Маршал Дўстум Мозори Шарифда, Афғонистон шимолини толиблардан тозаламоқчи (video) Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон
- Ўқилиш вақти: 12 дақ
Толибон Мозори Шариф шаҳрини олмоқчи. Шахсан Афғонистон президентининг ўзи маршал Абдулрашид Дўстум билан кетма-кет шаҳарга етиб келган. Бунақаси сўнгги кунларда Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбидаги толиблар босиб олган бирор бир шаҳар мисолида кўрилмаган.
Ҳар икковлоннинг ҳам шу соатларда Мозори Шариф ва Афғонистон шимолидаги вазиятни яқиндан ўрганишаётгани айтилади.
Бу - сўнгги бир ой ичида президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг Мозори Шарифга иккинчи кутилмаган ташрифи бўлади.
Мозори Шариф Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази бўлади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Президент Ғани ва маршал Дўстумнинг кутилмаган ташрифи эса, учинчи кундирки, Толибон ва афғон хавфсизлик кучлари ўртасида Мозори Шариф шаҳри учун жанглар давом этаётган бир пайтга тўғри келган.
Хабарларга кўра, Афғонистон президенти Балхдаги қудратли собиқ жиҳодий қўмондонлар билан ҳам учрашган, уларнинг қуроллиларини ҳукумат кучлари сафларига жалб қилиш ва қурол-яроғ билан таъминлаш масаласини ҳам муҳокама қилган.
Унинг бу ҳаракати бугунги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни ўнглаш учун энди ҳатто ўз вақтида қудратдан четлатишга уринган мухолифларига бош уриб бориш талқинидаги изоҳларга ҳам сабаб бўлган.
Ўтган икки ой ичида Толибонга қарши айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида кечган жангларда кўнгилли қуроллиларнинг муҳим ўрин тутишгани ва тутишаётгани кўрилади.
Маълум бўлишича, Мозори Шарифда кечган ана шу мулоқотлар чоғида кўнгилли қуроллиларни мувофиқлаштирувчи марказ тузишга ҳам қарор қилинган.
Балхнинг аксарият туманлари аллақачон толиблар назорати остида, уларнинг сирасида Ўзбекистонга чегарадоши ҳам бор.
Вилоятнинг Ўзбекистонга қўшни икки туманидан биттаси эса, ҳануз Толибон қўлида.
Кутилмаган ташриф

Сурат манбаси, Social media
Маршал Дўстум кеча, сешанба куни маҳаллий вақт билан кечга яқин Мозори Шариф шаҳрига етиб борган.
Маҳаллий журналистлардан бирининг саволига жавобан у Афғонистон шимолини толиблардан тозалаш учун ўзининг бу ерга келганлигини айтган.
Маршал Дўстум 4 август куни Мозори Шариф орқали пойтахт Кобулга қайтган бўлса, орада кечган вақт давомида Афғонистон президенти ва муваққат Мудофаа вазири билан учрашган.
Маршалнинг Ғани билан мулоқоти Толибон унинг она шаҳри Шибирғонни қўлга киритган бир манзарада бўлиб ўтган.
Арг - президент саройининг расмий хабарида икковлоннинг Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама этишгани, ўз эътиборларини, айниқса, мамлакат шимолидаги аҳволга қаратишгани айтилган.
Худди шу учрашув чоғида маршал Дўстум Афғонистон хавфсизлик ва Мудофаа кучларини қўллаб-қувватлашини эълон қилгани маълум бўлган.
Агар хабарида Дўстумнинг, "биз ўз халқимиз ва еримизни қатъий ҳимоя қиламиз", деган сўзларидан иқтибос ҳам келтирилган.
Президент Ғани ва маршал Дўстумнинг Мозори Шарифга кетма-кет ташрифи ана шу учрашувдан саноқли кунлар ўтиб амалга ошган.
Мозори Шарифдан экан, маршал Дўстум ўзи бўлмагани боис, Толибон унинг она вилояти Жаузжонни босиб олишга қодир бўлганини ҳам баён қилган.
Кобулда экан, Жаузжонга бориш истагида экани, аммо ҳозиргиси оддий уруш эмаслиги боис, бу хусусда бир қарорга келишдан аввал Афғонистон етакчилари билан гаплашиб олиши кераклигини ҳам айтган.
Туркияга кутилмаганда жўнаб кетмасидан аввал эса, айнан Жаузжон учун толибларга қарши жангларга шахсан ўзининг бошчилик қилгани ҳам кўрилган.
Афғонистон президенти ва собиқ биринчи вице-президенти маршал Дўстумнинг Мозори Шарифда яна қанча бўлишлари маълум эмас.
Аммо, айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, маршал Дўстум Афғонистон шимолидаги мувофиқлаштирилган кенг кўламли ҳарбий амалиётларга бошчилик қилиши мумкин.
Уларнинг аниқ қачон, қандай йўлга қўйилиши ва АҚШ ҳарбийлари томонидан ҳаводан дастакланиши-дастакланмаслиги тафсилотлари ҳалича имконсиз.
Аргда кечган музокаралар ва икковлоннинг Мозори Шарифга кутилмаган ташрифига АҚШ ва ёки Нато томонининг муносабати ҳам ҳозирча маълум эмас.
Айнан Балх вилоятида Афғонистон Қуролли кучларининг Афғонистон шимолидаги энг йирик - Шоҳин ҳарбий бўлинмаси ҳам жойлашган.
Сўнгги вазият

Сурат манбаси, official
Толибон сўнгги беш кун ичида Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбида жами саккиз вилоят марказини босиб олган, шу пайтгача аксарият туманлари ўз қўлида экани боис, деярли тўлиғича қўлга киритган.
Уларнинг тенг ярми Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош вилоятларидир.
Толибон уларнинг барчасини ғарбий Ҳирот, жанубий Лашкар Гоҳ ва Қандаҳор учун қақшатқич жанглар олиб бораётган бир пайтда қўлга киритган.
Толибларнинг Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбидаги сўнгги илгарилаши худди шуниси билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган, жиддий хавотирларига сабаб бўлган.
Жангариларнинг бу каби ютуғига ҳозирча Афғонистонга чегарадош минтақа давлатларининг расмий муносабати имконли эмас.
Аммо воқеаларнинг бу каби ривожи Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон чегараси яқинида бу яқин йилларда кузатилмаган йирик қўшма ҳарбий амалиётлар ўтказаётган ва ўтказиб бўлган бир пайтга тўғри келган.
Афғонистоннинг Тожикистон ва Хитойга чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон вилояти маркази Файзобод шаҳрини эса, Толибон Россия ва Хитой кенг кўламли ҳарбий амалиётлар бошлаган бир кунда, кеча, сешанба куни босиб олган.
Жанубий-ғарбий Нимрўз вилояти маркази Заранж мамлакатнинг ҳаракат хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этишга киришган ўтган икки ой ичида босиб олган илк йирик шаҳри бўлган.
Бунақаси Толибон Афғонистонда қудратга келган 90-йиллар охири ва орадан 20 йил ўтиб, яна ҳокимиятга жиддий қайтиш илинжида бўлган сўнгги вақтларда ҳам кузатилмаган.

Сурат манбаси, ENOYATULLOHBOBURFARAHMAND
Айнан маршал Абдулрашид Дўстумнинг она вилояти бўлган Жаузжон вилояти маркази Шибирғон эса, Толибон бу гал шимолда қўлга киритган илк шаҳар бўлган.
Толиблар Шибирғонни маршал Дўстум Туркиядан Афғонистонга қайтишидан кун ўтиб босиб олган.
Дўстум шу йил июнь ойида, Толибон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини энди шиддатлаштираётган бир пайтда Туркияга жўнаб кетган.
Бунга унинг "кутилмаганда соғлиги ёмонлашгани" сабаб бўлгани айтилган, аммо касаллигини расман очиқланмаганди.
Маршал Дўстум Кобулда экан, ўзининг бунгача ҳам Толибонни мағлуб этишга муваффақ бўлгани ва энди ҳам уларни енгишга умид қилаётганини баён қилган.
Аммо бу билан айнан нимани кўзда тутаётгани, толибларга қарши янги ҳарбий амалиётлар режасида экани ёки йўқлиги тафсилотларига тўхталмаган, ноаён қолганди.
Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан ҳам бевосита чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири саналади.
Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси сифатида ҳам кўрилувчи Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши уришиб келган.
Ўша пайтда генерал бўлган Дўстумнинг кучлари АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ қўшинларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда муҳим ўрин тутган.
Орада президентликка ўз номзодини ҳам қўйган, биринчи ўзбек вице-президент мақомигача кўтарилган, маълум муддат Афғонистон Қуролли кучларига ҳам бошчилик қилган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучлари Афғонистонни деярли тарк этиб бўлган бир пайтга тўғри келмоқда.
АҚШ Афғонистонни 31 августгача деярли буткул тарк этмоқчи, қолган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам мамлакатдан 11 сентябрга қолмай чиқишмоқчи.
Пентагон вакили шу ҳафта душанба куни афғон ҳукуматини қўллаб-қувватлашда давом этишларини айтган.
Аммо Жон Кирби Толибонда йўқ устунликларга эга эканликлари, ўз давлат, шаҳар ва одамлари эканини баён қилиб, Афғонистон ҳукумат кучларининг ўзи уларга бас келишга қодир эканлигини таъкидлаган.
Толибон расмий Вашингтон билан имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим шартларига мувофиқ, Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий қўшинлар ҳам шу йил май ойидан бошлаб мамлакатни деярли буткул тарк этишга киришишган.
Аммо худди шу битим доирасида Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келиши ва мамлакатда доимий тинчликнинг қарор топишига йўл очиши умид қилинаётган афғонлараро мулоқотлар боши берк кўчага кириб қолган, жараёнда ҳануз жиддий олдинга силжиш кузатилмаган.
Ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир манзарада дипломатик саъй-ҳаракатларини ҳам кучайтираётгандек кўринган Толибон айрим минтақа давлатлари пойтахтларида Афғонистонни "қуролли йўл билан босиб олиш истаклари йўқ"лигини ҳам даъво қилган.
Яқинда амалий ташриф билан пойтахт Москвада экан, Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати Россия томонини Марказий Осиё чегараларини бузмасликка ишонтиргани расман хабар берилган.
Воқеалар силсиласи

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқи мамлакатнинг Толибон худди шу вақт оралиғида деярли тўлиғича босиб олишга муваффақ бўлган илк минтақаларига айланган.
Толибон аксарият туманларини эгаллаб олиши ортидан, бу ердаги вилоятлар марказларини қуршаб олган, узоқ ва яқиндан ҳужумга тутишни бошлаган, Шибирғон ва Мозори Шариф дарвозаларига яқинлашишга ҳам уринган, аммо ҳар гал афғон хавфсизлик кучлари уларнинг ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлишган.
Афғонистон ҳукумати эса, буларнинг ҳеч бирини Толибоннинг ютуғига йўймаган, орада айнан йирик шаҳарлар ҳимоясини таъминлаш учун бу туманлар кўпчилигини ўзларини ташлаб чиққанликларини расман баён қилганди.
Бунинг ортидан, бир неча ойлик режалари борлиги, тез орада "Толибоннинг белини синдиришлари"ни ҳам таъкидлаганди.
Толибон туманлар ортидан сўнгги ҳафталарда ўз эътиборини Афғонистоннинг йирик шаҳарларига қаратаркан, уларнинг ҳимоясига АҚШ ҳарбийлари қўшилишган, мамлакат ташқарисидан туриб бўлса-да, жангарилар мавқеъларига ҳаводан туриб зарба беришни бошлашган.
Толибон эса, худди шу манзарада Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги қатор йирик шаҳарларни устма-уст босиб олишга киришган.
Шимол ва шимол-шарқ эса, Афғонистоннинг Толибон 90-йиллар охирида, Исломий Амирлигига асос солмасидан аввал энг сўнггида базўр қўлга киритишга муваффақ бўлган минтақалари бўлади.
Афғонистоннинг муваққат Мудофаа вазири эса, вилоятдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яқиндан ўрганиш учун ўтган ой охирида Балхда бўлиб қайтганди.

Сурат манбаси, official
Мозори Шарифга ҳужум
Минтақадаги мухбирларимизга кўра, шимолий Балх вилояти марказига қарши ҳужумларини Толибон душанба куни маҳаллий вақт билан тонгги соатларда эълон қилган.
Ҳужумларини Мозори Шарифга яқин Деҳдодий туманидаги муҳим саноат мавзеъси Кот-и-Барқ ва унга яқин Афғонистон Қуролли кучлари бўлинмаси жойлашган Имом Букри минтақасидан бошлаган.
Кот-и-Барқ шаҳардан бор-йўғи 20 чақиримча узоқликда жойлашган минтақа бўлади.
Толиблар яна вилоятнинг Наҳри Шаҳри туманидан ҳам ҳужумга ўтишган.
Аммо ҳали-ҳануз жанг жабҳасида жиддий олдинга силжиш йўқ экани айтилади.
Минтақадаги мухбирларимизга кўра, шаҳар яқинида жойлашган Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги стратегик жиҳатдан муҳим ва халқаро аҳамиятга молик Ҳайратон порти ҳам тўлиқ ишлаб турибди.
Мозори Шарифда давлат идоралари ҳануз фаолиятда, бозор, дўкон ва бошқа ерлар ҳам очиқ.
Орада Афғонистон билан Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги айрим муҳим портлар, савдо, транзит йўллари ва асосий назорат-ўтиш нуқталарини босиб олган Толибон Ҳайратонга ҳам ҳужум қилган, аммо уни олишга муваффақ бўлмаганди.
Ҳайратон орқали Афғонистон импортининг ярмига яқини ўтиши айтилади, Ҳайратон кўприги Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим бўғини ҳам ҳисобланган.
Мозори Шариф Афғонистоннинг пойтахт Кобулдан кейин энг кўп сондаги чет эл дипломатик ваколатхоналари, шу жумладан, Ўзбекистон консулхонаси ҳам жойлашган иккинчи шаҳри бўлади.
Минтақадаги мухбирларимизга кўра, ҳозир шаҳардаги аксарият консулликлар ёпиқ, аммо дипломатларнинг кўпчилиги ҳануз Афғонистонда ва ўз фаолиятларини чекланган тартибда амалга оширишмоқда, аммо бунинг сабабини шу пайтгача коронавирус пандемиясининг учинчи тўлқини билан изоҳлаб келишган.
Якшанба куни Толибоннинг Мозори Шариф шаҳрига эҳтимолий ҳужумидан огоҳлантириб чиққан Балх вилоятининг собиқ қудратли ҳокими Атто Муҳаммад Нур уларнинг ҳужумларини қайтаришга куч-қудратлари етиши ва бунга шай эканликларини билдирган.
Орада генералнинг Абдулрашид Дўстумга ҳам Толибонга қарши бирлашиш таклифи билан чиққани ва у буни хуш қаршилагани хабар қилинган.
Ўзбекистон ва шимолий Афғонистон

Сурат манбаси, Screenshot
Афғонистонни Ўзбекистон билан Ҳайратон (Дўстлик - таҳр.) кўприги боғлаб туради.
Ўзбекистоннинг Амударё кўприги устидан ўтувчи ва Термиздан Мозори Шарифга узанган темир йўл Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи иккита муҳим йўлдан биттаси сифатида кўрилади.
Туркманистонга ҳам улаш режаси баён қилинган ушбу йўл, йилларки, Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари учун Шимолий таъминот тармоғининг энг муҳим қисми бўлиб келган.
Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.
Аммо ўшанда бунинг сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг Афғонистондаги вазиятга оид 24 июнь кунги расмий баёнотида чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганликларини билдирган.
"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирган.
Бетарафликни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий баён қиларкан, вазирлик ўзининг расмий баёнотида Афғонистондаги ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳам чақирган.
Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Би-би-си Ўзбек хизмати муносабатларини сўраб, орада Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ҳам мурожаат қилган.
Вазирлик сўзчиси Ўзбекистон "ўз чегаралари хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлашга қудрати" етишини айтиб жавоб берганди.
Яқинда Ҳайратон шаҳарчаси масъуллари Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида Калдор ва Шўртепанинг толиблар Ҳайратон бандаргоҳига таҳдид солишлари мумкин бўлган ҳудудларини улардан тозалашга муваффақ бўлганликларини ҳам айтишган.
Муваққат Мудофаа вазиридан аввал вилоятдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яқиндан ўрганиш учун Балхга шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг ҳам сафар қилгани кўрилганди.
Афғонистон ва шимолий Балх вилояти

Сурат манбаси, courtesy
Расмий Вашингтоннинг Толибон билан ўтган йили имзолаган "тарихий" битимига мувофиқ, Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам жорий май ойидан бошлаб мамлакатни тарк этишга киришишган.
Бунинг ортидан Толибон Афғонистоннинг айнан Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.
Саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятидаги деярли барча туманларни ҳам босиб олган ва уларнинг ярмидан кўпроғи ҳануз толиблар назорати остида қолаётгани айтилади.
Бу Толибоннинг сўнгги икки ой ичида Мозори Шарифга иккинчи бор кўз тикиши бўлади.
Жангарилар июнь ойида ҳам Мозори Шариф шаҳрига яқинлашишга уринишган, аммо уларнинг бу ҳаракати саноқли соатларнинг ўзида Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан йўққа чиқарилган.
Мозори Шариф ҳимоясига мамлакат Қуролли Кучларининг айнан Балх вилоятида жойлашган шимолдаги энг йирик ҳарбий бўлинмаси томонидан қўшимча мадад кучлари ташланган ва шаҳар ҳануз уларнинг ҳимояси остида экани айтилганди.
Атрофида ҳануз ҳозирликлари борликлари айтилса-да, Мозори Шариф Афғонистоннинг аксарият шимолий вилоятлари марказларидан фарқли тарзда ҳалича толибларнинг тўғридан-тўғри ҳужуми нишонига айланмаганди.
Толибон шаҳарни илк ва сўнгги бор Афғонистонда ўзининг Исломий Амирлигини эълон қилган 90-йиллар бошларидагина босиб олишга муваффақ бўлган.
Мозори Шариф Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри бўлади ва мамлакатнинг стратегик жиҳатдан энг муҳим шаҳарларидан бири саналади.
Шаҳар Афғонистоннинг шимолий дарвозаси сифатида кўриб келинади.
Афғонистон импортининг ярми ўтиши айтилувчи ва Шимолий Таъминот Тармоғининг энг муҳим узви сифатида кўрилувчи Ҳайратон кўприги ва порти ҳам айнан Мозори Шариф яқинида жойлашган.
Ҳайратон Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятида жойлашган Оқина билан бирга Афғонистоннинг ҳозирча Толибон қўлига ўтмаган бешта йирик портидан иккитаси ҳам бўлади.
Порт Афғонистоннинг энг йирик ва муҳим даромад манбаларидан бири экани айтилади.

Сурат манбаси, official
Муҳаммад Ашраф Ғанининг ҳам Мозори Шарифга 13 июль кунги кутилмаган ташриф мамлакат шимолидаги аксарият туманлар ҳамон толиблар назорати остида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Ўшанда Афғонистон раҳбарининг ташрифидан ҳам асосий мақсад Мозори Шарифдаги мавжуд вазият билан яқиндан танишиш экани айтилган.
Матбуот хизмати Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўз ташрифи давомида маҳаллий сиёсий ва жиҳодий етакчилар билан ҳам учрашиш ниятида эканини билдирганди.
Балх катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этган 2014 йилга қадар мамлакатнинг нисбатан тинч ва обод вилоятларидан бири сифатида кўриб келинган.
Аммо бунинг ортидан Балхнинг ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан, вилоят Афғонистон тарихидаги энг қонли ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.
Толибларнинг сўнгги ютуқлари манзарасида Балхнинг собиқ қудратли ҳокими, Афғонистон шимолидаги катта таъсирга эга сиёсатчилардан бири бўлган генерал Атто Муҳаммад Нур маршал Абдулрашид Дўстумга ҳам уларга қарши бирлашиш таклифи билан чиққан.
Июнь ойида, четда даволаниб қайтиши билан ўзининг қуролли тарафдорлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари билан бирга Балхнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки туманини толиблардан тозалаш учун қатор ҳарбий амалиётларга ҳам қул урган. Аммо бунга муваффақ бўлмаганди.
Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, Афғонистон Мудофаа, Ички ишлар вазирлари ва мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони алмашиши ортидан, афғон хавфсизлик кучлари мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида фақат саноқли туманлар назоратинигина яна ўз қўлларига қайтариб олишган, холос.
Бунгача Афғонистон ҳукумати ўзининг уруш стратегияси, мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятга эътибори ва кадрлар танловидаги қарори учун жиддий танқидлар остида қолиб келган.
Афғонистон президенти ўтган ой охирида мамлакат Мудофаа, Ички ишлар вазири ва Қуролли кучлари Бош қўмондонини янгилаган.
Амалдагиларининг ўрнига вақтинча вазифа бажарувчи қилиб янги шахсларни тайинлаган.

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv
Айнан Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, мамлакат раҳбарияти ўзининг уруш стратегияси ва масъул лавозимларга кадрлар танлаш борасидаги қарори юзасидан кескин танқидлар остида қолган.
Бу каби танқидлар устма-уст Афғонистон парламентидан ҳам янграган.
Депутатлар афғон ҳукуматини мамлакат шимолидаги вазиятга беэътиборликда ҳам айблашган.
Ўзининг янги тайинловларини эълон қилган чиқишида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани толибларни огоҳлантирган.
"Агар Толибон душманлик истаса, бунга жиддий жавоб беришлари"ни айтган.
Аммо расмийларнинг яқинда қилган чиқишларига таянилса, Афғонистон ҳарбийлари сўнгги ҳафталарда Толибон қўлга киритган икки юзга яқин туманнинг бор-йўғи бир неча ўнтасини қайтариб олишга муваффақ бўлишган.
Қайта афғон ҳукумати назорати остига ўтган туманларнинг фақат бармоқ билан санарлиси мамлакат шимоли ва шимоли-шарқига тўғри келиши айтилади.

Сурат манбаси, Reuters
Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Бародар Ахунд ўзларининг АҚШ билан имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини айтган.
"Худди шу нуқтаи назардан, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.
"Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланиши, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилишига ишончи комиллиги"ни билдирган.
Яқинда ҳаракат сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати Москвага қилган амалий ташрифи чоғида ҳам Россия томонини худди шунга ишонтиргани ҳам маълум бўлганди.
Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.
Афғонистоннинг Тожикистон билан икки ўртадаги халқаро аҳамиятга молик Шерхон Бандар ва Ойхоним портлари, энг муҳим икки ўтиш-назорат нуқтаси эса, ҳануз толиблар қўлида қолмоқда.
Афғонистон ҳукумати Толибонни "тўхтатиш" учун ўтган ой деярли бутун мамлакат бўйлаб бир ойлик комендантлик соати жорий қилган.
АҚШ ҳарбийлари ҳам толиблар мавқеъларига ҳаводан яна зарба беришга ўтишган.
Аммо уларнинг дастаги аниқ қанча давом этиши ҳали-ҳануз маълум эмас.
Афғонистон, Толибон ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистонга чегарадош учта Марказий Осиё давлатидан иккитаси саналади.
Толибларнинг сўнгги фаоллашуви манзарасида уларнинг чегаралари шундоқ ҳам афғон ҳарбийлари ва қуролли кўнгиллилари томонидан энг кўп бузилаётгани экани кузатилган.
Би-би-сининг Афғонистондаги мухбирлари ҳам Толибоннинг мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги бир неча кун ичида эришган ютуқларини мисли кўрилмаган эканини айтишмоқда.
Уларга кўра, айниқса, Қундуз толибларнинг энг катта ютуғи бўлган.
Қундуз Афғонистоннинг минерал захираларига бой шимолий вилоятларига дарвоза сифатида кўрилади.
Жўғрофий жойлашуви ҳам муҳим, Афғонистоннинг пойтахт Кобул илова қатор йирик шаҳарларига магистрал йўллар билан боғланган ва Марказий Осиёга Тожикистон орқали чегарадош.
Энг муҳим халқаро наркотранзит йўлларидан бири ҳам ўтади, Қундузни ким назорат қилса, бу йўл ҳам унинг назорати остида бўлиши айтилади.
Қундуз ўз вақтида Толибоннинг Афғонистон шимолидаги энг муҳим таянч нуқтаси ҳам бўлган.
Афғонистондаги мухбирларимизга кўра, худди шу боис ҳам, уни қайта қўлга киритиш Толибон учун стратегик маъно касб этади.
Толибон 2025-2016 йилда ҳам шаҳар назоратини бир муддат қўлга киритган, аммо ушлаб қола олмаган.
Толибон Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош ғарбий Ҳирот, Покистонга қўшни Лашкар Гоҳ ва Қандаҳорга давомий ҳужумлари манзарасида мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги қатор йирик шаҳарларни босиб олган.
Сўнгги икки ой ичидаги жангларнинг ўзиёқ минглаб одамларни дарбадар қилган.
Ўз фуқароларини зудлик билан Афғонистонни тарк этишга чақириб чиққан АҚШ Толибоннинг йирик шаҳарларга қаратилган "зўравон ҳужумлари"ни қоралаган.
"Толибоннинг ўз бошқарувини куч билан ўрнатишга бўлган хатти-ҳаракатларига тоқат қилиб бўлмаслиги"ни айтган.
Афғонистон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган Доҳадаги афғонлараро мулоқотлар боши берк кўчага кириб қолган.
Маҳаллий таҳлилчилар Толибон мулоқотлар чоғида ўз сўзи ва шартларини ўтказиш, коалицион ҳукумат тузилган тақдирда, қудратнинг каттароқ улушини қўлга киритиш илинжида ўз ҳужумларини янада шиддатлаштириш, туманлар ортидан, Афғонистоннинг йирик шаҳарларини ҳам қўлга киритиш ҳаракатида эканини айтишади.
Музокарачи томонларнинг шу кунларда Доҳада яна бир бор учрашишлари кутилмоқда.
АҚШ Президенти ҳарбий Афғонистонни тарк этаётганидан афсусда эмаслигини билдирган.
Жо Байден, аксинча, Афғонистон лидерларини бирлашиб, давлатлари учун курашишга чақирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














