Пойтахт Кобул уч ойга қолмай қулайдими? Афғонистон ва Толибон O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Толиблар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шиддат билан илгарилаб бораётган Толибон "Афғонистонни қуролли йўл билан босиб олиш ниятлари йўқ"лигини айтганига унча кўп бўлмаган
    • Author, Феруза Раҳмон
    • Role, Би-би-си Ўзбек хизмати, Лондон

Толибон сўнгги бир ҳафтанинг ўзида камида тўққиз вилоят марказини олди. Уларнинг аксарияти Марказий Осиёга бевосита чегарадош. Афғонистон Қуролли кучларининг муваққат Бош қўмондони ишдан кетди. Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси бўлади.

Бу Афғонистон жами вилоятларининг қарийб учдан бир қисми, деганидир.

Жангларнинг энди жанубий-шарқий Ғазнига ҳам кўчгани айтилади.

Хабарларга кўра, толиблар бу ерда ҳам вилоят марказини босиб олишган, пойтахт Кобулга янада яқинлашишган.

Толибон бунгача Жаузжон, Тахор, Қундуз, Сари-Пул, Самангон, Бадахшон, Бағлон, Фараҳ ва Нимрўзни деярли тўлиғича эгаллаган.

Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Қандаҳорда ҳам қақшатқич жангларнинг ҳануз давом этаётгани айтилади.

Ҳелманддан эса, Лашкар Гоҳдаги касалхоналарнинг жасадларга тўлиб кетганига оид хабарлар олинмоқда.

Жанубий Қандаҳор ва Ҳелманд ўз вақтида Толибоннинг Афғонистондаги энг асосий ва муҳим таянч нуқталари бўлган.

Аммо бу гал Марказий Осиёга бевосита чегарадош, стратегик жиҳатдан муҳим ғарбий Ҳирот ва ана шу икки вилоят назорати учун жанг қилаётган бир манзарада Толибон Афғонистон шимоли, шимоли-шарқи ва шимоли-ғарбидаги қатор шаҳарларни устма-уст босиб олган.

Шу ҳафта бошида Афғонистоннинг стратегик жиҳатдан ўта муҳим шимолий Мозори Шариф шаҳри учун ҳам жангларга киришган.

Бунақаси эса, мамлакатнинг бу яқин 20 йиллик тарихида кузатилмаган воқеълик экани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Афғонистон Қуролли кучлари Бош штаби қўмондони

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Бу - Афғонистонда сўнгги икки ойнинг ўзида иккинчи бор Бош қўмондоннинг алмашиши бўлган

Афғонистон Қуролли кучлари Бош штабининг қўмондони сўнгги бор шу йил июнь ойида алмашган.

Бунга айнан Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб бўлган.

Ҳукумати кескин танқид остида қолиб, масала парламентга чиққач, президент Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистон Мудофаа ва Ички ишлар вазири баробарида Қуролли кучлари Бош штаби қўмондонини ҳам вазифаларидан четлатган.

Уларнинг ўрнига муваққатларини тайинлаганди.

Бу - Афғонистонда сўнгги икки ойнинг ўзида иккинчи бор Бош қўмондоннинг алмашиши бўлган.

Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган ва Толибон шиддат билан илгарилаётган бир шароитда кузатилаётгани боис, бу каби устма-уст тайинловлар бир хилда ижобий қарши олинмаган.

Янги тайинлов АҚШ томонининг навбатдаги хавотирли башорати билан бир кунга тўғри келган.

Ўз вилоятларидаги жанглардан қочиб, ҳозир пойтахт Кобулга йўл солаётган одамларнинг сонлари ҳам оз эмаслиги айтилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўз вилоятларидаги жанглардан қочиб, ҳозир пойтахт Кобулга йўл солаётган одамларнинг сонлари ҳам оз эмаслиги айтилади

Америкалик мулозим анонимлик шарти остида айрим йирик Ғарб нашрларига толиблар пойтахт Кобулнинг бор-йўғи келаси уч ойнинг ичидаёқ қулаши мумкинлигини айтган.

Унга кўра, шу кетишлари бўлса, толиблар бир ойнинг ўзида Афғонистон пойтахтини қуршаб олишлари мумкин.

Хабарлардан исм-шарифи номаълум қолишини мақбул кўрган бу мулозимнинг АҚШ истиҳборатига таянаётгани маълум бўлган.

Мулозим, ўз ўрнида, Афғонистон хавфсизлик кучлари қаттиқ қаршилик кўрсатишса, бу башоратлар ўзини оқламаслиги эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

Толибон эса, АҚШ ва Афғонистон томонининг ҳаво ҳужумлари остида шиддат билан илгарилашда давом этаётгани билан Афғонистон ҳукуматининг ўзи қолиб, АҚШ ва Натони ҳам шошириб қўйган.

Англашилишича, АҚШ томонининг пойтахт Кобул билан боғлиқ сўнгги башорати ҳам толибларнинг сўнгги кунлардаги устма-уст ютуқларидан келиб чиқиб қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, жорийси сўнгги 12 йил ичида Афғонистондаги энг қонлиси бўлиши мумкин.

АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонни тарк этишларига эса, саноқли ҳафталар қолган.

11 сентябрдан кейин мамлакатда Нато ваколати остидаги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам қолишмайди.

Афғонистон президентининг юқори мартабали маслаҳатчиси, шунга қарамай, АҚШ томонининг башоратларини рад этиб чиққан.

Ҳозир ўзлари учун оғир кунлар эканига қарамай, қўллари баланд келишига ишонишларини айтган.

Генерал Скотт Миллер
Сурат тагсўзи, Генерал Скотт Миллер ўзлари чиқиб кетгач, Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши эҳтимолини назардан соқит этмаганди

Афғонистоннинг кейинги тақдири ҳақида айни мазмундаги башоратларнинг илк бор янграши эмас.

Ўтган ой АҚШ Жосуслик ҳамжамиятининг ўзи ҳам жиддий огоҳлик билан чиққан.

Хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни буткул тарк этса, бор-йўғи олти ойнинг ўзида афғон ҳукумати қулаши мумкинлигини айтган.

Бунинг ортидан Афғонистондаги кескинлашаётган вазият юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус вакили Хавфсизлик Кенгашига ҳисоб берган.

Толибон аллақачон ўнлаб туманларни босиб олганини айтиб, кенгашни "даҳшатли эҳтимоллар" билан қатъий огоҳлантирган.

Ўзининг бу борадаги жиддий хавотирлари билан биринчи бўлиб бўлишган шахс эса, айнан АҚШ ва Нато кучларининг Афғонистондаги Бош қўмондони бўлган.

Генерал Скотт Миллер ўзлари чиқиб кетгач, Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши эҳтимолини назардан соқит этмаганди.

Европа Иттифоқининг сешанба кунги сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, ҳозир Афғонистон ҳудудининг 65 фоизи Толибон назорати остида.

"Ҳаракат жами 11 та вилоят марказини босиб олган ёки эгаллаш хавфи остида".

Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари

Сурат манбаси, MOD

Сурат тагсўзи, АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 20 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан ҳам афғон можароси ўзининг якуний ечимини топмаган

Аммо худди шу кунги чиқишида АҚШ президенти ўзининг Афғонистондаги ҳарбийларини ортга қайтариш қароридан афсусда эмаслигини баён қилган.

Жо Байден, аксинча, Афғонистон лидерларини бирлашиб, ватанлари учун жанг қилишга чақирган.

У ўтган 20 йил давомида ўзларининг Афғонистонга 1 триллион доллардан кўп пул харжлашгани, минглаб ҳарбийларини бой беришганини ҳам эслатиб ўтган.

Худди шу куни Муҳаммад Ашраф Ғанининг собиқ биринчи вице-президенти ортидан кетма-кет шимолий Мозори Шариф шаҳрига етиб боргани, у ердаги Толибонга қарши мавқеи билан танилган таниқли собиқ жиҳодий қўмондонлар билан учрашиб, уларнинг кучларини ҳам Толибонга қарши мувофиқлаштириш борасида келишиб олгани маълум бўлган.

Айниқса, сўнгги йилларда қудратни "ўз қўлида марказлаштириш ҳаракатида" эканликда танқид қилиб келинаётган Афғонистон президентининг кўмак илинжида ўзининг сиёсий мухолифларига юз тутиши мамлакатдаги жорий вазиятнинг нечоғлиқ жиддий экани далолати мазмунидаги талқин ва таҳлилларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Президент Ғани президентлигининг биринчи даври миллий бирдамлик ҳукумати сафларидаги танглик билан кечган.

Иккинчисида эса, ўзи билан бир вақтда президент сифатида расман қасамёд келтирган сайловлардаги асосий рақиби доктор Абдулла Абдулла билан алал-оқибат қудратни бўлишишга рози бўлган.

Ғани президент бўлиб қолган, доктор Абдулла эса, янги ташкил қилинган ва айнан Толибон билан афғонлараро мулоқотларга масъул Афғонистон Миллий ярашув Олий кенгаши раиси этиб тайинланганди.

АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 20 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан ҳам афғон можароси ўзининг якуний ечимини топмаган.

Расмий Вашингтон ўтган йили Толибон билан имзолаган ва "тарихий" экани айтилган битим шартлари асосида Афғонистондан чиқиб кетмоқда.

Аммо битим расмий Кобулнинг иштирокисиз, фақат икки томон ўртасида имзоланган ва афғон ҳукумати билан оташкесинни кўзда тутмайди.

Орада Афғонистон томони Толибонни яна Исломий Амирлик қуриш хаёлида эканликда ҳам бир эмас, бир неча бор айблаб чиққан.

Сўнгги икки ой ичида қатор минтақа давлатлари пойтахтларига қилган амалий ташрифи чоғида эса, Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати мезбон давлатларни "Афғонистонни қуролли йўл билан босиб олиш истаклари йўқ"лигига ишонтирганига оид хабарлар олинган.

Ўзининг ҳужумларини шиддатлаштираётган бир манзарада расмий Теҳрон, Москва, Ашхобод ва Пекиннинг таклифларини беэътибор қолдирмаган.

Саноқли ҳафталарнинг ичида амалий ташриф билан уларнинг барчаси бўлиб қайтган, ўзини музокараларга ҳали-ҳануз мойилдек кўрсатган.

Сешанба куни Толибон Бош музокарачисининг Доҳада АҚШ махсус вакили Залмай Халилзод билан учрашгани ҳам айтилган.

Аммо учрашув тафсилотлари ноаён қолган.

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, AFP

Худди шу манзарада Қатарнинг кенгайтирилган учлик - АҚШ, Россия ва Хитойнинг Афғонистон масаласидаги йиғинига мезбонлик қилиши ҳам маълум бўлган.

Учовлон минтақадаги энг йирик геосиёсий рақиб, ўйинчи давлат ва ядровий қудратлар бўлишади.

Ўз вақтида Россия ва АҚШ ўртасидаги совуқлик Афғонистоннинг Суриядан кейин иккинчи "прокси уруши" майдонига айлантиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Толибон етакчиларидан бири анонимлик шарти билан Ғарбнинг айрим нуфузли ахборот агентликларига бу йиғинда ўзларининг ҳам иштирок этишларини билдирган.

Аммо бу музокараларнинг ҳам ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтиши хабар берилган.

Афғонлараро мулоқотларнинг навбатдаги босқичи эса, сўнгги бор ўтган ой бўлиб ўтган.

Аммо Доҳадаги бу мулоқот томонларнинг ўз музокараларини давом эттиришга оид аҳдлари билан якунланган ва бу ўша пайтда "катта ютуқ" сифатида баҳоланганди.

Маҳаллий таҳлилчилар Толибон мулоқотлар чоғида ўз сўзи ва шартларини ўтказиш, коалицион ҳукумат тузилган тақдирда, қудратнинг каттароқ улушини қўлга киритиш илинжида ўз ҳужумларини янада шиддатлаштириш, туманлар ортидан, Афғонистоннинг йирик шаҳарларини ҳам қўлга киритиш ҳаракатида эканини айтишади.

Расмий Вашингтон ва Толибон ҳаракати ўртасидаги битим шартларига мувофиқ ўтган йили бошланган афғонлараро мулоқотлар Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматни ташкил топтириб, мамлакатда доимий тинчликка эришилишини кўзда тутади.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, расмий Вашингтон ҳарбийлари кетгач, Афғонистондаги вазиятнинг кучли зўриқиши, Толибоннинг кучайишини яхши тасаввур қилган.

"Онгли равишда толиблар учун Афғонистон ҳокимиятига йўл очишдан бошқа чораси йўқлигини тан олмоқда ва у ердан, барибир, чиқмоқда".

Аммо, уларга кўра, "Афғонистондаги вазиятга қараб, АҚШ ва унинг Натодаги иттифоқчиларининг ўз мавқеъларини қисман ёки бутунлай қайта кўриб чиқишлари эҳтимоли сақланиб қолаверади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek