил апрел ойида Суриянинг Идлиб шаҳридаги намойиш. Шаҳарнинг бир қисми ҳамон Башар ал-Ассад режимига қарши курашаётган исёнчилар назоратида

Бундан буён АҚШ ва Европанинг анъанавий иттифоқчилари бирорта ҳам етакчи ҳамкорга боғланиб қолмайди, дейди Кирилл Семёнов. Улар ўз манфаатларига мос келса, барча билан бирдек ҳамкорлик қилаверади.

"Улар икки лагерь - Совет ва Ғарбий лагерлар мавжуд бўлган Совуқ Урушнинг эски тартиботидан узоқлашиб, мустақил ўйинчиларга айланишни истайди", дейди Фабрис Баланш янги воқелик ҳақида.

Сўнгги мисоллардан бири: Қоҳирада АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокарадан сўнг Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукри дарҳол Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиш учун Россияга учди.

Миср нафақат Россия ғалласини сотиб олишни кўпайтиришни муҳокама қилди (Россия ва Украина урушдан олдин Мисрга ғалланинг 80 фоизини таъминлаган), балки Туркия ва Саудия Арабистонидан кейин минтақада янги воситачи ролини ўйнашга ҳаракат қилди ва америкаликлар номидан Украина ҳақидаги хабарни Россия томонга етказди.

"Миср фойдали позицияни эгаллади, АҚШ у орқали Москвага таклифини етказишга мажбур бўлди", дея изоҳ беради Семёнов.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги таърифлаганидек Мисрнинг «босиқ» муносабати янги воқеликда ўз йўлини шакллантиришга интилаётган бу минтақага хосдир.

"Араб дунёсида россияпараст/ғарбга қарши ёки аксилрус/ғарбпараст бўлиниши йўқ. Улар ўзларининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилишади", дейди Вудро Вилсон маркази Яқин Шарқ дастуридан Мерисса Хурма.

Улар урушни қоралашлари мумкин, лекин шу билан бирга баланд нефть нархидан фойда кўради ва бу уларни ғарбпараст ёки Россияга қарши қилиб қўймайди.

Бизнинг уруш эмас

Namoyish

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Араб минтақасининг кўплаб давлатлари урушни қоралади ва Украинани қўллаб-қувватлади, аммо Россия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмади

Бутун араб дунёси Европа урушидан унчалик хавотирда эмас - у узоқда, уларнинг ўз муаммолари ҳам етарли.

Ўтган май ойида сўровда қатнашган 7835 респондентнинг 66 фоизи нима бўлаётгани ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини айтди.

Улар босқиннинг тўғридан-тўғри оқибатлари - нефть нархи кўтарилиши, ғалла тақчиллиги ва инфляциянинг ўсишидан хавотирда.

"Кундалик уруш янгиликлар араб аудиториясини ҳаяжонлантирмайди. Кўпчилик учун уруш аллақачон одатий ҳолга айланган ва улар Суриядаги уруш каби узоқ вақт давом этиши мумкинлигини тушунишади", дейди Би би си Мониторинг хизмати шарҳловчиси Аҳмад Нур.

Украина урушида АҚШнинг анъанавий иттифоқчилари алоқаларни диверсификация қилиш учун яна бир имкониятни кўрмоқда, айниқса, америкаликларнинг минтақадан аста-секин чиқиб кетиши манзарасида бу сезиларлироқ бўлмоқда.

"Улар АҚШ ўз ўрнини йўқотаётганини билиб турибди, демак улар Россия, Хитой ва бошқа Евроосиё давлатлари билан мулоқот қилишлари керак", дейди Фабрис Баланш.

Худди шу сўровда респондентлардан "Биз АҚШга умид боғлай олмаймиз, шунинг учун Россия ва Хитой каби бошқа мамлакатларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак" деган таъкидга муносабати сўралган - БААда 57%, Саудия Арабистонида 55% ва Қувайтда 53% фоиз қатнашчи бунга «ҳа» деб жавоб берган.

Уруш бошланганидан буён араблар қалбида икки мавзу акс-садо беради: Европада Украинадан борган қочқинларнинг илиқ кутиб олинишию Яман, Сурия ва Афғонистондан борган қочқинларга муносабат ўртасидаги фарқ ва Фаластин муаммолари.

Улар Ғарб дунёсининг Украинага ёрдам бериш учун қандай сафарбар қилинганини, урушни бошлаган Россияга қарши санкциялар қўйганини, лекин Ғазо сектори, Ливан ва Сурияга ҳужумлари ҳамда Фаластин ҳудудларида аҳоли пунктлари қургани учун Исроилга қарши худди шундай қилишдан бош тортганини қиёслайдилар.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россия Сурияни Туркия, Эрон ва Исроил билан алоҳида, Ливияни Туркия ва Миср билан, Ғарбий Саҳрои Кабирни Марокаш ва Жазоир билан муҳокама қилиб, минтақадаги ҳар бир можарога таъсир ўтказишни истайди. У барча тўқнашувлар натижасига таъсир кўрсатишга етадиган вазнга эга эмас, лекин бу билан у ўзини ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта эканлигини кўрсатмоқчи, дейди таҳлилчилар.

"Украинадаги уруш орқали Россия Европадаги собиқ ҳамкорлари билан алоқаларни узиш истагини кўрсатди. Ғарбдан узоқлашиш узоқ вақтдан буён давом этяпти, шунинг учун Россия минтақада ўз ҳозирлигини сақлаб қолишга ва иложи бўлса, уни кучайтиришга ҳаракат қилади", дейди қуролсизланиш ва қуролларни тарқатмаслик бўйича Вена марказининг илмий ходими Ханна Нотт.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.