Ашраф Ғани ҳам, Мулла Бародар ҳам Кобулга қайтмоқчи - Афғонистон Afg'oniston Tolibon Kobul dunyo yangiliklar

Афғонистон президенти

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ашраф Ғанининг айтишича, қочиб кетмаган ва Афғонистондан бир тийинсиз чиқиб кетган

Беш кун деганда Афғонистон президентининг дараги чиқди. Унинг Бирлашган Араб Амирликларида экани расман тасдиқланди. Ашраф Ғани Афғонистонга қайтишини айтди. Толибон лидери эса, аллақачон Афғонистонда. Қандаҳордан пойтахт Кобулга келиши кутилмоқда.

Афғонистон президенти айнан қаерда экани тасдиқланиши ортидан кеча, 18 август куни навбатдаги видеомурожаати билан чиққан.

Ўзининг қочиб кетмагани ва Афғонистондан бир тийинсиз чиқиб кетганини айтган.

Афғонистон президентига кўра, ҳатто энг зарур нарсаларини олишга ҳам улгурмаган.

Ашраф Ғанининг таъкидлашича, ўзининг Афғонистондан $169 миллион доллар билан қочиб кетгани "ёлғон".

Унга қарши бундай айблов билан Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси чиққан.

Элчининг бу сўзлари пойтахт Душанбеда берган матбуот анжумани чоғида янграган.

Бундан аввал Россиянинг айрим ахборот агентликлари ҳам унинг "тўрт машина ва бир вертолёт тўла пул" билан Афғонистондан қочиб кетгани ҳақида ёзишган.

Улар ўз хабарларида Россиянинг Афғонистондаги элчихонаси матбуот котибининг сўзларига таянишган.

Аммо ўзлари айтаётган "пул"нинг миқдори ва қай бир давлат миллий валютаси эканини очиқлашмаганди.

Афғонистоннинг Тожикистондаги элчихонаси эса, Интерполдан Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғанини давлат маблағларини ўзлаштиргани учун ҳибсга олишни сўраганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Афғонистон президенти

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Президент Ғани, "Афғонлар учун адолатни барибир қарор топтирмоқчи, бу ишни давом эттирмоқчи"

Қайтиш режаси

Ашраф Ғанининг баён қилишича, Афғонистонга қайтмоқчи.

"Афғонлар учун адолатни барибир қарор топтирмоқчи, бу ишни давом эттирмоқчи".

"Ҳозир қайтиш масаласини мулозимлари билан муҳокама қилмоқда".

Аммо афғон раҳбари мамлакатига айнан қачон ва қандай қайтмоқчи экани тафсилотларига тўхталмаган.

Унинг "адолатни қандай қарор топтирмоқчи" бўлаётгани ҳам ҳозирча ноаён қолган.

Ашраф Ғани ўзини Афғонистонни тарк этишга мажбур қилишганини айтган.

"Шу йўл билан қон тўкилишининг олдини олган".

Ўтган беш кун давомида Афғонистон президентининг Тожикистон ва Ўзбекистонда эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо улар ўзининг расмий тасдиғини топмаганди.

Толибон қудрати

Мулла Абдулғани Бародар Ахунд

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг лидери аллақачон Афғонистонга қайтган, ҳозир ҳаракатнинг иккита таянч нуқтасидан биттаси бўлган жанубий Қандаҳорда

Президент Ғанининг сўнгги видеомурожаати Толибоннинг сиёсий лидери Афғонистонга қайтиб, энди Қандаҳордан пойтахт Кобулга келиши кутилаётган бир пайтга тўғри келган.

Афғонистон президентининг айни мазмундаги баёнотига ҳаракатнинг муносабати ҳалича маълум эмас.

Аммо толиблар Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этган якшанба кунининг ўзидаёқ пойтахт Кобулга кириб келишган, президент саройини ҳам худди ўша куннинг ўзида эгаллашган.

Афғонистонда ҳокимият ҳалича расман алмашмаган, Толибон қудратни куч билан эгаллаган.

Ҳаракат қудратга келишидан уч кун ўтиб, шу ҳафта чоршанба куни пойтахт Кобулда ўзининг илк матбуот анжуманини берган.

Ҳозир янги ҳукумат тузиш устида жиддий иш олиб бораётганликлари ва тез орада уни эълон қилишларини айтган.

Янги ҳукуматнинг исломий, аммо инклюзив бўлишини айтган.

Унинг таркибига кимлар киришини эса, ҳозирча очиқламаган.

Худди шу манзарада Афғонистоннинг вице-президент вазифасини бажарувчиси мамлакат конституциясига мувофиқ ўзини муваққат президент, деб эълон қилган.

Амруллоҳ Солиҳ ҳали ҳам Афғонистонда экани, ҳеч қачон Толибонга таслим бўлмаслигини баён қилган.

Толибон ва ўзининг вице-президенти бажарувчисининг бу режаларига Ашраф Ғани ўзининг сўнгги видеомурожатида бирор бир муносабат билдирмаган.

АҚШ ҳарбийлари ҳалича Афғонистонни буткул тарк этишмаган.

Жо Байден ўзининг сўнгги чиқишларида ҳам Ашраф Ғанини Афғонистон президенти ўлароқ тилга олган.

Кеча, 18 август куни Афғонистон президентининг ўзларида эканини расман тасдиқларкан, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги у ва оиласини инсонийлик нуқтаи назаридан киритганликларини билдирган.

Ҳали дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб расман тан олмаган.

Халқаро Молия жамғармаси эса, Афғонистон ортиқ пулларини ололмаслигини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek