Ўзбекистон: Мубашшир Аҳмад саломатлиги, мих ютган самарқандлик ва водийда яна ёпилган метан шохобчалари

Сурат манбаси, FACEBOOK/MUBASHISHIR AHMAD
- Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Навоий вилоятидаги турмада жазосини ўтаётган диний уламо Мубашшир Аҳмаднинг соғлиғи ёмонлашган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти. Бу ҳақида унинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ Ўзбекистондаги нашрларга гапирган.
Асл исми Алишер Турсунов бўлган диний олим ўтган йил октябрида Жиноят кодексининг учта моддаси - миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, ҳамда диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш айбларида айбдор топилиб 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Унинг ҳимоячиси маълум қилишича, Турсуновга «Қандли диабет II тип, инсулинга муҳтож тури» ва «Чап оёқ артрози» ташхислари қўйилган.
Унга кўра, диний олимнинг оёқлари шишиб кетиб, танасида ҳар-хил яралар пайдо бўлаётганига қарамай даволанишига рухсат берилмаяпти.
Адвокатнинг аниқлик киритишича, Турсунов кўп йиллардан бери қандли диабет касаллиги билан оғриб келади.
«Қолаверса, жазони ўташ давомида Алишер Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилмоқда. Алишер Турсунов соғлигининг шундай бир ёмон ҳолатида 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланмоқда. Алишер Турсуновнинг соғлиги яхши эмаслиги, қандли диабет касаллиги қийнаётганлиги, оёқлари шишиб кетиб, буйраги яхши ҳолатда эмаслиги, танасида ҳар-хил яралар пайдо бўлаётганлигини кўра-била туриб, уни оғир ва совуқ об-ҳавода меҳнат қилишга жалб этишдан мақсад нима?», дейди адвокат Абдуллоҳ Содиқ Кун.уз билан суҳбатида.
Адвокатнинг қўшимча қилишича, мижозининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли идоралар: ИИВ, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга ариза киритилган.
Ўзбекистон жазо ўтиш муассасалари Ички ишлар вазирлиги назорати остида. BBC Турсунов соғлиги ёмонлашгани ва унга тиббий муолажа кўрсатилмаётгани ҳақидаги даъволарга муносабат сўраб ИИВ матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсовга Телеграмдан мурожаат қилди.
Мих ютган самарқандлик

Сурат манбаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали маълум қилишича, филиалда 29 ёшли фуқаронинг қорин бўшлиғидан ёт жисмлар олиб ташланди.
Марказ Телеграм каналида фуқаронинг исми А.Е деб кўрсатилди.
Маълумотга кўра, фуқаро шошилинч қабул бўлимига қорнидаги кучли оғриқдан арз қилиб келган. Унда тиббий текширувлар ўтказилганида, меъда ичак тизимида «катта миқдорда ёт жисмлар (мих ва саморез) борлиги аниқланган».
Шошилинч равишда ўтказилган жарроҳли амалиётида беморнинг қорин бўшлиғидан метал жисмлар олиб ташланган ва ҳозирда унинг аҳволи қониқарли.
Тиббий марказ маълумотида беморнинг нега метал жисмларни ютиши сабаблари кўрсатилмаган, аммо Ўзбекистондаги баъзи нашрларга кўра, эркак қаттиқ стресс остида ўз ҳаракатларини назорат қила олмай, мих ва саморезларни ютган.
Тиббиётда метал (мих, танга, сим), тупроқ, муз, қоғоз, совун, бўр каби озиқ-овқат бўлмаган жиҳозларни ейиш касаллиги «пика» деб номланади. Бу касалликка одатда организмда темир ва рух моддаларининг етишмаслиги, ҳамда қаттиқ стресс ёки аутизм каби руҳий шароитлар ҳамроҳлик қилади.
Водийда яна метан танқислиги

Сурат манбаси, KUN.UZ
Иқтисодчи блогер Отабек Бакировнинг ёзишича, сешанба куни Фарғона водийсида метан заправкалар яна кеч бўлмай ёпилди.
«Бугун тушдан кейин водий туманлари бўйлаб метан заправкалари ёпила бошлаган бўлса, кеч 18:00га бориб, фаолият кўрсатаётган метан заправкалар (давлат органлари ва ижтимоий соҳага хизмат кўрсатувчилардан бўлак) қолгани йўқ.
Энергетика вазирлиги ҳолат бўйича бирон бир изоҳ бергани йўқ, дейди блогер ўзининг Телеграмдаги саҳифасида.
«Суткалик ҳарорат нолга яқинлашганда метан заправкалар фаолияти чекланиши қоидаси яна бир бор ишлади. Шу билан водийликлар яна бобо қуёш ўртача ҳароратни 5-10 даражага кўтаришини кутишларига тўғри келади», - деб ёзади у.
Ўзгидромет башоратларига кўра, бу ҳафтанинг қолган қисмида республика бўйлаб ҳарорат кўтарилиши кутилмоқда.
Бакиров, шунингдек, метан қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериши кутилган контейнерлар йўқлигига эътиборни қаратди.
Ноябрь ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Водий вилоятларидаги метан заправкаларга кўчма контейнерлар орқали табиий газ етказиб бериш тизими ишга туширилишини маълум қилганди. Вазирлик хабарида жами 150 дона кўчма контейнерлар олиб келиниши, ноябрга келиб уларнинг 92 таси Ўзбекистонга импорт қилингани айтилганди.
Аммо, блогернинг ёзишича, «Бир неча ўн миллион доллар совурилган пиар контейнерлардан мана иккинчи ойдирки, қиш ярмига келдики, дарак йўқ.»












