Ўзбекистон: Тошкентданда ҳавоси ифлос шаҳар қайси ва Қўқон ҳокими маҳаллий блогерни “уй қамоғи”га жўнаттирдими?, yangiliklar

Сурат манбаси, Collage via Facebook/Qoqon.uz
- Қўқон шаҳар ҳокими блогер устидан судга шикоят қилган;
- Мирзиёев Франциялик ишбилармонлар билан учрашди;
- Азиз Абдуҳакимов япон императори қўлидан орден олди;
- Иқлимшунос Ўзбекистон шиддат билан чўллашаётганидан огоҳлантирди;
Ҳоким аризаси ва жиноий жазо
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди маҳаллий блогер Комил Аҳмедовга нисбатан 2 йил озодликдан чеклаш жазосини қўллади, дея ёзмоқда яна бир фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров.
Ҳайдаровнинг таъкидлашича, блогернинг устидан судга Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмоновнинг шахсан ўзи шикоят киритган.
Олимжон Ҳайдаров ҳокимнинг шикоятига Комил Аҳмедовнинг ижтимоий тармоқ орқали Қўқондаги "кўп қаватли уйлар орасидаги муҳофаза ҳудудлари сотилиб кетаётгани" тўғрисида қолдирган постлари сабаб бўлганини иддао қилган.
Алоқадор мазвулар:
- Беш суткага қамалган инстаблогер озод этилди. Унинг қамалиши қанчалик қонуний эди?
- Ўзбекистон: Свет кўп ўчирилаётганининг асосий сабаби айтилди ва ректор адлия вазири бўлди
- Диққат: Ўзбекистон - Туркий давлатлар ташкилоти: Дабдабали чойхонами ё ҳақиқий ҳамкорлик?
- Янгиликлар: Европа Марказий Осиёни 'кўра' бошладими? Мирзиёев Францияга боради. Уйга байроқ илсам майлими? Ўзбекистон тақиқлардан қачон қутилади?
"Шу постлар сабаб ҳоким Комил акани судга берибди. Суд ҳам тизимга нотаниш бўлмаган ҳокимни давосини қаноатлантириб, билдирилган фикр учун Жиноят кодексининг 139-моддаси(Туҳмат), 3-қисм, "а" банди билан айбли деб топиб, 2 йил озодликни чеклаш(уй қамоғи), 2 йил ижтимоий тармоқларга кирмаслик жазосини қўллабди.
Баракалла дедим. Сабаби блогерни қуроли тармоқ. Адолат йўлида ёзаётган блогерни қамаб, овозини ўчириб бўлмайди, фақат уни қуроли — тармоққа киришни чеклаб, натижага эришиш мумкин", дея ёзган Ҳайдаров Facebook'да.
Мазкур хабарга муносабат билдирган Қўқон шаҳар ҳокимлиги Маруфжон Усмоновнинг маҳаллий блогер устидан шикоят қилганини билвосита тасдиқлаган.
Расмий муносабатда блогер Аҳмедов шаҳар ҳокимига нисбатан туҳмат уюштиргани даъво қилинади.
"Комил Аҳмедов шаҳар хокими ва бошқа бир фуқарога нисбатан туҳмат қилиб, текширилмаган, нокомпетент ахборот манбаларидан маълумот олиб, ушбу маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлаганлигини билдирди.
Ушбу ҳаракатлари нотўғри эканлигини билгани ҳолда, шаҳар хокимидан узр сураб, суддан енгиллик беришни сўради. Бу борада унинг қонуний ҳимоячиси адвокат ҳам фикрларига қўшилгани ҳолда Комил Аҳмедовга енгиллик беришни сўраган. Суд ишдаги барча йиғилган далилларга одилона таяниб, Комил Аҳмедовга нисбатан қонунда белгиланган жазо тайинлади", дейилади Қўқон шаҳар ҳокимлиги муносабатида.
Хорижий инвесторлар ва келажакка ишонч

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташрифининг илк кунида мезбон мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашган.
Расман хабар қилинишича, тадбирда "MEDEF" Франция корхоналари ҳаракати бош директори Филипп Готье, "Airbus", "Orano", "Suez", "Alstom", "Total Eren", "EDF", "Schneider Electric", "Natixis" каби 20 тага яқин йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этган.
"Президентимиз учрашув иштирокчиларини қутлаб, расмий ташрифнинг биринчи кунидаги тадбирлар ишбилармонлик масалаларига бағишланганига эътибор қаратди", дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Учрашувда президент Мирзиёев хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилганига эътибор қаратган.
"Ҳар бир инвестор Ўзбекистон деганда, энг аввало, барқарорлик ва келажакка ишончни тасаввур қилишига интилаяпмиз", таъкидлаган у.
Давлат раҳбари Франция бизнес делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, тадбиркорларни Ўзбекистонга келиш ва Ўзбекистон инвестиция киритиш учун энг қулай жой эканига ишонч ҳосил қилишни таклиф қилган.
Ўз навбатида, Франция ишбилармон доиралари вакиллари чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаган, мамлакатда қайси аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини баён қилган.
Императордан орден олган вазир

Сурат манбаси, Turizm va madaniy meros vazirligi
Япония императори Наруҳито Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовни "Чиқаётган Қуёш Катта Кордон Ордени" билан тақдирлаган.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги тақдирлаш маросими 9 ноябрь куни Токиодаги Император саройида бўлиб ўтгани ҳақида ёзмоқда.
"Азиз Абдуҳакимовнинг "Чиқаётган Қуёш Катта Кордон Ордени" билан тақдирланиши Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган кўп йиллик ҳиссаси эътироф этилганини тасдиқлайди", дейилади вазирлик хабарида.
Тошкент 5-ўринда

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Тошкент, халқаро рейтингларда қайд этилаётганидек, Ўзбекистондаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳар эмас, балки республика ҳудудлари орасида бу кўрсаткич бўйича 5-ўринда туради.
Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳадов Дарё нашри билан суҳбатда айтиб ўтган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, шаҳарлар ҳавоси сифати бўйича халқаро индексда техник имкониятлар сабабли Ўзбекистондан фақат Тошкент шаҳридаги маълумотлар келтирилмоқда - бироқ бу пойтахт мамлакатдаги ҳавоси энг ифлосланган ҳудуд эканини англатмайди.
Абдулаҳадов бу борада Фарғона биринчи ўринда туриши, рўйхатни эса Олмалиқ, Ангрен ва Навоий шаҳарлари давом эттириши ҳақида гапирган.
"Мазкур шаҳарлар ҳаво сифати классик усулда ўлчангани туфайли у маълумотларни халқаро платформага интеграция қилиш имконсиз", деган мутахассис.
Иқлимшунос, шунингдек, Ўзбекистонда чўлланиш, қурғоқчилик борган сари кучайиб, ҳар йили 100 минг гектарга яқин майдон чўллашаётганидан огоҳлантирган.
"Бу иккита пойтахт майдонига тенг ерлар дегани. Муаммо илдизи фақатгина шаҳарларда дарахтлар кесилиши ҳисобига эмас, албатта. Чўллардаги ўсимлик флора дунёси ва яйловлар камайиши ҳисобига ҳам мазкур муаммо юзага келмоқда. Буларнинг олдини олиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиш керак", фикр билдирган Абдулаҳадов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















