Беш суткага қамалган инстаблогер озод этилди. Унинг қамалиши қанчалик қонуний эди? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Севинч Саъдуллаеванинг Инстаграмдаги саҳифасида эълон қилган фото сурати

Сурат манбаси, Instagram/@Sevinchka_0000

"Жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига қасддан эътибор бермай, жамоат тартибини бузиш"да айбланиб, беш суткага қамалган инстаблогер Севинч Саъдуллаева муддатидан аввал озод этилган.

15 ноябрь куни "ижтимоий тармоқда одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган ўзининг иштирокидаги видео ва суратларни жойлаштиргани" учун 21 яшар инстаблогерга нисбатан 11 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани расман маълум қилинган эди.

Алоқадор мавзулар:

Кейинроқ, блогер Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари аризаси асосида жазолангани маълум бўлгач, ушбу ҳолат Интернет ижтимоий тармоқларида қизғин тортишув ҳамда маълум хавотирларга сабаб бўлган.

"Ахлоқсиз" тасвирлар

Севинч Саъдуллаеванинг қамалгани ҳақида у билан ҳамкорлик қилувчи блогер эркак маълумотларига таяниб, Телеграм каналларидан бири илк бор 14 ноябрь куни хабар тарқатган.

Тошкент шаҳар судлари 15 ноябрь куни ушбу хабарни тасдиқлаган ва 2001 йилда туғилган блогер Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (Майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилганини билдирган.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова

Сурат манбаси, Toshkent shahar hokimligi

Сурат тагсўзи, Газета.уз ёзишича, блогер Саъдуллаева устидан аризани Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Нодира Умарова ёзган

Мазкур расмий хабардан блогерга нисбатан иш "фуқаро Н.У.нинг Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғига ёзган аризаси" асосида очилгани англашилади.

"…ўтказилган текширув натижасида С. С. ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган ўзининг иштирокидаги видео ва расмларни жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жойлаштириб, жамоат тартибини бузиб, фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабабчи бўлган", дейилади Тошкент шаҳар судларининг 15 ноябрь кунги хабарида.

Кейинроқ, Газета.уз нашри очиқ маълумотлар ва суддаги ўз манбасига асосланиб, блогер Саъдуллаева устидан ҳуқуқ-тартибот органларига жабрланувчи ўлароқ ариза киритган шахс Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова бўлгани ҳақида ёзган.

Ҳозирча, Умарова блогер қизнинг устидан шахсан судга арз қилгани расман тасдиқланмаган бўлса-да, 15 ноябрь куни Хабар.уз нашри ҳоким ўринбосари Саъдуллаева иши кўриб чиқилган суд мажлисида бевосита иштирок этганини кўрсатувчи мақола чоп этган.

"Суд жараёнида қилган ишлари нотўғрилиги, ўзи афсусда эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан 5 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Қамоқ жазосидан сўнг фуқаро С.С тўлиқ назоратга олиниб, касб-ҳунарга ўқитилиши ва доимий ишга жойлаштириши белгиланди. Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан фуқаро билан доимий иш олиб бориб, психологлар ёрдамида коррекцион ишлар ўтказилиши белгилаб олинди", дея Умаровадан иқтибос келтиради Хабар.уз.

Мазкур хабар зум ўтмай, Интернет ижтимоий тармоқларида акс-садо бериб, "бу давлатнинг фуқаролар ҳаётига аралашиши ва эркинликлар чекланиши" мазмунидаги фикрлар ўртага чиқишига сабаб бўлган.

Оқибатда, 16 ноябрь куни блогернинг апелляция шикояти кўриб чиқилиб, унга нисбатан тайинланган беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тўрт сутка маъмурий қамоқ жазосига алмаштирилгани ва у 15 ноябрь куни озодликка чиқарилгани хабар қилинган.

"Бундай Ўзбекистон бизга керак эмас"

Севинч Саъдуллаеванинг Инстаграмдаги саҳифасида эълон қилган фото сурати

Сурат манбаси, Instagram/@Sevinchka_0000

Сурат тагсўзи, "Ўтказилган текширув натижасида С. С. ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган ўзининг иштирокидаги видео ва расмларни жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жойлаштириб, жамоат тартибини бузиб, фуқароларнинг ўринли эътирозларига сабабчи бўлган", дейилади суд хабарида

Газета.уз нашрининг ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига таяниб ёзишича, блогер иштирокидаги эротик видеолар тарқалгани унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилишига сабаб бўлган.

"Суд вақтида блогер ўз қилмишларини бошқа такрорламаслик ҳамда барча видео ва фотосуратларни ўчириб ташлашга ваъда бериб, енгилроқ жазо тайинланишини сўраган, бироқ 5 суткага қамалган", дейилади нашр хабарида.

Бироқ кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари расмийлар иддао қилган ҳолат қанчалик мавжуд қонунчиликнинг бузилиши ўлароқ асосли малакаланганини савол остига олганлар.

Бир вақтнинг ўзида фикр билдирувчилар блогернинг ҳоким ўринбосари аризаси асосида қамалганига эътибор қаратганлар ва расмийларнинг фуқаролар эркинлигига аралашиши, айниқса, суднинг бу аралашувга қонуний тус бериши хавотирли ҳолат эканини таъкидлаганлар.

"Тарқалган видеони кўрдим, лекин бу нарсани ўз телефонида тасвирга олиш ҳар кимнинг ўз ишику. Агар видеони бошқа одам тарқатган бўлса, у қиз жабрланувчи саналиши керак эмасми? Танлов ҳуқуқи ва эркинлиги ҳақида эшитганмисизлар ўзи? Ҳурматли расмий хонимни ваколатлари ва шахсий манфаатлари доирасидан четга чиқиш ҳолатига текшириб кўрса бўлар эди", дея ёзган Facebook фойдаланувчиси Жамила Ибрагимова.

Журналист Никита Макаренко эса Instagram'даги фотосуратлар учун қамоққа ташлаш одатий ҳолга айланмаслиги зарурлигини таъкидлаган.

"Бундай Ўзбекистон бизга керак эмас. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Нодира Умаровага эса реал муаммолар - очиқда юрган педофиллар ва зўравонлар, эрлари томонидан калтакланаётган, ўлдирилаётган аёллар масаласи билан шуғулланишни маслаҳат берган бўлардим", деган журналист ўзининг Facebook саҳифасида.

Блогер ва ижтимоий фаол Сардор Салим эса бу ҳолатни "давлатнинг фуқаролар ҳаётига аралашиши ва эркинликларни чеклаши" дея баҳолашини билдирган.

"Барча зулм мана шундай "беш сутка, ўн беш сутка"лардан бошланади", ўз фикрини изҳор этган Салим.

Умуман олганда, мавзу юзасидан фикр билдирганларнинг аксарияти блогер қамалишининг ҳуқуқий асосларига эътибор қаратган.

"Кўпчилик бу қизни енгилтак, деб воқеага унча эътибор бермади. Лекин Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлди бу иш. Конституциявий режимни бузишга уринган судьянинг ўзига чора кўриш керак. Майли бу қиз енгилтак экан, лекин бу кетишда эртага истаган одамни обориб қамашлари мумкин", изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан бири.

Шунингдек, Севинч Саъдуллаеванинг 1,5 яшар гўдаги борлиги тўғрисидаги маълумот ҳам кўпчилик таажжубига сабаб бўлган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 29-моддасига кўра эса, маъмурий қамоқ жазоси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Блогер озод этилгани тўғрисидаги Тошкент шаҳар судлари 16 ноябрь куни тарқатган ахборотда ҳам Саъдуллаеванинг гўдак фарзанди борлиги ҳақида сўз боради.

"Апелляция инстанцияси суди шикоятда келтирилган важларни ўрганиб, маъмурий жавобгарликка тортилган С. С. га нисбатан жазо тайинлашда, шахсини, ёшини, аёллигини, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, биринчи инстанция суди қарори билан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини кам муддатдаги маъмурий қамоқ жазосига келтиришни лозим деб топди", дейилади расмий хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek