Журналистика университетида кийим муаммоси, Олмалиқ комбинатидан 200 млн долларлик "шубҳали" битим сўрови, Агаларов Чорвоқдаги лойиҳа экологик бўлишини истайди

ЎзЖОКУ магистранти Акмалжон

Сурат манбаси, Facebook/Bahodirxon Eliboyev

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари кийиниш талаблари боис дарсга киритилмаганлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб мавзуга айланди.

Ўзбекистонлик журналист ва таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳодир Элибоев ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ЖОКУ ҳудудига киритилмаган талабалар видеосини эълон қилди.

"ЎзЖОКУда дресс-код масаласи ҳануз актуал.

Ўтган ҳафта проректор кириб оқ куйлак ва галстукда бўлиш кераклигини тавсия қилган эди. Бошланган ҳафтадан ушбу тавсия кучга кирган кўринади ва таҳминан 100 нафар талаба (бакалавр ва магистрантлар) ўқишга киритилмадилар.

Уларга оқ кўйлак ва галстуксиз киритилмаслиги айтилди", деб ёзди Баҳодир Элибоев.

Иқтибос

"Мени киритишмади. Сабаби, галстугим йўқ эди. Шунинг учун киритишмади. "Дарс тайёрладингми? Маърузаларга қатнашдингми? Адабиётларни ўқидингми?", деб ҳеч ким мендан сўрагани йўқ. "Галстугинг қани? Галстугинг бўлмаса, бор, кетавер! Бу ички тартиб-қоида. Бу ҳамма нарсадан устун", дейишаяпти", деди магистрант Акмалжон.

Ижтимоий тармоқлардаги постларда талабалардан дресс-код талаб қилиш Шўро замони ёндашувига қиёсланганини кўриш мумкин.

Ҳозирча Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети расман бу норозиликларга муносабат билдиргани йўқ.

Ўзбекистон кон гигантидан "шубҳали" битимларни тушунтириб беришни талаб қилмоқдалар

Журналист Анора Содиқ

Сурат манбаси, YouTube/Uzdiplomat

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш маркази - The Organised Crime and Corruption Reporting Project (OCCRP) Ўзбекистонга бағишланган янги тадқиқот эълон қилди.

У Ўзбекистоннинг кон гиганти ҳисобланган давлат назоратидаги Олмалиқ Кон-металлургия комбинати тендерларига бағишланган.

Суриштирув Олмалиқ комбинати 200 миллион АҚШ долларлик тендерларни шаффоф бўлмаган ширкатларга берганини аниқлаган.

Ўзбекистонлик таниқли журналист Анора Содиқ бу ҳақда алоҳида кўрсатув тайёрлади.

YouTube даги Uzdiplomat каналида эълон қилинган видеода журналист Анора Содиқ Олмалиқ комбинатининг кузатув кенгаши, шу жумладан, бош вазир нега бу шартномалар тасдиқланганини тушунтириб беришлари лозимлигини айтди.

Журналист Анора Содиқ ушбу масала иқтисодиётдан ҳам юқорига кўтарилиши ва "сиёсий ҳисобдорлик" билан боғлиқ жиддий саволларни ўртага чиқаришини таъкидлади.

Эмин Агаларов Sea Breeze Uzbekistan экологик лойиҳа бўлишидан манфаатдорлигини айтди

Sea Breeze Uzbekistan раҳбари Эмин Агаларов

Сурат манбаси, gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Sea Breeze Uzbekistan раҳбари Эмин Агаларов gazeta.uz нашрига интервю берди

Ўзбекистондаги gazeta.uz веб-нашри ёзишича, баҳорда Тошкент яқинидаги Чорвоқ сув омбори соҳилида йил давомида фаолият юритадиган Sea Breeze Uzbekistan курортининг қурилиши бошланади.

Шу йил 23 январ куни Бўстонлиқ тумани маркази Ғазалкент шаҳрида Sea Breeze дам олиш маскани лойиҳасига бағишланган жамоатчилик тинглови бўлиб ўтган.

Жамоатчилик тингловида 150 одам қатнашган.

Бу лойиҳа қанчалар пухта ўйлангани, атроф-муҳит, энг муҳими, Тошкент шаҳри сув таъминотига қанчалар таъсир этиши билан боғлиқ саволларга жавоб берилган.

"Биз бу лойиҳани амалга оширишга жуда катта тайёргарлик кўрганмиз ва тегишли экспертизалардан ўтказганмиз. Нафақат экологик, балки иқтисодий экспертиза ҳам қилинган. [Ушбу лойиҳа] фуқароларимиз ва иқтисодиётимизга қай даражада манфаат келтириши, қанчалик иш ўринлари яратилиши, умуман олганда, Тошкент вилоятининг туристик салоҳиятини қанчалик юксалтириши ўрганилган. Бу лойиҳа ҳар томонлама қулай ва мақсадга мувофиқ бўлгани учун ижобий баҳоланган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингач, жуда қисқа муддат ичида қурилиш ишлари бошланди. Экологик шароитни яхшилаш нуқтаи назаридан ҳозирги кунда 1000 дан зиёд дарахт ҳам экилди", деб айтган Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Нажмиддинходжа Шарипов.

Чорвоқ атрофида 577 гектар майдонни эгааллайдиган ва 2035 йилгача барпо этилиши мўлжалланган лойиҳа раҳбари Эмин Агаларов gazeta.uz га интервю берди.

"Агар биз ҳатто назарий жиҳатдан экологияга зарар етказадиган бирор иш қилмоқчи бўлсак ҳам, мен бунга ҳеч қачон қўл урмаган бўлардим, чунки бу менинг шахсий лойиҳамга зарар келтиради. Бугунги воқеликда экологик бўлмаган девелопментни сота олмайсиз, ҳеч ким у ерга келишни ва дам олишни хоҳламайди. Шунинг учун ҳам мен экологик лойиҳа бўлишдан энг кўп манфаатдор шахсман ва бу шундай бўлишининг кафилиман", деди Эмин Агаларов.

13 феврал. Ўзбекистон: Санкциялар назорати, ўрта коридор ривожи ва "UzTest" тугатилиши

Temir yo'l qurilishi

Сурат манбаси, Transport vazirligi

Туркманистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Грузия Марказий Осиёдан Европагача боғлайдиган Транс-Каспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта коридор) бўйича ҳамкорликни кучайтиришга доир янги протоколни имзоладилар. Бу ҳужжат ягона қўшма логистика операторини тузишга асос яратади ва халқаро юк ташувчилар учун маршрутни анча қулай қилади.

Мамлакатлар бир қатор қадамларда келишиб олди:

  • Март ойидан бошлаб темир йўл ва порт инфратузилмасини тўлиқ диагностикадан ўтказиш.
  • Ўзбекистон ва Туркманистонда юкларни кузатишга ёрдам берувчи Control Tower дастурини жорий этиш.
  • Каспий денгизида паромлар етишмаслиги туфайли юзага келадиган вагонларнинг бефойда туриб қолиши харажатларини биргаликда қоплаш.
  • Бизнес учун тўлиқ бирлашган логистика хизмати яратиш мақсадида ягона тарифлар ва мувофиқлаштирилган чегара тартибларини жорий этиш.

Ўрта коридор орқали юк ҳажми йилига ошиб бормоқда: 2024 йилда 4,5 млн тонна юк ташилган, бу 2023 йилга нисбатан 65% кўп. 2030 йилга бориб юк айланмасини 10–11 млн тоннага етказиш режалаштирилган.

Туркман ОАВнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус минтақадаги чуқур техник интеграция бошланганини ва тўрт мамлакатнинг Шарқ билан Ғарб ўртасида ишончли транспорт кўприги бўлиш ниятини кўрсатади.

Берлин Марказий Осиё мамлакатларини Россияга нисбатан санкцияларга қатъий риоя қилишга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул

Сурат манбаси, LUKAS COCH/EPA

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини Россияга қўйилган санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларига нисбатан қатъийроқ чоралар кўришга чақирди.

"Санкцияларни айланиб ўтишга уринишлар Россиянинг тажовузкор урушига кўмаклашади ва Европа Иттифоқи учун тўғридан-тўғри таҳдид туғдиради", - деди Вадефул Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкасблари билан учрашувлар чоғида.

Вазирнинг таъкидлашича, у Марказий Осиёнинг ташқи ишлар вазирларини Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларига барҳам бериш учун саъй-ҳаракатларни кучайтиришга ва бу йўналишда Европа Иттифоқи билан янада яқин ҳамкорлик қилишга чақирган.

Вадефулнинг қайд этишича, Германия ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан ўзаро фойдага асосланган иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Германия ҳукумати айниқса муҳим хомашёлар ва камёб ер элементларини таъминот манбалари сифатида юқори баҳоламоқда.

"UzTest" бекор қилинди

Shavkat Mirziyoev

Сурат манбаси, Prezident.uz

2026 йил 12 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев техник регламентлаш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича тубдан янгилаш режаларини кўриб чиқди.

Ҳукуматнинг асосий мақсади - давлатнинг бу соҳадаги иштирокини қисқартириш ва ортиқча бюрократияни бартараф этиш мақсадида тестдан ўтказиш ва сертификатлаштириш функцияларини тўлиқ хусусий секторга ўтказиш.

Ислоҳотлар доирасида муҳим институционал ўзгаришлар эълон қилинди, жумладан, энг катта ўзгариш - "UzTest" марказини тугатиш ҳақидаги қарордир.