Россия: сохта ёзувчилар, "арвоҳ муаллифлар" ва фактларга асосланмаган илмий оммабоп китоблар. Кимга ва нимага керак?

Сурат манбаси, Getty Images
Россиянинг энг йирик нашриётларидан бири АСТ йилларки "хорижий экспертлар"нинг ишлари, дея турли мамлакатлар тарихи ҳақида илмий-оммабоп китобларини нашр этиб келади. Аслида уларнинг ҳақиқий муаллифи россиялик гострайтер, яъни сохта ёзувчилардир.
Ўқувчилар нашриётни сохта ва сифатсиз маҳсулот чиқарганликда айблашмоқда. Китобларда қўпол хатолар, конспирологик назариялар бор. Би-би-си Рус хизмати бу сохта ёзувчилар ва АСТ муҳаррири билан суҳбатлашиб, гострайтинг тизими қандай ишлаши ва нима учун у охир-оқибат ҳаммага зарар келтириши мумкинлигига назар ташлайди.
Юзта шахс, мингта исм
"Бир гал нашр этилган барча китобларимни бир жойга тўплашга ҳаракат қилдим. Биласизми, тўпламим баландлиги қанча бўлди? Саккиз ярим метр. Йилига ўртача 20 та китобим чиқади," дея айтганди ёзувчи Сергей Нечаев икки йил аввал берган интервьюсида.
У кўп йиллардан бери фаол китоб ёзаётган бўлса-да, аксар россиялик ўқувчи Нечаев номини билмайди. Унинг китоблари, масалан, Даря Донцованинг китоблари каби, китоб дўконлари жавонларида қатор қилиб терилмайди. Сирасини айтганда, у нашр этаётган китобларнинг муқоваларида бутунлай бошқа исмлар туради – Веа Чен, Серхи Тереза, Сергиус Ванкукер, Серж Кейтел, Сейж Типпот. Сергей Нечаев – классик гострайтер. Яъни, бошқа одамлар, одатда таниқли шахслар ёки компаниялар учун буюртма асосида матнлар ёзадиган, лекин уларни ўз номи билан имзоламайдиган одам.
Нечаев бир неча йиллардан буён турли тахаллуслар остида нон-фикшн китобларини, жумладан, Россиянинг энг йирик нашриётларидан бири – АСТнинг "Мамлакатнинг тўлиқ тарихи" («Полная история страны») туркуми учун ҳам ёзмоқда. Туркумдаги деярли ҳар бир китобнинг алоҳида муаллифи бор – улар шундай танланганки, исмлар ўша мамлакатдаги ҳақиқий исмларга ўхшайди. Масалан, Эрон ҳақидаги китоб муаллифи Азади Ҳусайн, Исроил ҳақидаги китоб муаллифи эса Лехман Гершел деб кўрсатилган.
АСТ нашриёти россиялик муаллифлар асарларини хорижий муаллифлар китоблари сифатида тақдим қилаётгани 2025 йилнинг сентябрь ойи охирида маълум бўлди. Бу ҳақда Telegram'даги "Укиё-э каждый день" канали админи Иоан маълум қилди. Хусусан, у икки китоб – "Ямато. Япония император уйи" ва "Япония. Тўлиқ тарих"ни икки хил тахаллус остида АСТнинг яна бир сермаҳсул гострайтери Андрей Шляхов (АСТда унинг номи билан 87 та китоб нашр этилган, улар қанча тахаллус остида экани номаълум) ёзганини айтди. Яна бир китоб – "Японлар" ("Японцы")нинг сўзбошисида ёзилишича, китоб "чет элликлар учун япон муаллифи томонидан ёзилган". Бироқ унинг муаллифи асли кимлигини аниқлаб бўлмади.
Баъзида "хорижий" нон-фикшнни аслида ким ёзганини билиш мумкин. Масалан, АСТ сайтининг архивларини кўриб чиқиш ёки интернетдаги саҳифаларда китоб тавсифини ўрганиш: баъзи ҳолларда у ерда ҳақиқий муаллиф кўрсатилади. Агар бу маълумотларга ишонадиган бўлсак, Шляхов "Мамлакатнинг тўлиқ тарихи" туркумида тўққизта китоб ёзган: масалан, Миср, Жанубий Корея ва Хитой ҳақида.
Хитой ҳақидаги китоб муқовасида китобни "машҳур хитой олими" ёзгани айтилган. Аммо Шляхов ҳатто хитойшунос ҳам эмас – нашриёт сайтида у Совет Иттифоқи даврида "шифокор бўлиб ишлагани ва 2000 йилларнинг бошида бизнес билан шуғуллана бошлагани ёзилган. Бироқ, Андрей Сазонов тахаллуси остида АСТ учун тиббий мавзуларда ёзишда давом этмоқда – у сайтда "кўп йиллик иш тажрибасига эга терапевт-шифокор, доимий равишда ўз устида ишловчи публицист" сифатида тақдим этилган.

Сурат манбаси, YouTube screenshot
Албатта, хорижий номлар остидаги «адабий қуллар" нафақат мамлакатлар тарихини, балки футбол, шаҳарлар ёки машҳурларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида ҳам ёзади. АСТ сайтида хорижий муаллифларнинг кўплаб саҳифаларини топиш мумкин, уларда умуман ҳеч қандай маълумот йўқ: на фотосурат, на бир сатр таржимаи ҳол.
Ўқувчилар, айниқса, шарқшунослар АСТни ёлғончиликда, беписандликда айблашмоқда.
"Мен ҳеч бўлмаганда ҳақиқий воқеани айтиб бермоқчи бўлганлар мени алдамаслигини хоҳлайман, чунки илмий оммабоп асар ёзиляпти ахир. Имло хатолар, фактологик хатолар, ҳатто китобнинг ўзида муаллифнинг исми икки хил ёзилган," деб ёзди Иоан АСТни фош қилувчи постида. Муҳокама шу қадар қизғин тус олдики, бу жанжалга нашриёт муносабат билдирди.
"Кўп муаллифлар кўпинча ўзлари ишлаётган йўналишга қараб хилма-хил тахаллус қўллашади. Бу усул дунёнинг барча мамлакатларида кўп асрлардан бери мавжуд. Хусусан, у ёки бу тахаллусдан фойдаланиш ўқувчи билан яқинроқ алоқа ўрнатишга ва ҳикояни жонлантиришга ёрдам беради," деди нашриёт.
Албатта, АСТ вакиллари муаллифлар фактлар ва уларнинг талқинларига жуда эътиборли эканлигини қўшимча қилди. Би-би-си рус хизмати АСТга сўров юбориб, «хорижлик» илмий оммабоп китоблари муаллифларининг қанчаси аслида россиялик гострайтерлар экани ҳақида сўради. Аммо ушбу мақола эълон қилингунга қадар ҳам нашриёт сўровга жавоб бермади. Би-би-си Сергей Нечаев билан ҳам боғлана олмади.
Нашриёт фактларга эътиборли эканини текшириш мақсадида, Би-би-си Рус хизмати америкалик мутахассис Александра Филиппенкодан Сергей Нечаев томонидан Типпот Сэйж тахаллуси билан ёзилган "АҚШ. Мамлакатнинг тўлиқ тарихи" китобини ўқиб чиқишни сўради. Бу китоб 2024 йилда Россиянинг йирик "Читай-город" китоб дўконлари тармоғида Америка ҳақида энг кўп сотилган китобга айланганди. Китоб ўқувчилари асосан уни мақтади ва "китоб таржимаси осон ўқилади" деб ёзишди. 250 саҳифали асар илк муҳожирлардан бошлаб Барак Обама ва Доналд Трампнинг президентлик даврларигача бўлган тарихни қамраб олади. Маълум бўлишича, бу китобда фитна назарияларига ҳам, фактларни яширишга ҳам йўл қўйилган.
Ишончсиз ҳикоячилар
"АҚШ. Мамлакатнинг тўлиқ тарихи" китобига икки эпиграф ибтидо ясайди. Биринчиси шахматчи Роберт Фишернинг сўзлари: "Қўшма Штатлар тарихига боқинг. Умуман, бу мамлакат тарихи қандай? Ҳеч кимдан кимгадир айланиш, шундай эмасми? Босиб олиш, ўлдириш. Улар мамлакатни забт этишди, америкалик ҳиндуларнинг ерларини талашди, деярли ҳаммасини қириб ташлашди... Қўшма Штатлар тарихи ана шундай. Нафратга лойиқ мамлакат." Иккинчиси Франция бош вазири Жорж Клемансонинг сўзлари: "Америка цивилизация босқичини четлаб ўтиб, ваҳшийлик босқичидан тўғридан-тўғри таназзул босқичига ўтган ягона мамлакат."
Биринчи иқтибос ҳақиқий, иккинчиси эса ҳатто "Wikipedia"даги Клемансо саҳифасидан топиш мумкин бўлса-да, апокрифдир, яъни ҳақиқийлиги шубҳали.

Тадқиқотчи Александра Филиппенко Сергей Нечаев китобда президент Уоррен Ҳардингни 1923 йилда хотини заҳарлагани ҳақидаги фитна назариясини такрорлаганига эътибор қаратади. Ваҳоланки, унинг ўлимининг сабаби аниқланмаган. Филиппенконинг фикрича, мамлакатнинг XX асргача бўлган тарихи китобда нисбатан холис тасвирланган, ҳаммаси муаллиф Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврни тасвирлашга киришганда бошланади.
"Совуқ уруш бошланиш сабаблари тавсифи бутунлай совет нуқтаи назарини акс эттиради. Асосий эътибор Ғарбнинг душманлик ҳаракатларига, НАТО ҳарбий иттифоқининг тузилишига ва коммунизмга қарши мафкуравий кампанияга қаратилган. СССРнинг Шарқий Европада коммунистик режимларни ўрнатгани, Полшада эркин сайловларга тўсқинлик қилгани, 1948 йилда Берлин блокадасини уюштиргани мутлақо эътибордан четда қолган, – дейди Филиппенко. – Фактлар нохолис танланган."
Китобда "Ирангейт" иши ҳақида қизиқарли тафсилотлар ҳам келтирилган: 80-йиллар иккинчи ярмида АҚШ маъмуриятининг баъзи аъзолари Эронга қарши эмбаргога қарамай, бу мамлакатга яширинча қурол етказиб беришни ташкил қилган. Нечаевнинг ёзишича, қуроллар НАТО омборларидан келган, етказиб бериш Брюсселдан Роттердам, Вена ва Исроилдаги юк ташиш пункти орқали амалга оширилган. Александра Филиппенконинг сўзларига кўра, бу "Ирангейт"нинг расмий тергов натижаларида тилга олинмаган.
"Китоб очиқдан-очиқ тарғибот эмас, аммо унда АҚШ тарихини чуқур билмайдиган одамларни Қўшма Штатларни кўпроқ фуқароларини эзадиган ва дунёда фаол империалистик давлат сифатида қабул қилишга ундайдиган кўплаб шубҳали жиҳатлар бор, – дея хулоса қилади тадқиқотчи. – Шубҳасиз, бу китоб Кремл манбаларига қўл келади ва иқтибос келтириш учун жуда қулай."

Сурат манбаси, Aleksandra Filipenko personal archive
Гострайтерлар ёзган бошқа илмий оммабоп китобларда ҳам қўпол хатолар ва тахминлар аниқланди. АСТнинг "адабий мистификациялари" ҳақида гапирган ўқувчилар Сафавийлар сулоласи ҳақидаги китоб муқовасида кўрсатилган муаллиф ҳам мавжуд эмаслигини тахмин қилишди. Ваҳоланки, кириш сўзида у "эронлик тарихчи томонидан эронлик ўқувчи учун" ёзилгани айтилган. Титул варағида ҳатто таржимон ҳам кўрсатилган, "форс тилидан таржима қилинган" каби жумлалар учрайди, парчаларда эса "Wikipedia" ва рус тилига аллақачон таржима қилинган бошқа манбалардан кўчирилган тезислар бор.
Ҳиндистон тарихига оид китобда эса "мамлакат ҳудудида ўзга сайёраликлар билан тўқнашувда йўқ бўлган юксак ривожланган цивилизация мавжуд бўлганлиги" ҳамда бу урушда "ядро қуроли қўлланганлиги" ҳақида маълумотлар топилди.
Ўқув қўлланмаларида ҳам хатолар аниқланди. Хусусан, АСТ нашриётига ҳинд тили ўқитувчиси очиқ мурожаат қилди: унинг таъкидлашича, китобда "жиддий хатолар мавжуд ва ўқувчини тилнинг грамматик тузилиши борасида чалғитади." У нашриётдан ўз обрўсини хавф остига қўймаслиги учун бу китобни сотувдан олиб ташлашни сўради.
"Мен ҳеч ким АСТ китобларини сотиб олмаслигини истардим, чунки улар жуда кўп сифатсиз китобларни чоп этган, – деди "Укиё-э каждый день" Telegram канали администратори Иоан Би-би-си Рус хизматига. – Баъзи одамларга бошқаларни алдаш оддий ҳол ва бу қабул қилинган амалиёт бўлиб туюлади. Кўпчилик негадир 90-йиллардаги мистификацияларни эслайди, ўша пайтда бундай ҳолатлар кўп эди. "Авваллари бу нормал ҳолат эди, ҳозир ҳам нормал, дейишади. Мен бунга мутлақо қўшилмайман, чунки бу йўл билан ҳар қандай нарсани – ёлғондан тортиб энг даҳшатли жиноятларгача оқлаш мумкин."
Тома-тома кўл бўлур: "Империя нефт томчилари ҳисобига яшайди"
"АСТ нашриёти йилига юз минглаб китоб чоп этади. Бу нима учун қилинади? Чунки бу улкан машина ва кўплаб одамларни таъминлаши керак – нафақат муҳаррирларни, балки бош директорнинг котибларидан тортиб техник ходимларгача бўлган бошқаларни ҳам. Китоб нархига жуда кўп одамларнинг меҳнат ҳақи киритилган. Холдинг – бу нефть томчилари ҳисобига яшайдиган ҳақиқий империя.
Россиянинг энг йирик нашриёт холдинги бўлган "Эксмо-АСТ" нашриёт гуруҳига киради. Шунингдек, унга электрон китоблар савдоси билан шуғулланувчи "Литрес" компаниялар гуруҳи ҳам тегишли.
Расман "Эксмо-АСТ" монополист эмас. 2014 йилда унинг китоб бозоридаги улуши тахминан 30 фоизни ташкил этган, аммо ўшандан бери холдинг яна бир нечта нашриётни, жумладан, савдо ҳажми бўйича учинчи ўринни эгаллаган "Азбука-Аттикус"ни қўшиб олди. Шундан сўнг, экспертларнинг баҳолашича, "Эксмо-АСТ"нинг улуши 42 фоизгача ўсди, агар фақат бадиий адабиётларни ҳисобга олсак, тиражларнинг деярли 78 фоизи холдингга тегишли. Россия китоб палатасининг (Россияда нашр этилган босма нашрлар ҳисобини юритувчи ташкилот) 2024-йилги ҳисоботига кўра, АСТ, "Эксмо" ва "Азбука" (холдингнинг кичикроқ нашриётларини ҳисобга олмаганда) нашрларининг умумий тиражи 100 миллион нусхадан ошди, бу тижорат китоб бозорининг 40 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Бутун Россия китоб рейтингига кўра, энг кўп сотиладиган 50 та китобнинг ярмидан кўпи "Эксмо-АСТ" холдинги нашрларидир.
Soxta taxallus bilan kitob yozish bu o‘yin. Ammo bu o‘yinni qabul qilmasam och qolaman.
Албатта, "ҳаваскорлар учун китоблар" фақат билимсиз ўқувчиларгагина етиб бормайди. Нашриёт ходимаси бир куни Япония тарихига оид АСТ китобини юклаб олганини ва ўзи мавзуни яхши билгани ҳамда янги нарсаларни ўрганмоқчи бўлгани учун нашрнинг сифати пастлигидан ҳайратда қолганини айтди. Аввалига у муаммо ёмон таржимада бўлса керак деб ўйлади ва нашриётнинг умумий маълумотлар базасида муаллиф ҳақидаги маълумотларни кўргандан кейингина китобни гострайтер ёзганини тушунди.
Арина нашриёт муҳаррирлари илмий оммабоп китобни ёзишни мавзу ҳақида маълумоти оз ва интернетдан юзаки маълумотларни тўплайдиган муаллифга топширишини маъқулламаслигини айтади. Лекин шу билан бирга ҳамкасбларини ҳам тушунади: ҳар бир муҳаррир нашрга топшириладиган китоблар сони бўйича режани бажариши керак. Унинг тушунтиришича, муҳаррирларда танлов имконияти бор, албатта. Масалан, чет эл бестселлерини олиш мумкин: бунинг учун муаллифлик ҳуқуқига эга шахс билан келишиш, яхши таржимон ва адабий муҳаррир топиш керак. Аммо бу кўп вақт талаб қилади – муҳаррир эса нашр режасини бажаришга улгурмайди. Шунинг учун ишлаб чиқаришда тезроқ битадиган ва арзонроқ китобларни танлашга ва гострайтерларга тренд мавзуларда китоб буюртма қилишга тўғри келади. Агар муҳаррир режани бажармаса, у даромадининг сезиларли қисмидан – мукофотдан маҳрум бўлади, доимий иш ҳақи эса кўп эмас.
"Шунинг учун муҳаррир нимадир ўйлаб топиши, трендларни кузатиши керак. Ҳозир бизда Осиё ва араб Шарқи трендда эканлигини кўряпмиз. Муҳаррир шундай ўйлайди: ишсиз ўтирган муаллиф бор. У тез ёзади. Ёмон ёзиши аҳамиятсиз. Яхши ёзиши ҳам шарт эмас: муҳими, у кейинги чораккача китобни ёзиб улгуриши керак. Шунинг учун ҳозир мен унга техник топшириқ бераман: масалан, Япония мавзусида тахминан саккиз муаллифлик варағи (бир варақ – 40 минг белги) ҳажмида китоб ёзиш керак. Нима хоҳласа, шуни ёзсин," дейди Арина ҳамкасбларининг мантиғини тушунтириб.

Сурат манбаси, Getty Images
"Лекин бу тез ёзиладиган ва катта фойда келтирадиган китоб эмас. Яъни кўп тиражли нашрлар учун лойиҳалар, ҳаваскорлар томонидан ҳаваскорлар учун" амалга оширилади. Обрў учун ва китоб ярмаркаларида намойиш этиш учун эса профессионал китоблар чиқарилади. Уларни ҳам, буларни ҳам битта масъул муҳаррир бажариши мумкин. Катта нашриётдаги ҳаёт шундай. У муҳаррирларга, айниқса, ўқувчига ёқадими-йўқми, бунинг аҳамияти йўқ. Катта холдинг катта айланмалар ҳисобига яшайди," дея хулоса қилади Арина.
Би-би-си Рус хизмати нашриётлардаги аҳвол ҳақида гапирган икки гострайтер билан суҳбатлашди ва уларнинг таассуротлари АСТ нашриёти ходими фикрига мос келади. Ёзувчи Алена Макеева саккиз йил олдин "Эксмо-АСТ" холдинги, жумладан, "Бомбора" ва "ХлебСол" нашриётлари билан ҳамкорлик қила бошлаган. Гострайтер сифатида у илмий оммабоп китоблар ва экспертлар учун китоблар ёзган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, у бутун фаолияти давомида 40 га яқин китоб ёзган.

Сурат манбаси, Alyona Makeeva personal archive
Аввалига лойиҳалар унга ёққан. Аммо вақт ўтиши билан унинг ҳафсаласи пир бўлди: нашриётда гострайтерларга ва муҳаррирларга бўлган муносабат унга ёқмади. Шу жумладан, иш учун жуда кам ҳақ тўланадиган бўлди. Макееванинг эслашича, дастлаб шартнома учун "етарлича яхши пул" таклиф қилишган. 2021 йилда нашриётдан кетишидан бироз олдин ярим йил сарфлаган битта китоби учун унга 100 минг рубл тўлашди.
Макееванинг айтишича, муҳаррир билан бир неча бор келишмовчилик юз берганидан сўнг нашриёт унга китоб буюртма қилишни тўхтатган. Аввалги муҳаррирлар ойига 20 та китоб чиқариш режасини бажара олмагани сабабли нашриётдан кетган эди.
"Илгари ёзганларимни ўқийдиган муҳаррирларим бор эди. Улар сифатга эътибор беришар, қизиқарли лойиҳалар қилишни хоҳлашар, ҳар бир мутахассисга алоҳида ёндашарди. Кейин эса китоб ўқимайдиган муҳаррир пайдо бўлди, – деб эслайди Макеева. – Боз устига, "бир ойда бир китоб ёз," деган талаблар келиб туша бошлади. 150 варақли нон-фикшн китобни-я! "Буни қандай тасаввур қиласиз?" деб сўрадим."

Сурат манбаси, Getty Images
Худди шундай талаблар ҳақида АСТнинг Валерий исмли гострайтери (исми ўзининг илтимосига кўра ўзгартирилди) ҳам айтди. У нашриёт учун 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ёзади ва ўзини "адабий қул" деб атайди.
"Бир ойда китоб ёза оладиган одамлар жуда кам. Мен учун эса бу оддий ҳол. Бундай кулгили қалам ҳақига бир йил китоб ёзсам, очимдан ўламан. Менга "ЖЗЛ" ("Жизнь замечательных людей") туркумида чиққан битта китобга квартира сотиб олиш мумкин бўлган дейишганди. Ҳозир эса квартира олиш у ёқда турсин, зўрға кун кўряпмиз. Биз оиламиз билан ўрта синфга мансубмиз, яъни қарзимиз йўқ. Лекин бунинг учун тинмай, дам олмай ишлайман," дейди Валерий.
Унинг айтишича, АСТ ҳар бир китоб китоб учун тахминан 50 минг рубл (630$) тўлайди.
Валерийнинг айтишича, АСТ китобга тахаллус қўйишга мажбур қилади, шунингдек, сарлавҳалар ва муқовадаги расмлар кўпинча тўғри келмайди. Шу сабабли ғалати ҳолатлар юз берарди: муқовада китоб бағишланган одамдан бошқа шахснинг сурати ёки портрети кетиб қоларди. Унинг таъкидлашича, нашриёт унга нашрнинг якуний нусхасини юбормайди ва сотувга чиқарилгани ҳақида хабар бермайди. Валерийнинг фикрича, муаллифнинг кўплаб тахаллуслари бўлиши нашриёт учун фойдали, чунки у таниқли бўла олмайди ва ўз шартларини ўтказа олмайди. АСТ ходими Би-би-сига муаллифлар билан "буюртма шартномалар" тузилишини тасдиқлади, шартномада тахаллус ва китобнинг бошқа тафсилотлари кўрсатилмаслиги мумкин.
Макеева сингари, Валерий ҳам гострайтер меҳнати қадрсизланаётгани ва тан олинмаётганини таъкидлайди:
"Икки сўзни бир-бирига боғлай олмайдиган одам учун китоб ёзасан, ўша-ўша арзимаган чақа пулни оласан. Кейин ўша одам турли тадбирларга бориб, бу китоб унинг бутун ҳаётидаги меҳнати эканлигини ва уни кўп йиллар давомида ёзганини айтади. Жуда кулгили! – дейди Валерий. – Мени эса ёзувчи сифатида ҳеч ким танимайди: китоб ярмаркаларига таклиф қилишмайди, ҳақиқий исмим билан чиқадиган китобларни реклама қилишмайди. Мен ҳеч кимман, мени чақириш шарт эмас, қалам ҳақим ҳам кепак нархича. Лекин бу ўйин қоидаси, қабул қилмасам, ишсиз қоламан."








