Толибон "ҳа" деса, "ҳа" дейсиз - толиблар қўл остида афғонлар қандай яшашмоқда? Афғонистон Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Иллюстрация

Сурат манбаси, BBC/ELAINE JUNG

    • Author, Родри Дэвис ва Би-би-си Суриштирув бўлими
    • Role, Элейн Юнг иллюстрацияси
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Акушер Нурия Ҳая иш кунларида эркак шифокорлар билан тез-тез учрашиб, маслаҳатлашиб турарди. Улар маҳаллий беморларни даволаш ва жамоат клиникасидаги муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишар эди. Клиника Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош шимолий-шарқий вилояти Тохардаги қолоқ бир туманлардан бири Ишкамишда жойлашган.

Аммо яқинда 29 ёшли Нурия аёл ва эркак ходимлар учрашиши тақиқлангани ҳақида эшитди. Бу Толибон ҳудудни қўлга олган вақтда чиқарган биринчи буйруғи бўлганди, дейди у. У энди ҳаёти яна қанчалик ўзгариши ҳақида ўйларди, холос.

Ишкамиш Ҳиндукуш тоғ тизмасида жойлашган. У НАТОнинг қарийб 10 000 аскари май ойида чиқиб кетгач, Толибон босиб олган муҳим чегара ҳудуд саналади.

Май ойи ўрталарида унчалик таёргарлиги бўлмаган ҳукумат кучлари билан тўқнашувни бошлаган фундаменталист исломчи гуруҳ тоғлар этагида жойлашган шимолдаги Бурка туманини босиб олган эди.

Айни шу вақтда, АҚШ кучлари мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Қандаҳордаги йирик ҳарбий авиабазасини тарк этди. Маҳаллий аҳоли Толибоннинг илгарилаётганидан огоҳ эди.

"Ҳар бир одам қўрқаётганди", - дейди Қандаҳордан икки соатлик йўл шарқда, Покистон билан чегарадош Арғистон туманидан 54 ёшли Жон Оға.

Одамлар уйларига қамалиб олган эди. Толибон ҳар бир қишлоқни эгаллади. Маҳаллий аҳоли ҳеч ерга қоча олмасди.

Қуролланган жангарилар кўчаларда кезиб юрарди. Эрталаб ва кечқурун улар овқат олиш учун одамлар эшигини тақиллатарди. Одамлар ҳам қўррқанидан сўраганларини беришарди.

"Ҳозир ҳар бир хонадон улар учун уч тўртта нон ва овқат сақлаб қўяди, - дейди мева сотувчи Жон Оға, одамлар қанчалик қашшоқ яшашининг аҳамияти йўқ дер экан. Агар жангарилар уларнинг уйида қолишни истаса, кимса қаршилик қилмайди.

Иллюстрация

Сурат манбаси, BBC/ELAINE JUNG

Июнь ойи давомида Толибон шимолдаги бир неча вилоятларни, жумладан, Тохар, Фарёб ва Бадахшон вилоятларини олганини даъво қилди. Улар армияни ва уларга қўшиб демократик институтлари ҳам стратегик чекинишга мажбур қилди. Бу вақтгача 2500 АҚШ аскарининг кўп қисми мамлакатни тарк этганди. Кобулда ва авиабазада бир ҳовуч аскар қолганди, холос.

Афғонлар халқаро кучларнинг чиқиб кетишини жуда шошилинч бўлгани учун танқид қилишди. Айримлар фикрича, охирги икки йилда давом этган Америка ва Толибон ўртасидаги тинчлик музокаралари кейингиларнинг легитимлиги ва амбицияларини оширган.

АҚШ етакчилигидаги коалиция 20 йил олдин беш йил давом этган Толибон ҳукмронлигига барҳам бергандан бери бу можаронинг якунланишига ҳозиргидек оз муддат қолмаган эди.

Толибон июнда яна ўзини кўрсатди, улар энди овқат ва бошпанагина талаб қилмасди. Ўтган 20 йил давомида кураш билан эришилган озгина ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлар ҳам зумда тортиб олинди. Уларнинг аёллар ҳуқуқини чеклашига Нурия ҳаётида илк марта дуч келди.

"Ҳозир жуда кўп чекловлар бор. Кўчага чиқмоқчи бўлсам, Толибон талаб қилгандек бурқа ўрашим керак ва бирор эркак ҳамроҳим бўлиши шарт", дейди у.

Акушер сифатида туманма туман сафар қилиши айниқса қийинлашган. Эркакларга соқолини қиришга рухсат беришмайди - Толибон буни Исломга зид, деб ҳисоблайди. Сартарошлар эркакларнинг ён ва орқа сочларини қисқароқ олиши мумкин эмас.

Толибон ичидаги "Амри маъруф" гуруҳи ижтимоий нормаларни қаттиқ жорий қилади. Уларнинг жазолари 90 йилларда афғонларни қаттиқ қўрқитиб қўйганди. Ҳозир ҳам шу икки босқичли қоида жорий қилинган: биринчиси огоҳлантириш, иккинчиси, омма олдида хўрлаш, қамоқ, дарра уриш ва калтаклаш.

"Бир зумда барча эркинликларимизни олиб қўйишди", - дейди Нурия. - Жуда оғир. Аммо бошқа чорамиз ҳам йўқ. Улар шафқат билмайди. Улар нима деса, шуни бажаришга мажбурмиз. Улар Исломдан ўз мақсадларида фойдаланишмоқда. Биз ҳам мусулмонмиз, аммо уларнинг ишончи бошқача."

Бу ўзгаришлар жиноятчилик ва урушдан хавфсизлик билан бирга келган, чунки тўқнашувлар бошқа ҳудудларга ўтган. Маҳаллий аҳоли ана шу хотиржамликни илиқ қаршилаган.

Аммо бошқа нарсалар ҳам йўқолган. Афғонлар мамлакатнинг 34 вилояти орасида ўзининг қор қопланган тоғлари, тоза, соф ҳавоси, ям яшил далалари, тоза сувли дарёлари билан машҳур Тохарга бориб туришар эди.

Иллюстрация

Сурат манбаси, BBC/ELAINE JUNG

Фархор туманида таксист, 35 ёшли Асиф Аҳадийнинг айтишича, у кунига 11 доллардан ишларди. Аммо толиблар ҳудудни эгаллагач, сайёҳлар келиши ҳам тўхтаган.

"Ўша сайёҳлар менинг мижозларим эди, - дейди Асиф. - Улар берган пул билан оила тебратардим. Ҳозир даромадим кунига икки долларга бормайди. Бу нархи икки карра қимматлаган ёқилғи харажати учун ҳам етмайди."

Бу ўзгаришлар ижтимоий ҳаётга салбий таъсир қилмоқда. "Одамлар ҳар жума оқшомида зиёфатлар ўтказар, мусиқа тинглаб, рақсга тушарди. Буларнинг бари буткул тақиқланди", дейди Асиф.

"Ҳар бир бизнес шу каби зарар кўрди."

4 июлгача, АҚШ ва НАТО аскарлари АҚШ етакчилигидаги амалиётлар учун марказ бўлган Афғонистондаги энг йирик авиабаза Баграмдан чиқиб кетганидан икки кун ўтиб, Толибон Қандаҳор вилоятидаги Панжвай туманини эгаллади.

Бир ҳафта ўтмай, улар мамлакатдаги энг катта чегара ўтиш пункти ва Эрон билан савдо ва Ислом Қалъа портига олиб борадиган йўлни назоратга олганликларини айтдилар. Ойнинг учинчи ҳафтасига бориб, исёнчилар Афғонистон чегараларининг 90 фоизини, ҳудудининг эса 85 фоизини бошқараётганликаларини даъво қилаётган эди. Ҳукумат бу рақамларни савол остига олди, уларни мустақил текширишнинг ҳам имкони йўқ эди ва ҳукумат энг кўп аҳоли яшовчи ҳудудларнигина ўзида ушлаб турган эди.

Толибон Кобулда: Шаҳар қўрқув ва ваҳима ичида - янгиликлар

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Толибон ўз назоратини кучайтириб борар экан, одамлар ўйларидан чиқа бошлади, дейди Асиф. Айримлар Толибоннинг ўз бошқаруви ва судлов тизимини бунчалик тез йўлга қўйишини аввал кўрмаган эди.

"Улар жиноят иши каби масалаларда жуда тез қарор қабул қилишади, - дейди Асиф. - Ҳеч қандай бюрократия, ҳеч қандай қизил лента йўқ. Ҳар бир масала бир неча кунда ҳал бўлади ва ҳеч ким ҳукмга қарши бора олмайди."

Улар, шунингдек, "Толибон ушри" ва закот йиғадилар. Булар одатда камбағалларга ихтиёрий тарзда бериладиган, ҳосилдан 10 фоиз ва даромаднинг кичик бир қисмидир. Аммо Толибон уларни солиққа айлантириб, ўз мақсадига йўналтиради.

Нархлар "осмонга ўрлаган" пайтда бу бошқа бир молиявий босимдир", дейди Асиф. Ташқи ва ички савдо чекланганда иқтисод бўғилиб қолади. Ижтимоий ишлар ҳам тўхтади.

"Одамлар шундоғам қашшоқ, ишлаш учун ҳам, инвестиция учун ҳам шароит йўқ", деб қўшимча қилади у.

Айримлар Толибон яратган тизимни аввал ҳам кўрган.

"Уларнинг мафкураси ва тафаккур тарзи 90-йиллардаги билан бир хил, ҳеч нарса ўзгармаган", дейди Жон Оға. - Толибон Исломий амирликни қайта қуриш учун кўп нарса қурбон қилинганини айтади, шундай экан, бу мақсадни четга суриб қўя олишмайди."

Толибон "исломий ҳукумат қуради", ўзбеклар ҳуқуқини ҳам ҳимоя қиладими?

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Унинг айтишича, Толибон ҳудуддаги барча мактабларни ёпган. Улар таълим ўзларининг талқинидаги исломий шариатга мувофиқ бўлиши кераклигини айтишди. Булар эса маҳаллий аҳоли учун жуда хавотирли белгилардир.

1996 йилдан 2001 йилгача бўлган ҳукмронликлари давомида, Толибон аёллар учун таълим ва ишлашни тақиқлаган, уларнинг соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиши чекланган эди. Улар қудратдан кетгазилгач, аёллар ижтимоий ҳаётга қайтди, парламентнинг чорак қисмини эгаллади.

Ўрта мактаб сўнгига қадар ўқувчи қизлар сони 20 фоизга тушиб қолса ҳам, бошланғич таълимда ўқиётган қизлар сони 50 фоизга ошди. Аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 57 дан 66 ёшга кўтарилди. Бу рақамлар нисбатан паст бўлса ҳам, аммо яхши томонга ўзгаришлар бор. Энди эса буларнинг бари яна йўққа чиқишидан хавотирлар бор.

Илгарилаётган бўлса ҳам, Толибон илгарилаяпти. Август ойида улар кўпроқ шаҳарларга ҳужум қилди, вилоятлар ва туман марказларининг учдан бирини босиб олди, жумладан, шимолда Қундуз, ва Тохар вилоятида Талоқанни эгаллади. Бу ҳафта улар ғарбда Ҳиротни, жанубий Қандаҳорни ва Лашкар Гоҳни, биргаликда бир миллиондан ортиқ одам яшайдиган стратегик ва символик жиҳатдан муҳим шаҳарларни эгаллашди.

АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари афғон армиясини қўллаб турди. Аммо энг охирги қолган хориж аскарлари ҳам 11 сентябргача чиқиб кетиши кутилмоқда. Шу куни ал-Қоиданинг АҚШдаги террор ҳужумига 20 йил тўлади. Бу воқеа АҚШнинг Афғонистонни ишғол қилиши, Усома бин Лоден ва ал-Қоиданинг бошқа раҳбарларини ҳимоя қилгани учун Толибонни қудратдан кетгазишига сабаб бўлган эди.

Бу уруш кўплаб одамлар ҳаётига зомин бўлди. БМТ маълумотига кўра, август ойигача минглаб тинч фуқаро ўлди. Юз минглаб одам уй жойини ташлаб қочди.

Мамлакат келажаги ҳамон аниқ эмас. Аммо қаердаки Толибон бошқарувни қўлга олса, ўша ерда ўзгариш бўлиши аниқ.

"Яшаш учун бошни эгиб юришга мажбурсиз, - дейди Жон Оға. - Уларга қарши чиқа олмайсиз. Уларга қарши гапира олмайсиз. Улар "ҳа" деса, сиз ҳам "ҳа" дейишингиз шарт. Агар "йўқ" деса, "йўқ" дейсиз.

Бундай қўрқув кенг тарқалган, дейди Нурия. "Одамлар бир қарашда хотиржам тортгандек кўринса ҳам, улар билан гаплашсангиз, уларнинг хавотирини сезасиз. Биз ёнма-ён ўтириб, Худодан уларни биздан узоқ тутишини сўраймиз."

Суҳбатлашганлар исмлари ўзгартирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek