Эрон шоҳининг ўғли Трампни Эронга тезроқ киришга ундаяпти

Реза Паҳлави АҚШда қувғинликда яшайди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Реза Паҳлави АҚШда қувғинликда яшайди.
    • Author, Би-би-си янгиликлар бўлими
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Эроннинг сўнги шоҳининг ўғли Реза Паҳлави АҚШ Президенти Доналд Трампни Эрондаги намойишчилар орасидаги ўлимни камайтириш учун «тезроқ» у ерга киришига чақирди.

CBS News билан интервюсида Паҳлави Эрон ҳукумати «яна музокараларга тайёр эканини айтиб, дунёни яна бир бор алдамоқчи» бўлаётганини айтди.

У Трампни «айтганини қиладиган» ва «нима хавф остида» эканини биладиган одам дея тасвирлади.

«Менимча, президент тез орада қарор қабул қилиши керак», деди Паҳлави.

Норвегияда жойлашган Эрон Инсон ҳуқуқлари (IHRNGO) ташкилотига кўра, намойишларда камида 648 одам ўлган, уларнинг тўққиз нафари балоғатга етмаганлардир.

BBC ва кўплаб бошқа халқаро матбуот ташкилотлари Эрон ичидан хабар узата олмайди. Пайшанба куни интернетнинг узиб қўйилиши ортидан Эрондан хабар олиш ва уни тасдиқлаш қийинлашган.

Айни дамда, икки нуфузли АҚШ мудофаа расмийсининг CBS News га айтишича, Трамп билан Эрон ичида қўлланилиши мумкин бўлган яширин ва ҳарбий усулларнинг кенг имкониятлари муҳокама қилинди.

Душанба куни Теҳронда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи йирик намойишлар бўлиб ўтди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Душанба куни Теҳронда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи йирик намойишлар бўлиб ўтди.

АҚШ Эронга қарши узоқ масофали ракета зарбалари, ҳамда ҳукумат бошқаруви ва мулоқот йўлларини ишдан чиқарувчи кибер-ҳужумлар ва психологик кампания олиб боришни кўриб чиқяпти.

Трамп душанба куни Эронга тижорий алоқадор давлатлар маҳсулотларига 25% тарифни киритди.

Шундоқ ҳам АҚШ санкциялари остида бўлган Эрон ўз пул бирлигининг қадрсизланиши ва озиқ-овқат нархларининг 70 фоизга ошишидан азият чекмоқда. У ўзидаги озиқ-овқатнинг учдан бирини импорт қилади, демак халқаро тарифлар унинг нархини янада ошириши мумкин.

Эроннинг энг катта савдо шериги – Хитой, ундан сўнг Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Ҳиндистон. Оқ Уй тарифлар кимга қандай ишлаши бўйича қўшимча маълумот бермади.

Эрон матбуоти йирик шаҳарларда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтганини хабар қилди.

BBC форс хизмати кўрган СМСларда ҳукумат одамларни бу намойишларга келишга ундагани ва аксил-ҳукумат намойишларда қатнашмасликни айтиб огоҳлантирганини кўриш мумкин.

Эрон раҳнамоси Оятуллоҳ Хоманаий АҚШни «ёлғончилик»да ва «хиёнаткор ёлланма кучлар»ни ёллашда айблади, ҳамда душанба куни ҳукуматни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойишларни олқишлади.

12 январ - Эрон намойишларида 650 киши ҳалок бўлди, Oлий раҳнамо АҚШни огоҳлантирди

Оятуллоҳ Али Хоманаий

Сурат манбаси, West Asia News Agency via Reuters

Бундан икки ҳафта олдин иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши ортидан бошланган намойишларнинг воқеалар ривожи қуйидагича:

  • Норвегияда жойлашган инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, Эронда ҳукуматга қарши намойишларнинг шафқатсизларча бостирилиши оқибатида камида 650 нафар намойишчи ҳалок бўлган.
  • Бутун мамлакат бўйлаб интернетнинг узиб қўйилиши Эронда нималар бўлаётгани ҳақида аниқ маълумот тарқатилишини қийинлаштирмоқда. Мухбиримиз билан Starlink сунъий йўлдош хизмати орқали боғланган шахс: "Дунё ичкарида биз билан нималар содир бўлаётганини билиши керак", - деди.
  • Ҳалок бўлганлар орасида 26 ёшли футбол ҳаками Амир Моҳаммад Кооҳкан ва 23 ёшли талаба Рубина Аминиан ҳам бор.
  • Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг таъкидлашича, ҳукуматга қаршин намойишлар билан бирга бугунги ҳукуматни қўллаб-қувватловчи намойишлар "Америка сиёсатчилари ўзларининг алдов ва маккорликларига чек қўйишлари учун огоҳлантириш" бўлди.

Хоманаий бугунги кунни "тарихий кун" деб атади ва "қатъий ирода билан тўлиб-тошган ушбу улкан йиғинлар хорижий душманларнинг ички ёлланма шахслар орқали амалга оширмоқчи бўлган режаларини барбод қилганини" қўшимча қилди.

Шунингдек, у: "Эрон халқи қудратли ва ҳушёр халқдир, у ўз душманларини танийди ва ҳар қандай вазиятда доимо ҳозиру нозир", дея таъкидлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Трамп Эронга қарши қаттиқ чоралар ҳақида гапирди, Эрон эса зарбалар жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирди

АҚШ Президенти Доналд Трамп самолётда
Сурат тагсўзи, Президент Трамп сўзларига кўра, АҚШ Эрондаги вазиятга жиддий қараяпти

АҚШ Президенти Доналд Трамп Эрон раҳбариятини норози намойишчилар ўлдириладиган бўлса, аралашиши мумкинлиги борасидаги огоҳлантиришини яна бир бор такрорлади.

11 январ, якшанба куни АҚШ президенти учоғида журналистларга гапирган Президент Трамп сўзларига кўра, Эрон раҳбарияти "музокарага" чақирганлар.

"Аммо биз учрашувдан олдин ҳаракат қилишимиз мумкин", деди Президент Трамп.

Iqtibos

АҚШ президенти билан бирга парвоз қилаётган журналистлардан бири, намойишчиларга ўқ узиш билан Эрон "қизил чизиқ"дан ўтдими, деб сўради.

"Улар бошлаганга ўхшайди", дея жавоб берди Трамп.

"Биз бунга жуда жиддий қараяпмиз. Ҳарбийлар кузатиб туриптилар. Биз айрим жуда кескин чоралар устида бош қотираяпмиз. Биз қарор қабул қиламиз", деди АҚШ президенти.

"Мен Эрон раҳбарларига айтаман: яхшиси, отишни бошламанг, акс ҳолда биз ҳам отишни бошлаймиз", деди 9 январ куни Оқ Уйда Президент Трамп.

"Эрон биринчи бўлиб ҳужум қилмайди, аммо урушга яхши тайёрланган"

Эрон Ташқи ишлар вазири Теҳронда хорижий элчилар билан учрашди

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Эрон Ташқи ишлар вазири Теҳронда хорижий элчилар билан учрашди

Эрон биринчи бўлиб ҳужум қилмайди, аммо урушга яхши тайёрланган, деди Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи.

12 январ куни Теҳронда Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Эрондаги хорижий элчилар билан учрашди.

Ушбу учрашувда Ташқи ишлар вазири айтишича, Эрон исломий республикаси "урушга интилмаяпти", аммо "хомчўт" оқибатларидан огоҳлантирди.

Аббос Арақчи сўзларига кўра, бугунги кунда Эрон Исроил билан 2025 йил июнида рўй берган 12 кунлик урушга қараганда ҳам "яхшироқ тайёрланган".

Эрон ташқи ишлар вазири норозиликлар манзарасида кузатилаётган "чеклов"ларга ҳам тўхталди.

Бу тўртинчи кундирки Эроннинг Интернет ва телефон алоқасидан узиб қўйилгани билан боғлиқ.

Аббос Арақчи сўзларига кўра, бу чекловлар "биз таҳдид қолмаганига ишонч ҳосил қилмагунимизча" давом этади.

Эрон ташқи ишлар вазири айтишича, норозилик чиқишлари охирги кунларда, унинг таърифича, "террорчилик амалиётларига айланган".

Норозилик намойишлари бошланганида Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиён ҳукумат одамлар арзига қулоқ солиши керак деб айтган, бироқ Эрон давлат матбуоти ва хавфсизлик кучлари ўтган ҳафтадан бошлаб, протестларни қўпорувчилик, террорчилик ҳаракатлари деб таърифлай бошлаган.

Ташқи ишлар вазири Арақчи айтишича, Эрон музокаралар учун очиқ.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, адолатли, муносиб ва тенглик шартларига асосланган музокараларга.

Бундай шартларни расмий Теҳрон ўтган йил июнидан буён Вашингтон билан мулоқотлар учун талаб қилиб келади.

Камида 180 жасад

Теҳронда ёқиб юборилган автомобил

Жаҳонда Интернетни мониторинг қиладиган ташкилотлар Эронда 8 январ тунидан Интернет буткул узилганини хабар қиладилар.

Бундай шароитда Эрон ичкарисидан ахборот олиш жуда қийинлашган.

Хориждан туриб эронликларнинг телефонларига қўнғироқ қилиб боғланиш ҳам имконсиз бўлиб қолган.

Аммо муҳожиротдаги эронликларнинг инсон ҳуқуқлари ва бошқа нодавлат ташкилотлари мамлакат ичидан маълумот олишга муваффақ бўлиб турибдилар.

Хусусан, АҚШда жойлашган Human Rights Activist ахборот агентлиги Эрондаги намойишчилар ва хавфсизлик ходимлари орасидаги ўлимлар ҳақида ахборот бериб бораяпти.

Инсон ҳақлари ташкилотлари хавотирича, бугунга келиб Эронда ҳалок бўлган инсонларнинг сони бир неча юзга етган.

Human Rights Activist News Agency, 495 намойишчи, 48 хавфсизлик ходими ўлимини тасдиқладик, дейди.

Ахборот агентлигига кўра, 10600 киши ҳибсга олинган.

Би-би-си пойтахт Теҳрон ташқарисидаги очиқ моргда камида 180 инсон жасадини санади.

Айрим эронликлар Starlink сунъий йўлдош хизмати орқали Интернетга боғланаяптилар ва ахборот тарқатишнинг уддасидан чиқаяптилар.

Аммо Starlinkка уланган инсонни Эрон расмийлари тутиб олишлари, жосусликда айблаб ўлим жазосига ҳукм этиш хавотири бор.

Аммо ушбу ўлим таҳдидига қарамасдан, Starlink орқали ВВС га боғланган эронликлардан бири, эронликларнинг қайғуси ва ғазаблари яширин қолмаслиги керак, деб айтди.

Эрон давлат телевидениеси ва матбуоти мамлакат ичкарисидаги вазиятни тинч қилиб кўрсатишга ҳаракат қилаётганлари кузатилади.

Эрон телевидениеси аксилҳукумат намойишларга қарши ҳукуматни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказилгани ҳақида видео намойиш этди.

11 январ. Эрон: қонли тўқнашувлар, юзлаб ўлим ва жароҳат. АҚШ ҳужумларни режаламоқдами? Шаҳзода Ризо Паҳлавий қайтадими? (видео)

Видео тагсўзи, Эронда давом этаётган норзиликларда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида қонли тўқнашувлар кучаймоқда.

Эронда шанбадан якшанбага ўтар кечаси охирги 3 кун мобайнида хавфсизлик кучлари томонидан юзлаб инсон ўлдирилганлигини ҳақидаги хабарлар манзарасида норозилик намойишлари давом этган.

BBC ҳақиқийлигини тасдиқлаган ва гувоҳларнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳукуматнинг норозиликларни бостириш амаллари кучаймоқда.

Эрон Бош прокурорининг айтишича, норозиликларда қатнашаётган ҳар қандай шахс "Оллоҳнинг душмани" сифатида кўрилади. Бу айблов Эронда ўлим жазосини кўзда тутади.

АҚШ президенти Доналд Трамп "Эрон намойишчиларни ўлдирса қатъий чора кўрилиши" ҳақида огоҳлантирганди.

Эрон Парламенти раиси агар АҚШ Эронга ҳужум қилса, Исроил шунингдек, Американинг минтақадаги ҳарбийлари ва кемалари қонуний нишонга айланиши ҳақида огоҳлантирган.

Видео тагсўзи, Жума куни Теҳронда намойишлар давом этган.

Шанба куни жаноб Трамп АҚШ "Эркинлик илинжида бўлган" Эронга "ёрдамга тайёр турганлиги"ни айтган.

Намойишлар кўлами кенгаяр экан ўлим ва жароҳатлар сони ҳам ортиб бормоқда.

АҚШда жойлашган Эрон Инсон Ҳақлари фаоллари (HRANA) гуруҳига кўра, хавфсизлик ходимлари дохил 100 дан ортиқ инсон ўлдирилган.

BBC Форс хизмати Рашт шаҳридаги касалхонага жума куни 70 жасад келтирилганини аниқлаган. Теҳрондаги шифохона ходимлари у ерда 38 инсон ўта оғир жароҳат билан ётганини айтишган.

Инсон Ҳақлари гуруҳларига кўра, 28 декабр куни бошланган норозиликлар мобайнида шу вақтгача 2500 киши ҳибсга олинган.

BBC ва бошқа кўплаб халқаро оммавий ахборот воситаларига Эрондан мустақил равишда хабар беришга рухсат берилмаслиги ва пайшанба кунидан бери Интернет деярли тўлиқ ўчирилгани учун маълумот олиш ва хабарларни текшириш қийинлашган.

Жорий норозиликлар вақтида ҳукумат шунингдек, ички Интранет хизматини ҳам кескин чекламоқда.

Мутахассисларнинг BBCга айтишларича, Интернет чекловлари 2022 йилги норозиликлар вақтида киритилган чекловлардан ҳам кучлироқдир.

Теҳрон кўчаларидаги намойишлар.

Сурат манбаси, MAHSA / Middle East Images / AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Намойишлар жума куни кечқурун Теҳрон кўчларида давом этмоқда эди.

АҚШ Эронга ҳужумларни режаламоқдами?

Шанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп "АҚШ ёрдамга тайёр турибди", дея Ижтимоий тармоқда айтган бўлса-да, тафсилотларни очиқламаган.

Аммо АҚШ матбуотининг хабар беришича, унга Эронга нисбатан ҳарбий ҳужумлар вариантлари ҳақида маълумот тақдим қилинган.

The New York Times ва Wall Street Journal (WSJ) нинг хабар беришича, бу борада мулоқот бўлиб ўтган ва WSJ бу мулоқотни "дастлабки муҳокама" , дея таърифлаган.

Ўтган йили АҚШ Эрондаги ядровий иншоотларга ҳаводан ҳужум уюштирганди.

Шаҳзода Ризо Паҳлавий қайтадими?

GETTY
Men bilamanki, yaqin orada men siz bilan birga bo‘laman"
Rizo Pahlaviy
Eron sobiq shohining o‘g‘li. BBC.COM/UZBEK

Якшанба куни эрталаб ҳозирда АҚШда истиқомат қилувчи Эрон собиқ шоҳининг ўғли Ризо Паҳлавий ўзининг Х саҳифасида видео чоп қилиб, "Сизлар танҳо эмассиз. Жаҳон бўйлаб ватандошларингиз сизнинг садоингизни эшитмоқда… Хусусан эркин жаҳон етакчиси бўлмиш президент Трамп сизнинг жасоратингизни кузатиб турибди ва ёрдам беришга тайёр" , дея изоҳ қолдирган.

"Мен биламанки, яқин орада мен сиз билан бирга бўламан", дея илова қилган у.

Эрондаги намойишчилар Ризо Паҳлавийнинг қайтишини талаб қилиб, шиорлар айтиб келишмоқда.

Ризо Паҳлавий одамларни норозиликларни давом эттиришга аммо " ҳаётларини хавф остига қўймасликка" даъват қилган.