'Чимилдиқ': Тўй кечаси орзулари барбод бўлган аёллар - Дунё (18+)

Bride in wedding gown

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Ҳевар Ҳасан
    • Role, BBC Араб

Тўйлар дунё бўйлаб бахт ва шодлик рамзи, аммо дунёнинг баъзи ўлкаларида биринчи тун ёки чимилдиқ номақбул хотиралар учун "унутилмас" бўлиб қолади.

Аксар Араб ва мусулмон давлатларида қизлар бокира бўлиши шартли бир масаладир.

Би-би-си Араб хизмати турфа аёллар билан биринчи кеча ҳақида суҳбатлашди. Жинсий тарбияга оид билимларнинг етишмаслиги ҳам уларнинг бу кеча хотиралари ва кейинги ҳаётларига салбий таъсир қилгани маълум бўлди.

Қуйида турфа ёшдаги аёлларнинг ҳикоялари билан танишасиз.

Сомаййа - 23 ёш

A woman sitting on a bed and staring down

Сурат манбаси, Getty Images

Сомаййа оиласи билан турмуш қуриш юзасидан қаттиқ жанжаллашди. Ўзи севган Иброҳимга турмушга чиқишига оиласи аввалига рухсат бермади.

У Иброҳимни чин дилдан севар ва ўзи учун эрликка муносиб деб бошқа ҳеч кимни ҳатто тасаввур ҳам қилолмасди.

Аммо орзуси рўёбга чиққан куни чилпарчин бўлди.

Чимилдиқда ... унинг бокиралиги масаласи ўртага чиқар экан, бу муҳаббат яксон бўлди.

Дамашқ университетининг талабаси ўлароқ у тез орада Араб тили бўйича мутахассислик дипломини қўлга киритиши керак эди.

Аммо ўй-хаёли Иброҳимда бўлди.

Оиласининг рад этганига қарамай, ўқишини тугатмасдан ва Иброҳим ҳали бир уйли - жойли бўлмасдан Сумаййа турмушга чиқди.

Бор умиди оиласидан эди.

Қайнонаси билан яшашга кўнди.

Аммо тўй кечаси Иброҳим шошилганича "нафас ростлашга қўймасдан менинг бокиралигимни олишга ҳаракат қиларди, шошганини муҳаббати билан изоҳларди".

"Мен қаршилик қилмадим, чарчагандим, асабларим чарчаганди..."

Муҳаббат момақаймоқ каби учди-кетди

Crying bride

Сурат манбаси, Getty Images

Аммо муҳаббат момоқаймоқ бир зумда учди-кетди. Унинг юзи ва қарашлари ўзгариб қолди. Чунки чойшабда қон йўқ эди.

Аксарият қизлар бокираликни йўқотар экан, қонашади.

Аммо айримлар, шифокорларга кўра, ҳамма бокира қизларда ҳам бу қонаш рўй бермайди.

Бокиралик пардалари турфа қил бўлади, айримларини фақат жарроҳлик амалиёти ёрдамида кесиб очилади.

Баъзилари эса йиртилар экан, қонаймайди. Айрим қизлар эса пардасиз туғилади.

Баъзан бу парда болаликда жароҳат туфайли йиртилиши мумкин.

Ўз эрининг ҳаёжонини тасвирлар экан, Сомаййа "унинг кўзлари ҳанжар эди, гўё кўксимга қадалган ҳанжар...Мени ўзи билмай ўлдирди", дейди.

"У мен билан гаплашмади ҳам... Мен худди маҳкамага тортилган маҳбусдай эдим. Тўйдан аввал биз кўп нарсаларни гаплашганмиз. У ақалли мен билан гаплашишни истамасди. Ахир, бу менинг биринчи тўй оқшомим эди, ҳаётимнинг энг гўзал куни бўлиши керак эди..."

"Биз бир-биримизни биламиз деб ўйлагандик. Ҳамма билганларимиз деразадан улоқтирилди бу "қон ва бокираликдан кейин..."

Қонли чойшаблар

A woman sitting on a bed

Сурат манбаси, Getty Images

Сомаййа яшаётган жамиятда бу каби ҳолат нормал эди. Аммо у ҳеч қачон буни ўз бошимдан ўтказаман, деб ўйламаганди.

Замонлар ўзгарди, ёшларнинг дунёқараши ҳам аввалгидай эмас, деган хаёлда эди.

Иброҳим ўқимишли, очиқ қарашли зиёли эди.

Аммо тўйнинг иккинчи куни эри унга бокираликни текшириш учун шифокор кўригидан ўтишни тавсия қилди.

Сомаййа бу таклифдан даҳшатга тушди.

Анъанадор оилаларда келиннинг бокиралиги кўз-кўз қилинади, қонли чойшаб оила аъзоларига кўрсатилади, бу маросим ўзига хос байрамга айланади.

Аммо айни пайтда бокиралик пардасини қайта тикиб қўйиш ҳам мумкин, Хитойда ишланган сунъий "бокиралик пардалари" ҳам асқотиши мумкин.

Бу сунъий пардалар нафақат йиртилади, балки босим остида қонга ўхшаш қизил суюқлик ҳам чиқаради.

Аммо... айримлар, масалан Розана номус учун ҳатто ўлимга рўпара келиши мумкин.

"Жинсий алоқадан жирканиб қолдим"

A woman with a trolley bag

Сурат манбаси, Getty Images

Гинеколог билан учрашувда унга Сомаййага унинг бокиралик пардаси жуда қалин экани ҳақида айтилади.

Бу парда фақатгина фарзанд кўрганида йиритилиши мумкинлиги тушунтирилади.

Унинг эри енгил нафас олди, юзига табассум қайтди, аммо энди кеч эди.

Сомаййа ортиқ у билан яшай олмаслигини англаб етган ва имкон қадар тезроқ эридан ажрашишни истарди.

Аммо орадан бир мунча вақт ўтди.

"Эрим менга бегона бўлиб қолди. Мен бир неча йиллик дўстликни бир неча лаҳзалик иштибоҳга қурбон берган одам билан яшай олмасдим..."

"Ростини айтсам, мен бутун дунёмни арзимаган парда билан барбод қилган инсонни кечиролмайман. Мен инсонман. Фақат бокиралик пардаси эмасман..."

Ўшандан кейин Сомаййанинг руҳий вазияти ҳам ёмонлаша бошлади.

Одамови бўлиб қолди.

Уч ой ичда у ўз истагига қарши равишда эри билан қовушди.

" У мен билан жимо қилар экан, кўнглим айнирди, уни истамас эдим. Менинг севгим тугаган эди. Эҳтироссиз эдим. У ишини битирганча кутардим, кейин ўзимни кир бир матодай ҳис қилардим".

Тўй оқшоми сирлари

Psychiatrist Amal al-Hamid
Сурат тагсўзи, Руҳшунос Амал Ал Ҳамид янги жуфтларга чимилдиқ сирлари ҳақида маслаҳатлар беради

Сомаййага ўхшаганлар у яшаётган жамиятда оз эмас.

Аммо аксарият бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса демайди.

Амал Ал Ҳамид руҳшунос ва у тўйдан олдин ёшларга маслаҳатлар беради.

"Янги жуфтлар албатта руҳшунослардан маслаҳат сўрашлари керак. Қўшилиш сирлари, турфа хил бокиралик пардалари, жимонинг лаззатли бўлиши...буларнинг бари ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлишлари лозим".

Афсуски, бу каби маслаҳатларга кўпда қулоқ тутилмайди, ёрдам сўралмайди ва оқибатда оилалар бузилади, фарзандлар етим қолади.

Бокиралик ...исботи

A couple lie in bed facing away from each other

Сурат манбаси, Getty Images

Би-би-си 20 нафар 20-40 ёшганча бўлган эркаклардан "бокиралик пардаси" йиртилмай қолганида нима қилишлари ҳақида сўради.

Сўралганлар орасида бўйдоқлари, оилалилари, академиклар, шифокорлар ва ўқитувчилар бор эди.

Улар ўзларини "равшанфикр" зиёлилар деб билишади.

Аммо жавоблари... Аксарият жавоблар салбий бўлди.

Бокиралик белгиси деб кўрилган "қонли чойшаблар" улар учун мустаҳкам оиланинг гарови экан...

На муҳаббат қолди, на эҳтирос

Two hands holding wedding rings

Сурат манбаси, Getty Images

Орадан бир неча ой ўтиб, Сомаййа эрига дардини тўкиб солди.

Унинг ёнида бўлишдан чўчиб қолгани ва унга нисбатан юрагида ҳеч бир илиқлик йўқлигини айтиб, ажралиш қарорига келганини урғулади.

У эрининг ҳиссиз бир шаклда унга шубҳа билан қараганини кечиролмаслигини айтди.

"Эрим даҳшатга тушди. У эр сифатида бокиралик пардасига ҳаққи борлигига ишонарди. Мен билан ҳеч қачон ажралмаслиги ва бунақа "исёнкор" характерим яхшиликка етакламаслигини айтди. Бир кун афсус қилишимни уқтирди".

"Биз иккиюзламачи жамиятда яшаймиз, эркакларнинг тўйгача қўшилишлари олқишланади ҳатто, аммо аёллар...баъзан бу каби иш учун ўлимга ҳукм қилинади".

"Менинг эрим шунақа эди... Ўзининг жинсий ҳаёти ҳақида дўстларига мвқтанар, қачонки мен бир ҳазил қилсам, ғазаб отига минарди".

Сомаййани оиласи ҳам дастакламади. У Европага кетишга мажбур бўлди.

Жуманаҳ - 45 ёш

Couple looking sitting on a bed

Сурат манбаси, Getty Images

Жуманаҳ ҳаётининг аксар қисмини Суриянинг Ҳалаб шаҳрида яшаган.

2016 йилда эса Брюсселга кўчади.

У эридан талоқ олиш учун 20 йил кутганини айтади.

"Мен 19 ёшда эдим. Эрим мени амакиваччамга турмушга беришга қарор қилди. Буни истамагандим".

"Уни истамасдим. Ўқишни яхши кўрардим. Аммо алдашди ва мени ишонтиришди. Кейин яхши кўриб қоласан, муҳаббат кейин келади", дейишди.

Аксарият анъанадор оилаларда чимилдиқ ортида яқин қариндошларнинг "пойлашлари" одатий ҳол эди.

Бокираликнинг текшириш усули эди бу.

Жуманаҳ ўша оғриқли тунни яхши эслайди... Қўрқиб эслайди.

"У эшикни ёпди ва қариялар кутиб қолишди, тезроқ қилайлик", деди.

"Оҳ, шунақа ёмон эди... У менга гапирмасди, мен қўрқар ва титрардим, у эса эътибор бермасди. Унинг хаёли фақат ...чойшабни қонга булашда эди".

Уят ўти

Couple looking away from each other

Сурат манбаси, Getty Images

"Аммо қон чиқмади, эрим бошини чангаллаб ўтирар, "қон йўқ", деб шунақа ҳақорат қилардики, мен уларни эслашдан қўрқақман. Кўзлари билан мени ёқиб юборишга тайёр эди",

Бир соатга қадар Жуманаҳ ўзига келмади. Бир сўз айтолмади.

Эрталабга қадар кутишмади.

Ўша тундаёқ гинеколог ҳузурига шошилишди.

"Шифокор мени отам каби юпатар ва эримни урушарди".

Жуманаҳ ўзини шарманда қилган эри билан 20 йил яшашга мажбур бўлди.

Тўрт фарзанд кўрди. Аммо ўша тунни, эри уни қандай қилиб шарманда қилганини унутолмади.

Брюсселга келишлари билан у ажралишга қарор қилди.

У Белгиядаги ҳаётидан мамнун. Қайта турмуш қуриш ниятида эмас.

Аммо фарзандларини дунёга очиқ қилиб тарбия қилишни истайди.

Розана ва Амина бокираликни тиклаш жарроҳлик амалиёти ҳақида

A woman's face with a tear running down her cheek

Сурат манбаси, Getty Images

Розана ва яна бир аёл нима учун беш йиллик қаллиғидан айрилгани ҳақида ҳикоя қилади.

"Унга ишонардим, қаттиқ севардим. Учрашувларимиздан бири у мен билан яқинлиқ қилишни истади, унинг аслида амалдаги хотини эканимни айтарди. Мен кўндим".

Аммо орадан олти ой ўтиб, унинг ва қаллиғининг оилалари урушиб қолди.

Улар ҳам ажралишди.

"Бизнинг жамиятда бокираликни йўқотиш жазоси ўлим..."

"Бахтимга бир дўстим ёрдамга келди. У менга яширинча гинекологга бориш ва бокиралик пардасини тиклатиш маслаҳатини берди. Хитойда ишланган парда ўрнатдим".

"Ана шу жарроҳлик амалиёти бўлмаса, мен аллақачон ўлган бўлардим..."

Амина анъанадор ва анчагина камбағал оиладан.

У ҳаммом остонасида йиқилиб тушганини ва бироз қонаганини эслайди.

Нима бўлганини билмасдан, у бу ҳолатни онасига айтиб беради.

Дарров гинеколог ҳузурига чопишади.

Бокиралик пардаси йиртилгани маълум бўлади.

"Онам учун бу азоб эди. Нима қилишини билмасди. Уч нафар амма-холаларим билан келишиб, бокиралик пардасини тиклашга қарор беришди. Бу амалиёт одатда сир сақланади. Ана шу кичик бир жароҳат мени бир умрга бахтсиз қилиши мумкин эди..."

Бокираликни текшириш

A couple in bed looking away from each other

Сурат манбаси, Getty Images

Бир неча Араб ва мусулмон давлатларида аксарият қизлар турмушга чиқишларидан аввал бокираликларини текширтиришга мажбур бўлишади.

Бу ҳақда махсус сертификат берилади.

Human Rights Watch Индонезия ва яна айрим Араб давлатларидаги бу каби анъанани қаттиқ қоралаб чиққанди.

Кексароқ аёллар одатда қизларнинг бокиралигини икки бармоқларини ишлатиб текшириб кўришади.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада кенг тарқалган бу воқеилик 2014 йилда Human Rights Watch томонидан аёлларга ҳуқуқларининг қўпол бузилиши, зўравонлик, деб қораланган.

Би-би-си ўтказган тадқиқотда Ҳиндистон, Афғонистон, Бангладей, Эрон, Миср, Иордания, Ливия, Марокаш ва бошқа Араб давлатлари қаторида Жанубий Африка ҳам "бокираликни текшириш" бўйича энг олдинги қаторлардан жой олишган.

HRW ҳисоботида Миср, Марокаш, Ливия ва Иордания "бокиралик текширувларини" кенг қўллайдиган мамлакатлар экани айтилади.

Марокаш ва Миср бу каби хабарларни кескин рад этади.

Таҳририятдан: Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган

Мавзуга алоқадор

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek