Фаластинликлар Исроил қамоқларида уларни жинсий таҳқирлашганини айтишмоқда

- Author, Jon Donnison
- Role, BBC muxbiri
- Reporting from, Isroil ishg'oli ostidagi G'arbiy sohil
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Ушбу мақолада келтирилган жинсий тажовуз ва зўравонликлар манзараси айрим ўқувчилар кўнглини хира қилиши мумкин.
Икки фаластинлик Би-би-си билан суҳбатда Исроил қамоқхоналаридаги маҳбусларга муносабат ҳақидаги сўнгги ҳисоботларда таъкидланган калтаклаш ва жинсий зўравонлик ҳолатларини шахсан бошдан кечирганини айтди.
БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ўтган ойда Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларга нисбатан "ташкилланган ва кенг тарқалган қийноқлар ҳамда шафқатсиз муносабат давлатнинг де-факто сиёсати" экани ҳақидаги хабарлардан чуқур ташвишда эканлигини билдирди. Қўмита таъкидлашича, бу даъволар 2023 йил 7 октябрда Ҳамас бошчилигидаги Исроилга ҳужумлардан кейин "хавотирли кўпайган".
Исроил ва Фаластин ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларининг бошқа ҳисоботларида "тизимли" суиистеъмолликлар батафсил ёритилган.
Исроил барча айбловларни рад этди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари 7 октябрдаги ҳужумлар ва Ғазода гаровга олинган исроилликларга нисбатан муносабат туфайли юзага келган ғазаб қамоқхоналарда, айниқса, Ҳамас ва унинг ҳужумларини қўллаб-қувватлаган маҳбусларга нисбатан шавқатсиз муносабат муҳитини яратганини таъкидлашмоқда.
Ўтган йили Исроил ҳарбий қамоқхонасидан сизиб чиққан видеокузатув тасвирларида ғазолик эркак қамоқхона қўриқчилари томонидан жинсий зўравонликка учрагани акс этган. Бу воқеа Исроилнинг ҳарбий ва сиёсий раҳбариятида истеъфо ва айбловларга сабаб бўлди.
46 ёшли Сами ас-Саий ҳозирда мебел дўконида ишлайди, илгари эса босиб олинган Ғарбий Соҳилнинг шимолий қисмидаги Тулкарм шаҳрида мустақил журналист бўлган.
У 2024 йил январида Ҳамас ва бошқа қуролли гуруҳлар аъзолари билан журналистлар ўртасида суҳбатлар уюштиришга ёрдам бергани сабабли исроиллик ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинган.
У маъмурий қамоқ деб аталган тартиб асосида 16 ой давомида айблови эълон қилинмасдан қамоқда сақланган ва шу йил ёзида озод этилган.
Унинг айтишича, Исроил шимолидаги Мегиддо қамоқхонасида сақланаётган пайтда, 2024 йил 13 март куни ёки шу атрофда қўриқчилар уни қисман ечинтирган ва калтак билан зўрлаган.
У Ғарбий Соҳилдаги асосан консерватив бўлган Фаластин жамиятидан четлатилиш хавфига қарамай, жинсий зўравонлик ҳақида Би-би-сига сўзлаб беришга қарор қилганини айтди.
"Улар беш-олтита эди," деди у.
"Улар мириқиб кулишарди. Қоровул мендан сўради: "Қалай, ёқяптими? Сен билан ўйнамоқчимиз, хотинингни, синглингни, онангни ва дўстларингни ҳам бу ерга олиб келмоқчимиз", деб давом этди ас-Саий.
"Мен ўлишни ва бундан қутулишни хоҳлардим, чунки оғриқ нафақат зўрлашдан, балки қаттиқ ва шафқатсиз калтаклашдан ҳам эди."
Qorovul mendan so‘radi: “Qalay, yoqyaptimi? Sen bilan o‘ynamoqchimiz, xotiningni, singlingni, onangni va do‘stlaringni ham bu erga olib kelmoqchimiz.
Унинг айтишича, қийноқ 15-20 дақиқа давом этган, бу вақт ичида қўриқчилар унинг жинсий аъзоларини ҳам сиқиб, қаттиқ оғриқ етказган.
У калтаклашлар деярли ҳар куни содир бўлганини, аммо фақат бир марта жинсий зўравонликка учраганини айтди.
Би-би-си Исроил қамоқхоналар хизматидан (ИҚХ) ас-Саийнинг айбловларига жавоб сўради. ИҚХ шундай жавоб қайтарди: "Биз қонунга тўлиқ мувофиқ ҳаракат қиламиз, шу билан бирга назоратимиз остидаги барча маҳбусларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини таъминлаймиз.
Биз баён этилган даъволардан бехабармиз ва бизнинг маълумотларимизга кўра, ИҚХ назорати остида бундай ҳодисалар содир бўлмаган."

Сурат манбаси, IDF handout
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шунингдек, биз ИҚХдан жинсий зўравонлик бўйича тергов бошланган-бошланмагани ва тиббий ҳужжатлар мавжуд-мавжуд эмаслиги ҳақида сўрадик. Улар бу саволга изоҳ бермади.
Исроил қамоқхоналарида фаластинликларга нисбатан зўравонлик қўлланилгани ҳақидаги даъволар ўнлаб йиллар давомида илгари сурилган, аммо яқинда содир бўлган бир ҳолат мамлакат тизимини ларзага солди ва Ҳамасни қўллаб-қувватлашда айбланган маҳбуслар ва қамоққа олинганларга муносабат масаласида Исроил жамиятидаги бўлинишни янада чуқурлаштирди.
2024 йил август ойида Исроил жанубидаги Сде Тейман ҳарбий қамоқхонасидан сизиб чиққан видеокузатув тасвирларида ғазолик маҳбуснинг аскарлар томонидан ўткир буюм билан зўрлангани ва унинг тўғри ичаги тешилгани кўрсатилган. Бу ҳужум 2024 йил июлида содир бўлган.
Исроилнинг беш нафар захирадаги ҳарбий хизматчиси маҳбусга нисбатан зўравонлик ва оғир тан жароҳати етказганликда айбланган.
Ўтган ойда улар Исроил телевидениесида матбуот анжуманида гапиришди, улардан тўрттаси ўз шахсини яшириш учун қора балаклаваларда эди.
14-канал янгиликлар дастурига берган интервьюсида бешинчи аскар ниқобини ечиб, юзини кўрсатди ва яширадиган ҳеч нарсаси йўқлигини айтди.
Уларнинг бешови ҳам айбловни рад этган.
Захирадаги ҳарбийлар видеокузатув тасвирларини Исроил армиясининг бош юридик маслаҳатчиси, ҳарбий бош прокурор генерал-майор Йифат Томер-Ерушалми сиздиргани маълум бўлганидан сўнг матбуот анжуманини ўтказишди.
Генерал октябр ойида истеъфога чиқди ва маълумотлар сизиб чиққани учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олганини айтди. У "армиянинг ҳуқуқ-тартибот идораларига қарши ёлғон пропагандага қарши турмоқчи бўлганини" тушунтирди – бу баъзи ўнг қанот сиёсатчиларининг айбловлар уйдирма эканлиги ҳақидаги даъволарига ишора эди.

Ўта ўнг қанот тарафдорлари Сде Тейман қамоқхонаси олдида беш нафар айбланувчи резервистни қўллаб-қувватлаш учун норозилик намойиши ўтказди.
Июл ойида истеъфога чиқишидан олдин, Исроил парламентида бўлиб ўтган қизғин қўмита йиғилишида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ўнг қанот "Ликуд" партияси сиёсатчиси Ханох Милвидскийдан маҳбусни зўрлаш мумкинми деб сўрашди.
"Жим бўл, жим бўл! – дея қичқирди у. – Ҳа, агар улар Нухба [7 октябрь ҳужумларида қатнашган Ҳамаснинг элита жангчилари] бўлса, ҳамма нарса қонуний. Ҳамма нарса."
Яқинда нуфузли Исроил демократия институти ўтказган сўров натижаларига кўра, Исроил жамоатчилигининг аксарияти Ғазодаги фаластинликларни таҳқирлаганликда гумон қилинаётган аскарларни тергов қилишга қарши экан.
Аҳмад (унинг ҳақиқий исми эмас) рафиқаси ва 11 фарзанди билан Ғарбий Соҳилда яшайди.
Уни 2024 йил январида аскарлар ҳибсга олган ва 7 октябрь куни Ҳамас бошчилигидаги ҳужумларни мақтаб, ижтимоий тармоқларда постлар қолдирганидан сўнг терроризмга ундашда айбдор деб топилган. Бу ҳужумларда 1200 га яқин одам, асосан исроилликлар ҳалок бўлган ва яна 251 нафари гаровга олинган эди.
У бир йиллик қамоқ жазосига ва 935 доллар миқдорида жаримага тортилди.
У ўзининг Исроил қамоқхонасида жиддий жинсий зўравонликка учраганини айтмоқда.
"Қамоқхонанинг уч қўриқчиси мени ҳожатхонага олиб киришди ва бутунлай яланғоч қилиб, ерга ётқизишди," деди Аҳмад уйида берган интервьюсида.

Сурат манбаси, Getty Images
"Улар бошимни ҳожатхона унитазига тиқишди ва 150 кг келадиган баҳайбат одам бошимда турди, шунинг учун мен эгилиб қолдим. Кейин қамоқхона итини чақираётган кимнингдир овозини эшитдим. Итга футболчи каби Месси деб исм қўйилган экан."
Кейин у ит уни жинсий жиҳатдан қандай таҳқирлаганини батафсил айтиб берди. Унинг айтишича, шими ва ички кийими ечилган ва ит унинг устига чиққан.
"Мен унинг нафасини ҳис қилдим... кейин у устимга сакради... Бақирдим. Қанча кўп бақирсам, шунча кўп калтаклашар эди, ҳушимни йўқотаёздим."
Аҳмад ҳибсда бўлган вақтида қўриқчилар уни мунтазам равишда, шу жумладан жинсий аъзоларига ҳам калтаклаганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, у жинсий зўравонликдан 12 кун ўтиб, жазони тўлиқ ўтаб бўлгач, озодликка чиқарилган.
Биз Аҳмаддан унинг даъволарини тасдиқловчи тиббий ҳужжатлар бор-йўқлигини сўрадик, лекин у бундай ҳужжатлар йўқлигини айтди.
Биз ИҚХ (Исроил қамоқхона хизмати) билан боғланиб, Аҳмаднинг даъволарига изоҳ ва унинг зўравонликка учраши бўйича тергов бошланган-бошланмаганини сўрадик, аммо жавоб олмадик.
Исроил қамоқхоналарида 9 мингдан ортиқ Фаластин хавфсизлик маҳбуси сақланмоқда, бу 7 октябрь ҳужумларидан олдинги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўп. Кўпчилигига ҳеч қандай айблов қўйилмаган.
БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида 7 октябрдаги ҳужумлар қораланган, шунингдек, Исроилнинг жавоби ва Ғазодаги улкан инсоний талафотдан чуқур хавотир билдирилган.
7 октябрь куни ўғирлаб кетилган гаровга олинганларнинг баъзилари ва ҳужумлардан омон қолганлар ҳам Ҳамас ва унинг иттифоқчилари томонидан жинсий зўравонлик, зўрлаш ва қийноқларга дучор бўлганликларини даъво қилишган.
Шунингдек, Ҳамас Исроил билан ҳамкорликда айбланган ғазоликларни омма олдида қатл қилган.
Бундан ташқари, Ғарбий Соҳилнинг Исроил назоратидан ташқари қисмларида масъул бўлган ва Ҳамаснинг сиёсий ва ҳарбий рақиби ҳисобланган Фаластин маъмурияти (ФМ) томонидан бошқариладиган қамоқхоналарда зўравонлик содир этилгани ҳақида даъволар бор.
Би-би-си собиқ маҳбус билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, ФМ хавфсизлик ходимлари уни калтаклаган ва унга электр токи берган.
Би-би-си изоҳ олиш учун ФМ билан боғланган, бироқ жавоб олмаган. ФМ аввалроқ мунтазам таҳқирловлар ҳақидаги айбловларни рад этган эди.
Октябр ойида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига тақдим этилган ҳисоботда Исроилнинг бешта инсон ҳуқуқлари ташкилоти "фаластинликларга қарши барча ҳибсхоналарда деярли тўлиқ ва давлат сиёсати даражасида жазосиз амалга оширилган қийноқлар ва шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатлар кескин кучайгани" ҳақида маълум қилди.
Исроилдаги қийноқларга қарши жамоатчилик қўмитаси – «Адалаҳ», «Ота-оналар болаларни ҳибсга олишга қарши», «ҲаМокед» ва «Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар-Исроил» ташкилотлари Исроил "мавжуд ҳимоя кафолатларини бекор қилгани ва энди ҳибсга олишдан қамоққа олишгача бўлган бутун жараёнда ишғол остидаги фаластинликлар ва Фаластин фуқароларига нисбатан қийноқларни қўллаётганини кўрсатадиган далилларни тақдим этди. Юқори мартабали амалдорлар бу суиистеъмолликларга рухсат берган, суд ва маъмурий механизмлар эса аралаша олмаган."
Ҳисоботда айтилишича, бундай амалиётлар қамоқдаги фаластинликларнинг ўлимига олиб келган, Ғазо уруши бошланганидан 2025 йил август ойи охиригача Исроил қамоқхоналарида камида 94 киши ўлгани қайд этилган.
Исроилнинг Женевадаги элчиси БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасида янграган айбловларни "нотўғри маълумот" сифатида рад этди.
Дениел Мерон ўтган ойда экспертлар гуруҳига Исроил "ҳатто террорчи ташкилот юзага келтираётган қийинчиликларга қарамай, ахлоқий қадриятларимиз ва тамойилларимизга мувофиқ ўз мажбуриятларини бажаражагини" маълум қилди.
У Исроилнинг тегишли идоралари қийноқларга қарши тақиққа тўлиқ риоя қилаётганини таъкидлади ва Исроил тизимли тарзда жинсий ҳамда гендерга асосланган зўравонликка йўл қўяётганини рад этди.












