“Менда сиёсий мақсадлар йўқ” — Комил Алламжонов ўзи, матбуот эркинлиги, Саида Мирзиёева ва Гулнора Каримова ҳақида Video Ўзбекистон, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Суҳбат
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов эълон қилган "Алламжонов айбдор" китоби бугун Ўзбекистондаги жамоатчилик фаоллари ва ёшлар ўртасида қўлма-қўл бўлмоқда.

Муаллиф китобни ёшларни руҳлантиргани учун ёзганини билдирсада, аксар ўқувчилар бу китобда мамлакатнинг яқин сиёсий тарихига чизгилар берилгани ҳақида гапирмоқда.

Би-би-си ёш бўлишига қарамай, президент матбуот котиби, АОКА раҳбари каби юқори лавозимларни эгаллашга улгурган Комил Алламжонов билан суҳбатлашди.

Суҳбатда нафақат у тақдим этган китоб, балки Алламжоновнинг "сиёсий иштаҳаси" тўғрисида ҳам сўз борди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

36 яшар Алламжонов бир неча йил Давлат солиқ қўмитаси раисининг матбуот котиби, 2017-2018 йилларда эса Ўзбекистон президенти матбуот котиби, кейинроқ, АОКА директори каби масъул лавозимларда меҳнат қилган.

Айни вақтда, у президент қизи Саида Мирзиёева биргаликда Масс-медиа фондини бошқариб келмоқда.

Ноодатий ном

Комил Алламжонов китоби рекламаси

Сурат манбаси, official

Алламжонов Ўзбекистоннинг иккинчи ҳукумати даврида матбуот ва сўз эркинлиги ривожи учун курашган, давлатнинг матбуот билан боғлиқ сиёсатига катта таъсир ўтказган шахслардан бири саналади.

Бироқ у жамоатчилик томонидан "Солиқ инфо", "Автотест" каби лойиҳалар орқали маълум соҳаларда монополия ўрнатишда ҳам бир неча бор танқидга тутилган.

Ўзининг 27 июнь куни тақдим этилган ноодатий номдаги "Алламжонов айбдор" китобида муаллиф ана шундай танқидларга атрофлича изоҳ беришга ҳаракат қилади.

Би-би-си билан суҳбатда Алламжонов китоб устида ишлашни 1,5 йил аввал бошлагани ҳақида гапирди.

"Айнан пандемия даврида, ҳаммамиз уйда ўтирган пайтимизда бу китобни бошлаш фикри пайдо бўлган ва уни ёзишни бошлаганман ва айнан нима учун ҳозир деганда, биринчидан, бу йил ёшлар йили.

Ёшларимизга жуда кўп ана шундай йўл кўрсатадиган ўзининг ҳаётини танлашида бир фикр юритаётганларга айни дамда ҳозир шу фойдали бўлади, деб ўйладим", сўзлайди у.

Бироқ муаллиф, аксар ўқувчилар таъкидлагандек, китобдан сиёсат қидириш керак эмаслигини айтади.

"Бу китобда ҳеч қандай сиёсий мотив йўқ. Бу китоб, яна бир марта айтиб ўтдим, мемуар ҳам эмас. Бу китоб — мотивация.

Бу ерда ҳеч қандай сиёсий мотив, ҳеч қандай бир сиёсатга, сиёсий майдонда ўзимни таъсир кучимни ошириш учун бир иштиёқ ёки бир ҳаракат, деган гапларнинг ҳаммаси булар нотўғри гаплар", дейди у.

Коррупция

Комил Алламжонов

Суҳбат давомида Комил Алламжонов ўзининг коррупцияга алоқадор бўлгани борасидаги гап сўзларга ҳам тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатнинг бой одамлари қаторида кўриладиган Алламжоновнинг ўз сўзларига кўра, у Давлат солиқ қўмитасида ишлаган пайтлари қонуний асосда пул ишлаб топиш имконига эга бўлган.

"…бизнинг асосий солиқ тўловчиларга маълумот берадиган манбаларимиз бу газета бўлган. Нима учун? Чунки у пайт интернет жудаям ривожланиб кетган пайт эмасди.

Энг яхши ресурс бу — қўлланмалар ёки газета бўлган. Ва Солиқ қўмитасида ишлаган пайтимда олдимдаги шу мақсадни бажариш учун айнан газета ташкил қилинган. Биз давлат ишчиси сифатида, Солиқ қўмитасининг ишчиси сифатида консультация бериш, ёки бўлмасам, ўқитувчилик қилиш ҳуқуқимиз бўлган. Ва шу орқали пул топишимиз мумкин бўлган", тушунтиради ҳаёти давомида бирор марта коррупцияга йўл қўймаганини таъкидлаган Алламжонов.

"Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!"

Saida Mirziyoyeva

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, "Яшашдан мақсад - шунчаки кун ўтказиш эмас"

Биринчи президент даврида "суяги қотгани"ни билдирган Алламжонов ўзининг китобида Ислом Каримов давлат бошқаруви тизимида "бўлиб ташла, ҳукмронлик қил" услубини қўллаганини ёзади.

Би-би-си билан суҳбатда у иккинчи ҳукумат даврида бундай ҳолат йўқ экани ҳақида гапиради.

"Буни "командаси" ёки бу буни "командаси", деган нарсани мен кўрмадим. Лекин бу дегани муаммолар йўқ, дегани эмас. Бу эндигина 4 йиллик бир ўзгариш. Катта бир машинани 4 йил ичида тубдан ўзгартириб юбориш бу жуда қийин масала.

Чунки ўзимиз айтиб келамиз ҳар доим кадрлар сони ёки бўлмасам, бир илм, билимлилар сони етарли даражада эмас, деган бир пайт. Буни фақат билимлилар, илмлилар қила олиши мумкин", сўзлайди у.

Алламжонов, шунингдек, президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева билан тандемда кўп нарсаларга эришишганини айтади.

"Матбуотни 4-ҳокимият даражасига олиб келишга ҳаракат қилдик. Матбуот хизматларининг жорий қилиниши вазирлик идораларда, матбуотнинг умуман ҳимояланиши, матбуотнинг муаммоларини зудлик билан раҳбариятга етказишда ва уни ҳал қилинишида уларнинг роли катта".

Саида ва Гулнора

Гулнора Каримова

Сурат манбаси, GETTYIMAGES/YVES FORESTIER

Алламжонов охирги пайтларда Саида Мирзиёеванинг ижтимоий-сиёсий соҳада олиб бораётган кўп ҳаракатлари олқишланаётган бир пайтда, унинг айрим масалаларда илгари сураётган ташаббусларини Гулнора Каримованикига ўхшатишлар кўпайиб бораётганига ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

"Биласизми, биз жудаям кўп бундай танқидларга дуч келамиз. Энди, Гулнора Каримованинг ҳам қилмаган иши қолмаган эканда. Нима ишга қўл урсак, ўша ишда албатта Гулнора Каримова ўтиб кетган бўлади, из қолдириб кетган бўлади", дейди у истеҳзо билан.

Саида Мирзиёеванинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги энг яқин маслакдошларидан бири сифатида кўриладиган Алламжоновнинг сўзларига кўра, Каримова йўл қўйган хатолар сабоқ ўлароқ хизмат қилади.

"У давр ўзининг даври эди, бу давр ўзининг даври. У пайтдаги хатолар бизга кўпроқ бу йўлда хато қилишимизга ёки уларнинг қилган хатоликлари бизга бир кўргазма, аслида.

Биз шу-шу хатоларни қилсак, шу лойиҳаларни шу хатоликлар билан қилсак, қандай оқибатларга олиб келишини кўрганмиз, бу бизга сабоқ бўлди".

"Озодлик"даги текширув

Комил Алламжонов

2019-2020 йилларда республиканинг ахборот соҳасидаги ягона ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул бўлган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини бошқарган Комил Алламжонов "Озодлик Радиоси"нинг Ўзбекистонда фаолият юритишига қарши эканини яширмай келган.

Аввалги изоҳларида Алламжонов бу қарашларини радио ходимларининг журналистик этикага у қадар амал қилмаслиги билан изоҳлаган.

Би-би-си мухбирининг гарчанд ҳеч бир маҳкама ёки текширув "Озодлик" радиоси қонунни бузгани ё маълумотлари ёлғонлигини исботламаган бўлса ҳам нашрга тақиқ ҳамон мавжуд қолаётгани ҳақидаги саволига Комил Алламжонов:

"Биласизми, мен бу масалага кўп марта тўхталганман. Ўзимнинг чиқишларимда ҳам, шу Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотида бўлган учрашувларимда ҳам ҳаммасида айтганманки, бизнинг бош мақсадимиз — қонуний, холис ва турли матбуот учун белгиланган талаблар бор, белгиланган нормалар асосидаги матбуотни шакллантириш..." деб жавоб берар экан, шунингдек, "Озодлик"нинг холис ва кучли журналистик материаллари ҳам борлигини тан олишини эътироф этади, аммо "радио ходимлари журналистик этикага амал қилиши лозим", деган фикрида собит эканини билдиради.

"Бу ерда Ўзбек хизматида "Озодлик"нинг бошқа хизматлари бемалол кириб оча оласиз, бемалол кира оласиз, лекин Ўзбек хизматида мана шундай озгина қитмирликлар бор.

Бу дегани улар очилиши керак эмас, бу дегани биз танқидни кўтара олмаяпмиз, дегани эмас, лекин Ўзбекистон ўзининг халқини, аҳолисини турли нотўғри ёки ёлғон информациялардан, ёки кампаниялардан ҳимоя қилиши ҳам керак".

Президент ва журналистлар

Preszident Matbuot Xizmati

Сурат манбаси, Preszident Matbuot Xizmati

Сурат тагсўзи, Комил Алламжонов 2018 йил октябрида Президентнинг матбуот котиби лавозимидан "соғлиги туфайли" кетганини айтган

Маълум вақт президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби лавозимида ишлаган Комил Алламжонов президентнинг журналистлар билан жонли мулоқотини ташкиллашга улгурмаганини айтади.

"Биласизми, биз Президент матбуот хизматида фаолият юритганимизда, жуда кўп нарсани бошидан, нолдан бошлаш керак бўлган. Кўп масалалар бўлган, кўп лойиҳаларни амалга ошириш керак бўлган ва амалга оширдик ҳам. Лекин мен бу масалага етиб келмадим, улгурмадим".

Соғлиги туфайли мазкур лавозимдан кетганини билдирган Алламжонов нега ҳозирга қадар шундай мулоқот ташкил этилмагани борасида шундай дейди:

"Энди, жонли мулоқотни ҳар хил турлари бўлади, масалан жонли мулоқотлар аллақачон бошланди. Кўрган бўлсангиз ҳозир журналистлар билан учрашувлар бўляпти, журналистлар билан суҳбатлар қилиняпти.

Аста-секин бу нарсага келинди, энди бу нарса учун ҳозир жавоб беришим қийин, чунки бу масалага масъул бўлган шахслар бор. Менимча, улар кўпроқ тўлиқроқ маълумот бера олишса керак".

Президентлик орзуси

Комил Алламжонов билан суҳбат

Алламжоновнинг сўзларига кўра, унда мамлакатнинг навбатдаги президенти бўлиш мақсади йўқ.

"Ҳар битта китоб ёзган одам, ҳар битта янги лойиҳаларни амалга оширган одам албатта Президентликни орзу қилиб қилмайди бу ишни. Ҳамманинг ўз мақсади бор.

Масалан, менинг бош мақсадим ҳозирда ёшларни илмга жалб қилиш. Иккита нарса керак бугун жамиятимиз ривожланиши учун ва оёққа туриши учун ёшларимиз ё билимли бўлиши керак, ё ҳунарли бўлиши керак. Ҳар битта китоб ёзган одам ёки ҳар битта Заковатга ўхшаган катта лойиҳани қилаётган одам сиёсий амбиция билан яшайдиган бўлса, биласизми, ҳамманинг дунёқараши, ҳамманинг хоҳиши ҳар хил, ҳамманинг мақсади ҳар хил. Менда ундай амбиция йўқ".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek