Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди - O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Маршал Абдулрашид Дўстум

Сурат манбаси, official

Толибон ўзбекларнинг Афғонистон шимолидаги таянч маркази ва маршал Дўстумнинг она шаҳри Шибирғонга бостириб кирган. Шаҳарнинг айрим ҳудудларини босиб ҳам олган. Шаҳарда жанглар шиддатли тус олган. Воқеаларнинг бу каби ривожига маршал Дўстумнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Афғонистондаги мухбирларимизга кўра, толибларнинг Шибирғонга ҳужуми кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Жангарилар шаҳарга маҳаллий вақт билан бугун эрталаб Сарипул порти ва Арабхона минтақаси орқали киришга муваффақ бўлишган.

Шибирғонга ҳужум қилиш учун Афғонистон жанубидан ҳам жангари ташлашган.

Маршал Дўстум бир неча ҳафталик даволанишдан сўнг шу ҳафта чоршанба куни Туркиядан яна Афғонистонга қайтган.

Ўша куннинг ўзида пойтахт Кобулда Афғонистон шимолини ҳимоя қилишини баён қилган.

Аммо ҳозир кечаётгани оддий уруш эмаслиги боис, истаса-да, Жаузжонга бора олмаганлигини ҳам алоҳида таъкидлаган.

Бунинг учун энг аввало Афғонистон раҳбарлари билан гаплашиб олиши кераклигини айтган.

Афғонистон етакчиларини ораларидаги зиддиятни бир четга суриб, бирлашишга чақирганди.

Маркази Шибирғон шаҳри бўлган Жаузжон Афғонистоннинг Марказий Осиё - Туркманистонга бевосита чегарадош вилояти бўлади.

Бу - Толибоннинг қарийб бир ой ичида иккинчи бор Шибирғонга ҳужум қилишидир.

Шибирғон маҳаллий ўзбекларнинг таянч шаҳри ҳисобланади.

Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг кўп - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати саналади.

Шибирғондаги жанглар

Сурат манбаси, Social media

Шибирғондан олинаётган хабарларга кўра, шиддатли жанглар боис, шаҳар аҳолисининг аксарияти ўз уйларида қамалиб қолишган, давлат идоралари, бозор ва дўконлар ёпилган, кўчаларда қатнов ҳам тўхтаган, одамлар ваҳима ва саросимада, қочиб чиқишга уринаётганлар ҳам бор.

Маҳаллий масъулларнинг ўзлари ҳам Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида шаҳарда вазиятнинг хавфли экани ва янада ёмонлашиб бораётганини эътироф этишган.

Шибирғон ҳимоясига қўшимча мадад кучлари ташланганини ҳам айтишган.

Шаҳар учун сўнгги жангларда яна маршал Дўстумнинг қуроллилари қаторида ўғилларидан бири - Ёр Муҳаммад Дўстумнинг ҳам иштирок этаётгани кўрилади.

Унинг қурол тутган ва Шибирғонда олинган суратлари худди шу соатларда ижтимоий тармоқларда ҳам кўзга ташланади.

Толибон Сарипул порти ва маршал Дўстумнинг саройини ҳам босиб олганликларини иддао қилган.

Худди шу манзарада толиблар Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош бошқа бир шимолий вилояти - Тахор марказини ҳам ҳужумга тутишаётганига оид хабарлар бор.

Талақон сўнгги ҳафталарда шундоқ ҳам Толибон жангарилари қуршовида бўлган.

Кеча, маҳаллий вақт билан кечки соатларда эса, шаҳарни ҳар томондан ҳужумга тутган, аллақачон айрим ҳудудларини эгаллаб ҳам олган.

Тахордан олинаётган хабарларга кўра, толиблар ҳозир Талақон марказига ҳам яқинлашиш ҳаракатида, бу ерда ҳам шиддатли жанглар кечаётгани айтилади.

Ҳар икки шаҳардан ҳам талафотларга оид аниқ ва тасдиқланган маълумотлар ҳозирча имконли эмас.

Томонлар бир-бирларига оғир талафот етказганликларини иддао қилишган, холос.

Маҳаллий масъулларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жанглар боис, Талақон аҳолисининг ярмидан кўпроғи аллақачон шаҳарни ташлаб чиққан, бу ерда ҳам аксарият дўконлар ёпиқ.

Сўнгги ҳужум толиблар Афғонистон ғарби ва жанубидаги стратегик жиҳатдан муҳим айрим йирик шаҳарларни босиб олиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Ҳирот, Лашкар Гоҳ ва Қандаҳор шаҳарларининг сўнгги кунларда Толибон жангарилари ва Афғонистон ҳукумат кучлари ўртасидаги қақшатқич жангларга саҳна бўлаётгани кўрилади.

Бу шаҳарларда ҳаводан уюштирилаётган ҳужумлар ҳам толибларни ҳалича ортга қайтара олмаган.

Исломий Амирлиги Афғонистонда қудратда бўлган 90-йиллар охирларида жанубий Қандаҳор ва Ҳелманд Толибоннинг икки асосий таянч нуқтаси бўлган.

Афғонистон шимолидаги жанглар

Сурат манбаси, official

Толибон Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиёга чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларидаги аксарият туманларни босиб олиши ортидан, у ердаги айрим йирик шаҳарларни ҳам ўраб олган, узоқ ва яқиндан бир неча бор ҳужумга тутган.

Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилояти маркази Мозори Шариф ва Шибирғон шаҳри бўсағасидан қайтарилган.

Толиблар орада Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик жиҳатдан муҳим ва халқаро аҳамиятга молик Ҳайратон портини ҳам қўлга киритишга уринишган.

Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош бошқа бир вилояти - шимолий-ғарбий Бодғиз маркази бўлган Қалъаи Нав эса, сўнгги икки ой ичида Толибон кириб боришга муваффақ бўлган биринчи шаҳар бўлган.

Аммо ўшанда ҳам Афғонистон ҳукумат кучлари уларнинг ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлишганди.

Орада Афғонистоннинг йирик шаҳарларини босиб олишига йўл қўймаслик учун АҚШ ҳарбийлари толибларнинг мавқеъларини четдан туриб бўлса-да, ҳаво ҳужумларига тутишгача боришган.

Аммо жангариларнинг Ҳирот, Лашкар Гоҳ, Қандаҳор, Шибирғон ва Талақон шаҳарларига сўнгги юришлари ана шу ҳаво ҳужумларидан саноқли ҳафталар ўтиб кузатилган.

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv

Толибон Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам мамлакатни тарк этишга киришган сўнгги икки ой ичида ўз ҳужумларини янада шиддатлаштирган.

Лекин шу пайтгача Афғонистоннинг бирор бир йирик шаҳри назоратини қўлга кирита олмаган.

Толибоннинг сўнгги ҳужумлари АҚШ ҳарбийлари мамлакатни деярли буткул тарк этишига саноқли кунлар қолган ва Афғонистон масаласи Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгашида кўриб чиқилиши кутилаётган бир санага тўғри келган.

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, Reuters

Ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир манзарада дипломатик саъй-ҳаракатларини ҳам кучайтираётгандек кўринган Толибон айрим минтақа давлатлари пойтахтларида экан, орада Афғонистонни "қуролли йўл билан босиб олиш истаклари йўқ"лигини ҳам даъво қилган.

Маҳаллий ва минтақавий таҳлилчилар Толибоннинг фаоллигини Афғонистон ҳукумати билан музокаралари чоғида имкон қадар устун мавқеъда бўлиш, қудратнинг энг катта улушини қўлга киритиш истаги билан изоҳлашган.

Тез орада навбатдаги босқичи бўлиб ўтиши кутилаётган афғонлараро мулоқотлар Афғонистонда янги, толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келиши ва мамлакатда доимий тинчликка эришилишига йўл очишига умид қилинади.

Аммо Толибоннинг сўнгги ютуқлари аллақачон халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.

Сўнгги хорижий қўшинлар чиқиб кетиши ортидан олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукумати қулаши, воқеалар даҳшатли тус олиши ва Афғонистон фуқаролар урушига юз тутиши мумкинлигига оид башоратлар ҳам янграган.

АҚШ 31 августгача Афғонистонни тарк этиб бўлишини айтмоқда, хорижий қўшинларнинг мамлакатдан буткул чиқиб кетишлари учун президент Жо Байден маъмурияти белгилаган якуний муҳлат эса, 11 сентябрлигича қолган.

Худди шу санадан кейин АҚШ ҳарбийлари Афғонистон Қуролли кучларини Толибонга қарши ҳаводан дастаклашда давом этишлари-йўқлиги ҳам ҳозирча маълум эмас.

Шу соатларда Афғонистон масаласининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Афғонистон ҳукумати бундан аввал яқин орада "Толибоннинг белини синдиришлари"ни ҳам айтиб чиққанди.

Толибоннинг Шибирғон ва Талақонга қаратилган сўнгги ҳужумлари Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон билан чегаралари яқинида йирик қўшма ҳарбий амалиётлар ўтказаётган бир пайтга тўғри келган.

Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожидан барча Марказий Осиё давлатлари қаторида Кремлнинг ҳам жиддий хавотирда экани кўрилади.

Аммо яқинда Россияга қилган ташрифи чоғида Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати расмий Москвани "Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқ"лигини ишонтиргани расман хабар берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek