Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими? O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон
Толибон сўнгги тўрт кун ичида Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида босиб олган шаҳарлар сони жами бештага етган. Афғонистоннинг қолган ҳеч бир минтақасида бу каби ҳолат ҳалича кузатилмаган. Толиблар бу ерларда ёлғиз ҳаракат қилишмаётганига оид даъволар эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида янграган.
Ҳаракат энди Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шарифни олмоқчи, бугун иккинчи кундирки, шаҳар учун ўз жангларини давом этдирмоқда.
Толибон Мозори Шарифга қарши ҳужумини кеча, душанба куни расман эълон қилган.
Орадан кун ўтиб эса, ўзларининг шаҳар томон илгаришгани, ўнлаб афғон ҳарбийларини ўлдирганликларини иддао қилганлар.
Жангларнинг Мозори Шарифдан бор-йўғи 20 чақиримча узоқликдаги икки туманда, деярли шаҳар сарҳадларида кечаётгани айтилади.
Афғонистон Қуролли кучлари ҳам мамлакат шимолида толибларга катта талафот етказганликларини баён қилиб чиққан.
Мозори Шарифга ҳужумлари манзарасида толиблар кеча, душанба куни шимолий Самангон вилояти маркази - Ойбек шаҳрига ҳам кириб боришган.
Ўтган жума кунидан буён Шибирғон, Талақон, Қундуз ва Сарипулни деярли тўлиғича босиб олишга муваффақ бўлишган.
Толибон ўтган икки ой ичида Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош минтақаларидаги деярли барча туманлар назоратини ўз қўлига олган.
Сўнгги тўрт кун ичида эса, улар Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида кириб бормаган бор-йўғи учта вилоят маркази қолган.
Аммо Маймана, Файзобод ва Пули-Хумри ҳам, ҳафталарки, толиблар қуршовида қолмоқда.
Бунақаси Афғонистоннинг бу яқин тарихида кузатилмагани айтилади.
Хорижий жангарилар ва "террорчи" гуруҳлар

Сурат манбаси, Reuters
Толибоннинг йирик шаҳарларга қарши қаратилган ҳужумлари манзарасида БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўтган ҳафта афғон ҳукуматининг сўрови билан Афғонистон масаласини кўриб чиққан.
Худди шу йиғин чоғида толиблар Афғонистонда ёлғиз ҳаракат қилишмаётганига оид баёнотлар янграган.
Афғонистоннинг БМТ қошидаги элчиси Хавфсизлик Кенгашига мамлакатда 10 мингдан зиёд чет эллик жангари фаолият юритаётганини айтган.
Элчи Ғулом М.Исоқзой улар намоён этган 20 та жангари гуруҳ сирасида Ал-Қоида тармоғи ва ИШИДни ҳам тилга олиб ўтган.
У ўз чиқишида, "Туркистон Исломий ҳаракати ва ИШИДга байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракати Толибон назорати остида ўз оилалари билан бошпана топиб келаётган Фарёб, Жаузжон ва Бадахшонда толиблар сафида жанг қилишганининг далолати тобора ортиб бораётгани"ни айтган.
Аммо Ўзбекистон Исломий ҳаракати назарда тутилганда ҳам, уларнинг аниқ сонини очиқламаган, ўзи тилга олиб ўтган 10 мингдан зиёд чет эллик жангарининг қанчаси уларнинг ҳисобига тўғри келиши ноаён қолган.
Расмий хабарларга кўра, афғон элчиси бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги номидан баён қилган.
Ғулом М.Исоқзой, "Толибон ва бу трансмиллий террорчи гуруҳлар ўртасидаги алоқа ҳозир бу яқин йиллардагидан кўра кучлироқ" эканини таъкидлаган.
Яна бир огоҳлик

Сурат манбаси, Reuters
Бунинг ортидан Британия Қуролли кучлари қўшма қўмондонлигининг собиқ бошлиғи, генерал Ричард Барронс Би-би-сига берган интервьюсида Толибон "Афғонистонни яна халқаро террорчилик базасига айлантириши мумкинлиги" билан огоҳлантирган.
"Биз Европа ва бошқа давлатларга зиён етказажак террорчи ташкилотларнинг Афғонистонга қайтиши хавфи билан тўқнаш келамиз. Менимча, бу стратегик нуқтаи назардан жуда ёмон натижа", - деб айтган генерал.
Британиялик собиқ қўмондон худди шу ўринда яна бир бор "стратегик хато" эканини айтиб, Афғонистондан хорижий иттифоқ қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини қоралаган.
Афғонистонда қолаётган сўнгги АҚШ ва Натога аъзо давлатлар ҳарбийлари ҳам шу йил май ойидан бошлаб мамлакатни деяли буткул тарк этишга киришишган.
Толибон эса, худди шу вақт оралиғида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.
Халқаро ҳисоб-китобларда Афғонистоннинг ярмидан кўпроғини, ўз даъволарича эса, 85-90 фоизини эгаллаб олишга муваффақ бўлган.

Сурат манбаси, Reuters/arxiv
Аммо сиёсий қаноти ҳайъатининг яқинда дипломатик саъй-ҳаракатлар билан Теҳрон ва Москвада экан, Афғонистонни "қуролли йўл билан босиб олиш ниятлари йўқ"лигини баён қилишганига оид хабарлар ҳам олинган.
Кеча, душанба куни эса, Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги шаҳарларни устма-уст босиб олаётган бир манзарада халқаро ҳамжамиятнинг оташкесинга оид даъватини яна бир бор рад этгани маълум бўлган.
Ҳаракат ўзлари ва афғон ҳукумати ўртасида бирор бир сулҳга эришилмаганини таъкидлаган.
БМТнинг Афғонистондаги Ёрдам миссияси раҳбари ва махсус вакили Дебора Лайонс Толибоннинг сўнгги ойлардаги илгарилаши, ҳозирга келиб эса, йирик шаҳарларини нишонга олаётганини Сурия ва Болқондаги урушларга ўхшатган.
У ўзининг БМТ Хавфсизлик Кенгашида ўтган жума куни қилган чиқишида, "Афғонистон хавфли бурилиш нуқтасида" эканлигини таъкидлаган.
БМТ махсус вакили, "Олдинда ростмана тинчлик музокаралари ва ё-да бир-бирига фожеий тарзда боғланиб кетган устма-уст инқирозлар турганлиги"ни айтаркан, "кескин гуманитар вазият ва инсон ҳуқуқларини топталиши билан уйғунлашиб бораётган шафқатсиз тўқнашувлар" эҳтимолини тилга олган.
Бунинг оқибатлари мамлакат чегараларидан ташқарига чиқиши мумкинлиги билан огоҳлантирган БМТ махсус вакили, ўз ўрнида, барча элчиларни имкониятдан фойдаланиш ва "Афғонистоннинг бу асрда деярли мисли кўрилмаган фалокат гирдобига тушиб қолишига йўл қўймаслик"ка ҳам чақирган.
"Ўзлариники..."

Сурат манбаси, EPA
Сўнгги 20 йил ичида Афғонистонда етакчи куч ва сўзга эга бўлган, аммо шу йил 31 августга қадар мамлакатни деярли буткул тарк этишини айтаётган Америка Қўшма Штатлари эса, кеча, душанба куни мавжуд вазиятдан чуқур ташвишда эканлигини айтган.
Аммо Пентагон вакили Толибонда йўқ устунликларга эга эканликлари, ўз давлат, шаҳар ва одамлари эканини баён қилиб, Афғонистон ҳукумат кучларининг ўзи уларга бас келишга қодир эканлигини таъкидлаган.
Жон Кирбининг сўзларига кўра, шунда ҳам, расмий Вашингтон Афғонистон раҳбариятини ҳаводан ҳужумлар дохил қўллаб-қувватлашда давом этади.
Аммо АҚШ ҳозир Афғонистон ташқарисидан туриб амалга ошираётган ҳаво ҳужумларининг 31 августдан кейин ҳам давом этиши-этмаслиги ҳалича очиқланмаган.
Афғонистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги элчисининг ўтган жума кунги баёнотига Ал-Қоида бўладими ёки ИШИД, у тилга олиб ўтган бирор бир жангари гуруҳнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Ўтган ой бошида Афғонистон Ташқи ишлар вазири илк бор Толибон сафларида хорижий жангарилар борлигини ҳам расман маълум қилган.
Ҳаниф Атмар ҳозир Толибон аъзоларининг чорак фоизини "ал-Қоида" ва ИШИД аъзолари ҳам бўлган чет эллик жангарилар ташкил этишини айтган.
Аммо Афғонистон Ташқи ишлар вазири уларнинг қай бир давлат фуқаролари эканликларига ойдинлик киритмаган.
Вазир ҳам Толибон хорижий жангарилар ва халқаро террорчи гуруҳлар билан алоқасини узмаганлигини таъкидлаган.
Ҳаниф Атмар буни минтақавий хавфсизликка эҳтимолий таҳдид дейиш баробарида, террорчи гуруҳлар учун ўз асосларини яна мустаҳкамлаш учун бир имконият эканини ҳам айтган.
Ташқи ишлар вазири Толибон Доҳа тинчлик битими ва БМТ резолюциясига амал қилмаётганлигини айтиб, Афғонистоннинг минтақавий ҳамкорларини зўравонликларни бас қилиб, музокаралар столига ўтириши учун уларга босим ўтказишга ҳам чақирганди.
Ўтган йил расмий Вашингтон билан ўз тарихида илк бор имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битимда эса, Толибоннинг Афғонистон ҳудудидан бирор бир хорижий жангари гуруҳга бошпана бермаслиги ҳам кўзда тутилган.
Худди шу келишувга мувофиқ Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари шу йил охиригача мамлакатни тарк этишга рози бўлишган.
Толибон Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистонда экан, илк бор байъат келтирган дунёдаги биринчи жангари гуруҳ бўлади.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Сурат манбаси, Screenshot
Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида ўзбеклардан ташқари, айрим Марказий Осиё давлатлари фуқаролари, чеченлар ва уйғурлар ҳам жанг қилишгани айтилган.
Ҳаракат 2015 йил августида Толибондан юз ўгириб, тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирганини эълон қилган.
Толибон билан 2019 йилги қақшатқич жанглар ортидан эса, ҳаракатнинг айнан Афғонистон шимолидаги фаолияти деярли барҳам топгани айтилган.
Орада ҳаракат парчаланиб, унинг сафларидан яна Толибонга мойил, ўзини қайта Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган ўзаги ажралиб чиққанига оид хабарлар ҳам олинган.
Афғонистон шимолидаги маҳаллий қўмондонлардан бири эса, яқинда Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида толиблар сафида бошқа хорижий жангарилар қаторида ўзбекистонликлари ҳам борлигини иддао қилган.
Қўмондон бунга жангариларнинг ўзлари тутиб, тинглашга муваффақ бўлган рация орқали сўзлашувлари далолат қилишини айтган.
Сўнгги йилларда маҳаллий масъуллар Покистондан Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларига ўзбекистонлик ўнлаб жангарилар оилаларининг келиб, ўрнашаётганликларидан хавотир билдириб келишгани ҳам кўрилган.
АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати етакчилари ва омон қолган аъзолари узоқ йиллар давомида айнан Покистондан бошпана топиб келишган.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг даъво қилишича, Толибон хорижий иттифоқ кучларига қарши жанг қилиш эмас, Кобулни ишғол қилиб, ўзининг Исломий Амирлигини қайта тиклашни мақсад қилган.
Унинг бу баёнотига Афғонистон Толибон ҳаракатининг муносабати ҳалича маълум эмаc.
Эски ва янги музокаралар

Сурат манбаси, Screenshot
Толибларни ҳужумларини бас қилишга ундаш учун ўтган тунда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзоднинг Қатар пойтахти Доҳага жўнаб кетганига оид хабарлар олинган.
Доҳада Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг идораси жойлашган.
Аммо Афғонистон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган Доҳадаги афғонлараро мулоқотлар боши берк кўчага кириб қолган.
Маҳаллий таҳлилчилар Толибон мулоқотлар чоғида ўз сўзи ва шартларини ўтказиш, коалицион ҳукумат тузилган тақдирда, қудратнинг каттароқ улушини қўлга киритиш илинжида ўз ҳужумларини янада шиддатлаштириш, туманлар ортидан, Афғонистоннинг йирик шаҳарларини ҳам қўлга киритиш ҳаракатида эканини айтишади.
Қатар Ташқи ишлар вазири эса, бугун Афғонистон масаласини муҳокама этиб олиш учун кенгайтирилган учлик - Россия, Хитой ва АҚШнинг йиғинига мезбонлик қилмоқчи.
Аммо Доҳадаги музокараларнинг ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтиши кутилаётир.
Россия ва Хитой минтақанинг Толибон ўз ҳужумларини шиддатлаштирган сўнгги икки ой ичида сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати амалий ташриф билан бўлиб қайтган тўртта давлатидан иккитаси бўлади.
Ҳайъат пойтахт Москвада экан, Россияни Марказий Осиё чегараларини бузмаслик, Афғонистондаги консулхоналарга ҳужум қилмасликка ишонтирган.
Айрим Ғарб нашрлари эса, сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг, айниқса, Хитойга қилган сўнгги ташрифини Толибоннинг том маънодаги дипломатик ютуғига йўйишган.
Расмий Пекин эса, Толибонни янада бир бор "дўстимиз", деркан, Афғонистондаги "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб атаган.
Толибон Афғонистоннинг Хитойга бевосита чегарадош ҳудудларини ҳам босиб олган.
Ўтган ой охирида амалга ошган ташриф чоғида Хитой айнан Толибоннинг "Афғонистон урушига тинч йўл билан барҳам бериш ва мамлакатни қайта тиклашда муҳим ўрин тутиши"га умид қилган.
Толибоннинг ташрифига оид хабарлар ортидан, АҚШ давлат котиби ҳам Хитойнинг Афғонистондаги вазиятга аралашувига салбий баҳо бермаган.
Агар расмий Пекин ҳақиқатан ҳам афғон можаросига тинч ечим топиш ва Афғонистонда кенг қамровли ҳукумат тузилиши илинжида бўлса, бу "ижобий нарса" эканини айтган.
Энтони Блинкен ўшанда "ҳеч ким Толибоннинг Афғонистонни қуролли йўл билан эгаллаб, яна ўзининг Исломий Амирлигини ўрнатишидан манфаатдор эмас"лигини таъкидлаган.
Шундай деркан, АҚШ Давлат котиби Толибонни "тинч йўл билан музокаралар столига қайтиш"га ундаган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса, Толибон ҳайъати билан музокаралари ортидан эълон қилган расмий баёнотида, "шоша-пиша чиқиб кетаётгани АҚШнинг Афғонистонга оид сиёсатининг барбод бўлганини англатиши"ни иддао қилган.
Энди "афғон халқи ўз мамлакатини барқарорлаштириш ва ривожлантириш учун муҳим имкониятга эга эканлиги"ни урғулаганди.
Толибон ҳайъатини Хитойда қанчалик илиқ қаршилангани Ғарбдаги раҳбарлар ва етакчи нашрлар эътиборига тушган.
Орада Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, "қудратли Толибон ҳам Марказий Осиё, ҳам Россия ва ҳам Хитойнинг фойдасига бўлади".
Уларнинг айтишларича, "Толибон ИШИД ягона иттифоққа киришган тақдирда, бу давлатлар учун ростмана таҳдидга айланади".
Ғарбнинг айрим етакчи нашрлари буларнинг барчаси Афғонистондаги Исломий Амирлигининг ағдарилишидан 20 йил ўтиб, Толибон дунёнинг энг етакчи қудратларини ҳам ўзлари билан ҳисоблаштириш даражасига етганига далолат қилмай қолмаслиги ҳақида ҳам ёзишганди.
Халқаро ҳарбий доираларда Толибон ҳаракати аъзоларининг сони бир неча ўн мингга нисбат бериб келинади.
Толибон ҳозир ҳам минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ сифатида кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














