Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим? Video Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Балх ва Афғонистоннинг бошқа ерларида ҳам толиблар шиддат билан илгарилашмоқда
Сурат тагсўзи, Балх ва Афғонистоннинг бошқа ерларида ҳам толиблар шиддат билан илгарилашмоқда
    • Author, Секундер Кермани
    • Role, BBC News, Балх, Афғонистон
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Биз учрашган Толибон жангарилари Афғонистоннинг йирик шаҳарларидан бири Мозори Шарифдан 30 дақиқалик масофада жойлашган эди.

Улар кўрсатган "ғанимат" ёки уруш ўлжалари орасида битта хамви, иккита фургон ва бир қанча пулемёт бор эди. Қуролланган оломон ўртасида турган, боқиши совуқ собиқ мадраса ўқувчиси Айнуддин ҳозир маҳаллий ҳарбий командир.

Халқаро қўшинлар мамлакатдан чиқиб кетар экан, исёнчилар кунига янги ҳудудларни қўлга киритмоқда. Ўртада эса даҳшат ичида тинч аҳоли қоляпти.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўн минглаб афғонлар ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур, юзлаби охирги ҳафталарда ўлдирилди ёки жароҳат олди.

Айнуддиндан одамлар учун урушяпмиз, деб ўша одамларнинг ўзига азият етказилаётганини қандай оқлайсиз, деб сўрадим.

"Бу уруш, шунинг учун одамлар ўляпти", деб жавоб берди у пинагини бузмай, гуруҳ имкони қадар "тинч аҳолига зарар бермасликка" ҳаракат қилаётганини қўшимча қилар экан.

Толиблар бизга ўзлари қўлга киритган ҳарбий машинани кўрсатишади
Сурат тагсўзи, Толиблар бизга ўзлари қўлга киритган ҳарбий машинани кўрсатишади

Мен унга Толибон урушни бошлаганини айтдим.

"Йўқ, - деди у кескин. - Бизнинг ўз ҳукуматимиз бор эди ва уни ағдаришган. Улар [америкаликлар] урушни бошлашган."

Айнуддин ва бошқа толиблар вазият уларнинг фойдасига эканини, 2001 йили АҚШ бошчилигидаги кучлар уларни ағдариб ташлагач, яна ҳокимиятга қайтиш арафасида эканликларини сезиб туришибди.

"Улар Ғарб маданиятидан воз кечмаяпти... шунинг учун уларни ўлдиришга мажбурмиз", дейди у Кобулдаги "қўғирчоқ ҳукумат" ҳақида.

Энди суҳбатни тугатишимиз билан осмонда вертолёт овози эшитилади. Хамви ва Толибон жангарилари тезда тарқалиб кетади. Бу ҳолат афғон ҳаво кучлари исёнчиларга доимий хавф солишидан, уруш эса ҳали-вери тугамаслигидан дарак беради.

Биз қадимий шаҳар Балхдамиз - Исломнинг энг машҳур сўфий шоирларидан бири Жалолиддин Румий туғилган деб ҳисобланадиган шаҳар.

Бу ердан йил бошларида, ҳукумат ҳали назоратни ушлаб турган, аммо чекка қишлоқлар толиблар қўлида бўлган вақтда ўтганмиз. Ҳозир эса бу ер охирги ҳужумлар натижасида жангарилар қўлига ўтган 200 атрофидаги туман марказларидан бири.

Толибон махсус кучларининг жангариси
Сурат тагсўзи, Толибон махсус кучларининг жангариси

Толибоннинг юқори мартабали мулозимларидан бирининг айтишича, шимолга эътибор қаратилиши атай режаланган эди, бу ерда аксил Толибон кайфияти кучли бўлгани учун эмас, халқлар турфахил бўлгани учун.

Етакчилари орасида паштунлар асосий ўринни эгаллашига қарамай, расмийнинг айтишича, Толибон бошқа этник гуруҳларни ҳам ўз сафларига қўшишни истайди.

Ҳожи Ҳикмат маҳаллий Толибон етакчиси, бизнинг Балхдаги мезбон. У бизга ҳаёт маромида давом этаётганини кўрсатишга уринади.

Мактаб ўқувчи қизлар кўчада кетяпти (гарчи айрим бошқа жойларда қизларнинг мактабда ўқиши тақиқлангани ҳақида хабарларга қарамай). Бозор аёл ва эркак харидорлар билан гавжум.

Шимолий Балх вилояти

Маҳаллий манбаларимиз бизга аёллар эркак ҳамроҳ билангина юришига изн берилганини айтган эди, аммо биз борганимизда унақага ўхшамади. Бошқа жойларда Толибон командирлари қаттиққўлроқлиги ҳақида хабарлар берилмоқда.

Шунга қарамай, биз кўрган аёлларнинг бари юзи ва сочларини тўлиқ ёпадиган бурқа ёпиниб олган.

Ҳожи Ҳикмат ҳеч ким "мажбурланмаётганини" ва Толибон шунчаки аёллар қандай кийиниши кераклигини тушунтираётганини таъкидлайди.

Бозордаги мана бу қизалоқнинг юзи очиқ. Аммо ёши катта хотин-қизларнинг барчаси бурқада
Сурат тагсўзи, Бозордаги мана бу қизалоқнинг юзи очиқ. Аммо ёши катта хотин-қизларнинг барчаси бурқада

Аммо менга айтишларича, аёл агар тўла ёпинган бўлмаса, таксичиларга уларни олиб юрмасликка кўрсатма берилибди.

У ердан кетган кунимиз эртасига бир қизни кийган либоси учун ўлдиришади. Ҳожи Ҳикмат эса, Толибон бунга масъуллиги ҳақидаги даъволарни рад қилди.

Бозорда кўпчилик Толибон ҳақида илиқ гапириб, улар келгач, хавфсизлик яхшиланганини билдирди. Аммо бизга Толибон жангарилари ҳамроҳ бўлганини ҳисобга олсак, аҳоли аслида нима деб ўйлашини билиш қийин.

Гуруҳнинг муросасиз қарашлари консерватив афғонларга маъқул келади, аммо Толибон каттароқ шаҳарларни назорат қилишга ҳаракат қилмоқда.

Мозори Шарифдаги Мовий масжид соясида аёл ва эркаклар ўтган ҳафта нисбатан бемалолроқ юрар эди.

Мозори Шариф
Сурат тагсўзи, Мозори Шариф шаҳри яқинидаги Би-би-си суҳбатлашган аксарият толибларнинг бош қўтаришидан қўрқувда эканликларини айтишди

Шаҳарда ҳукумат назоратни ушлаб турибди, аммо мен гаплашганларнинг деярли барчаси Толибон хуружи нима эканидан, айниқса, "эркинликда" ўсган ёш авлод учун хавотирда.

Аммо Балх туманида Толибон ўзининг ҳокимиятини тузмоқда. Улар шаҳарчадаги полицияга қарашли бўлган ташлаб кетилган бинодан бошқа расмий идораларни қўлга олган.

У маҳаллий полиция бошлиғининг штаби бўлган ва жангарилар уни қўлга олишга уриниши асносида худкушлик ҳужуми орқасидан бир қисми вайрон қилинган.

Бу операция ҳақида гапирар экан, Толибоннинг туман ҳокими Абдуллоҳ Мансурнинг чеҳраси ёришиб кетади. Бу ерда тўқнашувлар, Афғонистоннинг бошқа жойларида бўлгани каби, ҳам шахсий, ҳам мафкуравий характер касб этади.

Толиблар келганидан кейин ҳам айрим нарсалар ўзгармаган. Оловранг кийимдаги кўча тозаловчилар ва айрим бюрократлар ҳамон доимгидек ишга чиқади. Уларни устига "Афғонистон Ислом Амирлиги" деб ёзилган байроқча қўйилган катта ёғоч стол олдида ўтирган толибларнинг янги ҳокими назорат қилади.

Толибоннинг Балхдаги ҳокими гуруҳ ҳудудни эгаллаб олганидан кейин бизнес суръати анча пасайганини айтади
Сурат тагсўзи, Толибоннинг Балхдаги ҳокими гуруҳ ҳудудни эгаллаб олганидан кейин бизнес суръати анча пасайганини айтади

У аввал қурол-яроғ таъминотига жавоб берар эди, ҳозир эса солиқларга. У менга гуруҳ тадбиркорларга камроқ солиқ солаётганини айтиб мақтанади.

Ҳарбий ҳаётдан фуқаролик ҳаётига ўтиш жараёни кетяпти. Аммо Толибон жангариси биз сўзлашаётганимизда ҳокимнинг ортида милтиғини ушлаб турибди.

Бошқа жойларда исёнчиларнинг янада муросасиз исломий қарашлари шундай кўзга ташланиб туради. Маҳаллий радиостанцияда авваллари исломий мусиқа билан оммабоп хитлар қўйиларди.

Ҳозир эса фақат диний зикрлар янграмоқда. Ҳожи Ҳикмат "одобсизликни" кучайтиргани учун мусиқа оммавий қўйилиши тақиқланганини айтади. Аммо ҳар ким ўзи тинглаши мумкинлигини таъкидлайди.

Шунга қарамай, менга бозорда мусиқа тинглаб ўтирган бир одамни тутиб олишгани ҳақида гапиришди. Уни жазолаш учун Толибон жангарилари то ҳушидан кетгунича ялангоёқ қуёш нури остида юришга мажбур қилишган.

Ҳожи Ҳикмат бундай иш бўлмаганини айтади. Биз кетаётганимизда у ўша ерда ишлаётган йигитларни кўрсатиб, уларнинг соқоллари йўқлигига ишора қилди.

"Қаранг! Биз ҳеч кимни мажбурламаймиз", дейди у тиржайиб.

Гуруҳ дунёга ўзининг мулойим юзини кўрсатишни истаётгани аниқ. Аммо мамлакатнинг бошқа қисмларида Толибон анча қаттиққўл йўл тутаётгани хабар қилинмоқда. Фарқлар маҳаллий қўмондонларнинг қарашларига боғлиқ.

Толиблар эгаллаган ҳудудларда қасос олиш учун ўлдиришлар ва бошқа инсон ҳуқуқлари топталишлари ҳақида хабар қилинар экан, Ғарб расмийлари агар улар ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринса, ўзларини халқаро майдонда яккамоховга айлантириб қўйишлари мумкинлиги билан огоҳлантирмоқда.

Кўпчилик Толибонга нисбат берадиган нарса - толиблар ҳокимият тепасида бўлганларида Шариатнинг энг қаттиқ талқинини амалга жорий қилгани, шафқатсиз жазолашлардир.

Ўтган ой жанубий вилоят Ҳелмандда толиблар кўприкда бир болани ўғирлашга уринганликда айбланган икки кишини дорга осди. Буни улар бу иккиси айбдор, деб топилгани билан изоҳлади.

Балхда Толибон маҳкамасига борганимизда кўриб чиқилаётган ишларнинг бари ер талашиш билан боғлиқ экан. Кўпчилик уларнинг тўғри ҳукм чиқаришидан хавотирда бўлса ҳам, бошқалари коррупциялашган ҳукумат тизимидагидан кўра бу ерда ҳукм тезроқ чиқишидан умид қилади.

"Бир дунё пора беришим керак бўларди", дейди даъвогарлардан бири муаммони ечиш учун аввал қилган уринишларини эслар экан.

Толибон судьяси Ҳожи Бадриддин лавозимидаги тўрт ой ичида бирор марта ҳам жисмоний жазо тайинламаганини ва одамлар жиддий жазолар бўйича аппеляция бериши мумкинлигини айтди.

Аммо у энг оғир жазоларни ҳам оқлашга уринади. "Шариатимизда ҳаммаси аниқ кўрсатилган, никоҳда бўлмаганлар зино қилса, эркак ё аёлдир, жазоси омма олдида 100 дарра уриш."

"Аммо никоҳдаги одам шундай қилса, улар тошбўрон қилиб ўлдирилади... Ўғирлик қилганлар эса, агар айби исботланса, қўли кесилади."

У бу жазолар замонавий дунёга мос келмаслиги ҳақидаги танқидларга жавоб қайтаради:

"Одамларнинг боласи ўғирланмоқда. Бу яхшироқми? Ёки битта одамнинг қўли қирқилиб, жамиятга осойишталик келгани яхшими?"

Ҳозирча Толибоннинг шитоб илгарилашига қарамай, ҳукумат Афғонистоннинг катта шаҳарлари назоратини ушлаб турибди. Икки томон ҳокимият учун курашар экан, келгуси ойларда давомли ва аёвсиз тўқнашувлар бўлиши эҳтимоли бор.

Ҳожи Ҳикматдан Толибон қуролли ғалаба қилишига ишонасизми деб сўрадим. "Ҳа, - жавоб берди у. - Агар тинчлик музокаралари муваффақиятли чиқмаса, иншааллоҳ, биз ғалаба қиламиз."

Гарчи бу музокаралар боши берк кўчага кириб қолган бўлса ҳам Толибоннинг "исломий ҳукумат" қуриш ҳақидаги такрорий талаблари мухолифларини таслим бўлишга чақириқдек кўринмоқда.

"Биз хорижликларни енгдик, - дейди Ҳожи Ҳикмат. - Энди навбат ички душманга."

Йигирма йиллик зиддият - нима қачон рўй берди?

2001 йил 11 сентябридан то жанглар бошланиб, ҳозирда АҚШ бошчилигидаги кучлар тўла чиқиб кетгунича, нималар рўй берди?

2001 йил, 11 сентябрь

Афғонистонда қўним топган Усома бин Лоден бошчилигидаги ал Қоида АҚШ тупроғида мисли кўрилмаган террор амалини содир этди.

Тўртта тижорий учоқ ўғирланди. Иккитаси Нью Йоркдаги Жаҳон Савдо марказига бориб урилди. Бири Вашингтондаги Пентагон биносига, яна бири Пенсильваниядаги далага қулади. Қарийб 3000 одам ўлди.

Илк ҳаво ҳужумлари

2001 йил, 7 октябрь

АҚШ бошчилигидаги коалиция Толибон ва ал Қоиданинг Афғонистондаги марказларини бомбалай бошлади. Нишонлар орасида Кобул, Жалолобод ва Қандаҳор бор эди.

Советлар ишғоли тугагач, Афғонистонда бошланган фуқаролар урушидан сўнг ҳокимиятни қўлга олган толиблар Бин Лоденни топширишни рад қилди. Уларнинг ҳаво ҳужумидан мудофааси ва кичик қирувчи учоқлар флоти йўқ қилинди.

Кобулнинг қулаши

2001 йил, 13 ноябрь

Коалиция кучлари қўлловидаги аксил Толибон исёнчилар - Шимолий альянс Толибон чекинар экан, Кобулга кирди.

2001 йил 13 ноябргача толибларнинг бари ё қочди ёки йўқ қилинди. Қолган шаҳарлар ҳам тезда қўлга олинди.

Янги Конституция

2004 йил, 26 январь

Лоя Жирга ёки Олий кенгашдаги узоқ давом этган тортишувлардан сўнг янги афғон конституцияси қабул қилинди. Бу конституция 2004 йил октябрда ўтадиган президентлик сайловларига йўл очди.

Ҳамид Карзай президент бўлди

2004 йил, 7 декабрь

Попалзай Дурроний қабиласи етакчиси Ҳамид Карзай янги конституция асосидаги биринчи президент бўлди. У беш йилдан икки муддат президент бўлди.

Британия қўшинлари Ҳелмандга жойлаштирилди

2006 йил, май

Британия қўшинлари толибларнинг мамлакат жанубидаги қароргоҳи Ҳелманд вилоятига етиб келди.

Уларнинг илк вазифаси қайта қуриш лойиҳаларини қўллаб қувватлаш эди. Аммо тезда жангларга тортилиб кетди. Бутун йиллар давомида 450 дан ортиқ британ аскари Афғонистонда ҳаётидан айрилди.

Обаманинг келиши

2009 йил, 17 февраль

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистондаги қўшинлар сонини оширишни маъқуллади. Улар сони 140 000 нафаргача етди.

Бу ўзгариш АҚШнинг Ироқдаги стратегиясига ҳамоҳанг бўлди. АҚШ кучлари эътиборни тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва исёнчи жангариларни йўқ қилишга қаратди.

Усома бин Лоден ўлдирилди

2011 йил, 2 май

Ал-Қоида раҳнамоси АҚШ махсус кучларининг ҳужуми ортидан Покистоннинг Абботобод шаҳрида ўлдирилди. Бин Лоденнинг жасади олиб кетилиб, денгизга чўктирилди. Операция Марказий разведка бошқармасининг 10 йиллик қув қувидан сўнг амалга ошди. Бин Лоденнинг Покистон ҳудудида яшаб келгани тасдиқлангач, АҚШда Покистоннинг террорга қарши урушда ишончли иттифоқчилигига бўлган шубҳалар аланга олди.

Мулла Умарнинг ўлими

2013 йил, 23 апрель

Толибон асосчиси Мулла Муҳаммад Умар вафот этди. Унинг ўлими икки йил давомида сир сақланган.

Афғонистон разведкасига кўра, Мулла Умар соғлиғи ёмонлашиб, Покистоннинг Карачи шаҳридаги касалхонада вафот этган. Покистон у мамлакатда бўлганини рад қилади.

НАТО жанг ҳаракатларини тўхтатди

2014 йил, 28 декабрь

Кобулда ўтган маросимда НAТО Афғонистондаги жанговар ҳаракатларини тўхтатишини эълон қилди. АҚШ ўз қўшинлари сонини камайтира бошлади. Мамлакатда қолганлари асосан афғон хавфсизлик кучларини ўқитиш ва қўллаб қувватлаш биланг шуғуллана бошлади.

Толибоннинг бош кўтариши

2015 йил

Толибон худкушлик ҳужумлари, машиналарни портлатиш ва бошқа ҳужумлар сериясини бошлади. Кобулдаги парламент биноси ва Қундуз шаҳрига ҳужум уюштирилди. ИШИД жангарилари Афғонистонда фаоллашди.

Ўлганлар сони очиқланди

2019 йил 25 январь

Афғонистон президенти Ашраф Ғани у 2014 йили ҳокимиятга келганидан буён 45 мингдан ортиқ хавфсизлик кучлари хизматчилари ўлганини маълум қилди. Бу рақамлар аввал тахмин қилинганидан анча кўп эди.

АҚШ Толибон билан битим имзолади

2020 йил, 29 февраль

АҚШ ва Толибон Қатар пойтахти Доҳада Афғонистонга "тинчлик келтириш учун битим" имзолади. АҚШ ва НАТО, агар жангарилар шартнома шартларига амал қилса, 14 ой ичида мамлакатдан қўшинлар олиб чиқиб кетилишига рози бўлди.

Чиқиб кетиш учун охирги муддат

2021 йил, 11 сентябрь

АҚШ кучлари 11 сентябр воқеаларидан роппа-роса 20 йил ўтиб, 2021 йил 11 сентябригача Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши белгиланди. Олиб чиқиб кетиш муддатидан аввал якунланиши деярли аниқ бўлиб қолган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek