Ғани, Дўстум Ўзбекистонда эмас. Афғонистон президенти қаерда? У “машина, машина пул билан қочган”ми? Afg'oniston Tolibon Kobul dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Учинчи кундирки, президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг қаердалиги маълум эмас. Тожикистон ортидан, расмий Тошкент ҳам раддия берди. Уларнинг Ўзбекистонда эмаслигини айтди. Россия эса, янги даъво билан чиқди.
Шу соатларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги "Дунё" ахборот агентлиги бу ҳақда хабар берди.
Агентлик хабарида Ўзбекистон ҳудудида Афғонистоннинг айрим арбоблари ва этник гуруҳлари раҳбарлари бўлиб тургани йўқлиги айтилди.
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бўй кўрсатаётган айни мазмундаги хабарларга раддия берилди.
Уларда, хусусан, Ашраф Ғани, Абдулрашид Дўстум, Атто Муҳаммад Нур ва бошқаларнинг номлари тилга олинаётгани айтиларкан, расмий маълумотларга кўра, бундай хабарлар "ҳақиқатга тўғри келмаслиги" таъкидланди.
Россия томони президент Ғанининг Афғонистондан "тўрт машина ва бир вертолёт тўла пул билан чиқиб кетгани"ни иддао қилмоқда.
Афғонистонни тарк этганига оид дастлабки хабарларда афғон раҳбарининг "Тожикистонга учиб кетгани" айтилган.
Айни мазмундаги хабарлар якшанба куни айрим нуфузли Ғарб нашрларида бўй кўрсатган.
Аммо унинг қай бир манбага таяниб, ёзилгани ноаён қолган.
"Учиб кетган", дейиларкан, самолётдами ёки вертолётда экани ҳам очиқланмаганди.
Аммо унга рафиқаси, ҳукуматининг айрим юқори мартабали мулозимлари ҳамроҳлик қилгани айтилган.
Ўтган шанба куни Толибон Мозори Шарифни босиб оларкан, шаҳарда уларга қарши қаршилик ҳаракатига асос солган маршал Дўстум ва Атто Муҳаммад Нурнинг ҳам Ўзбекистонга ўтишганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Орадан қисқа вақт ўтмай, Балх вилоятининг қудратли собиқ ҳокими твит қилган.
Ўзи ва маршал Дўстумнинг хавфсиз жойда эканликларини айтган, аммо айнан қерда эканликларини очиқламаганди.

Сурат манбаси, official
Арг - президент саройи ҳам бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.
Сўнгги икки кун ичида президент саройи ҳам толиблар томонидан тўлиқ эгалланган.
Толибон ҳам президент Ғанининг Афғонистонни тарк этганига оид хабарга ойдинлик киритмаган.
Ҳаракатнинг бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиққани ҳалича кўрилмаган.
Янги иддаолар
Худди шу манзарада Афғонистон президентининг Ўзбекистонга қочиб ўтганига оид хабарлар олинган.
Бу ҳақда яна айрим Ғарб нашрлари ёзишган.
Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, душанба куни Би-би-си Ўзбек хизматига айни мазмундаги хабарларни на тасдиқлаган ва на инкор қилган.
"Ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ"лигини билдирган.
Афғонистон президентининг ўзи эса, бу ҳақда ўша куннинг ўзидаёқ пост қилган.
"Қон тўкилишининг олдини олиш учун" Афғонистонни тарк этишга қарор қилганини айтган.
Аммо Facebook даги пости тафсилотларидан унинг қаерда экани ноаён қолганди.

Сурат манбаси, official
Президент Ғанининг катта миқдордаги пул билан чиқиб кетгани ҳақида Россиянинг Афғонистондаги элчихонаси матбуот котиби айтган.
Россиянинг Новости ахборот агентлиги элчихонадагиларнинг сўзларига таяниб, бу ҳақда хабар берган.
Уларнинг айтишларича, президент Ғани Кобулдан пулга тўла машиналар билан қочиб кетган.
"Олишга улгурмагани эса, аэропортнинг учиш майдончаси"да қолиб кетган.
Агентлик Никита Ищенконинг, "режимнинг қулашига келсак, бу Ғани Афғонистондан қандай қочгани билан тавсифланади", деган сўзларидан иқтибос келтирган.
Матбуот котибига кўра, "тўртта машина пулга тўлдирилган, бошқа қисмини вертолётга юклашга ҳаракат қилишган. Аммо ҳаммаси сиғмаган. Ортгани учиш майдончасининг ўзида қолиб кетган".
Никита Ищенко шундай деркан, ўзининг "гувоҳлар"га таянаётганлигини айтган.
Аммо унинг айни мазмундаги иддаоларини расмий ёки мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.
Унинг бу даъвоси Россиянинг Афғонистондаги элчисининг маҳаллий радиостанцияларга берган интервьюси билан бир пайтга тўғри келган.
Хабарларга кўра, элчи Дмитрий Жирнов Толибон пайтида Кобулдаги вазият "Ашраф Ғани давридагидан кўра яхшироқ" эканлигини айтган.
Аммо Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари Россиянинг танқидлари АҚШ билан кескинлик кучайган бир манзарада янграётганига ўз диққатларини қаратишган.
Толибон ва Афғонистон

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон сўнгги ўн куннинг ўзида Афғонистоннинг барча йирик шаҳарларини босиб олган.
Ҳозирга келиб, барча вилоят марказлари ҳам уларнинг назорати остига ўтган.
Ҳаракат сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистондан чиқиб кетишни бошлаган ўтган икки ой ичида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.
Саноқли ҳафталарнинг ўзидаёқ Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош аксарият ҳудудларини эгаллаб бўлган.
Толибларнинг "яшин тезлигидаги ҳаракатланиши" ҳатто энг тажрибали ҳарбий экспертларни ҳам ҳайрон қолдиргани айтилган.
Уларнинг устма-уст ютуқлари АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этишига саноқли ҳафталар қолган бир пайтга тўғри келган.
Толиблар якшанба куни пойтахт Кобул дарвозаларига етиб келишган бўлса, ўша куннинг ўзидаёқ деярли бирор бир қаршиликсиз шаҳарга кириб боришган.
Муҳаммад Ашраф Ғанининг Афғонистонни тарк этганига оид хабарлар манзарасида президент саройини эгаллаб олганликларини ҳам иддао қилиб чиқишган.
Душанбага ўтар кечаси эса, Толибон сиёсий идорасининг расмий вакили Афғонистонда уруш туганини эълон қилган.
Мамлакатдаги бошқарув шакли яқин келажакда аниқ бўлишини айтган.
Толибоннинг айни мазмундаги баёнотига президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни 31 августгача тарк этишмоқчи.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













