Ўзбекистон гази тугамоқда - атиги 15 фоиз қолган. Ерости сувлари ҳам қурияптими? Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Liting.uz
- Энергетика вазири газ конларида қолган захира ҳақида гапирди;
- "Ўзбекистон темир йўллари" Афғонистонга оид хабарни рад этиб чиқди;
- Элчилар гул етиштиришга инвестиция жалб этишни бошлайди;
- Қудуқларга ҳисоблагичлар ўрнатиш тартиби жорий этилмоқда;
Газнинг 85 фоизи ишлатилган
Газ ва электр билан боғлиқ муаммоларнинг тезкор ҳал қиладиган 24 соат ишловчи штаблар ташкил этилади.
7 декабрь куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов барча ҳудудлар раҳбарлари иштирокида энергоинқироз бўйича йиғилиш ўтказган.
Алоқадор мавзулар:
- Саида Мирзиёева: Оиладаги зўравонликни ростмана жиноят, деб баҳолашнинг вақти келди
- Ўзбекистон: Қор ҳам, совуқ ташвишлари ҳам биринчиси эмас. Сенатнинг шоҳона дастурхони қанчага тушди? Нукус ғалаёни: қийноқлар қўлланилганми?
- Ўзбекистон гази тизгини Россия қўлидами - Ўзбек ҳукумати жиловни оладими?
- Диққат, Ўзбекистон: Амалдорлар сони кўпаймоқда, бундан халқ фойда кўрадими ё зарар?
Хабар қилинишича, йиғилишда Умурзоқов энергетика таъминотига масъул мутасаддилар ишидаги камчиликларни кўрсатиб ўтган, мавсумга тайёргарлик ишларидаги қолоқликлар, юзага келган вазиятни бартараф этиш чоралари тезкор қабул қилинмагани ва умуман сустлиги юзасидан жиддий эътирозлар билдирган.
Шу боис, йиғилишда Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида куну тун ишлайдиган штаблар ташкил этиш вазифаси топширилган.

Сурат манбаси, NASAfnews
Шунингдек, мамлакатда юзага келган мураккаб вазиятни юмшатиш йўлида суюлтирилган газ экспортини бутунлай тақиқлаш, табиий газ етказиб бериш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга рухсат этиш, 2023 йил 1 мартга қадар давлат идоралари тасарруфидаги сиқилган газда ҳаракатланадиган автомобиллардан фойдаланишни маън этиш, биржада АИ-80 бензини савдосига воситачи компанияларнинг иштирок этишига йўл қўймаслик каби чоралар кўрилиши билдирилган.
Бир вақтнинг ўзида Kun.uz нашри энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан суҳбатни эълон қилган.
Интервьюда вазир Ўзбекистонда мавжуд конлардаги захираларнинг фойдаланиб бўлинганлик даражаси 85 фоизни ташкил қилиши ҳақида гапирган.
"Бу дегани 15 фоиз қолган. Уни сиқув-компрессор станцияси, қандайдир қўшимча чоралар билан олиш керак. Авваллари биз 1,5 мингдан 3,5 минг метргача чуқурликда бурғилаш ишларини олиб борган бўлсак, ҳозир 6-7 минг метрга кетяпмиз. Чуқурлашди дегани бу қўшимча харажат, янги ва оғир жуда мураккаб технологиялар зарур дегани. Яъни сезиларли даражада инвестиция маблағини талаб қилади", деган Мирзамаҳмудов.
Хабар рад этилди

Сурат манбаси, uzrailways.uz
"Ўзбекистон темир йўллари" ўз шўъба корхонасининг Ҳайратон - Мозори Шариф темирйўлини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлгани тўғрисидаги хабарни рад этиб чиқди.
5 декабрь куни Афғонистоннинг Tolo News нашри ушбу темирйўлни бошқариш ҳуқуқи Қозоғистонда жойлашган Mansour Fatih номли компания ихтиёрига ўтгани ҳақида хабар берган эди.
Маълумот ўрнида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг ваколатли "Согдиана Транс" шўъба корхонаси 2011 йилдан буён Афғонистон ҳудудидаги темирйўл участкасида эксплуатация ишларини амалга ошириб келади.
Эндиликда, Афғонистон темир йўллари раҳбари вазифасини бажарувчи Баҳт Раҳмон Шарафатдан иқтибос келтирган Tolo News Ҳайратон-Мозори Шариф темирйўлини бошқариш учун Қозоғистон компанияси билан йиллик $4,1 миллионлик шартнома имзоланганини ёзди.
"Биз Ўзбекистоннинг "Согдиана Транс" компаниясига йилига $15 миллион тўлар эдик ва у бизга атиги 22 километрлик йўлга хизмат кўрсатар эди - фақат Ҳайратон портида. Янги компания эса 106 километрлик йўлга хизмат кўрсатади", дея Шарафатдан иқтибос келтирилади Tolo News'нинг 5 декабрь куни эълон қилинган мақоласида.
7 декабрь куни "Ўзбекистон темир йўллари" мазкур хабарни "нотўғри маълумот" дея рад этган.
Акционерлик жамиятининг таъкидлашича, 5-6 декабрь кунлари Термиз шаҳрида Афғонистон темирйўл бошқармаси вакиллари билан 2023 йилга мўлжалланган Ҳайратон - Мозори Шариф темирйўли участкасидан фойдаланиш бўйича музокаралар бўлиб ўтган.
"Термиз шаҳрида бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда жаноб М.Шарафат бундай баёнотлар бўлмаганлигини маълум қилди ва Ўзбекистоннинг "Согдиана Транс" ШК билан муваффақиятли ҳамкорлик тўғрисида инглиз тилида тегишли интервью ҳам берди", дейилади расмий раддияда.
Элчихоналар ва гулчилик саноати

Сурат манбаси, BBC.com/Uzbek
Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари гул етиштириш соҳасига хорижий инвестиция жалб этиш билан шуғулланишни бошлайди, дея хабар бермоқда "Дунё" АА.
Маълум қилинишича, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сиддиқов Гул етиштирувчилар уюшмаси раиси Алишер Мусабоев билан учрашиб, соҳани ривожлантириш масаласини муҳокама қилган.
"Мулоқот чоғида соҳанинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, соҳада инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тармоққа хорижлик мутахассисларни жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур соҳа жуда истиқболли экани ва бугун дунё миқёсида бу йўналишдаги ишлаб чиқариш ҳажми 65 миллиард долларга тенглиги алоҳида таъкидланди", дея ёзган "Дунё".
Ахборот агентлиги ТИВ ва уюшма ўртасида Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари билан биргаликда мазкур соҳага хорижий компаниялар сармояларини жалб этиш, гул етиштириш бўйича юқори технологияли замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва тайёр маҳсулотни ташқи бозорга экспорт қилишга қаратилган музокаралар ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилганини қўшимча қилган.
Қудуқларга ҳисоблагич ўрнатилади

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Ўзбекистонда ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти жорий этилмоқда.
Бундай қарор Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни куни ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишганидан сўнг олинган.
Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда қудуқларга ҳисоблагич ўрнатиш зарурияти ер ости сувлари сарфи тўғрисида аниқ маълумот тўплашнинг имкони бўлмаётгани ортидан юзага келгани ҳақида сўз боради.
Маълум қилинишича, ҳозирда мамлакатдаги қудуқларнинг 90 фоизида ҳисоблагич ўрнатилмаган.
Шу йилнинг августида етти вилоятнинг айрим ҳудудларида ер ости суви сатҳи 5 метр ва ундан ортиққа пасайиб кетгани хабар қилинган эди.
Шу боис, эндиликда, президент маъқуллови билан ер ости суви сатҳи 5 метрдан пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий этилмоқда.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek



































