Толибон қайтди: Ғарб ташвишда, Хитой ва Россия кулмоқда, Марказий Осиё-чи? Афғонистон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

АҚШ Президенти Жо Байден

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Жонатан Маркус
    • Role, Дипломатик масалалар бўйича шарҳловчи, ББС
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Байден маъмуриятининг Афғонистондан тезликда чиқиб кетиши ортидан экспертлар ва шарҳловчилар АҚШ президентини Афғонистонда хизмат қилган америкаликлар ва афғон халқига хиёнат қилиш ва кераксиз қарорни чиқарганликда танқид қилмоқда.

Кабул аэропортидаги кўнгилни хира қилувчи манзара бу танқидларни янада кучайтирди. Бу масалада ҳиссиётларнинг жунбушга келиши ҳам бежизга бўлмаяпти. Ғарб Афғонистонда катта маблағ, вақт ва жон сарф этди. Афғон халқи эса янада каттароқ бадал тўлади.

Байден маъмуриятининг тезкор чиқиб кетиш қарорини танқид қилаётганлар билан тортишиш ҳам қийин. Афғонистон қутқариб бўлмас аҳволда бўлгандир, унинг бошқарув институтлари жуда коррупциялашгандир, балки. Аммо бу Афғонистонни охирги икки йилда "йўқотиш"ни англатмайди, балки бу йўқотиш ўтган йигирма йил давомида бўлган.

Жо Байден Оқ Уйда

Сурат манбаси, EPA

Ҳаммасини узиб, қочиб қолиш АҚШ унинг ишончли ҳамкорлиги ҳақидаги қарашларга, халқаро муносабатлардаги маънавий мавқеига жиддий путур етказди. Бу ҳолат жаноб Байденнинг президентликка келаётганида "Америка қайтди", деган хайқириқларига қанчалик мувофиқ келади?

Вьетнамдан чиқиб кетишда бўлган воқеаларга солиштиришлар - АҚШ вертолётларининг Америка фуқароларини қулаётган шаҳардан тезда олиб чиқиб кетишга уриниши матбуотнинг олд саҳифаларидан кўп жой олди. Аммо, аслида, юзаки ўхшашликлардан ташқари, муҳим фарқлар ҳам бор.

Жанубий Вьетнам АҚШ қўшинлари чиқиб кетгандан икки йил ўтиб қулаган. Албатта, америкаликлар афғон иттифоқчилари уларсиз ҳам узоқ муддат мамлакатни ушлаб туришини кутган бўлиши мумкин. Вьетнамда эса АҚШнинг попуги пасайиб қолганди, америкаликлар бу масалада иккига бўлиниб қолган, ҳарбийларнинг руҳи чўккан эди.

Гарчи Вьетнам Совуқ уруш даврида иккинчи даражали шоу бўлган эса-да, АҚШ пировардида барибир ғалаба қилди. НАТО кучсизлангани йўқ. Дунё бўйлаб АҚШнинг иттифоқчилари ундан ёрдам умид қилмайдиган бўлиб қолгани йўқ. АҚШ қудратли давлатлигича қолди.

Байден Толибон ғалабасида кимни айблади? Уруш ва Тинчлик

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Афғонистон мутлақо бошқа мамлакат. Афғонистон масаласида америкаликлар орасидаги бўлинишни Вьетнам масаласида бўлганига солиштириб бўлмайди. Афғонистон миссияси Америкада унчалик қўллаб-қувватланмайди, аммо унга қарши оммавий чиқишлар ҳам бўлаётгани йўқ.

Энг муҳими, бугунги халқаро вазият 1970 йиллардагидан тубдан фарқ қилади. АҚШ - ва албатта Ғарб - кўплаб можароларга аралашган, улардан айримларидагина очиқ ғалаба қилган. Афғонистондаги ҳолат террорга қарши уруш учун фожиадир, эҳтимол. Аммо демократия ва авторитаризм ўртасидаги кенгроқ курашда Вашингтоннинг муваффақиятсизлиги жиддий ортга кетиш бўлиши мумкин.

Ҳозир Москва ва Пекинда ўтирганлар жилмайиши тайин. Либерал интервенциянинг ғарбча модели - демократия ва қонун устуворлигини кенгроқ ёйиш воситаси Афғонистонда қақшатқич синовдан ўтди. Бу каби уринишларга келажакда ҳеч ким журъат қила олмаса керак энди.

Вашингтоннинг Афғонистон лойиҳасига қўшилган иттифоқчиларига ҳам жабр бўлди. Улар ҳам тушкун кайфиятда. Ҳатто ўртадаги "хос муносабатлар" ҳақида гапиришни яхши кўрадиган британ вазирлари ҳам Президент Байденни ошкора танқид қилмоқда.

Американинг Европадаги иттифоқчилари учун ҳам бу ўзгаришлар Оқ уй қарор қабул қилаётганда улар билан ҳисоблашиб ўтирмаслигини яна бир бор кўрсатди.

Ғарб учун жуда ёмон хабар. Аммо Пекин ва Москвадаги, эҳтимол Исломободдаги жилмайишлар қанчалик давомли бўлиши мумкин? Айнан Покистон Толибонни етиштирган, геостратегик мақсадлари йўлида унга бошпана берган. Агар Толибоннинг янги ҳукмронлиги шунчаки соатни ортга қайтариб қўйиш бўлса, агар халқаро террорчилик ўзи учун янги хавфсиз ҳудудни топиб олса, Покистон минтақадаги кучайган нотинчлик оқибатларини ҳис қилиши тайин.

Хитой ҳам АҚШнинг муваффақиятсизлигидан хурсанд. Албатта, агар Афғонистондан чиқиб кетиш АҚШ қудратини ўсиб бораётган Хитойга қаратиш учун қилинган бўлса, бу қадам Хитойга ўз таъсирини Афғонистон ва ундан нарига ўтказиш йўлини очиб қўяди, холос.

Хитой ҳам хавотирланишига асос бор. У Афғонистон билан қисқа бўлса-да чегарадош. У ўзидаги мусулмон озчиликни фаол тарзда таъқиб қилар экан, аксил-Пекин кайфиятдаги исломий террорчилар Афғонистондан база ўлароқ фойдаланиши мумкин. Хитой дипломатияси кейинги вақтларда Толибон билан оғиз бурун ўпишаётганидан ҳайратланмаса ҳам бўлади.

Россия ҳам нотинчлик ва террорчилик қайтишидан хавотир олиши керак. Балки у ҳозир ўзини анча енгил ҳис қилаётгандир, чунки худди ўтган аср 80-йилларида афғон жангчиларидан зарба еган Совет Иттифоқи каби Американинг ҳам попуги пасайтирилди.

Аммо унинг асосий манфаати аксар давлатлари Москванинг иттифоқчиси бўлган Марказий Осиёдаги хавфсизликдир. Шу ёзда Россия ўз танкларини тожик-афғон чегарасига олиб борди ва ҳарбий машқлар ўтказиб, Афғонистондаги қулаш қўшни давлатга ҳам ёйилиши олдини олишга бўлган қатъиятини кўрсатди.

Шундай қилиб, Афғонистондаги муваффақиятсизлик қисқа муддатда Ғарбнинг мухолифларига фойда келтирди. Аммо уларнинг муносабати барибир ўзгармаган.

Энг муҳим нарса Вашингтоннинг иттифоқчилари орасида бўлади. Улар Афғонистон тажрибасидан нима ўрганди? Бу инқироздан ташқари, НАТО давлатлари, Исроил, Тайвань, Жанубий Корея ва Япония АҚШни ишончсиз ҳамкор сифатида кўрадими энди? Агар шундай бўлса, Байденнинг Афғонистондан чиқиб кетиш қарори чиндан фожиали бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek