Қорақалпоғистон ғалаёни маҳкамаси - қандай айбловлар қўйилди? Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бирини нега қўлламоқчи? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

суд

Сурат манбаси, .

  • Нукус воқеалари бўйича айбланувчиларга қўйилган айбловлар эълон қилинди
  • Ўзбекистон ва Қозоғистон қандай иттифоқ тузмоқчи?
  • Конституция барибир ўзгартириладими?
  • Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тиклади
  • Ҳудудларда янги назорат. Президент портали "иш бермадими"?

22 судланувчи нимада айбланмоқда?

Нукус воқеалари бўйича айбланувчиларга қўйилган айбловлар эълон қилинди.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон ОАВ 28 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судида 1−2 июл кунлари Нукусда (Қорақалпоғистон) содир бўлган воқеалар юзасидан суд жараёни бошланганини маълум қилди.

Матбуотда тарқалган хабарларга кўра, 28 ноябрь куни Олий суд Нукус воқеалари иши бўйича айбланувчиларга қўйилган айбловлар эълон қилган.

22 нафар судланувчи орасида журналистлар ва блогерлар, Қорақалпоғистон ИИВ бўлим бошлиғи, университет ўқитувчиси ҳамда Нукус олимпия захиралари коллежи директори ҳам борлиги маълум қилинган.

Судланувчиларнинг деярли барчаси Ўзбекистон ЖК нинг 244-моддаси 3-қисми (оммавий тартибсизликлар) ва 244−1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандлари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланишмоқда.

Суд ишига қадар 20 нафар судланувчига нисбатан "қамоққа олиш", 1 нафарига "уй қамоғи" ва 1 нафарига "жамоа кафиллиги" тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Конституцияда яна нималар ўзгаради?

Конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси қайта ишлашга юборилди.

24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш ҳақида тегишли қарор қабул қилинган.

"Депутатлар Конституцияга ўзгартишлар киритишни давом эттиришга қарор қилди", - деб ёзади "Газета.уз" сайти.

Нашрга кўра, сўнгги ойларда Ўзбекистонда Асосий қонунни ўзгартиришга оид ишлар қандай кетаётгани ҳақида хабарлар деярли берилмай қўйилган.

"Қуйи палатанинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг айтишича, Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар, қолаверса, 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритиляпти", - дейилади хабарда.

Муҳокама натижасида 128 депутат ўзгартиришлар бўйича ишларни давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун овоз берган, 1 нафари қарши чиққан ва 1 нафари овоз бермаган.

Янги иттифоқ нега керак?

президентлар

Сурат манбаси, President.uz

Ўзбекистон ва Қозоғистон янги иттифоқ тузишмоқчи.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома лойиҳасини эълон қилган.

Шартнома томонлардан бирининг фикрига кўра, учинчи давлатлар томонидан қуролли ҳужум таҳдидини келтириб чиқарадиган вазият юзага келган тақдирда, томонлар зудлик билан икки томонлама асосда ҳам, уни тинч йўл билан ҳал қилишга ёрдам берадиган чора-тадбирларни кўриш мақсадида ўзлари аъзо бўлган халқаро ташкилотлар доирасида бир-бири билан тегишли маслаҳатлашувларни ўтказадилар.

Бундан ташқари, томонлар ҳеч қандай блоклар ёки иттифоқларда, шунингдек, бошқа томонга қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатларда қатнашмаслик мажбуриятини оладилар.

Шу билан бирга, давлатлар минтақавий низоларни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари, биринчи навбатда, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш ва таъминлаш асосида тинч йўл билан/музокаралар йўли билан ҳал этишга кўмаклашишга ҳаракат қилмоқда.

Дипломатлар келишув Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирмоқда.

"Шартнома Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва сиёсий, иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади", — дейилади ҳужжатда.

Портал нима бўлди?

Ҳудудларда президент администрацияси раҳбари ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун президент администрацияси раҳбарининг ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилмоқда.

Администрация раҳбарининг ёрдамчилари ўз фаолиятини бевосита ҳудудларда амалга оширади. Бу лавозимлар мавжуд штат бирликларини қисқартириш эвазига ташкил этилади. Бу борада президент фармони қабул қилинган. Ҳужжатда мазкур ўзгариш "ҳудудлар билан тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш ва жойлардаги вазиятдан келиб чиқиб, тезкор чоралар кўриб бориш мақсади" билан изоҳланган.

Шунингдек, фармонга мувофиқ, президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ва президентнинг давлат хизмати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимлари тугатилиб, уларнинг негизида янги лавозим - президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган.

Бу тизимдан мақсад - давлат ва фуқаролар ўртасида ҳамкорликнинг янги тизимини ташкил этиш, давлат органларида мурожаатларини кўриб чиқишнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш ва жойларда муаммолар ҳал этилиши устидан таъсирчан назоратни ўрнатиш эканлиги таъкидланган.

Ўзбекистон Афғонистон электр савдоси

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тиклади, деб хабар бермоқда Подробно.уз нашри Афғонистон миллий электр компанияси - (Da Afghanistan Breshna Sherkat - DABS) маълумотларига таяниб.

афғон

Сурат манбаси, Reuters

"Ўзбекистондан электр энергиясини экспорт қилиш билан боғлиқ техник муаммолар бартараф этилди. Натижада Кобул ва бошқа 18 вилоятга электр таъминоти нормал ҳолатга келтирилди", — дея таъкидлайди DABS.

Ўтган ҳафта бошида Афғонистон бўйлаб электр токини ўчириш бошланди.

Афғонистон томони бунга Ўзбекистондан етказиб беришнинг қисқариши сабаб бўлганини таъкидлади.

Ўз навбатида бу ҳолат Ўзбекистонда ҳам изоҳланмаган.

Ўзбекистоннинг турли вилоятларда ҳам электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар бошланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январ ойида Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари ва DABS 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди.

Ҳужжатга кўра, йил давомида Ўзбекистон Афғонистонга 100 миллион долларлик 2 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб беришни ўз зиммасига олган.

Ўзбекистон Афғонистонга 2002 йилдан бери электр энергияси етказиб беради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek