Ўзбекистонга бевосита чегарадош туман толиблардан тозаланди, ДХХ раддияси, Тожикистон ва Афғонистон ниманинг режасида? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, Reuters

Калдор ҳукумат қўлига ўтди. Агар вазият юмшамаса, бу йил Афғонистонда рекорд сонда одам ўлиши мумкин. Аллақачон ярим миллиондан ортиқ афғон толиблардан қочган. Уларни ким олади ва Термизда "чодирлар йўқ".

Шўртепа ва Калдор Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки тумани бўлади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги халқаро аҳамиятга молик Ҳайратон бандаргоҳи яқинида жойлашгани билан ҳар икки давлат учун ҳам стратегик жиҳатдан муҳим саналади.

Афғонистоннинг Ўзбекистон бевосита чегарадош ягона шимолий Балх вилоятида жойлашган ҳар икки туман ҳам ўтган ой толиблар қўлига ўтган.

Худди шу туманлар учун бўлган жангларда ўнлаб афғон хавфсизлик кучлари ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуролли гуруҳлар вакилларининг Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасини бузиб ўтишгани ҳам маълум бўлган.

Мавжуд вазият манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу каби ҳолларнинг олдини олиш учун кетма-кет кескин расмий баёнотлар билан чиққан.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги эса, режага мувофиқ амалга оширилаётганини айтган бўлса-да, бутун мамлакат бўйлаб ўз шахсий таркиби жанговар шайлигини ҳам синаб кўрганди.

Афғонистон хавфсизлик кучлари

Сурат манбаси, official

Калдор тумани

Сурат манбаси, official

Хабарларга кўра, Калдор бугун, душанба куни орадан бир ойча ўтиб, толиблардан тозаланган.

Афғонистон хавфсизлик кучлари, маҳаллий полиция ва кўнгиллилар туман марказигача кириб боришган.

Аммо Балх вилоятида жами тўққизта туман бўлса, Шўртепа дохил ярмидан кўпроғининг ҳануз Толибон назорати остида қолаётгани айтилади.

Калдор туманининг Афғонистон ҳукумати назорати остига ўтганига оид хабарга ҳалича Ўзбекистон томонининг расмий муносабати маълум эмас.

Балхнинг қудратли собиқ ҳокими генерал Атто Муҳаммад Нур ҳам ўтган ой ўз қуроллилари, афғон ҳарбийлари ва маҳаллий полиция кучлари билан бирга Калдорни толиблардан тозалашга муваффақ бўлган.

Аммо орадан кун ўтиб, Толибон туманни қайта босиб олишга муваффақ бўлганини баён қилганди.

Комендантлик соати

Афғонистон ҳукумати мамлакат туманларини Толибондан қайтариб олиш ҳаракатида

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистон ҳукумати мамлакат туманларини Толибондан қайтариб олиш ҳаракатида

Толибон қолган хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган сўнгги икки ойча вақтнинг ичида ўз ҳужумларини янада шиддатлаштирган.

Бутун мамлакат бўйлаб ўнлаб туманлар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим назорат-ўтиш нуқталари, портлар, транзит ва савдо йўлларини босиб олган, энди асосий эътиборини вилоятлар марказлари - йирик шаҳарларга қаратган.

Ҳаракат ҳозир Афғонистоннинг учдан бир қисми ёки тенг ярмига яқинини босиб олгани ишонилади.

Толибон эса, Афғонистон ҳудудининг 90 фоизини назорат қилаётганини иддао қилади.

Тез орада Толибоннинг "белини синдириш"га ваъда қилган афғон ҳукумати эса, шу шанба куни кутилмаган бир қарорга келган.

Толибонни тўхтатиш учун деярли бутун Афғонистон бўйлаб бир ойлик комендантлик соати жорий қилган.

Янги тартиб-қоида фақат пойтахт Кобул, Панжшир ва Нангарҳорни кўзда тутмаслиги айтилган.

Бунақаси Афғонистонда Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан бери кузатилмаган.

Айрим маҳаллий кузатувчилар буни афғон ҳукуматининг мамлакатдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан жиддий хавотирда эканига йўйишмоқда.

Икки кундан бери амалда бўлган комендантлик соатига мувофиқ, барча кўринишдаги ҳаракат маҳаллий вақт билан кечки соат 22:00 дан саҳар 04:00 гача чекланади.

Мамлакатнинг аксар туманлари толиблар қўлида экан, комендантлик соатининг асосан афғон ҳукумати назорати остидаги аҳоли зич яшовчи йирик шаҳарлар ҳимоясига қаратилгани ишонилади.

Афғон ҳукуматининг ўзларини "тўхтатиш"ни мақсад қилган сўнгги фавқулодда чорасига Толибон ҳаракати ҳозирча бирор бир муносабат билдирмаган.

Янги ҳужумлар ва хавотирлар

Афғонистон хавфсизлик кучлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам чиқиб кетишаркан, Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият янада кескинлашган

Афғонистон шимолидан олинаётган хабарларга кўра, Толибон яна бир бор мамлакатнинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб вилояти маркази Майманага ҳужум қилган.

Аммо бу гал шаҳарни олисдан, оғир тўплар воситасида ҳужумга тутган, аэропортини нишонга олган.

Сўнгги ҳужум оддий аҳоли орасида талафотларга сабаб бўлган, бир кишини ўлдириб, яна тўрт нафарини яралаган.

Бундан бир кун муқаддам Толибон ва афғон хавфсизлик кучлари ўртасида юз берган тўқнашувлар ҳам бир инсоннинг ўлими ва ўнга яқинининг тан жароҳати олиши билан якунлангани айтилади.

Оддий аҳоли орасидаги талафотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлган.

Халқаро ташкилот ўзининг янги ҳисоботини эълон қилган.

Унда айтилишича, сўнгги олти ойнинг ичида Афғонистондаги зўравонликларда қурбон бўлган ёки яраланганлар сони рекорд даражага етган.

Афғонистон қанча одам қурбон бўлгани жадвали.

Сурат манбаси, Alamy

Шу вақт оралиғида 1600 дан зиёд ўлим ҳолати қайд қилинган. Ўтган йилнинг худди шу даври билан қиёсланганда, рақамлар қарийб 50 фоизга ортган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти янада кўп одам ўлиши, ўзлари Афғонистонда қайд этишни бошлаган пайтдан буён кузатилмаган бир даражага етиши мумкинлиги хавфи билан огоҳлантирган.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти яқинда Афғонистондаги жангларда яраланаётган сони кескин ортиб кетганини айтаркан, урушаётган томонларни оддий аҳоли ҳимоясига кўпроқ эътибор қаратишга ундаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар бўйича идорасининг ҳисоб-китоблари эса, Афғонистондаги зўравонликлар боис дарбадарликка юз тутган инсонларнинг сони сўнгги ярим йил ичида чорак миллиондан ошганига ҳам далолат қилганди.

Тожикистон нима қилмоқчи?

Афғон қочқинлари

Сурат манбаси, AFP

Худди шу манзарада Тожикистон Афғонистондан юз мингтагача қочқинни қабул қилишга тайёр эканликларини баён қилган.

Тожикистон Ўзбекистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Аммо қолган минтақа мамлакатларининг ҳозирча бу каби баёнот билан чиқишгани кўрилмаган.

Яна Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, Тожикистон томонининг янги режаси ҳақида ўтган жума куни мамлакат Фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси раҳбари муовини маълум қилган.

Имомали Иброҳимзода худди шу мақсадда Тожикистоннинг Афғонистонга бевосита чегарадош Хатлон ва Тоғли Бадахшонида қочқинлар учун мўлжалланган ашёларни сақлаш учун иккита йирик омборхона қуришга киришганликларини билдирган.

Asia-Plus интернет нашри эса, ўтган ҳафта Тожикистон Афғонистон билан бевосита чегарадош вилоятида афғон қочқинлари учун махсус муваққат бошпана барпо этиш режасида экани ҳақида ҳам ёзган.

Толибон ўз ҳужумларини кучайтирган сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош қолган икки давлатидан бунга ўхшагани олинмагани боис, мазкур хабар ўшанда кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган. Бу ҳақда Ўзбекистондаги нашрлар ҳам ёзишганди.

Аммо бу бошпананинг айнан нима учун ҳозир қурилаётгани, Тожикистонга қанчага тушиши, аниқ нечта қочқинга мўлжаллангани ва уларнинг бу ерда кўзда тутилаётган қолиш муҳлатлари ноаён қолганди.

Тожикистон Қирғизистон билан бирга Марказий Осиёнинг нисбатан камбағал иккита давлатидан биттаси саналади.

Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегараси энг катта давлати бўлади, узунлиги 1350 кмдан ошади.

Толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги ҳужумлари манзарасида ҳам энг кўп қочқиннинг айнан Тожикистонга қочиб ўтгани кузатилган.

Қочқинларнинг умумий сони 2 мингга яқинлашгани, уларнинг орасида афғон ҳарбийлари, маҳаллий қуроллилардан ташқари оддий аҳолининг ҳам борлиги айтилган.

Бунга ўхшаш воқеълик эса, шу пайтгача Марказий Осиёнинг Афғонистонга қўшни бирор бир мамлакатида кузатилмаган.

Бошқа томондан, Тожикистон томонининг янги режаларига оид янгилик мамлакат масъулларининг барча афғон қочқинлари аллақачон ортга - Афғонистонга қайтариб бўлинганига оид баёнотлари манзарасида ўртага чиққан.

Шу кунларда Қирғизистон томони расман нота юбориб, ўзларига беришларини сўраган юзлаб афғонистонлик қирғиз қочқинларини ҳам Афғонистоннинг ўзига жўнатиб юборгани маълум бўлган.

Уларнинг бу қарорига расмий Бишкекнинг расмий муносабати ноаён қолган, ҳозирча Ташқи ишлар вазирлигининг бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиққани кўрилмаган.

Аммо ўтган ой Тожикистон ҳукумати 10 мингтагача афғон қочқинини қабул қилишлари мумкинлигини айтган.

Ўшанда ҳам айни мазмундаги баёнот билан чиққан биринчи минтақа мамлакати бўлганди.

Худди шу манзарада Тожикистон ўзи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кўмагида Афғонистон билан давлат чегараси ҳимоясини кучайтиришга ҳам киришган, заҳирадан яна қўшимча 20 минг ҳарбийсини чегарага ташлаган.

Узун экани баробарида бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан ўтгани боис бу икки қўшни давлат чегараси муҳофазасини таъминлаш эса ҳар доим қийин экани, бўлгани айтиб келинган.

Лекин ўтган ой амалий ташриф билан Москвада экан, Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати Россия томонини Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлиги ишонтиргани ҳам расман хабар берилган.

Ўзбекистон ва қочқинлар

Ҳайратон кўприги қўриқчиси

Сурат манбаси, Screenshot

Айрим минтақавий нашрларда Ўзбекистон Термиз ташқарисида эҳтимолий қочқинлар учун ўнлаб чодирлар тиклаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Шу соатларда пойтахт Тошкентдан олинаётган хабарларга таянилса, Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари gazeta.uz интернет нашрининг сўровига жавоб берган.

Афғонистон билан чегарада палаткалар шаҳарчаси қурилаётганини рад этган, "ҳеч қандай палаткалар қурилаётгани йўқ", деган.

Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Уларнинг сони имконли бўлган манбаларда бир неча миллионга нисбат берилади.

Толибон сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятидаги деярли барча туманларни ҳам босиб олган.

Орада толибларнинг шиддатли ҳужумларидан қочиб, ўнлаб афғон ҳарбийси ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуролли гуруҳ вакилларининг Ўзбекистон чегарасини ҳам бузиб ўтишгани кўрилган.

Мазкур нашрнинг ёзишича эса, Чегара қўшинлари афғон ҳарбийлари ва кўнгилли қуролли гуруҳлари вакилларининг ўтган ой Ўзбекистон ҳудудига қай тарзда кесиб ўтишгани тафсилотларига ҳам ойдинлик киритган.

Ўз хатида, " Давлат чегарасини бузиб ўтган шахслар Давлат чегараси бузувчилари сифатида қўлга олингани ва уларга нисбатан Ўзбекистон қонунчилигига асосан тегишли чоралар кўрилган"и, жами 150 га яқин қочқиннинг "суриштирув ва терговга қадар тадбирлар олиб борилганидан сўнг Афғонистон томонига топширилган"ини билдирган.

Gazeta.uz нашрининг Чегара қўшинлари маълумотига таяниб ёзишича, Афғонистон ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар кўнгиллилари Ўзбекистон ҳудудига Амударё дарёсидан қайиқлар ёрдамида ўтган.

Ҳозирча оддий афғонларнинг жанглардан қочиб, Ўзбекистонга ўтганликларига оид расмий хабарлар олинмаган.

Шимол ва шимол-шарқ

Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош Бадахшон вилояти учун кечган жанглар

Сурат манбаси, official

Толибон ҳозирга келиб Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадошлари дохил шимоли ва шимоли-шарқидаги деярли барча туманлар, муҳим назорат-ўтиш нуқталари ва минтақавий аҳамиятга молик айрим йирик портларни эгаллаб бўлган.

Минтақадаги мухбирларимиз улар ҳаммасининг ҳали-ҳануз Толибон назорати остида эканини айтишади.

Сўнгги кунларда толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ҳам айнан вилоят марказлари - йирик шаҳарларни эгаллаш ҳаракатида эканликлари кўрилади.

Тинчлик жараёнининг Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузилишини мақсад қилган якуний - афғонлараро мулоқотлар босқичи ҳануз ўз поёнига етмаган. Куни-кеча Доҳада бўлиб ўтгани ҳам муваққати бўладими ёки доимийси - бирор бир сулҳ битимисиз якунланган.

Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида АҚШ маъмурияти, ҳарбийлари ва Нато Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган, аммо ҳалича бу хусусда аниқ режалари тафсилотлари кўзга ташланмайди.

Агар, Россия томонининг даъвосига таянилса, уларнинг ҳарбий база масаласида айрим Марказий Осиё давлатларига қилган мурожаатлари ҳам бежавоб қолган.

"Ҳал қилувчи йил"

АҚШ ҳарбийлари

Сурат манбаси, Getty Images

Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.

Шу ой бошида Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари АҚШ уч Марказий Осиё давлатидан 9 мингга яқин афғонга вақтинча бошпана бериб туришини сўрагани ҳақида ҳам ёзишган.

Улар бу давлатлар сирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг номини тилга олишган.

Қозоғистон яқинда АҚШ ҳукумати афғон қочқинлари масаласида ўзларига расман мурожаат қилмаганини маълум қилган.

Расмий Тошкент ва Душанбенинг бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқишгани ҳалича кузатилмаган.

Кузатувчилар эса, Марказий Осиё давлатлари афғон қочқинларини қабул қилишга розилик билдиришса, бу минтақавий хавфсизликни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирдалар.

Уларга кўра, АҚШ бу қочқинларни қайта-қайта текширувдан ўтказиб, мутаассиб эмасликларига кафолат бериши лозим.

Орада Россия Хавфсизлик Кенгашининг котиби ҳам бундай розиликнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантириб чиққан.

Куни-кеча АҚШ маъмурияти ўз ҳарбийлари билан бирга ишлаган минглаб афғонга виза беришга киришгани ҳам хабар қилинган.

АҚШ ўтган ҳафта рамзий маънода АҚШнинг Афғонистондаги энг узоқ урушига якун ясаган, ҳарбийларининг 11 сентябрга қолмай, 31 августгача мамлакатни тарк этишларини айтган.

Аммо башоратлар хавотирли: хорижий иттифоқ қўшинларининг буткул чиқиб кетиши Афғонистонда воқеаларнинг даҳшатли тус олиши, олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукуматининг қулаши ва мамлакатда фуқаролар уруши бошланишига олиб келиши мумкин, деган қўрқувлар бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek