Янгиликлар. Россия: Путин тирик! Кремль жим турмади, жавоб қайтарди Rossiya Putin Dunyo Yangiliklar

Russian President Vladimir Putin

Сурат манбаси, Getty Images

Украина президенти алдаганмиди?

Алоқадор мавзулар:

Володимир Зеленский ўтган ҳафта Давосда Путиннинг тирик эканига шубҳа билдирган.

Россия музокаралар учун аввал "кимнидир топиши", кейин таклифлар билан чиқиши кераклигини айтганди.

Расмий Кремль Украина президентининг Путиннинг тириклиги ва қарорларни ҳам унинг ўзи бераётганини савол остига олган сўзларига ўзининг муносабатини узоқ куттирмади.

Россия президентининг матбуот котиби Володимир Зеленскийга "Россия ва Путиннинг борлиги, бўлиши"ни тезроқ англаб етишни маслаҳат берди.

"Россия ҳам, Путин ҳам Украина ва Зеленский учун катта муаммо эканлиги аниқ. Мутлақ психологик нуқтаи назардан, Зеленский на Россия ва на Путин мавжуд бўлишини афзал кўради. Аммо Украина режими Россия ва Путин борлиги, мавжудлигини, эртами-кечми Россияга қарши ҳамма нарсадан воз кечишларига тўғри келишини англаб етса, Украина каби давлат учун шунча яхши бўлади", - деб айтган Песков журналистларга.

Кремль мавқеи

Swiss Army seen in Leopard 2 tank during military exercise

Сурат манбаси, Reuters

Россия президенти матбуот котибининг айни мазмундаги сўзлари эса, кенг жамоатчилик учун янгилик эмас.

Кремль фикрича, Киев Россиянинг "барибир у ёки бу тарзда амалга ошажак" талабларини қанчалик тезроқ инобатга олишга тайёрлигини кўрсатса, ҳамма нарса шунчалик тез тугайди ва Украина халқи ҳам "Киев режими уюштирган" фожеадан тезроқ қутулади".

Рақиб томонлар ўртасидаги Украина урушига музокаралар йўли билан барҳам бериш ҳаракатлари Россия босқини ортиданоқ - ўтган йил март ойида бошланган.

Делегациялар даражасидаги мулоқотлар бутун баҳор бўйи давом этган, аммо май ойига келиб, тўхтаб қолган.

Бунинг ортидан тўрт минтақасининг халқаро қонунларга зид равишда Россия таркибига қўшиб олиниши расмий Киевнинг музокаралар борасидаги мавқеини кескин ўзгартирган.

Володимир Зеленский Путин президент экан, Россия билан музокаралар олиб бормаслигини айтган, бу хусусда махсус фармонни ҳам имзолаган.

Аммо орада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқишни назарда тутувчи "тинчлик формуласи" остидаги мулоқотлар ташаббуси билан чиққан.

Украина президентининг бу таклифини Россия Ташқи ишлар вазири "ҳақиқатдан йироқ", деб атаган.

Путиннинг матбуот котиби эса, Украина раҳбарияти бугунги реаллик - Россия таркибида янги субъектлар пайдо бўлганини ҳисобга олиши кераклигини айтган.

Кремлдагилар яна Украинанинг Россия билан музоекаралар олиб бормаслик тўғрисидаги тақиғи ҳали ҳам кучда эканини эслатишни унутишмаган.

Куни-кеча икки рақиб давлат ўртасида асосий воситачиликни қилаётган Туркия ҳам музокаралар истиқболини бундан буёғига жиддий савол остига олган.

Туркия Ташқи ишлар вазири "ҳозирга келиб, шартлар ўзгаргани ва ҳаммаси мураккаблашгани"ни эътироф этган.

Россияда ғалаба, Путинга нима бўлди?

Vladimir Putin

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Украина президенти Путиннинг ўликми ёки тириклигини савол остига олишидан кун ўтиб, Россия Соледарни олди

Путинга нима бўлган? Қозоғистоннинг биринчи президенти аҳволи қандай? Ўнлаб одам қандай ўлди ва Ўзбекистонда энди свет ўчмайдими?

Украина президенти Путиннинг ўликми ёки тириклигини савол остига олишидан кун ўтиб, Россия Соледарни олди.

Бу Россиянинг Украинада сўнгги ойларда эришган энг салмоқли ютуғи бўлади.

Соледар учун жанг Украина уруши манзарасидаги энг қақшатқичларидан бири бўлганди.

Украина бу шаҳри учун Россия билан сўнггига қадар кураш олиб борганди.

Украина кучларининг энди тан олишларича, Соледардан чиқишган.

Ukrain harbiysi

Сурат манбаси, BBC/JOE PHUA

Сурат тагсўзи, Соледар учун жанг Украина уруши манзарасидаги энг қақшатқичларидан бири бўлганди

Россия Донбассдаги бу шаҳарни ўтган ҳафта қўлга олганини иддао қилганди.

Аммо украин ҳарбийларининг Би-би-сига айтишларича, бу қарши ҳужумга ўтишларидан аввал режага мувофиқ қилинган тактик чекинишдир.

Россия сўнгги ойларда устма-уст учраётган мағлубиятлари манзарасида бу каби жиддий ютуққа эришган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Россия ва Украинани бир орага келтириш янада қийинлашганини расман эътироф этган.

НАТОнинг ягона мусулмон аъзоси бўлган Туркия бу икки рақиб давлат ўртасида воситачилик қилишга уриниб келади.

Чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Украина президенти билан музокаралар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини айтган.

"Бошида биз катта йўлни босиб ўтдик. Биласизми, томонлар ҳеч бўлмаганда ўт очишни тўхтатишга яқин эди. Буни уларнинг ўзлари эълон қилишганди. Аммо ҳозирга келиб, уруш чўзилиб кетди. Шартлар ўзгарди, ҳаммаси мураккаблашди...", деб айтган Мевлут Чавушўғли.

Сафарбар қилинган юз минглаб россиялик шу яқин ойларда жангга ташлашга тайёр бўлишади.

Бу Украина урушининг янада қақшатқич тус олишига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Украинанинг ғарблик айрим иттифоқчилари ҳам ҳозир воқеаларнинг худди шу каби ривожидан жиддий ташвишга тушиб қолишган.

Назарбоевга нима бўлди?

Qozog'istonning sobiq va amaldagi prezidenti

Сурат манбаси, Rasmiy

Мустақил Қозоғистон биринчи президентининг касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабар расман тасдиқланди.

"Нурсултон Назарбоевнинг юраги операция қилинди. Операция муваффақиятли якунланди. Биринчи президентнинг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқ. У ҳозир кузатув остида", - деб твит қилган матбуот котиби Айдос Укибай.

Унинг маълум қилишича, жарроҳлик амалиёти машҳур кардиожарроҳ Юрий Пя бошчилиги остида Миллий илмий кардиожарроҳлик марказида ўтказилган.

Нурсултон Назарбоев ҳозир 82 ёшда.

У ўтган йил январь ойидаги қонли воқеалар ортидан умрбод лавозимлари, имтиёз ва шарафларидан деярли буткул маҳрум этилган, номи пойтахт Остонадан ҳам олиб ташланган.

Ўшанда Қозоғистонда юз берган воқеаларни бошқарувдаги элита ўртасидаги қудрат талашувига боғловчи тахминлар ҳам илгари сурилган.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 30 йилча бошқарган.

У 2019 йилда президентликдан ўз хоҳиши билан истеъфо берган.

Нурсултон Назарбоев ўз ихтиёри билан президентликдан кетган биринчи ва ҳозирча ягона Марказий Осиё президенти бўлади.

Совуқ ўнлаб одамни ўлдирди

Qorlar ichidagi Afg'oniston

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири сирасига киради

Ўзбекистонга қўшни Афғонистондан хавотирли хабарлар олинмоқда.

Биргина расмий хабарларга таянилса, қақшатқич совуқ мамлакатда 80 га яқин одамни ўлдирган, уларнинг орасида болалар ҳам бор.

Қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Чунки масъуллар мамлакатнинг олис тоғли ҳудудларига боришга имконсиз.

Афғонистоннинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати -30, ҳатто, ундан ҳам пастга тушиб кетган тушиб кетган.

Қор бўронлари муҳим йўлларни ёпиб қўйган, бу эса, эҳтиёжманд одамларга ёрдам етказиш ишларини қийинлаштирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли ҳайъати ҳануз Кобулда, улар Толибоннинг юқори мартабали мулозимлари билан ўз музокараларини давом эттиришмоқда.

Ҳайъат Толибонни аёл ёрдам ходимларининг фаолиятига қўйилган тақиқини бекор қилишга кўндирмоқчи.

Толибоннинг мазкур тақиғи сабаб, кўплаб халқаро кўмак ташкилотлари Афғонистондаги фаолиятларини тўхтатишган.

Аномал совуқ манзарасида Афғонистонда инсонпарварлик амалиётлари фавқулодда муҳим аҳамият касб этган.

Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири сирасига киради.

Бу яқин орада расман рўйхатдан ўтказилмаган эса-да, мамлакат аҳолисининг сони турли манбаларда қирқ миллионга яқин экани айтилади.

Халқаро ҳамжамият Толибон муваққат ҳукуматини ҳали-ҳануз тан олмаган, молиявий ёрдамларини қайта тиклмаган, Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активлари ҳануз музлатилганича қолаётир.

Ҳали қиш ва қақшатқич совуқлардан аввал ҳам Афғонистонга жадаллик билан халқаро ёрдам кўрсатилмаса, мамлакат "Ер юзининг жаҳаннами"га айланади, деган жиддий хавотирлар бўй кўрсатганди.

Афғонистонда бўй кўрсатиб турган мавжуд вазият эса, халқаро ҳамжамиятни мушкул танлов қаршисида қолдириши мумкин.

Энди ток бўладими?

O'zbekiston

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда ҳам кузатилаётган аномал совуқ манзарасида газ ва свет тақчиллиги мамлакатда бўҳроний тус олган

Ўзбекистон Тожикистондан қўшимча электр энергияси импорт қилишни бошлаган.

Расмий хабарларга кўра, қўшимча электр энергияси жанубий Сурхондарё вилоятига йўналтирилган.

Бундан мақсад аномал совуқ даврида вилоят аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш экани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилоятининг қатор туманлари 18 январдан бошлаб Тожикистон токини олишни бошлашган.

Мазкур туманлар Тожикистоннинг "Регар-500" подстанциясидан чиқувчи 220 киловатли кучланиш билан таъминланиши айтилаётир.

Ўзбекистонда ҳам кузатилаётган аномал совуқ манзарасида газ ва свет тақчиллиги мамлакатда бўҳроний тус олган.

Шу кунларда ўзбекистонликларнинг асосий шикоят мавзуларидан бирига айланган, бу мамлакатда ижтимоий норозиликларни пайдо қилишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek