Афғонистон: Толибон тепасидаги бўлиниш

Ушбу архив расмда Толибон ҳаракатининг икки аъзоси Кобул шаҳрига қараб ўтиргани акс этган. Камерага орқаси билан ўтирган бу шахслар ортида тоғлар кўринади. Сурат 2022 йил январ ойида Кобулдаги Вазир Акбар Хон тепалигида олинган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ихтилофлар ташқаридан ҳозирча кўринмайди...
Толибон раҳбариятидаги бўлиниш: BBC интернет ўчирилиши ортидаги кучлар тўқнашувини фош этди
    • Author, BBC Афғон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 12 дақ

BBC қўлга киритган аудиоёзув Толибон олий раҳбарининг энг катта хавотирини ошкор қилди.

Бу ташқи хавф эмас, балки мамлакат ичидаги хавфдир.

Толибон аввалги ҳукумат қулаши ва 2021 йилда АҚШнинг чиқиб кетиши ортидан мамлакат бошқарувини қўлга олган.

Олий раҳбар Толибон ташкил этган Ислом Амирлиги "ҳукуматидаги шахслар" бир-бирига қарши ёвлашаётганидан огоҳлантирди.

Тарқалган аудиоёзувда олий раҳбар Ҳибатуллоҳ Охундзода ички келишмовчиликлар охир-оқибат барчасини барбод қилиши мумкинлиги ҳақида нутқ сўзлаётгани эшитилади.

"Бу бўлинишлар оқибатида амирлик қулайди ва тугайди", дея огоҳлантирди у.

Бу ерда Толибон ҳаракатининг уч аъзоси акс этган: чапда Толибон ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний, ўртада Афғонистон етакчиси Ҳиббатуллоҳ Охунзода, ўнгда эса Афғонистон мудофаа ишлари бўйича вазифани бажарувчи вазир Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид.

Сурат манбаси, Javid Ashna / Middle East Images / AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Олий раҳбар Ҳибатуллоҳ Охундзода (марказда), вазирлар, жумладан Сирожиддин Ҳаққоний (чапда) ва Муҳаммад Ёқуб (ўнгда)

2025 йил январ ойида Қандаҳор шаҳридаги мадрасада Толибон аъзоларига қарата сўзланган нутқ бир неча ойдан бери тарқалган миш-мишлар – Толибоннинг энг юқори қатламидаги келишмовчиликлар ҳақидаги овозаларга янада куч берди.

Бу ҳатто Би-би-си тўғридан-тўғри сўраганда ҳам, Толибон раҳбарияти доимо инкор этиб келган бўлиниш эди.

Шундан сўнг Би-би-си Афғон хизмати бу ўта махфий гуруҳ бўйича бир йиллик суриштирув бошлади. Улар Толибоннинг ҳозирги ва собиқ аъзолари, маҳаллий манбалар, экспертлар ва собиқ дипломатлар билан 100 дан ортиқ суҳбат ўтказди.

Нозик масала эканини ҳисобга олиб Би-би-си суҳбатдошларнинг хавфсизлиги учун уларнинг шахсини ошкор қилмасликка рози бўлди.

Биз биринчи марта Толибоннинг энг юқори қатламида икки алоҳида гуруҳ борлигини аниқладик – уларнинг ҳар бири Афғонистон келажаги учун фарқли ғояларни илгари сурмоқда.

Биринчиси, қароргоҳи Қандаҳорда жойлашган, мамлакатни замонавий дунёдан ажратиб, жамиятнинг ҳар бир соҳасини ўзига содиқ диний арбоблар назорат қиладиган қаттиқ исломий амирлик истаётган Охунзодага содиқ гуруҳ.

Иккинчи гуруҳ эса, асосан пойтахт Кобулда жойлашган нуфузли Толибон аъзоларидан иборат бўлиб, улар исломнинг қатъий талқинига амал қилган ҳолда, ташқи дунё билан мулоқот қиладиган, мамлакат иқтисодиётини ривожлантирадиган ва ҳатто қизлар ва аёлларга бошланғич мактабда таълим олиш имкониятини берадиган Афғонистонни истамоқда.

Бир ички манба бу ҳолни "Кобулга қарши Қандаҳор уйи" деб таърифлади.

Аммо асосий савол шундай: Толибон ҳукумати вазирлари, қудратли жангарилар ва минглаб Толибон тарафдорлари қўллаб-қувватловига эга нуфузли диний уламолардан иборат Кобул гуруҳи Охунзоданинг тобора мустабидлашиб бораётган бошқарувига унинг нутқида ишора қилинганидек, жиддий тарзда қарши чиқа оладими

Ахир толибларнинг фикрича, Охунзода гуруҳнинг мутлақ ҳукмдори – у фақат Аллоҳ олдида жавоб беради ва унга қарши чиқиб бўлмайди.

Шундан кейин мамлакатдаги энг қудратли шахслар ўртасидаги яширин қарама-қаршиликни очиқ тўқнашувга айлантирган қарор қабул қилинди.

Видео тагсўзи, Тингланг: BBC томонидан қўлга киритилган Толибон олий раҳбарининг аудиоёзуви. Бу ерда аудионинг инглиз тилига угирилгани.

Сентябр ойи охирида Ҳибатуллоҳ Охундзода интернет ва телефон алоқасини ўчиришни буюрди, бу эса Афғонистонни ташқи дунёдан узиб қўйди.

Уч кундан сўнг интернет қайта ишлай бошлади, аммо бу қарорнинг сабаблари расман изоҳланмади.

Бироқ ички манбаларга кўра, парда ортидаги воқеалар анча жиддий бўлган. Айтилишича, Кобул гуруҳи Охунзоданинг аниқ буйруғига зид равишда ҳаракат қилиб, интернетни қайта ёққан.

Афғонистон бўйича мутахассислардан бири бундай изоҳ беради:

"Толибон бошқа ҳар қандай афғон партияси ёки гуруҳидан фарқли ўлароқ, ўзининг ички яхлитлиги билан ажралиб туради, ҳаракат тарихида ҳеч қандай бўлиниш, ҳатто жиддий ихтилоф ҳам кузатилмаган."

Унинг таъкидлашича, "ҳаракат аъзоларига ўз раҳбарларига ва охир-оқибат амирга бўйсуниш тамойили сингдирилган". Мутахассисга кўра, "айнан шу сабабли амирнинг очиқ ва аниқ буйруғига қарши чиқиб, интернетни қайта ёқиш кутилмаган ва эътиборга молик ҳолат бўлди".

Толибон ички манбаларидан бири айтганидек: бу исёндан бошқа нарса эмас эди.

Иймон одами

Сифати паст архив суратда оқ кийим ва салла кийган икки эркак кўринади. Чапдаги эркакнинг соқоли катта ва оқараётган, ўнгдаги эркак эса кўзойнак таққан, соқоли бироз қисқароқ. Уларнинг олдида икки нафар бола турганга ўхшайди.
Сурат тагсўзи, Охундзоданинг тасдиқланган бор-йўғи иккигина сурати мавжуд. Ушбу кадрда (чапда) акс этган олий раҳбар сурати BBC Afghan томонидан тасдиқланган.

Ҳибатуллоҳ Охундзода ўз раҳбарлигини бундай бошламаган эди.

Дарҳақиқат, манбаларга кўра, у 2016 йилда Толибоннинг олий раҳбари этиб сайланишига унинг келишувчанлик ёндашуви ёрдам берган эди.

Ўзи жанг майдонида тажрибага эга бўлмагани учун, у Сирожиддин Ҳаққонийни ўринбосар қилиб тайинлади. У вақтда Ҳаққоний АҚШ қидирувидаги шахслардан бири бўлган ва унинг боши учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилинган эди.

Иккинчи ўринбосар этиб Толибон асосчиси мулла Умарнинг ўғли Ёқуб Мужоҳид тайинланганди – у ёш бўлса-да, ўзи билан Толибон наслини ва ҳаракатни бирлаштириш салоҳиятини олиб келган эди.

Бу тузилма Доҳада Вашингтон билан 20 йиллик урушни якунлаш бўйича олиб борилган музокаралар давомида сақланиб қолди. 2020 йилдаги келишувдан сўнг Толибон 2021 йил август ойида мамлакатни тўсатдан қайта эгаллади, АҚШ қўшинлари эса тартибсиз равишда чиқиб кетди.

2021 йил 25 август куни аёллар ва болалар Кобул аэропортига кириш жойларидан бири Abbey Gate яқинидаги Толибон назоратидаги текширув пунктида жазирама иссиқда ўтириб кутмоқда. Улар аэропортнинг Британия ҳарбийлари назорат қилган кириш қисмига ўтишни кутишган.

Сурат манбаси, Los Angeles Times via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2021 йил август ойида Кобул кутилмаган тарзда қулаганидан сўнг, минглаб одамлар АҚШ ва бошқа қўшинлар билан бирга эвакуация қилиниш умидида аэропортга йўл олганди

Ташқи дунё назарида улар ягона, яхлит куч эди.

Бироқ 2021 йил август ойида Толибон ҳокимиятга қайтгач, иккала ўринбосар ҳам секин-аста вазир даражасига туширилди, Охундзода эса ягона ҳокимият марказига айланди, дейди Би-би-сига ички манбалар.

Ҳатто Толибоннинг АҚШ билан музокараларни олиб борган қудратли ва нуфузли ҳаммуассиси Абдул Ғани Бародар ҳам кўпчилик кутганидек бош вазир эмас, балки бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллади.

Бунинг ўрнига, Охунзода ҳукумат жойлашган пойтахтни четлаб ўтиб, Толибон учун ҳокимият маркази бўлган Қандаҳорда қолишни афзал кўрди ва ўз атрофига содиқ тарафдорларни тўплай бошлади.

Бошқа содиқ тарафдорларга мамлакат хавфсизлик кучлари, диний сиёсат ва иқтисодиётнинг айрим соҳалари устидан назорат топширилди.

"[Охундзода] бошиданоқ ўзининг кучли гуруҳини шакллантиришга интилди", деди Би-би-си билан суҳбатда Толибоннинг собиқ аъзоси, кейинчалик Афғонистоннинг АҚШ қўллаб-қувватлаган ҳукуматида хизмат қилган манба.

"Аввалига имконияти бўлмаса-да, ҳокимиятни қўлга киритгач, буни моҳирлик билан амалга ошира бошлади, ўз ваколати ва мавқеидан фойдаланиб, тарафдорлар доирасини кенгайтирди."

Толибон олий раҳбарияти

Бу расмда Толибоннинг энг юқори раҳбарияти кўрсатилган. Энг юқорида олий раҳбар Ҳайбатуллоҳ Охунзода. Унинг қуйисида Қандаҳорга яқин гуруҳ вакиллари жойлашган: Олий суд раиси Абдул Ҳаким Ҳаққоний, бош вазир Муҳаммад Ҳасан Охунд ва олий таълим вазири Неда Муҳаммад Надим. Шунингдек, олий раҳбар остида "Кобул гуруҳи" вакиллари ҳам кўрсатилган: бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Барадар, ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний ва мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид.
Сурат тагсўзи, Охундзода ўз қарашларига мос равишда ҳукумат таркибини ўз тарафдорлари билан тўлдирган, бироқ "Кобул гуруҳи" деб аталадиган шахслар ўз лавозимларини сақлаб қолган. Бу ерда ҳар икки томоннинг, эҳтимол, энг нуфузли вакиллари акс этган.

Қизларнинг таълим олишига рухсат бериш каби масалаларда Охундзода Кобулдаги Толибон вазирлари билан маслаҳатлашмасдан қарорлар чиқара бошлади. Бу қарорлар Толибон ҳокимиятни қўлга олишидан олдин берилган оммавий ваъдаларига ҳам деярли мос келмаган.

БМТнинг кузатув органи декабр ойида Хавфсизлик Кенгашига йўллаган мактубида аёллар таълими ва бандлиги масаласи икки гуруҳ ўртасидаги "асосий келишмовчилик манбаларидан бири" бўлиб қолаётганини қайд этган.

Шу билан бирга, BBC'га гапирган ички манбалардан бирига кўра, 1990-йилларда Толибоннинг шариат судларида қози бўлган Охундзода диний масалаларда тобора қатъийроқ позицияни эгаллаб бормоқда.

Охунзоданинг қарашлари шу даражада эдики, Толибон икки расмийсининг айтишича, Охунзода ўғлининг худкуш ҳужумчи бўлиш қароридан хабардор бўлган ва бу қарорни маъқуллаган.

BBC манбаларининг таъкидлашича, у нотўғри қарор қабул қилиш нафақат ҳозир, балки келажакда ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.

"У қабул қилаётган ҳар бир қарорини шундай изоҳлайди: мен Аллоҳ олдида жавобгарман, қиёмат куни нега бирор иш қилмаганим ҳақида сўроққа тутилишим мумкин", дея тушунтирди Толибон ҳукуматидаги манбалардан бири.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Охундзода билан учрашувларда бўлган икки киши BBCга деярли гапирмайдиган, асосан имо-ишоралар орқали мулоқот қиладиган одамни тасвирлаб беришди. Унинг ишораларини ўша ердаги кексароқ муллалар талқин қиларди.

Бошқа гувоҳлар айтишича, жамоат жойлардаги чиқишларида у юзини яширади – салласи устидан тушиб турган рўмол билан кўзларини беркитади ва кўпинча аудиторияга мурожаат қилганда ёнламасига туради. Охундзодани суратга олиш ёки видеога тушириш қатъиян ман этилган. Унинг фақат иккита сурати мавжудлиги маълум.

Учрашув ташкил этиш ҳам тобора қийинлашиб бормоқда. Толибоннинг яна бир аъзоси BBCга Охундзода илгари "мунтазам маслаҳатлашувлар" ўтказганини, аммо ҳозир "Толибон вазирларининг аксарияти учрашувни кунлаб ёки ҳафталаб кутишини" айтди. Яна бир манба Би-би-сига хабар беришича, Кобулдаги вазирларга "Қандаҳорга фақат расмий таклифнома олгандагина бориш" буюрилган.

Шу билан бирга, Охундзода Қандаҳорга асосий бўлимларни, жумладан, илгари унинг собиқ ўринбосарлари Ҳаққоний ва Ёқуб назоратида бўлган қурол-яроғ тақсимоти бўлимларини кўчирди.

БМТ кузатув гуруҳи декабрь ойидаги мактубида Охундзоданинг "ҳокимиятни мустаҳкамлаши Қандаҳорнинг бевосита назорати остидаги хавфсизлик кучларини кенгайтириши билан ҳам бўлганини" таъкидлади.

Хабарларга кўра, Охундзода Кобулдаги вазирларни четлаб ўтиб, маҳаллий полиция бўлинмаларигача тўғридан-тўғри буйруқлар беради.

Таҳлилчилардан бири таъкидлашича, натижада "ҳақиқий ҳокимият Қандаҳорга ўтказилган", буни Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид BBCга рад этди.

"Барча вазирлар ўз вазирликлари доирасида ваколатларга эга, кундалик ишларни амалга оширади ва қарорлар қабул қилади – барча ваколатлар уларга берилган ва улар ўз вазифаларини бажаради", деди у.

Бироқ "шариат нуқтаи назаридан, у [Охундзода] мутлақ ҳокимиятга эга, – дея қўшимча қилди Мужоҳид. – Аллоҳ тақиқлаган ихтилофлардан қочиш учун унинг қарорлари қатъий".

"Дунё кўрган" одамлар

2022 йил 27 феврал куни Афғонистоннинг Кобул шаҳрига қараган тепаликда бир бола варрак учирмоқда. (AP Photo/Hussein Malla, архив)

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Суратда акс этган Кобул Афғонистоннинг пойтахти ва ҳукумат қароргоҳидир.

Кобул гуруҳи орасида норозилик кучайиб, иттифоқлар мустаҳкамланаётган эди.

"Улар [Кобул гуруҳи] дунё кўрган одамлар, – деди BBCга таҳлилчилардан бири. –Шу боис улар ўз ҳукуматлари ҳозирги аҳволда узоқ давом эта олмаслигини тушунишади."

Кобул гуруҳи Афғонистон Форс кўрфази давлатлари моделига ўхшаш ривожланишини истайди.

Уларни ҳокимият Қандаҳорда тўпланаётгани, ахлоқ қонунларининг моҳияти ва қўлланиши, Толибоннинг халқаро ҳамжамият билан муносабатлари, аёллар таълими ва бандлиги масалалари ташвишга солмоқда.

Толибон раҳбарияти қаерда жойлашган?

Афғонистон харитаси, унда Толибон раҳбарияти қаерда жойлашгани кўрсатилган.
Қандаҳор шаҳрида берилган изоҳда олий раҳбар Охунзода ўз қароргоҳини шу ерда жойлаштиргани айтилган, чунки Қандаҳор Толибон учун асосий ҳокимият таянч нуқтаси ҳисобланади.
Кобул шаҳридаги изоҳда эса “Кобул гуруҳи” деб аталувчи тузилма мамлакат пойтахтида жойлашгани қайд этилган.

Афғон аёллари кўпроқ ҳуқуқларга эга бўлишини ёқлаб чиқишига қарамай, Кобул гуруҳи мўътадил деб ҳисобланмайди.

Аксинча, ички манбалар уларни норасмий равишда Толибон асосчиси Барадар бошчилигидаги "прагматик" гуруҳ сифатида кўради. У, шунингдек, 2024-йилги АҚШ президентлик сайловлари кампанияси баҳсларида Доналд Трамп "Толибон раҳбари" деб атаган "Абдул" бўлиши мумкин. Аслида, у гуруҳнинг АҚШ билан асосий музокарачиси эди.

Кобул гуруҳининг позициялари ўзгариши эътибордан четда қолмади.

"Биз улар [Кобулда жойлашган Толибон етакчилари] илгари телевизорларни йўқ қилганини эслаймиз, аммо ҳозир ўзлари телевизорда чиқмоқда", деди таҳлилчилардан бири.

Улар ижтимоий тармоқларнинг кучини ҳам яхши англашади.

Собиқ ўринбосар Ёқубнинг отаси Мулла Умар Толибоннинг биринчи ҳокимиятини бошқарган, мусиқа ва телевидениени тақиқлаган эди. У ёш Толибон аъзолари ва баъзи оддий афғонлар орасида тобора машҳур бўлиб бормоқда. Буни унинг юзи туширилган TikTok видеоларида кўриш мумкин.

Бироқ, ўзини қайта брендлашда ҳеч ким унинг ҳамкасби, собиқ ўринбосар Сирожиддин Ҳаққонийдан самаралироқ бўлмаган. Унинг жангарилари АҚШ бошчилигидаги кучларга қарши Афғонистон урушидаги энг ҳалокатли ва мураккаб ҳужумларни уюштирган бўлса-да, қўлга тушмай юриши уни тарафдорлари орасида афсонавий шахсга айлантирди. 2017 йилда Кобулда юз берган ва Германия элчихонаси яқинида 90 дан ортиқ тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган юк машинаси портлаши шулар жумласидандир.

Ўша пайтда унинг фақат битта сурати мавжуд эди – уни BBC Афғон хизмати журналисти олган эди.

Толибон ҳокимиятга қайтишидан олдин федерал қидирув бўлими (FBI)нинг қидирувдаги шахслар плакатида акс этган Сирожиддин Ҳаққонийга белгиланган мукофот пули ўтган йили бекор қилинган.

Сурат манбаси, FBI

Сурат тагсўзи, Толибон ҳокимиятга қайтишидан олдин федерал қидирув бўлими (FBI)нинг қидирувдаги шахслар плакатида акс этган Сирожиддин Ҳаққонийга белгиланган мукофот пули ўтган йили бекор қилинган.

Аммо АҚШ чиқиб кетганидан олти ой ўтгач, Ҳаққоний Кобулда полиция ходимларининг битирув маросимида бутун дунё оммавий ахборот воситалари олдида юзи очиқ ҳолда кўриниш берди.

Бу янги қиёфага ўтишнинг биринчи қадами эди: энди жангари эмас, балки давлат арбоби – 2024 йилда "New York Times" у билан суҳбатлашиб, сиз Афғонистоннинг келгуси ўзгаришлари учун умидмисиз, деб сўраган эди.

Бир неча ой ўтгач, ФҚБ унинг бошига эълон қилинган 10 миллион долларлик мукофотни жимгина бекор қилади.

Бироқ таҳлилчилар ва ички манбаларга кўра, олий раҳбар Охундзодага очиқ қарши чиқиш эҳтимоли кам эди.

Унинг фармонларига қаршилик кичик ва чекланган эди – масалан, Кобул гуруҳи назоратидаги ҳудудларда соқол олишни тақиқлаш каби қоидаларни қўлламаслик. Аммо каттароқ исёнлар ҳамиша ақлга сиғмас иш эди.

Толибон собиқ аъзоларидан бири BBC билан суҳбатда "Охундзодага итоат қилиш мажбурий" эканлигини таъкидлади.

Ҳаққонийнинг ўзи "New York Times" газетасига берган интервюсида очиқ бўлиниш эҳтимолини рад этди. "Афғонистон учун ҳозир тинчликка эришиш мақсадида бирдамлик муҳим", деди у.

Бунинг ўрнига, таҳлилчилардан бири айтишича, Кобул гуруҳи халқаро ҳамжамият ва афғонларга: "Сизнинг шикоят ва ташвишларингизни тушунамиз, лекин нима ҳам қила олардик?" демоқда.

Ҳар ҳолда, интернетни ўчириш ҳақидаги буйруқ келгунга қадар вазият шундай эди.

Бурилиш нуқтаси

2025 йил 17 июн куни Қандаҳорда Толибон хавфсизлик ходими оддий, смартфон бўлмаган телефондан фойдаланмоқда. Толибон олий раҳбари Ҳибатуллоҳ Охундзода амалдорлар ва уламоларни смартфонлардан фойдаланишни қисқартиришга чақирган эди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Интернетни ўчириш аввало эҳтиёткорлик билан танлаб олинган вилоятларда бошланиб, сентябр ойи охирига келиб бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилди.

Толибон олий раҳбари интернетга чуқур ишончсизлик билан қарайдиган одам. У интернетдаги маълумотларни исломга зид деб ҳисоблайди ва ўз эътиқодига шунчалик содиқки, ҳар куни эрталаб ёрдамчиси унга сўнгги янгиликлар ёки ижтимоий тармоқлардаги хабарларни ўқиб беради. Бу ҳақда унинг вакили Би-би-сига маълум қилган.

Кобул гуруҳи эса замонавий мамлакат интернетсиз яшай олмайди, деб ҳисоблайди.

Олий раҳбарнинг интернетни ўчириш тўғрисидаги буйруғи дастлаб Охунзода иттифоқчилари назоратидаги вилоятларда амалга оширилди, кейин бутун мамлакатга тарқалди.

Кобул гуруҳига яқин ва Толибон ҳукуматидаги манбалар кейинги воқеаларни тасвирлаб берди, бу Толибон тарихида мисли кўрилмаган ҳолат эди.

"Бу ҳаракат кўплаб аъзолар учун кутилмаган бўлди", деди манбалардан бири.

Қисқаси, Кобул гуруҳининг энг нуфузли вазирлари йиғилиб, Кобулдаги Бош вазир мулла Ҳасан Охундни интернетни қайта ёқишга буйруқ беришга кўндирди.

Аслида, гуруҳ бутун мамлакат бўйлаб интернет узилишидан олдин ўз норозилигини аллақачон билдирган эди: гуруҳнинг де-факто раҳбари Бародар Қандаҳорга бориб, Охундзоданинг энг содиқ одамлариларидан бирини раҳнамони "уйғотиш" кераклиги ҳақида огоҳлантирган ва улар олий раҳбарнинг "хўп бўлади" деб ўтираверадиган одамлари бўлишни тўхтатишлари кераклигини қўшимча қилган.

"Сиз унга ҳақиқатни очиқ айтмайсиз, у нима деса, шуни қиляпсиз", деди у Қандаҳор уламолар кенгаши, вилоят диний раҳбарлари гуруҳи аъзосига.

Манба айтишича, унинг сўзлари инобатга олинмаган. 29 сентябрь, душанба куни телекоммуникация вазирлигига тўғридан-тўғри олий раҳбардан ҳамма нарсани ўчириш тўғрисида буйруқ келган. "Ҳеч қандай баҳона" ўтмаслиги ҳақида айтишган.

Чоршанба куни эрталаб Кобул гуруҳи вазирлари, жумладан, Бародар, Ҳаққоний ва Ёқуб Бош вазир идорасида тўпланди, уларга телекоммуникация вазири ҳам қўшилди. Шу ерда улар Қандаҳорга мойил Бош вазирни жавобгарликни ўз зиммасига олиш ва буйруқни бекор қилишга ундади. Манбалардан бири айтишича, улар унга барча масъулият ўзларида эканлигини айтишган.

Уриниш самара берди. Интернет қайта тикланди.

Аммо, эҳтимол, энг муҳими, шу бир неча кун ичида Охундзода бир неча ой олдин нутқида шама қилган нарса содир бўлгандек эди: ички кучлар Толибон бирлигига таҳдид солмоқда эди.

2025 йил 13 октябрь куни Кобулдаги Вазир Акбар Хон тепалигида афғон бола скейтбордда ҳаракатланар экан, Толибон байроғини олиб кетмоқда.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Бу буйруқни бекор қилиш қарори кўпчилик, жумладан Кобул гуруҳи тарафдорлари учун ҳам кутилмаган бўлди.

Лекин нима учун айнан шу буйруқ? Экспертлардан бири таъкидлашича, Толибон аъзолари қизлар таълими каби фармонларга қўшилмаса ҳам, Охундзодага эргашишда давом этган.

Ваҳоланки, илгари очиқ қарши чиққанларнинг кўпчилиги бунинг бадалини тўлаган эди.

2025 йил февралида ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири ўринбосари раҳбарият "20 миллион кишига нисбатан адолатсизлик" қилаётгани, "Худо йўлидан" четга чиқаётганини очиқ айтганидан кейин мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди – у аёллар таълими тақиқланганига ишора қилган эди.

БМТ кузатувчиларига кўра, 2025 йилнинг июль ва сентябрь ойларида Охундзоданинг қизлар таълими бўйича фармонларига эътироз билдирган камида иккита шахс ҳибсга олинган.

Шунга қарамай, Охундзода ва унинг иттифоқчилари Ҳаққоний каби шахсларни ўзларига яқин тутишга ҳаракат қилаётгани ҳақида ҳам далиллар бор.

Ваҳоланки, Ҳаққоний олий раҳбарнинг ҳокимиятни марказлаштираётгани ҳақида очиқ танқид билдирган.

Шундай бўлса-да, сўздан ишга ўтиш ва буйруққа итоатсизлик бутунлай бошқа қадам эди.

Бир мутахассиснинг таъкидлашича, бу сафар таваккал қилишга арзирди.

Уларнинг лавозимлари ҳокимият ва "пул топиш имконияти" билан боғлиқ, дейди мутахассис. Иккаласи ҳам бошқарув ва тижоратда муҳим бўлган интернетга боғлиқ эди.

"Интернетни ўчириш уларнинг манфаатларига қизларни таълимдан четлатишдан кўра кўпроқ таҳдид соларди", деб таъкидлайди мутахассис.

"Балки шунинг учун ҳам улар бир марта "жасорат" кўрсатишгандир".

2023 йил 25 март куни Афғонистоннинг Кобул шаҳрида янги ўқув йилининг биринчи кунида қизлар мактабга келмоқда. (AP Photo / Ebrahim Noroozi, архив)

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Толибон ҳукмронлиги остида бошланғич мактабдан кейин қизлар ва хотин-қизларга таълим олиш тақиқланган.

Интернет қайта ёқилгандан сўнг, ундан кейин нима бўлиши ҳақида турли тахминлар пайдо бўлди.

Кобул гуруҳига яқин манба вазирлар аста-секин лавозимларидан олиниши ёки пастроқ мансабларга сурилиши мумкинлигини айтди.

Бироқ Қандаҳор уламолар кенгаши аъзосига кўра, "бундай қаршиликдан қўрққани учун" бу сафар олий раҳбарнинг ўзи чекиниши эҳтимоли ҳам бор эди.

Йил охирига бориб эса, омма назарида гўё ҳеч нарса ўзгармагандек кўринарди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига йўлланган мактубда айрим БМТ аъзо давлатлари "Қандаҳор ва Кобулдаги раҳбарлар ўртасидаги бўлинишни вазиятни ўзгартирмайдиган оилавий можарога қиёслагани, барча юқори раҳбарлар эса Толибоннинг ташкилот сифатидаги муваффақиятидан манфаатдор экани" қайд этилган.

Толибон ҳукумати бош вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид бўлиниш мавжудлигини қатъиян рад этди.

"Биз ҳеч қачон бўлинишга йўл қўймаймиз", деди у 2026 йил январ ойи бошида BBCга.

"Барча амалдорлар ва раҳбарият билиб турибдики, бўлиниш ҳамма учун, Афғонистон учун зарарли, шаръан тақиқланган ва Аллоҳ ман этган."

Шу билан бирга, у Толибон аъзолари ўртасида айрим "фикр" фарқлари борлигини тан олди, аммо буни "оиладаги майда келишмовчилик" билан қиёслади.

Декабр ўрталарида эса ўша "фарқлар" яна очиқ кўрина бошлади.

Ҳаққоний жума намози пайтида ўз ватани Хост вилоятида халққа мурожаат қилиб, "миллатнинг ишончи, муҳаббати ва эътиқоди орқали ҳокимиятга келиб, кейин эса ўша миллатни тарк этган ёки унутган тузум - ҳукумат эмас", деди.

Худди шу куни Охундзода тарафдори, олий таълим вазири Неда Муҳаммад Надем қўшни вилоятдаги мадрасада битирувчи талабаларга мурожаат қилди.

"Фақат бир киши раҳбарлик қилади, қолганлар эса итоат этади - бу ҳақиқий исломий ҳукуматдир, - деди у. Агар раҳбарлар кўпайса, муаммолар пайдо бўлади ва биз эришган ҳукумат барбод бўлади."

Интернет можаросидан кейин айтилган бу сўзлар Охундзоданинг 2025 йил бошида сиздирилган аудиоёзувда билдирган қарашларидан бутунлай бошқача манзарада намоён бўлади.

Бироқ 2026 йил Кобул гуруҳи Афғонистондаги хотин-қизлар ва эркаклар ҳаётида сезиларли ўзгаришлар қиладими ёки йўқ, бу ҳали ҳам очиқ қолмоқда.

"Ҳар доимгидек, амирликнинг юқори қатламидаги очиқ келишмовчиликдан сўнг яна бир савол туғилади: сўзлар қачондир амалга айланадими?" — дейди таҳлилчилардан бири.

"Ҳозирча эса бундай бўлгани йўқ."

Материал Зия Шаҳреяр, Флора Друри ва bbc Афғон форензика жамоаси томонидан таҳрир қилинган ва тайёрланган. Юқоридаги суратда 2022 йил январь ойида Кобулга назар ташлаб турган Толибоннинг икки аъзоси акс этган.