Толиблар Ўзбекистон ва Марказий Осиёга ҳам таҳдид солиши мумкинми? Афғонистон ва хавфсизлик - video O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Толибон сиёсий қаноти раҳбари

Сурат манбаси, ANADOLU

Ўқилиш вақти: 10 дақ

Ўзбекистон ўз чегаралари дахлсизлиги ва суверенитетини таъминлаш даражасида қудратга эга. Толибларнинг Афғонистон шимолида кучайиб бораётган ҳужумлари манзарасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Би-би-си Ўзбек хизмати саволига жавоби худди ана шундай бўлди.

Толибон сўнгги кунларда Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош минтақаларида кучаймоқда.

Ҳаракат ўз ҳужумларини шиддатлаштириб, устма-уст қатор туманлар назоратини ҳам ўз қўлига олмоқда.

Толибон сафидаги ўзбеклар, йўл учун солиқ ва бомбалар - ўзбек журналисти ҳикояси - BBC News O'zbek

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият қисқа вақтнинг ўзида ҳатто мамлакат парламентида кетма-кет муҳокама қилинган мавзулардан бирига айланди.

Мавжуд вазиятга Афғонистон ҳукуматининг эътиборсизлиги, ҳарбий стратегиясининг ноқобиллиги сабаб эканига оид даъволар ва ҳарбий амалиётларга бошчиликни маршал Абдулрашид Дўстумга топшириш талаблари ҳам янгради.

Маршал Дўстум жангчилари билан

Сурат манбаси, Screenshot

Бунинг ортидан, Афғонистон шимолидаги энг қудратли ўзбек қўмондони саналувчи мамлакатнинг собиқ биринчи вице-президенти, ҳозирда маршал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи толибларга қарши жангга киришганига оид хабарлар олинди.

Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилоятининг собиқ қудратли ҳокими Атто Муҳаммад Нур ҳам маршал Дўстум ва афғон президентининг хавфсизлик масалалари бўйича юқори мартабали маслаҳатчиси Муҳаммад Муҳақиққа Толибонга қарши бирлашиш таклифи билан чиқди.

Мамлакат шимолидаги яна бир қудратли собиқ мужоҳиддин қўмондонининг кучларини мувофиқлаштириш таклифини маршал Абдулрашид Дўстум хуш қаршилагани ҳам айтилди.

2001 йилда генерал мақомида бўлган Дўстум АҚШ бошчилигидаги кучларнинг иттифоқчиликда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишида муҳим ўрин тутган қўмондон бўлади.

Депутатларнинг парламентда янграган талаблари ва Атто Муҳаммад Нурнинг таклифига расмий Кобул муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Афғон ҳукуматининг ваъдалари ва жавоб амалиётларига қарамай, ҳозир ҳам Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазият танглигича қолмоқда, толибларнинг ҳужумлари сусайганича йўқ, ҳаракат янгидан-янги туманларни босиб олишда давом этмоқда.

Мумлакатдаги айрим етакчи нашрларнинг шу кунларда ўз манбаларига таяниб ёзишларича, Толибон сўнгги икки ой ичида бутун мамлакат бўйлаб ўттизга яқин туман назоратини ўз қўлига олган.

Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани хорижий иттифоқ қўшинлари мамлакатни буткул тарк этиш ҳаракатида бўлган бир пайтда тўғри келмоқда.

Мавжуд вазият худди шуниси билан аллақачон ҳатто экспертлар ўзларининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари

АҚШ ҳарбийлари ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари шу йилдан қолмай Афғонистондан буткул чиқиб кетишмоқчи ва ёки мамлакатдаги ҳозирликларини кескин қисқартиришмоқчи.

Бундан аввал бу каби эҳтимол президент Ислом Каримовнинг Афғонистон иккинчи Ироққа айланиши мумкинлигига оид расмий ва ошкора хавотирларига сабаб бўлмай қолмаган.

Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида Нато Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган.

Аммо Толибон яқинда қўшни минтақа давлатларига ҳам мурожаат билан чиққан, уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирган, акс-ҳолда бунинг оқибатлари учун ўзлари масъул эканликлари билан ҳам огоҳлантирган.

Бунга Ғарбнинг қатор нуфузли нашрларида Афғонистонни тарк этаркан, АҚШ ўз амалиётларини четдан туриб амалга ошириш учун минтақа давлатларида ҳарбий базаларини очиш ниятида эканига оид бўй кўрсатган хабарлар сабаб бўлган.

Мазкур давлатлар сирасида эса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам тилга олинган.

Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош минтақаларидаги хавфсизлик билан боғлиқ сўнгги вазият юзасидан бирор бир Марказий Осиё давлатининг расмий баёнот билан чиққани ҳалича кузатилмаган.

Аммо толибларнинг ҳужумлари кучайиб бораётган бир манзарада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-12 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда экан, Афғонистонга бевосита чегарадош бу икки давлат раҳбарларининг жанубий қўшниларидаги вазиятни ҳам муҳокама этиб олишгани маълум бўлган.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official

Душанбедаги музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса, Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилгани расман хабар берилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани ҳам таъкидланган.

15 июнь куни эса, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Афғонистон Ташқи ишлар вазири билан учрашган.

Томонларнинг савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан ташқари, афғонлараро тўғридан-тўғри тинчлик музокараларининг истиқболларини ҳам муҳокама этиб олишгани маълум бўлган.

Толибон ҳаракати ўз тарихида илк бор олиб боришга рози бўлган бу мулоқотлар Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келиши ва алал-оқибат мамлакатда доимий сулҳнинг қарор топишига йўл очишига умид қилинади.

Маҳаллий экспертлар эса, ўз ҳужумларини бунчалик шиддатлаштираётгани сабабини Толибоннинг музокаралар чоғида қўлининг баланд келиши истаги билан изоҳлашган.

Худди шу кунларда Доҳада бу мулоқотларнинг навбатдаги босқичи кечган, аммо тафсилотлари ноаён қолган.

Исматулла Иргашев ва Ҳаниф Атмар Ўзбекистон келаси ой ўтказишни режалаштираётган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар", деб номланувчи яна бир йирик халқаро анжуманга тайёргарлик масаласини ҳам муҳокама этиб олишгани хабар берилган.

Тошкентдаги музокаралар

Сурат манбаси, official

Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган Ўзбекистон бу мулоқотларни ҳам дастаклаб келади.

Шу кунларда Қирғизистонда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Тезкор кучларининг кенг кўламли ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтишига оид хабарлар ҳам олинган.

Халқаро рейтингларда Марказий Осиёда армияси энг жанговари саналувчи Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу ташкилотнинг аъзоси эмас.

Аммо Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Ўзбекистон расман аъзоси бўлмаган Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномасининг шу йил апрель ойида Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган йиғилиши чоғида эса, ҳарбий хавфсизлик, таҳдидларга қарши туриш ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилиниши айтилган.

Худди шу йиғилиш ортидан Бухорода экан, Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирларининг беш йиллик ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорликка оид битимни ҳам имзолашгани маълум бўлган.

Сергей Шойгунинг Ўзбекистонга ана шу ташрифи дастуридан халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари ҳам ўрин олгани хабар берилганди.

Шимолдаги вазиятнинг жиддий издан чиқаётгани Афғонистон Толибон ҳаракати ҳалича ўзининг баҳорги амалиётларини эълон қилмаган ва мамлакатда коронавируснинг янги тўлқинига оид хавотирлар жиддий кучайган бир пайтга тўғри келаётгани билан ҳам алоҳида хавотир касб этган.

Шимол ва шимол-шарқ Афғонистоннинг ўзбеклар нисбатан зич яшовчи минтақалари бўлади.

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи энг йирик давлати саналади.

Ҳозир ҳукумат кучларига қарши Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида жанг қилаётган минглаб толиблар аксариятининг маҳаллий ўзбеклар, туркманлар ва аймоқлардан иборат экани айтилади.

Сўнгги йилларда бу минтақалардаги қатор вилоятларга Покистондан ўнлаб ўзбекистонлик жангарилар оилаларининг ҳам келиб ўрнашишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёни ва қайта тиклаш ишларига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати, ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб ҳам келади.

Толибон Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.

Толиблар Ўзбекистон ва Марказий Осиёга таҳдид солиши мумкинми?

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сўзчисининг Би-би-си Ўзбек хизматига расман баён қилишича, "Ўзбекистон ўз чегаралари дахлсизлиги ва суверенитетини таъминлаш даражасида қудратга эга".

"(Ҳозирги вазиятни - таҳр.) Қай даражада кузатаяпмиз, қанақа жанговар шайликда турибмиз, деган масалалар бизда ҳарбий, давлат сири саналади", - деб айтган Баҳром Зулфиқоров.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси 144 километрга узанган, мамлакатнинг қолган ташқи чегаралари билан қиёсланганда, энг қисқаси бўлади.

Аммо Ўзбекистоннинг бу чегараси Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида энг кучли қўриқланувчиси бўлган.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш режасини изҳор этаркан, сўнгги тўрт йил ичида Афғонистон билан ҳам борди-келди енгиллашган.

Таҳлилчи баҳоси:

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов

Сурат манбаси, facebook

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция

Савол: Сўнгги кунларда Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош вилоятларида вазиятнинг жиддий издан чиқаётгани, толиблар қатор туманлари назоратини ҳам ўз қўлларига олганликлари кўрилмоқда. Сизнингча, бу каби бир вазият Ўзбекистон ва Афғонистонга бевосита чегарадош қолган Марказий Осиё давлатлари, минтақага қай бир жиҳатдан ва қанчалик хавфли?

Камолиддин Раббимов: Мен Афғонистондаги вазият "жиддий бир шаклда издан чиқмоқда", демаган бўлар эдим. Толиблар фаоллашуви кузатилмоқда. Лекин, ҳали уларни қўлга киритган ҳудудлари кўпроқ психологик аҳамиятга.

Назаримда, Афғонистонда, бир томондан, расмий ҳокимият ва жамиятнинг мутлақ аксарияти, иккинчи тарафдан, толиблар ва уларга мойил бўлган паштунларнинг маълум қисми, узоқ муддатли ва анча ҳолсизлантирувчи зиддиятларга тайёрланишмоқда.

Толибларнинг олий ҳокимиятга бўлган даъволари, амбициялари жуда кучли.

Улар бу мақсадига асосан куч ишлатиш, жабр-зулмлар орқали эришиши мумкинлигини яширишмайди.

Айни пайтда, толиблар нафақат ҳокимиятни олишни, балки ҳокимиятни имкон қадар юмшоқроқ усуллар билан қўлга киритишни ҳам ўйлашмоқда.

Чунки Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёси вазият шундайки, бу давлатда мухолифатда бўлиш у қадар машаққатли эмас, лекин ҳокимиятни қўлга киритгач, бу давлатнинг эҳтиёжларини қондириш, ривожланишга ва фаровонликка эришиш, бошқача қилиб айтганда, ҳокимиятни ушлаб туриш - анча машаққатли иш ҳисобланади.

Табиийки, толиблар ва расмий ҳукумат ўртасидаги тўқнашувлар ҳали олдинда.

АҚШ тўлиқ чиқиб кетгач, толиблар ва уларга мойил бўлган паштунларнинг анча фаоллашиши кутилади.

Дунё, қолаверса, Марказий Осиё давлатлари ҳам Афғонистондаги жараёнларга анча жиддий хавотир билан қарайди.

Лекин бугун ҳеч кимда Афғонистондаги вазиятни тинч ва онсон йўл билан трансформация қилиш стратегияси мавжуд эмас.

Ҳамманинг тасаввурида бу қанчалик ноқулай бўлмасин, толиблар билан ҳисоблашишдан бошқа чора йўқ, деган қараш мавжуд.

Чунки ўтган даврда ҳарбий йўл билан Толибон ҳаракатини йўқотиш имконсиз бўлди.

Ўзбекистон, қолаверса, Марказий Осиё пойтахтларида ҳам, бир томондан, Афғонистондаги вазият борасида хавотир мавжуд бўлса, иккинчи тарафдан, умид ҳам йўқ эмас.

Хавотир шундан иборатки, толиблар фаоллиги Афғонистондаги вазиятнинг жиддий чайқалишига, у ерда бошланган йирик иқтисодий, транспорт лойиҳаларига ўта салбий таъсир қилиши, яна йирик қочқинлар оқими пайдо бўлишига сабабчи бўлиши мумкин.

Қолаверса, Марказий Осиё пойтахтларидаги яна бир хавотир - толиблар Афғонистони ўтган сафаргидек радикал диний шахслар ва гуруҳларга ҳомий бўлиши мумкинлигидир.

Умидлар шундан иборатки, урушлар билан ўтган йигирма йил ичида толибларнинг қарашлари, афғон жамиятига ва қўшни давлатларга муносабатлари юмшаш томонга ўзгарган бўлиши мумкинлигидир.

Толиблар тушунадики, агар улар вазиятни қайта ўта жиддий чайқашни бошлашса, халқаро кайфият яна ўзгаради ва яна Афғонистондаги барқарорликни ҳалқаро кучлар томонидан ҳарбий йўл билан таъминлаш йўналиши кучайиб боради. Шунинг учун, толиблар олдида мураккаб вазифа турибди - давлат ҳокимиятини қўлга киритишда афғон жамияти ва ҳалқаро ҳамжамиятни имкон қадар қўрқитмаслик.

Назаримда, ҳозирча, Марказий Осиё давлатлари Афғонистондаги вазиятга юмшоқ бир хавотир билан қарайди, лекин жиддий ташвиш ёки қўрқув мавжуд эмас.

Чунки толибларнинг фикрлаш ва ҳаракат қилиш модели бугун кўпчиликка маълум.

Қолаверса, Ўзбекистон толиблар билан алоқалар ўрнатиб, музокаралар олиб бориб, икки томонлама муносабатларни йўлга қўйишга муваффақ бўлди.

Яъни, Ўзбекистон кўп йиллардан буён толибларни Афғонистон сиёсий саҳнасига қайтишини тасаввур қилиб, улар билан муносабатларни ўрнатиб улгурган эди.

Бу толиблар томонидан Ўзбекистонга бўлиши мумкин бўлган зарарларни минималлаштиришга қаратилган стратегиядир.

Савол: Мухбирларимизга кўра, жорий пайтда айнан Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқи қолган минтақалари билан солиштирганда энг толиблар фаоллашгани бўлиб турибди. Сизнингча, нега толиблар бугун айни шу минтақаларда ўз ҳужумларига зўр беришмоқда.

Камолиддин Раббимов: Толиблар ҳимояси нисбатан заиф бўлган ҳудудларда, бошқалар кутмаган ерларда тўсатдан зарба бериш тактикасида, доим кучли бўлган.

Балки, шимолий вилоятларда толибларга мойил бўлган маҳаллий қўллаб-қувватлов салмоғи нисбатан юқорироқдир.

Ёки толиблар этник камчилик бўлган ўзбеклар ва тожиклар ҳудудларида фаолликни ошириб, Афғонистондаги консерватив паштунларни ўз томонларига оғдириш тактикасини қўллаш ниятидадир.

Лекин толиблар энди пайдо бўлган 90- йилларнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий кайфият билан Афғонистондаги бугунги ижтимоий психология жиддий фарқ қилади: бугун жамоатчилик толиблар феноменини анча яхши англайди, тушунади, тасаввур қилади.

Толиблар ҳам фақат қўрқитишга асосланиб эмас, балки жамиятни ишончига киришга ҳаракат қилмоқда.

Айтиш керакки, шимолда толибларнинг фаоллашуви, ўз ўрнида, маҳаллий сиёсатчилар ва ҳарбийларнинг ҳам уларга қарши фаоллашувини тақозо қилди.

Афғонистондаги тўқнашувларнинг, зиддиятларнинг иккита хусусияти мавжуд.

Зиддиятларнинг юзаки, расмий қисмида бамисоли диндорлик ва дунёвийлик, яъни, ўта консерватив ва мўътадил диндорлик курашаётгандек.

Аслида, бу зиддиятнинг туб асосида, моҳиятида этник манфаатлар ва қарашлар ётади.

Паштун кўпчилиги ўзини Афғонистон давлатчилигининг пойдевори, титул миллати ҳисоблайди.

Мана шу қарашни ифодалашда ҳам диний, ҳам дунёвий талқинлар мавжуд.

Толиблар ушбу қарашнинг диний ижрочиси ҳисобланади.

Натижада, Толибоннинг шимолий ҳудудлардаги фаоллашуви Афғонистондаги этник зиддиятларни кучайтириб, толиблар учун узоқ муддатли сиёсий муаммо шаклланишига сабабчи бўлади.

Савол: Воқеаларнинг бу каби ривожи АҚШ ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Толиблар ҳужумларининг кучайиши тинчлик музокаралари учун нимани англатади? Уларнинг тезлашувига хизмат қиладими ёки чиппакка чиқишига олиб келадими?

Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда, бугун коллектив Ғарб ҳам, Афғонистоннинг асосий қўшнилари ҳам бу давлатда толибларнинг фаоллашувига руҳан тайёр туришибди.

АҚШ ва НАТО яхши англайдики, толибларни қуролли мухолифат мақомидан сиёсий масъул актёрга айлантириш стратегияси жиддий зўриқишларсиз, баъзан инсоний талофатларсиз амалга ошмайди.

Чунки Толибон ҳаракатини жисмонан хавфсизлантириш - имконсиз вазифа эканлиги тўлиқ ойдинлашди.

Айни пайтда, бу жараёнда АҚШ ва НАТО, Афғонистонни асосий қўшни давлатлари маълум тадрижийликни, мувозанатни назарда тутишади.

Яъни, толибларнинг сиёсий фаоллашувига бугун ҳамма руҳан тайёр.

Лекин, айни пайтда, томонлар Толибон ҳаракатидан нисбатан мўътадилликни ва масъулиятли бўлишни, тинч аҳолига нисбатан олдинги галдагидек қатағонларни амалга оширмасликни, Афғонистон жамияти учун муҳим бўлган эркинликлар борасида тушунишни кутиб қолади.

Бу масалаларда Толибоннинг позицияси қандай бўлади, уларнинг Афғонистон ишларидаги ваколатлари ошиб бориши жараёнида улар қанчалик ўзгаришга мойил бўлади - буни вақт кўрсатади.

Табиийки, агар толиблар ёки бу ҳаракатнинг маълум ўта ўнг қанотлари кўп қон тўкилишига сабабчи бўлса, коллектив Ғарб ва Афғонистоннинг асосий қўшнилари, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишади.

Савол: Ҳозиргидек бир вазиятда Ўзбекистон илова Афғонистонга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатлари тутажак мавқеъ қандай бўлиши керак? Вазиятни ўнглаш учун қандайдир, дипломатик маънида яъни, (айниқса, толиблар ўзларининг яқиндагина Қирғизистон ва Тожикистонни оқиллик ва мулоқотга чақириб чиққани назарда тутилса) иштироклари бўлиши мумкинми ёки керакми?

Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон Афғонистондаги жараёнларга таъсирини парваришлаш учун, қолаверса, мусулмон дунёсидаги ўзининг глобал обрўй-эътиборини юксалтириш учун комплекс ишларни амалга ошириши лозим бўлади.

Сабаби, биринчи маъмурият даврида Ўзбекистоннинг мусулмон жамиятларидаги репутацияси ўта салбий эдики, расмий Тошкент "Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душмани" сифатида баҳоланар эди.

Бугун бу вазият анча юқори бир даражада ижобий томонга ўзгарди.

Лекин ҳали бу борада қилинадиган ишлар кўп.

Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги, хусусан, мусулмон дунёсидаги ижобий репутацияси, жумладан, толибларга нисбатан ҳам таъсирини парваришлашга имконият беради.

Ўзбекистон Афғонистондаги жараёнларга бевосита, ҳарбий шаклда аралаша олмайди.

Демак, расмий Тошкентнинг қўлида қолаётган асосий инструмент - дипломатия ва сиёсий мулоқотлар, музокаралардир.

Ишончим комилки, расмий Тошкент толиблар билан музокараларни, мулоқотларни кучайтириши керак.

Балки, Ўзбекистон толиблар билан мулоқотларига алоҳида форматдаги доимий ҳамкорлик мақомини бериш вақти келгандир.

Эҳтимол, толиблар билан нафақат давлат ижроия ҳокимияти, балки Ўзбекистон исломий уламолари билан ҳам қўшимча форматдаги мулоқот кенгашлари таъсис этиш мақсадга мувофиқдир.

Мақсад - Толибон ҳаракати мусулмонлар учун ижобий томонга ўзгараётган, Имом Бухорий ва Термизий ватани бўлмиш Ўзбекистонни ҳис қилиши, ҳурмат қилиши, Ўзбекистонни мусулмонлар диёри сифатида унинг манфаатлари дахлсизлигини таъминлашга эришиш лозим бўлади.

Яъни, постсовет ҳудудидаги энг катта мусулмон мамлакат, Марказий Осиёдаги энг йирик давлат сифатида Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистон борасида ўз овози, қараши, стратегияси бўлиши керак.

Бу стратегия, қараш, айтайлик, Москва, Вашингтон ёки Пекиннинг қарашларидан фарқ қилиши назарда тутилиши керак.

Ўзбекистон - аҳолисининг мутлақ аксарияти Исломга эътиқод қилувчи дунёвий давлат сифатида ички ва ташқи сиёсатда Ислом омили ва исломий биродарликни назарда тутувчи унсурлар, оҳангларни оҳиста бир шаклда парваришлаб бориши керакки, толиблар Ўзбекистонни йирик мусулмон жамияти сифатида ҳис қилиши, ҳурмат қилишига эришиш керак бўлади.

Аслида, иккинчи маъмурият даврида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яъни, бошқарувда мажбурлаш ва маҳрум қилиш каби усуллардан воз кечилиши, жамиятдаги эркинлик даражасининг ошишига, фундаментал қадриятлар ва ўзликларни эркинлашувига олиб келмоқда.

Бу ҳам Ўзбекистонни дунёдаги, жумладан, мусулмон оламидаги репутациясига ижобий таъсир қилаяпти.

Лекин бу йўналишдаги фаолият кенгайиши, тезлашиши мақсадга мувофиқ бўлиб қолади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek