Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, EPA

    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон

Толибон ўтган бир кеча-кундузнинг ўзида яна бешта шаҳарни босиб олганини иддао қилиб чиқди. Афғонистон шимолида маршал Дўстумнинг ўзи жанг жабҳасига борди. Толиблар шиддат билан пойтахт Кобулга яқинлашмоқда. АҚШ ва Британия Афғонистонга ҳарбий юбормоқда.

Ғазни, Ҳирот, Қалъаи Нав ва Қандаҳор Афғонистоннинг энг муҳим шаҳарлари сифатида кўрилади.

Уларнинг босиб олиниши жангариларнинг энди пойтахт Кобулга кириб боришини ҳам осонлаштиради.

Қандаҳор Толибоннинг сўнгги икки ой ичидаги энг катта ютуғи бўлади.

Унинг қўлдан кетиши Афғонистон ҳукумати учун оғир зарба экани айтилади.

Покистонга бевосита чегарадош Қандаҳор Афғонистоннинг йирик савдо хабларидан бири, стратегик жиҳатдан ўта муҳим вилояти ҳисобланади.

Афғонистоннинг иккинчи йирик шаҳри саналади.

Қандаҳор Ҳелманд билан бирга ўз вақтида Толибоннинг Афғонистондаги иккита таянч нуқтасидан биттаси бўлган.

Хабарларга кўра, бир неча ҳафталик жанглар ортидан Ҳелманд маркази Лашкар Гоҳ ҳам толиблар қўлига ўтган.

Харита

Янги иддаолар

Қандаҳор Ҳелманд билан бирга ўз вақтида Толибоннинг Афғонистондаги иккита таянч нуқтасидан биттаси бўлган

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Қандаҳор Ҳелманд билан бирга ўз вақтида Толибоннинг Афғонистондаги иккита таянч нуқтасидан биттаси бўлган

Толибон шу соатларда Ўрузгон ва Зобулни ҳам бирор бир жангсиз олганлигини иддао қилиб чиққан.

Аммо уларнинг бу даъволари ҳалича мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Худди шу манзарада Ҳелманд ва Ғор вилояти марказларининг ҳам толиблар қўлига ўтганига оид хабарлар бор.

Ҳаракат Лугардаги полиция идораси ва марказий қамоқхонани босиб олганини ҳам даъво қилаётир.

Лугар пойтахт Кобул яқинида жойлашган, мухбирларимизга кўра, агар толибларнинг даъвоси тасдиқланса, бу ҳам ҳукуматга жиддий зарба бўлади.

Ҳаракат Афғонистоннинг ўндан ортиқ шаҳрини сўнгги бир ҳафтанинг ўзида босиб олган.

Бу билан Афғонистон шаҳарларининг ярмига яқини жангарилар ихтиёрига ўтган.

Расмий Кобулнинг тез орада "Толибоннинг белини синдириш" режаси ҳалича иш бермаган.

Толибонни тўхтатиш учун жорий қилган бир ойлик комендантлик соатининг самараси ҳам ҳозирча сезилмаган.

Кўрилишича, АҚШ ҳарбийлари ва Афғонистон Мудофаа вазирлигининг ҳаво ҳужумлари ҳам уларни тўхтата олмаётир.

Шимолий Афғонистон

Маршал Дўстум

Сурат манбаси, Socialmedia

Жорий пайтда Афғонистон шимолининг аксарияти Толибон назорати остида.

Жангарилар сўнгги ҳафтада қўлга киритган шаҳарларнинг аксарияти мамлакат шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбига тўғри келади.

Ҳозир Мозори Шариф ва Маймана Афғонистоннинг толиблар қўлига ўтмаган бор-йўғи иккита шимолий шаҳри бўлади.

Маршал Дўстум, учинчи кундирки, Мозори Шариф шаҳрида.

Мозори Шарифга қарши ҳужумларини Толибон шу ҳафта бошида эълон қилган.

Хабарларга кўра, Толибоннинг Афғонистон ғарби, шарқи ва жанубидаги сўнгги ютуқлари манзарасида маршал Дўстумнинг ўзи жанг жабҳасига борган.

Мозори Шариф яқинидаги Деҳдодий туманининг Имом Букри минтақасидаги вазият билан яқиндан танишган, лозим кўрсатмаларни берган.

Бир ҳафтадан буён она шаҳри Шибирғон яқинида Толибон қамалида қолаётган юзлаб қуроллилари, ҳарбийлар ва ўнлаб танкларни ҳам Мозори Шарифга қайтаришга муваффақ бўлган.

Шибирғон ҳокими ва шаҳар хавфсизлигига масъул ўғли Ёрмуҳаммад Дўстум ҳам вертолётда толиблар қуршовидан олиб чиқилган.

Жаузжон вилояти маркази бўлган Шибирғон Толибон Афғонистон шимолида босиб олган биринчи шаҳар бўлган.

Шибирғон бундан бир ҳафта бурун толиблар назорати остига ўтгани хабар берилган.

Маршал Дўстум билан бирга Мозори Шарифда бўлган Афғонистон Ички ишлар вазири муовини ҳам ҳарбийларнинг ҳужумга шайликларини айтган.

Хабарларга кўра, маршал Дўстум Мозори Шарифда кенг кўламли янги ҳарбий амалиётларга ҳозирлик кўрмоқда.

Шаҳарнинг ўзи учун жанглар эса, бешинчи кундирки, давом этаётир.

Мозори Шариф Афғонистоннинг уч Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази бўлади.

Маршалнинг ўзи ҳам бундан аввал Мозори Шарифга Афғонистон шимолини толиблардан тозалаш учун келганини айтган.

Аммо режаланаётган амалиётга айнан кимнинг масъул бўлиши, унинг қачон ва қандай йўлга қўйилиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, кеча, пайшанба куни ҳам толиблар Майманага бир неча томондан ҳужум қилишган.

Аммо бу гал ҳам шаҳарни олишга муваффақ бўлишмаган, ҳужумлари яна бир бор ортга қайтарилган.

Балх ва Фарёбдаги икки йирик порт - Ҳайратон ва Оқина ҳам ишлаб турибди.

Толибон шиддати

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, EPA

Би-би-сининг Жанубий Осиё бўйича муҳаррирининг айтишича, "Толибоннинг қанчалик шиддат билан илгарилаб бораётгани энг тажрибали ҳарбий экспертларни ҳам шошириб қўйган".

Куни-кеча пойтахт Кобул уч ойнинг ичида қулашига оид башоратлар ҳам янграган.

Бундай чама билан яна АҚШ томонининг ўзи чиққан.

АҚШ Афғонистонга уч мингга яқин ҳарбийсини юбормоқчи.

Уларнинг кўмагида Афғонистондаги элчихонаси ходимларини мамлакатдан чиқариб олмоқчи.

Буюк Британия ҳам кеча, пайшанба куни шундай режа билан чиққан.

Афғонистонга 600 нафар ҳарбийсини жўнатиб, фуқароларини ортга қайтаришини билдирган.

Германия эса, Афғонистонни жиддий огоҳлантирган.

Агар Толибон бутун Афғонистонни босиб олса, ярим миллиард долларлик йиллик кўмагини кесиб қўйишини айтган.

Толибон томонидан уруш жиноятига тенг амаллар содир этилаётганига оид хавотирли баёнотлар ҳам чиқа бошлаган.

Кобулдаги АҚШ элчихонаси бунинг "жуда ташвишли" эканини айтган.

Чиқиш

Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари

Сурат манбаси, Getty Images

Воқеаларнинг сўнгги ривожи АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этишига саноқли ҳафталар қолган бир пайтга тўғри келмоқда.

Улар 31 августгача Афғонистондан чиқишларини айтишган.

Нато қўшинларининг аксарияти эса, 11 сентябрга қолмай Афғонистонни тарк этиб бўлишган.

Толибон айнан хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистондан чиқишни бошлаган сўнгги икки ой ичида шиддат билан илгарилашни бошлаган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, биргина ўтган ойнинг ўзида 1000 дан ошиқ одам ўлдирилган.

Сўнгги жанглар яна минглабини дарбадар қилган.

Улар аксариятининг Афғонистон шимолидан қочаётгани айтилади.

Афғонистон Толибон ҳаракати сўзчиси эса, ўзларининг ҳали-ҳануз афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш аҳдидан ортга қайтмаганликларини баён қилган.

"Аммо бошқа томонлар бунга тўсқинлик қилмасликлари лозим"лигини таъкидлаган.

Қатар пойтахти Доҳада уч кунлик музокараларини якунлаган кенгайтирилган учлик - АҚШ, Россия ва Хитой ҳам томонларни зудлик билан зўравонликларга чек қўйишга чақиришган.

Афғонистон бўйича тинчлик жараёнини жадаллаштиришга ҳам келишиб олишган.

Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати яқинда Россия ва Хитойда ҳам бўлиб қайтган.

Ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлиги идораларида ўзининг музокараларини олиб борган.

Расмий Москва уларнинг Марказий Осиё чегараларини бузмасликка оид ваъдасини ҳам олган.

Хитой томони эса, Толибонни яна бир бор "дўстим", деркан, ҳаракатни Афғонистондаги "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб атаган.

Аммо асосий урғуни афғон можаросига сиёсий йўлда ечим топишга берган.

Эрон ва Россияга ташрифлари фонида Толибон ҳайъати мезбон давлатларни "Афғонистонни куч билан босиб олиш режалари йўқ"лигига ишонтирганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Учта ядровий ва геосиёсий қудратнинг Доҳада янграган даъватига Афғонистондаги рақиб томонларнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek