Толибон раҳбари китобини Ўзбек тилида ҳам нашр этишмоқчи

Сурат манбаси, ZABIHULLAH MUJAHID/X
Афғонистон Толибони раҳбари Мавлавий Ҳиббатуллоҳ Охунзода китоб чиқарди.
Пашту тилида ёзилган китоб "Аҳли Сунна вал Жамоа ақидаси" деб номланади.
Китоб нашр этилгани ҳақидаги хабарни Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид Х(собиқ Твиттер)даги саҳифасида эълон қилди.
"Мўминлар амири(Аллоҳ уни асрасин)нинг муҳим ижоди - Аҳли Сунна вал Жамоанинг эътиқодига оид хавотирлари нашр этилди", деди Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Унинг таъкидлашича, ушбу китоб "оммани ислоҳ этиш" мақсадидаги "тўғри ақида"ни ёйиш нияти билан нашр этилди.
"Оммани ислоҳ қилиш улар эътиқодининг тўғрилигига ва ғоялар қурилишига боғлиқдир. Ислом эътиқоди бўйича тўғри ақидага асосланмаган амал бесамар ва бефойда бўлади", деди Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Толибон матбуот котиби айтишича, "тўғри ақида – Ислом динининг мустаҳкам асоси ва муҳим таянчи" бўлиб, пайғамбарлар ўз умматларини даъват қилишнинг бошидаёқ ақидани тузатиш ва Улуғ Аллоҳнинг ягона эканини баён этишга алоҳида эътибор қаратганлар.
У "тўғри ақида"нинг нажотбахш ролини таъкидлаб, шундай деди:
"Комил иймон — инсонни Улуғ Аллоҳнинг азобидан сақлайдиган иймон — икки қисмдан иборат: биринчиси тўғри ақидани қарор топтириш, иккинчиси эса шариатга мувофиқ амал қилиш. Ақида қисми бажарилмас экан, амал қисми ҳам ҳақиқий бўлмайди."
"Агар бир киши кўп яхшиликлар қилса-да, тўғри ақидага эга бўлмаса, Улуғ Аллоҳ уни абадий азобдан асрамайди", — дея огоҳлантирди Мужоҳид ва Ҳиббатуллоҳ Охунзоданинг асари айнан шундай тушунмовчиликларни бартараф этишга қаратилганини қайд этди.
У китобда суннийлар эътиқодининг ишончли ва манбаларига таянилгани, мавзулар эса аниқ ва содда баён этилганини таъкидлади.
"Бу асар ўқитувчилар, талабалар ва барча ихтисосликлардаги умумий ўқувчилар учун фойдали бўлиб, тўғри ақидага оид муҳим қўлланма ҳисобланади", — деди матбуот котиби.
У сўзининг якунида "яхши босма ва юқори сифатдаги" бу китобни тез орада Дари, Ўзбек, Туркман ва бошқа тилларида ҳам нашр этиш режалаштирилганини маълум қилди.

Охунзоданинг бошқа китоблари
"Аҳли суннат ва жамоат ақидаси ҳақида"ги асар — Охунзоданинг шу вақтга қадар маълум бўлган иккинчи китобидир.
Бундан бир ой олдин Толибон раҳбарининг ҳокимиятига итоат қилиш ҳақидаги китоби чоп этилган эди.
Унинг биринчи китоби ҳақида 10 феврал куни Бомиён ҳокимининг матбуот хизмати Дари тилида баёнот тарқатди.
Баёнотда нашр номи "Мўминларнинг Амирига байъат, Аллоҳ уни ҳимоя қилсин (Bayat ba Amir al‑Muminin, hafezahullah)" деб кўрсатилган ва унинг Бомиён университетидаги тадбирда намойиш этилгани хабар қилинди.
"Бу китоб турли бобларга бўлинган бўлиб, унда итоатнинг фазилатлари ва аҳамияти, Пайғамбар таълимотларига эргашиш, халқ орасида бирлик ва биродарликни мустаҳкамлаш масалалари илоҳий оятлар ва Пайғамбар ҳадислари орқали таҳлил қилинган", — дейилади баёнотда.
Тадбирдаги бир неча расмийлар китоб мазмунларини "амалда татбиқ қилиш ва жорий этиш зарурлиги"ни алоҳида урғулаган.
Бироқ бу асар ҳақида ҳам, уни нима учун илк бор айнан Бомиён вилоятида — Кобул ёки Қандаҳорда эмас — тақдим этилгани ҳақида ҳам маълумот берилгани йўқ.





























