Ҳибатулла Охундзода ёки Мулла Бародар - қай бир Толибон етакчиси қудратга келади? Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Толибон таркиби

Толибон янги ҳукумат тузиш устида жиддий иш олиб бормоқда.

Ўз ҳукуматини тез орада эълон қилишини ваъда қилган.

Унинг инклюзив, аммо исломий бўлишини айтган.

Аммо унинг таркибига айнан кимлар киришини ҳозирча очиқламаган.

Ҳозир ҳаракатнинг беш етакчиси бор.

26 кишилик олий маслаҳат ва қарор қабул қилувчи кенгаши ҳам амалда.

"Вазирлар Маҳкамаси" ҳам фаолият юритади.

Уларни турли соҳаларни назорат қилишади.

Қатар пойтахти Доҳада сиёсий идораси жойлашган.

Бу халқаро ваколатхонаси эса, тинчлик музокараларига масъул эди.

Аммо Толибон ҳаракати бу гал ҳам қудратни куч билан эгаллаган.

Афғонистонда ҳали АҚШ ҳарбийлари бўлган бир пайтда Кобулга кирган.

Президент саройи - Аргни ҳам босиб олган.

Толибоннинг Амир ал-Мўъминини Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг аниқ қаерда экани маълум эмас.

Унинг сиёсий муовини, ҳаракат ҳамасосчиси Мулла Абдулғани Бародар Ахунд эса, чоршанба куни Афғонистонга қайтган.

Ҳозир унинг жанубий Қандаҳор вилоятидан пойтахт Кобулга келиши кутилмоқда.

Афғонистонни ким бошқариши мумкин? Янги ҳукумат таркибига кимлар киради?

Толибоннинг амалдаги раҳбарияти таркиби:

Толибоннинг амалдаги лидери

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS

Сурат тагсўзи, Ҳиббатуллоҳ Охунзода ҳарбий эмас. Кўпроқ уламо одам сифатида танилган

1. Мавлавий Ҳибатулла Охундзода

Афғонистон Толибон ҳаракатининг амалдаги лидери.

Ҳаракатни унгача асосчиларидан бири Мулла Умар ва Ахтар Мансур бошқарган.

Мулла Умарнинг 2013 йилда вафот этгани ишонилади. Ахтар Мансур 2016 йили ўлдирилган.

Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзода худди ўша йили унинг ўрнини эгаллаган.

У ҳарбий эмас. Кўпроқ уламо одам сифатида танилган.

Охундзоданинг 1961 йилда Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор вилоятида туғилгани айтилади. Аммо бу маълумотлар тасдиқланмаган.

Отаси қишлоқ имоми бўлган.

1980-йилларда у Совет қўшинларига қарши жанг қилаётган мужоҳидлар сафига қўшилган. Аммо жанг қилмаган.

Кейин оиласи билан Покистонга кўчиб ўтган. Шимолий Кветта шаҳрига бориб ўрнашишган.

Охундзода худди ўша ерда ўзининг мадраса таҳсилини бошлаган.

Мулла Умарнинг сурати жуда кам. Унинг 2013 йилда Покистонда вафот этгани ишонилади

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Мулла Умарнинг сурати жуда кам. Унинг 2013 йилда Покистонда вафот этгани ишонилади

1994 йилда Мулла Умар ва унинг уч шериги томонидан Покистонда асос солинган Толибон ҳаракатига қўшилган.

Толибон ўша пайтда диний мактаблар радикал талабаларининг ҳаракати сифатида кўрилган.

Афғонистонда Толибоннинг Исломий Амирлиги амал қилган йилларда қозилик қилган. Шаръий маҳкамаларидан бирига масъул бўлган.

Толиблар ўша пайтда телевидение, кино, мусиқа, пардоз-андоз ва спортни тақиқлашган.

10 ёшдан катта қизларнинг мактабга чиқишига изн беришмаган.

Тошбўрон қилиш, қўлни кесиш ва омма олдида калтаклаш каби жазо чоралари амал қилган.

Бу ҳукмлардан қай бири Охундзоданики бўлгани маълум эмас.

Аммо у толибларнинг орасида энг анъанадори сифатида танилган.

Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзода одамлар кўз ўнгида деярли кўриниш бермайди, ошкора баёнотлар ҳам қилмайди.

Шу ой бошида ҳаракатнинг матбуот воизи Забиуллоҳ Мужоҳид унинг ҳануз Толибон етакчиси эканини тасдиқлаган.

Сиёсий, диний, ҳарбий - барча масалаларда сўнгги сўзни айнан Охундзода айтишини билдирган.

Унинг 23 ёшли ўғли 2017 йилда портловчи модда жойланган юк машинаси билан Афғонистон жанубидаги ҳарбий базага ҳужум қилган. Катта шов-шувга сабаб бўлган.

Акаси эса, 2019 йили Кветта шаҳрида юз берган портлашда ҳалок бўлган.

2.Мулла Абдулғани Бародар Ахунд

Мулла Абдулғани Бародар Ахундни яқиндан билганлар оғир-босиқ дипломат, керагидан ортиқча гапирмайдиган, орзу-ҳавасли одам эканини айтишади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мулла Абдулғани Бародар Ахундни яқиндан билганлар оғир-босиқ дипломат, керагидан ортиқча гапирмайдиган, орзу-ҳавасли одам эканини айтишади

Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг сиёсий масалалар бўйича муовини.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг тўртта ҳамасосчисидан бири.

Толибоннинг Бош музокарачиси ва юзи.

Ҳаракатнинг ғалабасини ҳам расман у эълон қилган.

1968 йилда Афғонистоннинг жанубий Ўрузгон вилоятида туғилган.

Мулла Абдулғани Бародар Ахунд ҳам Советларга қарши мужоҳидлар сафида жанг қилган.

Ўша пайтда Мулла Умар билан танишган. Унинг синглисига уйлангани ҳақидаги хабарлар ҳам бор.

Советлар ишғоли тугагач, Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор вилоятида мадраса очган.

Исломий Амирлиги даврида Толибоннинг Мудофаа вазири муовини бўлиб ишлаган.

Имконли бўлган маълумотларга кўра, орада толибларнинг ҳужумларини режалаштиришда муҳим ўрин тутган.

Уларни молиялашга масъул бўлган.

2010 йилда Покистоннинг Карачи шаҳрида Америка ва Покистон ҳарбийларининг қўшма амалиёти чоғида қўлга олинган.

8 йил умрини Покистон қамоқхонасида ўтказган.

Тинчлик жараёнининг шартларидан бири сифатида сўнгра қамоқхонадан чиқарилган.

2019 йилдан буён Қатар пойтахти Доҳада, Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг идорасини бошқариб келади.

Америкаликлар билан музокараларда толиблар ҳайъатига бошчилик қилган.

2020 йилнинг 29 февралида АҚШнинг ўша пайтдаги Давлат котиби Майк Помпео билан тинчлик битимини имзолаган.

Дональд Трамп билан телефон орқали гаплашган, Хитой ва Россия Ташқи ишлар вазирлари билан юзма-юз кўришган.

Уни яқиндан билганлар оғир-босиқ дипломат, керагидан ортиқча гапирмайдиган, орзу-ҳавасли одам эканини айтишади.

Мулла Абдулғани Бародар Ахунд АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан ҳам учрашган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мулла Абдулғани Бародар Ахунд АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан ҳам учрашган

3. Мулла Муҳаммад Ёқуб

Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзоданинг ҳарбий масалалар бўйича муовини.

Толибон ҳаракатининг илк раҳбари ва ҳамасосчиси Мулла Умарнинг ўғли.

Унинг ёши 30 ларда.

Ахтар Мансур дрон ҳужумида ўлдирилгач, Толибон етакчилигига асосий даъвогар сифатида кўрилган.

Аммо ҳаракат раҳбарияти уни ҳали анча ёш ва тажрибасиз, деб топган.

Унинг Мулла Абдулғани Бародар Ахунд билан муносабати яхши.

Икковлон ҳаракатнинг анчайин мўътадил қанотини намоён этиши айтилади.

4.Сирожиддин Ҳаққоний

Ҳаққоний тармоғи Толибоннинг энг уюшган ва жанговар бўлими ҳисобланади

Сурат манбаси, FBI

Сурат тагсўзи, Ҳаққоний тармоғи Толибоннинг энг уюшган ва жанговар бўлими ҳисобланади

Таниқли мужоҳиддин қўмондонларидан бири бўлган отаси Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўлими ортидан отасининг ўрнини эгаллаган.

Ҳаққоний тармоғининг лидери.

Худди шу тармоғи билан бирга толиблар сафига қўшилган.

Ҳаққоний тармоғи Толибоннинг энг уюшган ва жанговар бўлими ҳисобланади.

Афғонистон ҳарбийлари ва хорижий иттифоқ қўшинларига қарши уюштирилган қатор қонли ҳужумларга масъул.

Кобулдаги меҳмонхона, Ҳиндистон элчихонасидаги теракт ва Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳомид Карзайга қарши суиқасд ортида ҳам айнан улар турган.

АҚШ томонидан террорчи ташкилот, деб топилган.

Имконли бўлган маълумотларга кўра, Афғонистон-Покистон чегарасининг салмоқли қисмини назорат қилади.

Ёши 45 ларда. Ҳозир айнан қаерда экани маълум эмас.

Ўтган йили, Доҳада тинчлик битими имзоланишидан сал аввал "Нью-Йорк Таймс"да мақоласи чиққан.

Унда Сиржиддин Ҳаққоний, "қирк йилдан ошиқ вақт мобайнида афғонларнинг умри беҳуда ўтаётгани, ҳамманинг урушдан чарчагани" ҳақида ёзган.

"Одамларни ўлдириш ва майиб қилишни тўхтатиш зарур эканига ишончи комил"лигини айтган.

5. Мулла Абдул Ҳаким

Нуфузли уламо, Толибон лидери Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзодага деярли тенгдош ва унинг яқин шериги.

Охундзодага ўхшаб Абдул Ҳаким ҳам ҳеч қачон жанг жабҳасида қўмондонлик қилмаган.

Қатор экспертларга кўра, янги ҳукуматда толибларнинг шаръий адлия тизимини бошқариши мумкин.

2020 йилнинг сентябридан бошлаб Толибоннинг Доҳадаги ваколатхонасини бошқарган.

Бунгача Абдул Ҳаким ҳам узоқ йиллар давомида Покистоннинг шимолий Кветта шаҳрида яшаган.

Покистон раҳбарияти изчил равишда рад этиб келса-да, Кветта толибларнинг норасмий пойтахти саналади.

Абдул Ҳаким у ерда нуфузли уламолар кенгаши ва асосан афғонистонликлар таҳсил олувчи мадрасани бошқарган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek