Ўзбекистонда +18 асарларини кесиб ташламайдиган нашриёт Video O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
Ёш тадбиркор Фируз Аллаев Ўзбекистондаги китобга бўлган қизиқишнинг қайтадан уйғонишига катта ҳисса қўшиб келади.
У муваффақиятга эришган Asaxiy интернет дўкони ортидан бундан уч йил аввал Asaxiy Books лойиҳасига асос солган.
Лойиҳа доирасида, аввалига, хорижий адабиётлар ўзбек тилига ўгирилиб, тарқатилган бўлса, Аллаев, эндиликда, ўзбекистонлик ёш, истеъдодли ёзувчиларни кашф қилишга ҳам эътибор қаратмоқда.
Бироқ унинг китобхонликни қайтадан жонлантириш йўлидаги фаолияти турли танқид-қораловларга юз тутган.
Би-би-си Аллаев билан бугунги кундаги ўзбек жамиятининг китобга бўлган қизиқиши, ноширлик фаолияти йўлидаги тўсиқлар ва давлат цензураси ҳақида суҳбатлашди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Ноодатий бизнес

Совет даври ўзбек адабиёти хорижий тиллардан таржима қилинган асарлар билан тўлиб тошган эди.
Аммо бу жараён мустақиллик йилларига келиб, деярли фалажланиб қолган.
Франциядаги таҳсилдан сўнг Ўзбекистонга қайтган Фируз Аллаев мамлакатда энди куртак оча бошлаган онлайн савдо билан шуғулланишга қарор қилган.
Шу тариқа, ҳозирда, кенг тармоқли Asaxiy интернет дўкони дунёга келган.
2018 йилда эса тадбиркор ноодатий бизнесга асос солган - у хорижий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиб тарқатишни мақсад қилган Asaxiy Books лойиҳасига қўл урган.
Бу вақтга қадар китоб савдосидан даромад қилишга нисбатан ишончсизлик кайфияти юқори эди.
Бир вақтнинг ўзида аҳолининг китобга бўлган қизиқиши анчайин сустлашгани айтилгувчи давр эди.

Фируз Аллаев китоб савдоси билан шуғулланишга қарор қилганини 2016-2018 йиллар оралиғида "жуда катта тезликда" сўз эркинлиги берилгани билан боғлайди.
"Ўша вақтларда интернетда турли муаммолар муҳокама қилинганда, одамлар қайсидир китобни жавоб сифатида ёзишар эди. Шунда хаёлга биринчи келадиган савол "Бу китобнинг ўзбекчаси борми?" бўлар эди", хотирлайди 31 яшар тадбиркор.
"Бундан ташқари ўзимиз тадбиркормиз, лекин тадбиркорлар учун ўзбек тилида профессионал адабиётлар йўқ эди. Шуларни кўриб, бошида учта китобни таржима қилиб, жамиятга фойдамиз тегсин, деган мақсадда текинга тарқатмоқчи бўлдик", давом этади у.
Янги ғоя ортидан мамлакатдаги китоб бозорини ўрганишни бошлаган Аллаев бу соҳадаги вазият абгор ҳолда эканига гувоҳ бўлгани ҳақида сўзлайди.
"Билдикки, китоблар деярли таржима қилинмай қўйилган. Таржима қилинганлари ҳам сифатсиз. Биз муаммога ечим излай бошладик. Хориждаги вазиятни ўргандик. Кўрдикки, Америкада ҳам, Францияда ҳам китобхонлик - бу бизнес.
Шундан сўнг агар сўз эркинлиги давом этадиган, ҳукумат томонидан халал берилмайдиган бўлса, бу бозорни ривожлантириш мумкин, деган хулосага келдик. Шу тариқа лойиҳа бошланди".
Ноодатий цензура

Лойиҳа доирасида ўзбек тилига таржима қилина бошланган Жорж Оруэлнинг "Молхона" ва "1984", Ден Брауннинг "Рақамли қалъа", Уолтер Айзексоннинг "Стив Жобс" каби жаҳон адабиёти бестселлерлари бўлмиш асарлар қисқа вақт ичида ўзбекзабон китобхонлар орасида оммалашиб кетган.
Бироқ ўзбек тилига илк бор ўгирилган бу каби асарлар жамоатчиликнинг кенг танқидига ҳам юз тутган.
Танқидчилар, асосан, Asaxiy Books китобларидаги имловий ва луғавий хатолар, дин, сиёсат ҳамда ишқий тасвирлар билан боғлиқ манзараларни мубоҳаса остига олганлар.
Шу билан бирга марҳум Ислом Каримов даврида китобларнинг кенг цензура қилиниши ортидан янги ҳукумат ўзбек адабиётига энди кириб кела бошлаган асарларга нисбатан қандай муносабатда экани ҳам қизиқишларга сабаб бўлган.
"Бошида биз ҳукумат цензурасига учраймиз, халқ эса бизни қўллаб-қувватлайди, деб ўйлаган эдик. Натижасида эса, халқ бизни цензура қилди, ҳукумат дастаклади", кулади Фируз Аллаев.
У "халқ цензураси" қандай кўринишда кечгани ҳақида шундай дейди:
"Халқ цензураси жуда катта танқидлар орқали бўлмоқда. Масалан, китобларимиздаги қайсидир ғоя ёки контентга нисбатан жиддий эътирозлар бошланиб кетади.
Бунинг сабабини ўтган даврда танқидий ва таҳлилий дунёқарашдан анча чекланиб, бир ғоя, асосан, маънавият ғояси атрофида ўралашиб қолганимизда кўраман".
Аллаев тадбиркор ўлароқ халқ норозилигидан ҳайиқишини билдиради.
"Чунки халқ эътирозда бўлса, бу савдога таъсир қилади. Шу сабабдан ҳам таржимага китоб танлашда одамлар қандай қабул қилиши мумкинлиги тўғрисида кўп ўйлаймиз".
Бир вақтнинг ўзида у доим ҳам одамларнинг кайфиятига қараб иш тутилса, Ғарб адабиётидан умуман китоб таржима қилинмаслигига тўғри келиши мумкинлигини таъкидлайди.
"Шу сабабдан биз учун асосий мезон - қонун, Ўзбекистон қонунчилиги тақиқлаган мавзуларга тегинмаймиз, қолганини таржима қиламиз , деган қарорга келдик.
Шунинг учун ҳам ҳозир Asaxiy китобларига қарасангиз, айниқса, кўплаб эътирозларга сабаб бўладиган жинсий алоқа билан боғлиқ лавҳаларни цензура қилмаймиз. Борича берамиз", давом этади Аллаев.
Йилнинг бестселлери

Фируз Аллаев Asaxiy Books китобларининг кенг оммалашиб бораётгани, бунинг ортидан китобхонликнинг қайта жонланаётганини лойиҳа доирасида ишга солинган маркетинг тактикаси билан боғлайди.
"Бизга қадар баъзи диний мавзудаги асарлардан ташқари китоблар умуман маркетинг қилинмас эди.
Минг сифатли, яхши китоб чиқаринг, лекин у ҳақида халқ билмаса, уни халққа етказмаса, фойдаси йўқ", сўзлайди тадбиркор.
Яқин вақтдан бери лойиҳа ўзбек ёзувчилари қаламига мансуб асарларни ҳам нашр эта бошлаган.
Аллаев бу йилнинг интернет орқали энг кўп сотилган китоби - бестселлери Жавлон Жовлиевнинг "Қўрқма" асари бўлганини айтади.
20-аср бошида Германияда таҳсил олиб, ватанга қайтгач, Совет Иттифоқи қатағонига учраган ўзбекистонлик йигит-қизлар хотирасидан ҳикоя қилувчи "Қўрқма" жамоатчи фаоллар, журналист-блогерлар томонидан хуш қарши олинган.
"Очиғини айтишим керак, "Қўрқма"нинг маркетингига бошқа китоблардан кўра ортиқча меҳнат ёки маблағ сарфламадик. Одамларнинг ўзи уни реклама қилиб юборди.
"Қўрқма" таржима асарлардан кўра ўзимизга қалбан яқин бўлган миллий асарларга эҳтиёж катта эканини кўрсатди", қўшимча қилади Аллаев.
Тадбиркор Asaxiy Books лойиҳасининг эндиги эътибори ўзбекистонлик ёш ва истеъдодли ёзувчиларни кашф қилишга қаратилишини маълум қилади.
"Агарда миллий адабиёт одамларга ўзининг муаммоси ҳақида гапириб, қалбига ойна тутса, халқ бундай асарларни ўзига яқин олади.
Ва таълим қадриятга айланиб, сўз эркинлиги давом этса, одамлар ҳаёти ҳақида саволлар қўйила бошланса, китобхонлик яна ривожланади, деб ўйлайман", сўзлайди Аллаев.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













