Янгиликлар. Украина: Зеленский Путин билан ‘савдолашмоқчи’ эмас Rossiya Ukraina Putin Dunyo Yangiliklar

Volodimir Zelenskiy
Сурат тагсўзи, Украина президентининг айтишича, Путин билан мамлакати ҳудудининг бир қаричини ҳам "савдолашмайди"

Украина президенти Путинни буткул "тўхтатмоқчи".

Алоқадор мавзулар:

President Volodymyr Zelensky and John Simpson
Сурат тагсўзи, Зеленскийнинг ишонишича, ўзларининг қарши ҳужумларига қадар қўшинлари Россияга қарши туришга қодир

Володимир Зеленский Би-би-сига интервью берди.

Унинг сўзлари Россия босқинининг бир йиллиги арафасида янгради.

Украина президентининг айтишича, Путин билан мамлакати ҳудудининг бир қаричини ҳам "савдолашмайди".

Россия билан эҳтимолий сулҳ битимида бу каби ён беришга ҳеч қачон рози бўлмайди.

Президент Зеленскийнинг огоҳлантиришича, акс ҳолда Россия "бунга қаноат қилмайди" - "келаверади".

Ғарб сўнгги ойларда Украинани янада қуроллантиришга ўтган, ҳарбий ёрдамларини оширган.

Бу эса, уруш энди тинч йўл билан ечим топиши мумкин, деган эҳтимолларни ҳам кучайтирган.

Ukraina prezidenti

Сурат манбаси, .

Украина президентининг айтишича, Россия кутилаётган баҳорги амалиётини бошлаб юборган.

"Россия танклари аллақачон бир қанча йўналишдан ҳужум қилишга ўтган".

Зеленскийнинг ишонишича, ўзларининг қарши ҳужумларига қадар қўшинлари Россияга қарши туришга қодир.

Аммо, шундай деркан, Украина президенти Ғарбдан яна бир бор ҳарбий ёрдам сўрашни ҳам унутмаган.

"Сўзсиз, замонавий қуроллар тинчлик жараёнини тезлаштиради. Чунки Россия тушунадиган ягона тил - қуроллардир", - деб айтган Украина президенти.

Бизга яна қурол беринг

Britaniya Bosh vaziri va Ukraina prezidenti

Сурат манбаси, DOWNING STREET

Володимир Зеленский янада кўпроқ халқаро дастак учун ўтган ҳафта Британия ва Европа Иттифоқи лидерлари билан ҳам кўришган.

Украина президенти учрашувлари чоғида мамлакатини ҳимоя қилиш учун улардан замонавий қурол-яроғлар ҳам сўраган.

Британия Бош вазири Володимир Зеленскийнинг замонавий қирувчи самолётлар сўровига жавобан бундай эҳтимолни буткул назардан соқит этмаган.

Бироқ расмий Киев Ғарб қурол-яроғлари ўзларига кутган суръатда етиб келмаётганидан норози.

Ғарб ўтган ой Украинага замонавий танклар беришни ваъда қилган.

Аммо бу танкларнинг жанг жабҳасига етиб бориши учун яна ҳафталар керак бўлади.

"Катта хато бўлади"

Belarus prezidenti

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Лукашенко Путиннинг муҳим иттифоқчиси ва аввал ҳам Украина урушини ҳимоя қилиб чиққан

Зеленский ўз суҳбати чоғида Беларусь президентининг таҳдидига ҳам тўхталиб ўтган.

Лукашенко, агар бирор бир укран аскари Беларусь чегарасини кесиб ўтса, яна Россияга ўз ҳудудини очишлари ва улар билан бир сафда жанг қилишларини айтганди.

"Умид қиламанки, (Беларусь) урушга қўшилмайди. Агар шундай қилса, биз ҳам курашамиз ва омон қоламиз", - деб айтган Украина президенти.

Володимир Зеленский фикрича, Беларусь Украинага ҳужум қилиши учун Россияга яна ўз ҳудудини берса, "бу - катта хато" бўлади.

Буёғи нима бўлади?

Россия ўтган йилнинг 24 февраль куни Украинага қўшин киритган, ўз таъбиридаги, "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлаган.

Амалиётининг аввалидаёқ пойтахт Киевга юриш қилган, аммо кескин қаршиликка учраган, катта йўқотишлар билан ортга чекинган, бунинг ортидан асосий эътиборини Украина жануби ва шарқига қаратган.

Referendum

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия зиддиятли референдумлар орқали Қрим ярим оролидан кейин Украинанинг яна тўрт ҳудудини аннексия қилишга муваффақ бўлган

Украинанинг қатор ҳудудларини босиб олган, зиддиятли референдумлар ўтказиб, улардан бир қанчасини Россия таркибига ҳам қўшиб олган.

Путин орада бутун Россия бўйлаб қисман сафарбарлик ҳам эълон қилган, юз минглаб одамни Украина урушига сафарбар қилган.

Бу эса, айнан Украина ишғолининг бир йиллиги арафасида Россия ўзининг баҳорги амалиётларини бошлайди, яна йирик қарши ҳужумга ўтади, деган жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Россиянинг ҳарбий тактикаси ўзини қанчалик ҳайратга солгани саволига эса, Украина президенти унинг "бир тийинга қиммат" эканини айтиб, жавоб берган.

Ukrainian troops in Bakhmut

Сурат манбаси, BBC/Goktay Koraltan

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.