Мен 40 та уруш ҳақида репортаж тайёрлаганман, аммо 2025 йил каби йилни кўрганим йўқ

- Author, Жон Симпсон
- Role, Би-би-сининг жаҳон ишлари бўйича муҳаррири
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Матнда айрим ўқувчилар дилини хира қиладиган ўлим тафсилотлари бор.
1960-йиллардан бошланган касбий фаолиятим давомида мен бутун дунёдаги 40 дан ортиқ уруш ҳақида репортажлар тайёрлаганман. Совуқ Урушнинг авжига чиқишини ҳам, сўнишини ҳам кузатдим. Аммо 2025 йилчалик хавотирли йилни ҳеч кўрмадим – бу нафақат бир нечта йирик можаролар авж олгани сабабли, балки улардан бирининг катта геосиёсий оқибатлари аниқ бўлиб бораётгани сабабли ҳамдир.
Украина Президенти Володимир Зеленский ўз мамлакатидаги ҳозирги можаро жаҳон урушига айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Деярли 60 йил давомида можароларни кузатдим, у ҳақ бўлса-чи деган нохуш ҳис ўтмоқда менда.
НАТО давлатлари Россия Ғарб жамияти учун муҳим бўлган электрон алоқаларни таъминлайдиган сув ости кабелларини кесиши мумкинлигидан хавотирда. Россия дронлари НАТО мамлакатлари мудофаасини синаб кўраётгани айтилаяпти. Россия хакерлари вазирликлар, фавқулодда хизматлар ва йирик корпорациялар фаолиятини издан чиқариш усулларини ишлаб чиқмоқда.
Ғарбдаги ҳокимият вакиллари Россия махфий хизматлари Ғарбда бошпана топган мухолифатчиларни ўлдиргани ва ўлдиришга уринганига ишончи комил. 2018 йили Британия Солсберисида россиялик собиқ разведкачи Сергей Скрипалнинг ўлдирилишига уриниш (шунингдек, маҳаллий аёл Дон Стержесснинг ўлимга олиб келган заҳарланиши) бўйича ўтказилган тергов хулосасига кўра, суиқасдга Россияда энг юқори даражада топшириқ берилган.
Бу президент Путиннинг ўзи дегани.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
2025 йил бир-биридан кескин фарқ қиладиган учта уруш билан тарихда қолди. Албатта, улар орасида Украина бор, БМТ маълумотларига кўра, у ерда 14 минг тинч аҳоли ҳалок бўлган. 2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми оқибатида 1200 га яқин одам ҳалок бўлгани ва 251 киши гаровга олингани ортидан Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу "қудратли қасос" олишга ваъда берган Ғазодаги уруш.
Ўшандан бери 70 мингдан ортиқ фаластинлик Исроил ҳарбий ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлди. Ғазонинг Ҳамас бошқарадиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, уларнинг орасида 30 мингдан ортиқ болалар ва аёллар бор. Бу рақамларни БМТ ишончли деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, Суданда икки ҳарбий гуруҳ ўртасида шафқатсиз фуқаролар уруши давом этаяпти. Сўнгги бир-икки йил ичида у ерда 150 мингдан ортиқ одам ўлди, 12 миллионга яқин одам уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Эҳтимол, агар бу 2025 йилдаги ягона уруш бўлганида, халқаро ҳамжамият уни тўхтатиш учун кўпроқ саъй-ҳаракат қилган бўларди, аммо ундай бўлмади.
"Мен урушларни тўхтатишга устаман", деди АҚШ Президенти Доналд Трамп Ғазодаги жангларни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борганидан сўнг Исроилга парвоз қилаётган самолётида. Ҳозир Ғазода камроқ одам ҳалок бўлаётгани бор гап. Бироқ, ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, бу уруш тугаган кўринмаяпти.
Яқин Шарқдаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳисобга олиб, Украинадаги уруш бутунлай бошқа даражада дейиш ғалати туюлиши мумкин. Лекин аслида шундай.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Совуқ урушни ҳисобга олмаганда, мен йиллар давомида гувоҳ бўлган можароларнинг аксарияти кичик миқёсда эди: жирканч ва хавфли, албатта, аммо бутун дунё тинчлигига таҳдид соладиган даражада жиддий эмасди. Ветнам, биринчи Форс кўрфази уруши ва Косоводаги уруш каби баъзи можаролар вақти-вақти билан янада ёмонроққа айланиб кетиши мумкиндек туюлган, аммо бундай бўлмаган.
Катта давлатлар маҳаллий, анъанавий уруш ядровий урушга айланиб кетиши мумкинлигидан жуда хавотирда эди.
"Мен сиз учун Учинчи жаҳон урушини бошламоқчимасман", деб бақирган эди британиялик генерал сэр Майк Жексон 1999 йилда Косовода радиоалоқа орқали. Ўшанда унинг НАТОдаги раҳбари Британия ва Франция кучларига рус қўшинлари биринчи бўлиб етиб келган Приштина шаҳридаги аэродромни эгаллашни буюрган эди.
Бироқ Президент Трампнинг Европага қизиқиши йўқлигини сезган Россия келгуси 2026 йилда янада кўпроқ ҳукмронликка интилишга тайёр кўринмоқда.
Шу ой бошида Путин Россия Европа билан уруш қилишни режалаштирмаётганини, аммо европаликлар хоҳласа, "ҳозироқ" тайёрлигини айтди.
Кейинчалик телевидениедаги чиқишида у шундай деди: "Агар сизнинг манфаатларингизни ҳурмат қилишга ҳаракат қилганимиздек, сиз ҳам бизга ҳурмат билан қарасангиз, манфаатларимизни ҳурмат қилсангиз, ҳеч қандай ҳарбий амалиёт бўлмайди."

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо дунёдаги йирик давлат бўлган Россия аллақачон мустақил Европа давлатига бостириб кирди, натижада кўплаб тинч аҳоли ва ҳарбийлар ҳалок бўлди. У Украинадан камида 20 минг болани ўғирлашда айбланмоқда. Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия Президенти Владимир Путинни бунга алоқадорлиги учун қамоққа олиш ҳақида ордер берган. Россия эса буни рад этиб келмоқда.
Россия НАТО тажовузидан ҳимояланиш учун бостириб кирганини айтмоқда, аммо Президент Путин бошқа сабабни ҳам кўрсатди: Россиянинг минтақавий таъсир доирасини тиклаш истаги.
Жуда ҳам ўзгараётган Америка
2025 йилда аксар Ғарб давлатлари ақлга сиғмайдиган деб ҳисоблаган ҳодиса юз берди: Америка президенти Иккинчи Жаҳон урушидан бери амалда бўлган стратегик тизимдан юз ўгириши мумкин.
Вашингтон Европани ҳимоя қилишни истайдими-йўқми, аниқ эмас, бошқа томондан Европа кетаётган йўналишни ҳам маъқулламаяпти. Трамп маъмуриятининг янги миллий хавфсизлик стратегияси ҳисоботида Европа "цивилизация йўқ бўлиб кетиши хавфи"га дуч келаётгани таъкидланган.
Кремл бу ҳисоботни мамнуният билан кутиб олди ва у Россия қарашларига мос келишини айтди.
БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари аҳволи бўйича махсус маърузачиси айтишича, Россия ичида Путин ўзига ва Украина урушига қарши ички мухолифат овозини деярли бутунлай ўчирган. Аммо унинг ўз муаммолари ҳам бор: яқинда пасайган инфляциянинг яна кўтарилиш эҳтимоли, нефт даромадларининг камайиши ва ҳукуматнинг урушни молиялаштириш учун ҚҚСни оширишга мажбур бўлгани.

Сурат манбаси, Getty Images
Европа Иттифоқи иқтисодиёти Россиядан 10 баравар катта, Буюк Британияни қўшсак, ундан ҳам кўпроқ. Европанинг 450 миллионлик аҳолиси Россиянинг 145 миллионлик аҳолисидан уч баробар кўп.
Шунга қарамай, Ғарбий Европа ўз қулай ҳаётини йўқотишдан хавотирдадек кўринмоқда, яқин-яқингача Америка ҳимоясига ишониб, ўз мудофаасига маблағ сарфлашни истамади.
Америка ҳам аввалгидек эмас: камроқ таъсирли, кўпроқ ичкарига қараган – мен бутун фаолиятим давомида ёритган Америкадан тобора фарқ қилади. Ҳозир у худди 1920-30 йиллардагидек ўз миллий манфаатларига эътибор қаратмоқчи.
Ҳатто Президент Трамп келгуси йилги оралиқ сайловларда ўз сиёсий кучини йўқотса ҳам, у изоляционизм томон шунчалик силжиган бўлиши мумкинки, 2028 йилда НАТО тарафдори бўлган Америка президенти келса ҳам, Европага ёрдам беришга қийналиб қолиши мумкин.
Владимир Путин буни сезмаган, деб ўйламанг.

Кескинлашув хавфи
2026 йил ҳам муҳим йил бўлиши кутилмоқда. Зеленский Украина ҳудудининг катта қисмини йўқотиб, тинчлик келишувига мажбурланиши мумкин.
Президент Путин бир неча йилдан кейин яна ҳужум қилмаслиги учун ишончли кафолатлар бўладими?
Россия билан урушаётганини ҳис қилаётган Украина ва унинг европалик тарафдорлари учун бу муҳим савол. Европа Украинани қўллаб-қувватлашни асосан ўз зиммасига олиши керак бўлади, аммо агар Қўшма Штатлар баъзида таҳдид қилганидек, Украинадан юз ўгирса, бу Европа учун жуда оғир юк.

Сурат манбаси, Global Images Ukraine via Getty Images
Аммо уруш ядровий тўқнашувга айланиб кетиши мумкинми?
Президент Путин таваккалчи эканини биламиз; эҳтиёткорроқ раҳбар 2022 йил февралида Украинага бостириб киришдан ўзини тийган бўларди. Унинг яқинлари Буюк Британия ва бошқа Европа мамлакатларини Россиянинг янги қуроллари билан ер юзидан супуриб ташлаш ҳақида даҳшатли таҳдидлар қилишади, лекин унинг ўзи одатда анча босиқ гапиради.
АҚШ ҳали ҳам НАТОнинг фаол аъзоси, у ҳалокатли ядро ҳужуми билан жавоб қайтариш хавфи ҳали жуда юқори. Ҳозирча шундай.
Хитойнинг глобал роли
Хитойга келсак, президент Си Цзинпин сўнгги пайтларда Тайван оролига деярли таҳдид қилмади. Аммо икки йил олдин ўша пайтдаги Марказий Разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс Си Цзинпин Халқ озодлик армиясига 2027 йилгача Тайванга бостириб киришга тайёр бўлишни буюрганини айтган эди. Агар Хитой Тайванга даъво қилиш учун қандайдир қатъий чоралар кўрмаса, Си Цзинпин буни жуда заиф кўриниш деб ҳисоблаши мумкин. У бундай кўринишни истамайди.
Ҳозир Хитой жуда кучли ва бой, ички жамоатчилик фикри ҳақида қайғуриб ўтирмайди, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо ундай эмас.
1989 йилда Ден Сяопинга қарши кўтарилган ва Тянанмен қирғини билан якунланган қўзғолондан бери Хитой раҳбарлари мамлакат аҳолиси кайфиятини синчковлик билан кузатиб келмоқда.
Мен ўзим Тянанменда бўлаётган воқеаларни кузатдим, хабар бердим ва ҳатто баъзида майдонда яшадим.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images, Sputnik, Pool
1989 йил 4 июнь воқеаси ўша пайтда биз ўйлаганчалик оддий эмас эди: қуролланган аскарлар қуролсиз талабаларни отди. Шундай бўлди, лекин Пекинда ва Хитойнинг бошқа кўплаб шаҳарларида яна бир тўқнашув ҳам бўлган. Минглаб оддий ишчилар кўчаларга чиқиб, талабаларга қарши ҳужумдан Хитой Коммунистик партияси ҳукмронлигини бутунлай ағдариш учун фойдаланишга қарор қилишганди.
Икки кундан кейин кўчалардан ўтаётганимда камида бешта полиция бўлими ва учта маҳаллий хавфсизлик полицияси штаби ёниб кетганини кўрдим. Шаҳар четидаги бир жойда ғазабланган оломон бир полициячини ёқиб юбориб, унинг куйган жасадини деворга суяб қўйган эди.
Бошига фуражкаси кийдирилиб, қорайиб кетган лаблари орасига сигарет қистириб қўйилган эди.
Маълум бўлишича, армия нафақат талабаларнинг узоқ давом этган намойишини бостирган, балки оддий хитойликларнинг халқ қўзғолонини ҳам бостириб ташлаган экан.
Хитойнинг сиёсий раҳбарияти 36 йил аввал содир бўлган ўша воқеаларни унута олмай, ҳар томондан мухолифат аломатларини излайди – хоҳ у Фалунгун сингари уюшган гуруҳлар бўлсин, хоҳ мустақил насроний черкови ёки Ҳонконгдаги демократия ҳаракати бўлсин ёки шунчаки маҳаллий коррупцияга қарши намойиш қилаётган одамлар бўлсин. Барчаси катта куч билан бостирилмоқда.
1989 йилдан бери Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий юксалишини кузатиб, у ҳақда кўп хабарлар тайёрладим. Ҳатто Си Цзинпиннинг рақиби бўлган юқори мартабали сиёсатчини ҳам танирдим. Унинг исми Бо Силай эди, у инглизпараст бўлиб, Хитой сиёсати ҳақида ҳайратланарли даражада очиқ гапирарди.
У бир сафар менга шундай деган эди: "Ўзининг сайланган эмаслигини билган ҳукумат ўзини қанчалар заиф ҳис қилишини тушуна олмайсиз."
Бо Силайга 2013 йилда порахўрлик, ўзлаштириш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Умуман олганда, 2026 йил муҳим йил бўлиши кутилмоқда. Хитойнинг кучи ошади ва унинг Тайванни ишғол этиш стратегияси – Си Цзинпиннинг буюк мақсади – янада ойдинлашади. Эҳтимол, Украинадаги уруш Президент Путин учун қулай шартлар асосида ҳал этилар.
У яна тайёрланиб, Украина ҳудудининг янада кўпроқ қисмини эгаллаш учун қайтиши ҳам мумкин. Президент Трамп эса ноябр ойидаги оралиқ сайловларда сиёсий мавқеи пасайиши мумкин бўлса-да, АҚШни Европадан янада узоқлаштиради.
Европа учун келажак бундан-да қоронғироқ бўлиши мумкин эмас эди.
Агар сиз Учинчи жаҳон уруши ядро қуроллари билан бўлади деб ўйлаган бўлсангиз, яна бир ўйлаб кўринг. Бу дипломатик ва ҳарбий ҳийла-найранглар тўплами бўлиши эҳтимоли кўпроқ ва унда авторитар тузумлар гуллаб-яшнайди. У ҳатто Ғарб иттифоқини парчалаб юбориши хавфи бор.
Бу жараён аллақачон бошланган.
Мақола бошидаги сурат муаллифлик ҳуқуқи AFP / Getty Images га тегишли













