Толибон Мозори Шарифни ҳам олди. Маршал Дўстумнинг қаердалиги номаълум - Афғонистон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Маршал Дўстум ва генерал Нур

Сурат манбаси, Gen.nur/facebook

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон

Толибон Мозори Шариф шаҳрини ҳам босиб олди. Афғонистон шимоли деярли тўлиғича толиблар қўлига ўтди. Мозори Шариф Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош ягона шимолий Балх вилояти маркази бўлади. Маршал Дўстумнинг қаерда экани ҳозирча маълум эмас.

Худди шу бугун толибларнинг шимолий Фарёб вилояти марказига ҳам кириб боришга муваффақ бўлишганига оид хабарлар олинган.

Фарёб ҳам Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош бошқа бир шимолий вилояти бўлади.

Мозори Шариф ва Маймана Афғонистон шимолидаги Толибон қўлига ўтмаган сўнгги икки шаҳар эди.

Воқеаларнинг бу каби ривожига расмий Кобулнинг муносабати ҳозирча имконли эмас.

Балх ва Фарёбдаги халқаро аҳамиятга молик икки йирик порт - Ҳайратон ва Оқинанинг тақдири ҳам ҳозирча номаълум қолмоқда.

Ҳайратон порти Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида жойлашган.

Толибон бунгача Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистон билан ўртасидаги қатор муҳим портлар, асосий назорат-ўтиш нуқталари, савдо ва транзит йўлларини босиб олган.

Орада Ҳайратонга ҳам ҳужум қилган, аммо уни қўлга киритишга муваффақ бўлмаганди.

Кеча, жума куни Афғонистон шимолидаги икки қудратли сиёсатчи ва қўмондон сифатида эътироф этилувчи маршал Дўстум ва генерал Атто Муҳаммад Нур Мозори Шарифда биргаликда Толибонга қаршилик ҳаракатига асос солишган.

Икковлон Балхни охирига қадар ҳимоя қилишларини айтишганди.

Вилоятнинг Ўзбекистонга чегарадош икки туманидан биттаси эса, бунгача ҳам Толибон қўлида эди.

Ўтган икки ойнинг ичида жангарилар Балхнинг ҳам аксарият туманларини босиб олишган.

Мозори Шарифга эса, шу ҳафта душанба куни ўз ҳужумларини эълон қилишган.

Жангарилар июнь ойида ҳам Мозори Шариф шаҳрига яқинлашишга уринишган.

Аммо уларнинг бу ҳаракати саноқли соатларнинг ўзида Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан йўққа чиқарилганди.

Маршал Дўстум ва генерал Нур

Сурат манбаси, Gen.nur/facebook

Ҳозир шаҳардаги ҳарбийларнинг Ўзбекистон чегарасига йўл солишганига оид хабарлар бор.

Ҳарбийларнинг сони, ораларида маршал Дўстум ва генерал Нурнинг бор-йўқлиги маълум эмас.

Аммо ҳарбийларнинг Ҳайратон кўпригида тўпланишаётганига оид видеотасвирлар чиққан.

Уларнинг ўзаро суҳбатларидан чегаранинг очилишини кутиб туришганини англаш мумкин бўлган.

Ҳайратон кўприги Ўзбекистон ва Афғонистонни тўғридан-тўғри боғлаб туради.

Буни Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида Ҳайратон шаҳарчаси масъуллари ҳам тасдиқлашган.

Орада Атто Муҳаммад Нур твит қилган, ҳозир ўзи ва маршал Дўстумнинг ҳам хавфсиз жойда эканини айтган, аммо айнан қаерда эканликларини очиқламаган.

Хабарларга кўра, Мозори Шариф толибларга деярли жангсиз таслим бўлган.

Балхнинг собиқ қудратли ҳокими мағлубиятда афғон ҳукумат кучларини айблаган, улар қурол-яроғ ва техникаларини Толибонга топширишганини айтган.

Толиблар Мозори Шарифга илк ва сўнгги бор бундан чорак асрча бурун кириб боришга муваффақ бўлишган, холос.

Ҳайратон кўприги, 14-август

Сурат манбаси, SOCIAL MEDIA/AFGHANISTAN

Сурат тагсўзи, Ҳайратон кўприги, 14-август

Воқеаларнинг сўнгги ривожига расмий Тошкент муносабати ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди. Ўзбекистонда бугун шанба, расман дам олиш куни.

Ўзбекистон шу йил июнь ойида Афғонистон билан чегарасини бир томонлама ёпган.

Расмий Тошкентнинг бу қарори Афғонистон шимолида Толибон шиддатлашаётган бир пайтга тўғри келган.

Аммо Ўзбекистон томони ўз қарори сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескин ёмонлашиб бораётган вазият билан изоҳлаганди.

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images

Ўтган 8 кун ичида Толибон Афғонистон шаҳарларининг ярмидан кўпини босиб олган.

Бунгача ҳаракат мамлакат туманларининг ярмидан кўпини қўлга киритгани халқаро миқёсда ҳам расман эътироф этилган.

Толибоннинг ўзи Афғонистон ҳудудининг 85-90 фоизи назоратлари остида эканини иддао қилиб келади.

Афғонистон ҳукумати эса, буларнинг ҳеч бирини Толибоннинг ютуғига йўймаган, орада айнан йирик шаҳарлар ҳимоясини таъминлаш учун бу туманлар кўпчилигини ўзларини ташлаб чиққанликларини расман баён қилганди.

Жангарилар энди шиддат билан пойтахт Кобулга яқинлашишмоқда.

Улар шунча ютуққа асосан сўнгги хорижий Иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган ўтган икки ой ичида эришишган.

Толибон Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг ташрифидан саноқли кунлар ўтиб, Мозори Шарифни эгаллаган.

Президент Ғани шу ҳафта сешанба куни маршал Абдулрашид Дўстум билан кетма-кет шаҳарга етиб келган.

Бунақаси сўнгги кунларда Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбидаги толиблар босиб олган бирор бир шаҳар мисолида кўрилмаган.

Мозори Шарифда экан, президент Ғани Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган.

Ўзининг сиёсий мухолифлари бўлган таниқли собиқ жиҳодий қўмондонлар билан учрашган.

Улар билан бирга ҳукуматпараст кўнгилли қуроллиларни Толибонга қарши мувофиқлаштиришга келишиб олган.

Бу - президент Ғанининг сўнгги икки ой ичида Мозори Шарифга қилган иккинчи ташрифи бўлган.

Унинг ўз вақтида ўзи қудратдан четлатишга уринган мухолифларидан дастак сўраб бориши Афғонистондаги бугунги вазиятнинг қанчалик танг экани далолати мазмунидаги талқин ва таҳлилларга ҳам замин яратганди.

Стратегик жиҳатдан ўта муҳим бўлган Мозори Шариф шаҳрининг қулаши - Афғонистон ҳукумати учун жиддий зарба бўлиши айтилган.

Ҳамиша аксилТолибон мавқеи билан танилган шаҳар ҳукуматнинг мамлакат шимолидаги таянч нуқтаси сифатида кўрилган.

Маршал Дўстум ҳам шу ҳафта сешанба куни Кобулдан Мозори Шариф шаҳрига етиб борган.

Шаҳарда экан, у Афғонистон шимолини толиблардан тозалашини билдирган.

Унинг шу кунлар бутун Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқини қамраб олувчи йирик кенг кўламли ҳарбий амалиётларга ҳозирлик кўраётганига оид хабарлар олинганди.

Ўзбекистон сўнгги икки ой ичида толиблар ҳужуми боис ўз чегараларини бузиб ўтган жами 150 га яқин афғон ҳарбийси ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуроллилар барчасини ортга, Афғонистонга қайтарган.

Афғонистон томонини устма-уст расман кескин огоҳлантирган.

Расмий Тошкент Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилишини айтган.

Шибирғон

Сурат манбаси, Social media

Толибон бу галги илгарилишини айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидан бошлаган.

Маршал Дўстумнинг она шаҳри Шибирғон жангарилар Афғонистон шимолида босиб олган илк шаҳар бўлганди.

Сўнгги зўравонликлар АҚШ ва Нато бошчилиги остидаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни деярли буткул тарк этишига саноқли ҳафталар қолган бир пайтга тўғри келмоқда.

Улар Афғонистон Толибон ҳаракати расмий Вашингтон билан ўтган йил имзолаган "тарихий" битими шартлари асосида мамлакатдан чиқиб кетишаётир.

Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги 20 йиллик ҳозирлиги мамлакатдаги Толибон ва жангарилик муаммосига ҳарбий йўлда барҳам бера олмаган.

Улар Афғонистондан чиқиб кетишга киришган май ойидан бошлаб Толибон янада фаоллашган.

Саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи ва ғарбида аксарият туманларни босиб олган.

Мазкур битимда кўзда тутилган ва афғон можаросига дипломатик йўлда барҳам беришга қаратилган афғонлараро мулоқотлар эса, ҳануз ўз самарасини бермаган.

Толибон музокарачилари ва афғон ҳукумати вакиллари сўнгги бор ўтган ой Доҳада учрашишган.

Аммо томонлар на-да муваққат ва на-да доимий сулҳ борасида бир тўхтамга кела олишмаган, қудратни қандай бўлашиш масаласида ҳам фикрлари ҳануз бир жойдан чиқмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek