Қизлар тўйдан олдин бокиралигини тасдиқловчи гувоҳнома олиши керак - Эрон Eron Dunyo Yangiliklar

Juftlik

Сурат манбаси, Manuella Bonomi

Сурат тагсўзи, Ажралишлар хафагарчилик ва азоб-уқубатларсиз кечмайди, аммо бундан энг кўп аёллар азоб чекишади
    • Author, Феруза Акбарян ва София Беттиза
    • Role, ББС Жаҳон хизмати

Эронда тўйдан аввал аксарият қизларнинг ҳеч қачон жинсий алоқада бўлмаганликларини тасдиқловчи тестдан ўтиб, махсус ҳужжат олишларига тўғри келади. Ҳужжатда унинг қизлик пардаси ҳолати тасвирланади ва "Бу қиз бокира экан", деган гап ёзилади.

Мавзуга алоқадор:

Эронда кўплаб қизлар ва уларнинг оилалари учун никоҳдан олдин бокиралик муҳим аҳамиятга эга. Баъзида эркаклар бокиралик гувоҳномасини талаб қилишади, бу ҳолатни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) инсон ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди. Аммо ўтган йили бу амалиётга қарши чиққанлар кўпайди.

"Бокира эмаслигинг учун мени алдаб тегиб олдинг. Агар ҳақиқатни билсалар, ҳеч ким сенга уйланмасди".

Марямнинг турмуш ўртоғи биринчи марта жинсий алоқада бўлганларидан кейин шундай деди.

У қони йўқ бўлса-да, илгари ҳеч қачон жинсий алоқада бўлмаганига ишонтиришга ҳаракат қилди. Аммо эри унга ишонмади ва бокиралик гувоҳномасини олишни сўради.

Эронда бу ноодатий ҳол эмас. Унаштирилгандан сўнг, кўп аёллар шифокорга бориб, ҳеч қачон жинсий алоқада бўлмаганлигини тасдиқловчи тестдан ўтади.

Бироқ, ЖССТ маълумотларига кўра, бокираликни текширишнинг илмий қиймати йўқ.

Марямнинг гувоҳномасида қизлик пардасининг тури «эластик» эканлиги кўрсатилган. Бу пенетрацион жинсий алоқадан кейин қон кетиши мумкин эмаслигини англатади.

"Бу менинг ғуруримга путур етказди. Мен ҳеч қандай ёмон иш қилмадим, лекин эрим мени ҳақорат қилишда давом этди, - деди у. - Бошқа чидай олмадим, таблеткаларни ичиб, ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим".

Уни ўз вақтида касалхонага олиб кетишди ва тирик қолди.

"Мен ўша қора кунларни ҳеч қачон унутмайман. Шу вақт ичида мен 20 кг ташладим".

Бу амалиётга чек қўйишга чақириқлар кўпаймоқда

Марямнинг ҳикояси Эрондаги кўплаб аёлларга таалуқли. Никоҳдан олдин бокира бўлиш кўплаб қизлар ва уларнинг оилалари учун ҳали ҳам муҳимдир. Бу маданий консерватизмда чуқур илдиз отган қадриятдир.

Аммо сўнгги пайтларда ҳамма нарса ўзгара бошлади. Бутун мамлакат бўйлаб аёллар ва эркаклар бокираликни текширишни тугатиш учун кампания олиб бормоқда.

Ўтган йилнинг ноябрида онлайн петиция бир ой ичида деярли 25 000 имзо тўплаган. Бу Эронда биринчи марта бокиралик тестига очиқдан-очиқ эътироз эди.

"Бу шахсий ҳаётнинг бузилиши ва камситувчидир", дейди Неда.

У Теҳронда 17 ёшли талаба бўлганида, қизлигини йигитига бериб қўйган.

"Мен ваҳимага тушдим. Оилам буни билиб қолса нима бўлади, деб қўрқиб кетдим".

Анънадор жамиятларда хотин-қизларнинг оғир бадал тўлашларига тўғри келади

Сурат манбаси, Manuella Bonomi

Сурат тагсўзи, Анънадор жамиятларда хотин-қизларнинг оғир бадал тўлашларига тўғри келади

Шундай қилиб, Неда қизлик пардасини тиклашга қарор қилди.

Техник жиҳатдан, бу тартиб ноқонуний эмас, лекин у хавфли ижтимоий оқибатларга олиб келади, шунинг учун ҳеч қандай шифохона буни амалга оширишга рози бўлмайди.

Шундай қилиб, Неда буни яширинча, катта пул эвазига қиладиган хусусий клиника топди.

"Мен барча тўплаган пулларимни сарфладим. Ноутбук, мобил телефон ва тилла тақинчоқларимни сотдим", дейди у.

Агар бирор нарса нотўғри бўлса, у тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши учун ҳужжатга имзо чекиши керак эди.

Кейин гинеколог процедурани бошлади. Бу тахминан 40 дақиқа давом этди.

Аммо Неданинг тикланиши учун кўп ҳафталар керак бўлади.

"Мен жуда сиқилдим. Оёқларимни қимирлата олмадим, - деб эслайди у.

У буларнинг барчасини ота-онасидан яширди.

"Мен ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилдим. Аммо менимча, улар билиб қолишидан қўрқув менга оғриқни енгишга ёрдам берди."

Охир-оқибат, Неда бошдан кечирган барча синовлар беҳуда бўлиб чиқди.

Бир йил ўтгач, у унга уйланмоқчи бўлган эркак билан учрашди. Аммо улар жинсий алоқада бўлганларида, қон кетмади. Жараён иш бермади.

"Йигитим мени алдаб уйланишга уринганликда айблади. Ёлғон гапираётганимни айтди ва мени ташлаб кетди".

Оила босими

ЖССТ бокираликни текширишни ахлоқий ва илмий аҳамиятга эга эмас деб қораласа-да, бу амалиёт ҳанузгача бир қанча мамлакатларда, жумладан, Индонезия, Ироқ ва Туркияда қўлланилади.

Эрон Тиббиёт ташкилотининг таъкидлашича, улар фақат маълум ҳолатларда, масалан, суд ишлари ва зўрлаш айбловлари бўлса, бокиралик тестини ўтказадилар.

Бироқ, аксар бокиралик сўровлари ҳали ҳам турмуш қуришни режалаштирган жуфтликлардан келади. Шунинг учун улар кўпинча оналари билан бирга хусусий клиникаларга мурожаат қилишади.

Гинеколог ёки доя текширув ўтказади ва сертификат беради. Бунга аёлнинг тўлиқ исми, отасининг исми, миллий гувоҳномаси ва баъзан унинг фотосурати киритилади. Унда унинг қизлик пардаси ҳолати тасвирланади ва "Бу қиз бокира экан" деган гап ёзилади.

Tekshiruv

Сурат манбаси, Manuella Bonomi

Сурат тагсўзи, Бокиралик гувоҳномасини олиш бўйича сўровларнинг аксарияти турмуш қуришни режалаштираётган эр-хотинлардан келади

Кўпроқ консерватив оилаларда ҳужжат икки гувоҳ, одатда оналар томонидан имзоланади.

Доктор Фариба узоқ йиллардан буён сертификатлар бериб келади. У бу камситувчи амалиёт эканлигини тан олади, лекин бу кўплаб аёлларга ёрдам беришига ишонади.

"Улар оилалари томонидан қаттиқ босим остида. Баъзида мен эр-хотин учун ёлғон гапираман. Агар улар бирга ётиб, турмушга чиқмоқчи бўлсалар, мен уларнинг оилаларига аёлнинг бокира эканлигини айтаман".

Аммо кўп эркаклар учун бокира қизга уйланиш ҳали ҳам асосий ҳисобланади.

"Қиз никоҳдан олдин бокиралигини йўқотса, унга ишониб бўлмайди. У эрини ташлаб, бошқа эркакка кетиши мумкин», дейди Али исмли 34 ёшли шерозлик электрчи.

У 10 та қиз билан жинсий алоқада бўлганини айтади. "Мен тийила олмадим", дейди у.

Али Эрон жамиятида икки томонлама стандартлар мавжудлигини тан олади, бироқ у анъанани бузиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини айтади.

"Ижтимоий меъёрлар эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ эркинликка эга эканлигини тан олади".

Алининг фикрини кўпчилик, айниқса, Эроннинг қишлоқ ва консерватив қисмларида қўллаб-қувватлашади.

Бокираликни текширишга қарши намойишлар кучайиб бораётганига қарамай, бу тушунча Эрон маданиятида жуда чуқур илдиз отганини ҳисобга олсак, кўпчилик ҳукумат ва қонунчилар бу амалиётни бутунлай тақиқлаши яқин вақт ичида даргумон деб ҳисоблайди.

Келажакдан умид

Марям ўз жонига қасд қилишга уриниб, зўравон эри билан яшаганидан тўрт йил ўтиб, ниҳоят суд орқали ажрашишга муваффақ бўлди.

Бир неча ҳафта олдин у ёлғиз аёлга айланди.

"Яна эркакка ишониш жуда қийин бўлади, - дейди у. - Яқин келажакда турмушга чиқмасам керак."

Ўн минглаб бошқа аёллар қаторида у ҳам бокиралик гувоҳномаларини бекор қилишни талаб қилиб кўпайиб бораётган онлайн петициялардан бирига имзо чекди.

У ҳамма нарса тез орада, балки ҳаёти давомида ҳам ўзгаришини кутмасада, бир кун келиб аёллар ўз мамлакатларида катта тенгликка эришишига ишонади.

"Ишончим комилки, бир кун келиб шундай бўлади. Умид қиламанки, келажакда ҳеч бир қиз мен бошдан кечирган нарсаларни бошдан кечирмаслиги керак".

Барча суҳбатдошларнинг исмлари уларнинг шахсини ҳимоя қилиш учун ўзгартирилган.