Фарғона боғчаларида 62 бола заҳарланди: "Синов"даги тизимнинг навбатдаги қурбонлари

Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида юз берган оммавий заҳарланиш оқибатида 62 нафар бола шифохонага ётқизилди. Ушбу воқеа нафақат вилоятдаги кейтеринг тизими, балки бутун мактабгача таълим соҳасидаги назоратсизлик ва шубҳали келишувларни яна бир бор кун тартибига чиқарди.
"Яна оммавий заҳарланиш..."

Сурат манбаси, Kun.uz
Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси 21 феврал куни 2-, 58- ва 61-сонли боғчалар тарбияланувчилари "ўткир диарея" ташхиси билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилганини тасдиқлади. Ота-оналарнинг таъкидлашича, шифохоналар бемор болалар билан тўлган, масъуллар эса вазиятни яширишга уринмоқда.
Журналист Илёс Сафаров ушбу такрорланаётган фожиага муносабат билдирар экан, тизимдаги чуқурлашган инқирозга эътибор қаратди:
"Тошкент вилоятидан кейин энди Фарғона. Яна боғчалар. Яна оммавий заҳарланиш... Даҳшатлиси, ҳар сафар бир хил сценарий: оммавий заҳарланиш, комиссия, баёнотлар, "назорат кучайтирилади". Лекин сал вақт ўтиб яна заҳарланиш такрорланади. Қачонгача, қанчагача шундай бўлади ахир?!" — деб ёзади журналист ўз Telegram каналида.
Таомни ким етказган: 9 кунлик "тажриба"
Би-би-си ўз манбалари орқали боғчаларни овқат билан таъминлаган корхона — «Garden Catering Trade» эканини тасдиқлади. Ушбу компаниянинг бозорга кириши бошиданоқ шубҳали бўлган. Qalampir.uz суриштирувига кўра, вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров очилганига атиги тўққиз кун бўлган ушбу МЧЖга бутун бошли туман боғчаларини топширган.
Рақобат қўмитаси буни қонунга зид деб топиб, қарорни бекор қилиш бўйича кўрсатма берган бўлса-да, тизим ишлашда давом этган. Илёс Сафаровнинг таъкидлашича, муаммонинг илдизи юзаки баёнотларда эмас, балки ичкаридаги коррупция ва шаффофликнинг йўқлигида:
"Балки масала ва муаммоларнинг ечими фақат вазир ё унинг ўринбосарини алмаштиришда эмаслигини тушуниб, ҳаракатни тизим ислоҳига қаратарсизлар? Бунинг учун пастга, боғчалар ва уларнинг ошхонасигача тушиш керакдир. Тендерлар қанчалик шаффоф? Санитария назорати қачон ва қандай ўтказилган? Нега айниган, сасиган, бижғиб кетган овқатлар назоратсиз болалар косасигача тушмоқда?"
Гўштми ёки эмлаш?
Бу Ўзбекистондаги боғчаларда кузатилган биринчи оммавий заҳарланиш эмас. 2025 йилда Тошкент вилоятида салкам 2 минг нафар бола заҳарланганида ҳам жамоатчилик тизимли ўзгаришларни талаб қилган эди. Бироқ, Фарғона воқеаси кўрсатганидек, реал хулосалар чиқарилмаган.
Журналист Илёс Сафаров таъкидлаганидек, масъулларнинг "вазият назоратда" қабилидаги гаплари энди жамоатчиликни қониқтирмайди:
"Тизим ичкаридан тозаланишга ўта муҳтож. Бу тозаланишларсиз яна оммавий заҳарланиш, яна комиссия, яна "вазир етиб борди", "қўлга олинди" каби тизимга эмас, фақат шов-шувга хизмат қиладиган гапларни эшитаверамиз".




























