Эронга парвозлар бекор қилинди, Интернет узилди, Оятуллоҳ "Эрон чекинмайди" деди

Эрондаги норозилик намойишлари

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Эронда норозиликлар бошланганидан кейин мамлакат халқига илк телевизион мурожаат билан чиққан олий руҳоний раҳбар Оятуллоҳ Али Хоменеи 9 январ куни, "террорчилик амаллари қаршисида бирлашиш"га чақирди.

Ўз мурожаатида Оятуллоҳ протестлардан огоҳлантирди, Эрон расмийлари "хорижий душманлар, хусусан, Қўшма Штатларнинг фитнаси" деб атаётган исёнлар қаттиқ бостирилади, деди.

Оятуллоҳ Хоменеи намойишчиларни АҚШ Президенти Доналд Трамп номидан иш кўраётганликда айблади, улар давлат мол-мулкига ҳужум қилаяптилар, деди.

Теҳрон "хорижийларнинг ёлланма аскарлари"дек иш кўраётган одамларга тоқат қилмайди, деди олий руҳоний раҳбар.

Алоқадор мавзулар

Оятулллоҳ, "Трампнинг қўли минглаб эронликларнинг қонига ботган", деди. Бунда у, ҳойнаҳой, 2025 йил июнида Исроилнинг Эрон Исломий республикасига ҳужумлари ва Исроилни дастаклаган АҚШ Эрон ядровий иншоотларига қилган зарбаларини назарда тутди.

"Ўтган кеча Теҳронда бир гуруҳ безорилар келиб АҚШ президентини хурсанд қилиш учун бинони вайрон этдилар", деди ўз мурожаатида Оятуллоҳ.

Эрон телевидениеси намойиш этган тасвирларда Оятуллоҳ Хоменеи қаршисида тўпланган эркак ва аёллар "Америкага ўлим" деб қичқирганлари кўринади.

"Ҳамма биладики, юз минглаб шаҳидларнинг қони эвазига қудратга келган исломий республика қўпорувчилар олдида чекинмайди", деди Эрон олий руҳоний раҳбари.

28 декабрда бошланган, ўнлаб намойишчилар ва камида тўрт хавфсизлик ходими ҳалок бўлган норозилик намойшлари вазиятини ўз назоратига олишда Теҳрон мушкулликларга дуч келаяпти.

Эрон Президенти тийилишга ва давлат халқни тинглашига чақираётган бир вақтда кузатувчилар, расмийлар сабр-бардошлилигини намойиш этаётгани йўқ, намойшчиларни "хорижий душманлардан қўллаб-қувватлов олаётганликда айблаяпти, дейдилар.

8 январда Эронда Интернет узилгани кузатилди, бу расмийларнинг норозиликларни бостириш йўлидаги ҳаракатлари деб кўрилаяпти.

Интернет мониторинг билан шуғулланадиган Netblocks ташкилотига кўра, пайшанба тунида бутун мамлакат бўйлаб Интернет буткул узилган, жума куни тонгигагача жами 12 соат мобайнида умуман онлайн алоқа кузатилмаган.

Дубай аэропортлари веб-сайтига кўра, Дубай билан Эроннинг Теҳрон, Шероз ва Машҳад шаҳарларига 9 январ куни режаланган 17 парвоз бекор қилинган.

Бу парвозлар нега бекор қилингани сабаби flydubai авиа ширкати изоҳлаганича йўқ.

Туркия матбуоти хабар қилишича, Turkish Airlines 17 параозини, Ajet авиа ширкати олти парвозини, Pegasus Airlines ҳам жума кунига мўлжалланган парвозларини бекор қилган.

Қатар пойтахти Доҳа ва Теҳрон ўртасидаги камида икки рейс ортгаа сурилганини хабар қилди Ҳамад Халқаро аэропорти веб-cайти.

Пайшанба тунидаги норозиликлар

Норозилик намойишлари кузатилган Эрон шаҳарлари
Сурат тагсўзи, Норозилик намойишлари кузатилган Эрон шаҳарлари

Пайшанба тунида Теҳрондаги Оятуллоҳ Қашаний хиёбонида кўп сондаги оломон тўплангани, оломонни дастаклаётган ҳайдовчилар сигналларини чалаётганлари видеолари тарқалди.

Оломоннинг "диктаторга ўлим" деб бақираётганлари эшитилади, улар диктатор деб Эроннинг 1989 йилдан буён олий руҳоний раҳбари 86 ёшли Оятуллоҳ Али Хоменеини назарда тутишаяпти.

Эрон шимолидаги Табриз шаҳрида ҳам, шарқдаги Шиа мусулмонлари учун муқаддас Машҳадда ҳам, Эроннинг Курд аҳолиси кўп истиқомат қиладиган ғарбий ҳудудлари, хусусан, Кирмоншоҳда ҳам йирик намойишлар кузатилди.

Намойишчилар Эрон байроғини тушириб йиртганлари, генерал Сулаймоний ҳайкалини йиқитганлари видеолари ҳам тарқалди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари расмийларни ўнлаб намойишчиларни отиб ўлдиришда айблайдилар, бироқ сўнгги видеоларда хавфсизлик кучлари аралашганлари кўринмайди.

1979 йилги исломий инқилобда тахтдан ағдарилган Эрон шоҳининг ҳозир АҚШда яшайдиган ўғли Ризо Паҳлавий янада катта протестларга чақирди.

9 январ куни эълон қилган видеосида Ризо Паҳлавий айтишича, пайшанба кунги юришлар "улкан оломон кучи репрессив кучларни қандай чекинтириши"ни намойиш этди.

У жума куни янада каттароқ норозилик намойишларигаа чақирди.

8 январ. Эронда намойишлар кўлами кенгаймоқда

Видео тагсўзи, Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда намойишчилар шиорлари ва отишмалар садосини эшитиш мумкин.

Эронда 11 кундан бери давом этаётган норозиликлар мобайнида аксил- ҳукумат намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар рўй берган.

Эроннинг ярим расмий Fars news хабар агентлигига кўра, мамлакат жануби-шарқидаги Лордегон шаҳрида қуролланган шахслар 2 полиция ходимини отиб ўлдиришган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда отишмалар садосини эшитиш мумкин.

Шунингдек, бошқа ерлардан олинган видеоларда хавфсизлик кучлари ўқ очаётганлари ва намойишчиларга қарата кўз ёш сиздирувчи газ қўллаётганларини кўриш мумкин. Намойишчилар бунга жавобан тош отаётганлари ҳам акс этган.

Эрондаги намойишчилар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Норозиликлар 28 декабр куни Теҳронда дўкондорлар Эрон валютаси қийматининг кескин тушиб кетганидан норози бўлиб, кўчларга чиққанларида бошланганди.

АҚШда жойлашган Инсон Ҳақлари фаоллари янгилик агентлиги маълумотларига кўра, Эронда намойишлар ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб 31 вилоятдаги 111 та шаҳар ва шаҳарча бўйлаб рўй бермоқда.

Агентлик шу вақтга қадар 34 нафар намойишчи ва 4 нафар хавфсизлик кучлари ходими ўлдирилганлигини ҳам хабар бермоқда. 2200 намойишчи ҳибсга олинган.

Норозиликлар 28 декабр куни Теҳронда дўкондорлар Эрон валютаси қийматининг кескин тушиб кетганидан норози бўлиб, кўчларга чиққанларида бошланганди.

Эрон пул бирлиги - риёл ўтган йил рекорд даражада қийматини йўқотди ва инфляция 40 фоизга чиқиб кетган. Бу ҳолат Эрон ядро дастури туфайли киритилган халқаро жазо чоралари оқибатида иқтисоднинг таназзулга учраши ва ҳукуматнинг коррупцияни жиловлай олмаётгани манзарасида кузатилмоқда.

Дўкондорлар намойишларига кўп ўтмай Олий Ўқув юртлари талаблари ҳам қўшилишди. Шу тариқа норозиликлар бошқа шаҳарларга ҳам тарқала бошлади. Намойишчилар Олий диний раҳбар Оятуллоҳ Хоманеига қарши ва марҳум подшоҳ Ризо Паҳлавий ўғлини қўллаб шиорлар айтишмоқда.

Эрон пул бирлиги - риёл.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрон пул бирлиги - риёл ўтган йил рекорд даражада қийматини йўқотди ва инфляция 40 фоизга чиқиб кетган.

ВВС Форс хизмати ҳақиқийлигини аниқлаган ва чоршанба куни олинган видеода Қазвинда намойишчилар "Диктаторга ўлим!," ва "Яшасин шоҳ!," дея шиор айтаётганларини кўриш мумкин.

Бандар Аббос портидан олинган видеода полиция рўпарасида турган намойишчилар "Полиция, бизни қўлланг!," дея хитоб қилаётганлари акс этган.

Машҳадда олинган видеода намойишчилар полиция билан тўқнашганлари ва ортга чекинишга мажбур бўлганлари кўринади.

Fars news нинг хабар беришича, Лордегон шаҳрида отиб ўлдирилган икки полициячи "намойишчилар орасида бўлган қуролли шахслар" томонидан отиб ўлдирилган.

ВВС ва бошқа халқаро мустақил хабар агентликларига Эрон ичкарисидан хабар бериш тақиқлангани ёки рухсат берилган тақдирда ҳам улар эркин ҳаракат қила олмасликлари сабабли бу хабарларни тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Жорий намойишлар марказларидан бири бўлиб келган Лордегонда ўтган пайшанба куни икки нафар намойишчи ҳам отиб ўлдирилганди.

Эрондаги намойишлар кўламини акс эттирувчи харита.
Сурат тагсўзи, Эронда намойишлар ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб 31 вилоятдаги 111 та шаҳар ва шаҳарча бўйлаб рўй бермоқда.

Чоршанба куни Эрон вазирлар маҳкамасининг йиғилишидан сўнг вице- президент Муҳаммад Жафар Қаюмпаноҳ президент Маъсуд Пезешкиён хавфсизлик кучларига тинч намойишчиларга қарши "ҳеч қандай хавфсизлик чораларини қўлламаслик" ҳақида фармон берганини маълум қилди.

"Қуролланган, қўлида пичоғи бор, полиция ва ҳарбий қароргоҳларга ҳужум қилаётганлар билан намойишчиларни фарқлай олишимиз керак," дея илова қилди у.

Эрон расмий матбуоти шунингдек, яшаш харажатларида ёрдам бериш учун 71 миллион фуқарога ойига қўшимча 7 доллардан ҳақ тўлана бошланганини хабар берган.

Шу билан бирга Эрон Адлия вазири полиция қўмондонларига бошқаларга ўрнак бўлиши учун "талончилар зудлик билан" жавобгарликка тортилишларини айтган.

Мамлакат Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Хоманеи ўтган шанба куни расмийлар "намойишчилар билан мулоқотда бўлишлари кераклиги" аммо "зўравонликларга қўл урганлар жазоланишлари лозим"лигини айтганди.

Оятуллоҳ Хоманеи бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон хавфсизлик кучлари тинч намойишчиларни ўлдирса, АҚШ бунга жавобан амал қилиши ҳақида огоҳлантирганидан сўнг гапирганди.

GETTY
Namoyishchilar bilan muloqotda bo‘lish kerak. Ammo zo‘ravonliklarga qo‘l urganlar jazolanishi lozim"
Oyatulloh Ali Xomanei
Eron Oliy diniy rahbari BBC.COM/UZBEK

Эронда норозиликлар 2022 йили ёш курд аёли Маҳсо Аминий ҳижобини тўғри ўрамагани сабаби билан ахлоқ полицияси томонидан қўлга олиниб, вафот этганидан сўнг тез-тез кузатилмоқда.

Инсон ҳақлари гуруҳлари маълумотларига кўра, ўшандан бери бўлиб ўтган норозиликларда қатнашган 550 киши ўлдирилган ва яна 20 минг инсон ҳибсга олинган.