Трамп Эрондаги қонли намойишларга аралашиш билан таҳдид қилди. Видео

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон расмийларини тинч намойишчиларни ўлдирмаслик борасида огоҳлантирди ва Вашингтон "уларни ҳимоя қилишга тайёр" эканини айтди.
У ижтимоий тармоқларда қисқа пост ёзиб: "Биз тайёрмиз, қуролланганмиз ва ҳаракатга ҳозирмиз", деди. Бироқ қўшимча тафсилот бермади.
Эрон Олий Раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг юқори лавозимли маслаҳатчиси Трампга мурожаат қилиб, агар у аралашса "эҳтиёт бўлиши" кераклигини айтди ва Яқин Шарқда тартибсизликлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Пайшанба куни Эрон бўйлаб деярли бир ҳафтадан бери давом этаётган оммавий норозилик намойишлари чоғида камида олти киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилди. Намойишлар иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви сабаб бошланган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Эроннинг ярим расмий "Fars" ахборот агентлиги ҳамда "Hengaw" инсон ҳуқуқлари гуруҳи жануби-ғарбий Эроннинг Лордеган шаҳрида намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда икки киши ҳалок бўлганини билдирди.
"Fars" нинг хабарига кўра, яна уч киши Азна шаҳрида, яна бири эса Коуҳдаштда ўлдирилган. Бу шаҳарлар мамлакатнинг ғарбида жойлашган.
Пайшанба куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар чоғида автомобиллар ёқиб юборилгани кўриш мумкин.
Кўплаб намойишчилар мамлакат олий раҳбарининг ҳокимияти тугашини талаб қилмоқда. Баъзилар эса монархияни қайтариш тарафдори эканини айтмоқда.
Кун давомида бутун мамлакат бўйлаб норозиликлар кўлами кенгайгани ҳақида хабарлар келиб тушди. Мазкур намойишларга миллий валюта курсининг кескин тушиб кетиши сабаб бўлган эди.
BBC Persian томонидан тасдиқланган видеоларда Лордеган, пойтахт Теҳрон ҳамда жанубдаги Fars вилоятидаги Марвдашт шаҳрида пайшанба куни намойишлар бўлиб ўтган.
"Fars" агентлиги Лордегандаги тўқнашувларда икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди, бироқ қурбонларнинг намойишчилар ёки хавфсизлик кучлари вакиллари эканига аниқлик киритмади.
Шунингдек, Лорестон вилоятининг Азна шаҳрида ҳам уч киши қурбон бўлгани айтилмоқда.
Ўз навбатида, "Hengaw" инсон ҳуқуқлари ташкилоти Лордеганда ҳалок бўлганларнинг намойишчилар эканини тасдиқлади ва уларнинг исмлари Аҳмад Жалил ҳамда Сажжад Валаманеш эканини эълон қилди.

Сурат манбаси, Truth sahifasidan tasvirga olingan
Давлат ОАВ хабарига кўра, Эрон Исломий Инқилобий Гвардияси билан боғлиқ бир хавфсизлик ходими чоршанба куни кечаси Лорестан вилоятидаги Коуҳдашт шаҳрида намойишчилар билан тўқнашувда ҳалок бўлган.
BBC бу маълумотни мустақил тасдиқлай олмади. Намойишчилар эса ўша одам уларнинг сафида бўлганини ва хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилганини айтмоқда.
Чоршанба куни мамлакат бўйлаб мактаблар, университетлар ва давлат муассасалари ёпилди. Ҳукумат энергияни тежаш баҳонасида дам олиш куни эълон қилди, аммо кўплаб эронликлар буни норозиликларни жиловлаш ҳаракати сифатида кўрмоқда.
Намойишлар дастлаб Теҳронда - АҚШ долларига нисбатан эрон валютасининг кескин қадрсизланишидан норози бўлган дўкондорлар орасида бошланган эди.
Сешанба кунига келиб, университет талабалари ҳам намойишларга қўшилди ва улар бир неча шаҳарларга тарқалди. Одамлар мамлакатнинг диний раҳбарларига қарши шиорлар айта бошлади.
Ушбу намойишлар 2022 йилда Маҳса Аминининг ахлоқ полицияси ҳибсхонасидаги ўлимидан сўнг бошланган тартибсизликлардан кейинги энг йирик норозилик ҳаракати бўлди, бироқ кўлам жиҳатидан ҳали ўша даражага етгани йўқ.
Кескинлашувнинг олдини олиш учун Теҳронда намойишлар бошланган ҳудудларда кучли хавфсизлик чоралар кўрилмоқда.
Президент Масъуд Пезешкиан ҳукумат намойишчиларнинг "асосли талабларини" тинглашини айтди.
Бош прокурор Муҳаммад Моваҳеди-Азад эса беқарорлик яратишга уринишлар "кескин жавоб" билан қарши олиниши ҳақида огоҳлантирди.












