Ўзбекистон - Туркия: Нима учун ўнлаб ўзбекистонликлар депортация қилинмоқда?

Туркия Сурия чегарасидан ўтиш учун навбатда турган мигрантлар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Туркия чегарасидаги мигрантлар. Иллюстратив тасвир
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўтган декабрнинг охирги кунларида ўзбекистонлик таниқли имом Фазлиддин Парпиевнинг Истанбулдаги уйига яна қуролланган Туркия махсус хизматлари ходимлари бостириб киргани хабар қилинди.

Қуролли ниқоблилар 2025 йилнинг апрели тунида ҳам эшикни бузиб киришган, куч ишлатиб, имомнинг қўлига кишан солиб олиб кетишгани айтилди.

Бу гал Туркия махсус хизматлари Янги йил кечасида гўёки ҳужумлар режалангани ҳақида хабар топганлари, бу ҳужумлар олдини олиш мақсадида Туркиянинг бир неча шаҳарларида бир вақтнинг ўзида рейдлар ташкил этганлари хабар қилинди, террорга алоқадор жиноий бандлар билан хорижликлар дохил бир неча шахс ҳибсга олинди.

"Улардан бири Ўзбек уламоси Муса Солиҳ (Фазлиддин Парпиев) эди", дейилади Туркиядаги нуфузли "Мазлумлар" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти эълон қилган баёнотда.

"2025 йил апрелида унга қарши худди шундай айбловлар билан тергов бошланган эди. Аммо ўтказилган чуқур тергов бирор бир исбот-далил мавжуд эмаслигини ва айбловлар асоссизлигини тасдиқлади. Натижада Истанбул Бош прокуратураси ноябр ойида таъқиб этмаслик, жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисида қарор чиқарди. Оқлов вазнига эга ушбу қарорга қарамасдан, Муса Солиҳга нисбатан маъмурий ҳибсга олиш жараёни давом эттирилди ва у Анқара Акюрт кўчириш марказига ўтказилди".

Декабр ойидан буён Туркиянинг турли жойларида истиқомат қилиб келаётган Ўзбекларни ҳибсга олиш ва Мигрантларни бошқариш марказ(Geri Gönderme Merkezi)ларига ташлаш бошланган.

Фазлиддин Парпиев

Сурат манбаси, YouTube/Karimberdi To'ramurod

Бугун депортация марказларида ушлаб турилган инсонлар қариндошларининг Би-би-сига айтишларича, ҳибслар шу кеча-кундузда ҳам давом этаяпти, бутун бошли оила – эри, хотини, болалари депортация марказига ташлангани хабарлари келаяпти.

Оқибатда нон топувчи эркагидан айрилиб қолган оилалар моддий қийинчиликларга дуч келганлар.

Ҳамманинг ҳам адвокат ёллашга етарли маблағи йўқ.

Би-би-си Истанбул ва Измит шаҳарларидаги Мигрантларни бошқариш марказларида ҳибсда сақланиб турган Ўзбекларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жалб этилган уч адвокат билан суҳбатлашди.

Номлари матбуотда эълон этилишини истамаган туркиялик адвокатларнинг бизга айтишларича, бугун "шубҳали" деб ҳибс этилган ва тутқунликда ушлаб турилган ўзбекистонлик эркакларнинг сони 150-170 кишини ташкил этиши мумкин.

Бир неча жиноят иши қўзғатилган, ҳар бир иш ичида камида ўн шахснинг тергови давом этаяпти.

Ҳимоячилар ҳибсдаги инсонларнинг ҳуқуқлари таъминланаётгани, бундан олдин кузатилган ҳолатларда прокуратура мигрант марказида сақланган хорижликларнинг жиноят содир этмаганликларини исботлаб озодликка чиқишига эришганини айтадилар.

Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари Туркия расмий идораларини мигрантлардан "олабўжи ясаб, маблағ топаётганлик"да айблайдилар.

Бурҳон Қовунчи пости
Сурат тагсўзи, Бурҳон Қовунчи Туркия Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчини ноқонуний ҳибсларга чек қўйишга чақирди.

Туркия ноқонуний мигрантларни Европа Иттифоқи ҳудудига "ўтказмагани" учун салмоқли молиявий дастак олиб келади: 2011 йилдан шу кунгача ЕИ Туркияга ажратган сумма 12 ярим миллиард Евродан ошган.

Бугунги кунда Туркия Суриядан 3 миллионча, бошқа мамлакатлардан бир неча юз минг қочқинга бошпана берган, дунёнинг энг кўп қочқинига мезбонлик қилаётган мамлакат ҳисобланади.

Туркия қонунчилигига кўра, бир инсонни тергов ҳибси остида бир йилдан ортиқ муддат сақлаш мумкин эмас.

Фаоллар бундан олдин кўплаб ўзбекистонликлар бир йил мобайнида Göç ҳибсхонасида сақлангани, қўйиб юборилганидан икки-уч ой ўтганидан сўнг яна полициячилар томонидан қўлга олинганларини эслатадилар.

Бу инсон исм-шарифи Туркиянинг Европа Иттифоқи, БМТнинг Қочқинлар комиссарлигига мунтазам йўллаб турадиган ноқонуний мигрантлар рўйхатини тўлдириб боради.

Ўзбекистонлик муҳожирларга нисбатан Туркияда муносабат ўзгаришига бир неча марта рўй берган ўзбекистонлик, Марказий осиёликлар иштирокидаги террорчилик ҳужумлари ҳам сабаб бўлди.

Иқтибос

Ислом Каримов бошқаруви йилларида намозхонлиги учун Ўзбекистонда таъқиблардан қочиб Туркияга борган ўзбекистонликлар ана шундай кунларга тушганлар, бугун Göç ҳибсхоналарида ушлаб турилган инсонлар оғир аҳволда эканини айтадилар.

Чунки Göç ҳибсхонаси қамоқ учун махсус мўлжаллаб қурилган бино эмас, баъзан бир жойда эркак ҳам, аёл ҳам, болалар ҳам бирга сақлаб турилган вақтлари бўлади.

"Mazlumder" Истанбул бўлими раҳбари Али Ўнар

Сурат манбаси, YouTube

Сурат тагсўзи, "Mazlumder" Истанбул бўлими раҳбари Али Ўнар: "Инсонларни ҳибсда тутиб туриш билан гуноҳга ботаяпсиз", деб раҳбарларнинг юзига айтдим.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари халқаро террорчиликка қарши кураш важи билан Туркия қонунларига киритилган ўзгартиришларни танқид қиладилар.

Уларнинг даъво этишларича, ўзгаришлар натижасида кучишлатар тизимларига ҳатто кексалар ва болаларга ҳам "террорчи" деб қараш ва муомала қилиш ҳуқуқи берилган, устидан жиноят иши очилмаган шахсларни ҳам мамлакатдан чиқариб юбориш амалиёти осонлаштирилган.

"Мазлумлар" жамияти чет эллик шахсларга нисбатан Туркияда "таҳдид кодлари" қўйишда қонунбузарликлар рўй бераётганини танқид қилади.

"Чет элликларга қўйиладиган баъзи «таҳдид кодлари» уларнинг мамлакатга кириши, қолиши ва айрим мақомларга эга бўлишини белгилайди. Охирги бир йилда кўплаб янги кодлар пайдо бўлди. Энг кенг тарқалгани — G-87 коди. У шахснинг жамоат тартиби ва мамлакат хавфсизлиги учун таҳдид эканини билдиради", дея тушунтиради инсон ҳақлари ташкилоти.

"G-87 коди қўйилганлар "чегараларарo террорчи" деб аталаяпти ва уларга бошқача муносабат қилинмоқда, чекловлар қўлланмоқда ва депортация марказларида алоҳида сақланаяптилар".

"Код қўйиш ваколати Göç идорасида бўлса-да, маълумотлар кўп ҳолларда хориж истихборотидан келади. Бу маълумотлар текширилган-текширилмаганини билмаймиз, аммо Göç идораси шу сабаб билан одамларга код қўймоқда. Ҳатто Туркия фуқаролигига ўтган шахслар ҳам бундан мустасно эмас. Ҳатто 1–2 ёшли болаларга ҳам код қўйилган ҳолатлар қайд этилган", дейилади "Мазлумлар" жамиятининг ҳисоботида.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, Göç идораси йиллар давомида Туркияда қонуний яшаб келаётган, ҳар бир ҳолатда идорага бориб ариза берган одамларга бирор бир текширувсиз, ҳатто файлини очмасдан код қўймоқда, уларнинг ҳаётини вайрон қилмоқда.

Шахсга код нима учун қўйилгани ҳақида мутлақо маълумот берилмайди.

Президент Мирзиёев ва Президент Эрдўған. 2026 йил 29 январ.

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Бугунги Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари қалин

Фазлиддин Парпиевга қарши ҳозир қўзғатилган жиноят иши тафсилотини унинг адвокати Гулден Сўнмез ҳам билмаслигини айтади.

Жиноят иши бўйича махфийлик қарори берилган, шунинг учун ҳам адвокат қандай айбловлар илгари сурилаётганини шу вақтгача кўролмаган.

Парпиев Туркия ватандошлиги олиб ташлангани, унга G-87 коди қўйилгани, тунда ўзи эшигини очганига қарамасдан, эшиги бузиб кирилгани устидан алоҳида-алоҳида судга аризалар киритилди.

Судлар Фазлиддин Парпиев аризаларини рад этдилар.

Мазлумлар" жамияти фаоли Али Ўнернинг Би-би-сига айтишича, Туркия мансабдорларининг хорижий муҳожирларнинг ҳуқуқларига доир Туркия қонунларини бузаётганларини расмий мулозимларнинг ўзларига мунтазам етказаяптилар, Фазлиддин Парпиев ҳуқуқлари поймол этилаётгани Туркия парламентида ҳам кўтарилди.

Туркиялик фаол Бурҳон Қовунчи фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев президентлигининг дастлабки йиллари ўзбекистонлик мусулмонларга берилган эркинликлар яна сиқилаяпти, ўзбекистонлик диндорларнинг ҳуқуқларини ҳам Ўзбекистон ҳукумати, ҳам Туркия ҳукумати поймол этаяптилар.

Туркиядаги фаоллар айтишича, Туркияда бошпана топган ўзбекистонликларга код қўйиш талаби Ўзбек махсус хизматларидан келади, шу йўл билан улар Ўзбекистон ҳукумати учун номақбул инсонларни жазолашни истайдилар.

Аммо бу борада Ўзбекистон томони очиқ муносабат билдирган эмас.

Собиқ имом Фазлиддин Парпиев Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатига нисбатан танқидий видео эълон қилганидан у иккинчи марта ҳибс этилгани айтилади.

Яқинларига кўра, бунга унинг "Хитойга сотилган Ўзбекистон" деб номланган видеоси сабаб бўлиши мумкин.

2025 йил майида ўзбекистонлик таниқли уламо Мубашшир Аҳмад Туркиядан Ўзбекистонга яширинча экстрадиция қилинди, октябр ойида Тошкентдаги суд уни этник ва диний адоват қўзғаш, диний материалларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва тарқатиш бандларида айбдор топиб, икки йил ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Ислом Каримов бошқаруви йилларида чет элда қўлга олинган ўзбекистонликни Ўзбекистонга топширмасликка чақириқлар янграр, бу инсон Ўзбекистонда қийноқларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирилар эди.

Президент Мирзиёев давридан қийноқлар ҳақида илк бор очиқ гапирила бошланди, айрим ҳолатларда масъуллар жавобгарликка тортилди.

Аммо "Мазлумлар" жамияти томонидан Туркияда ҳибс этилган ўзбекистонликлар Ўзбекистон кучишлатар тизимлари қўлига топширилса, қийноқларга учраши чақириғи янграмоқда.

Фаолларга кўра, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ривожланаётган яхши муносабатлар ўзбек муҳожирларига нисбатан ноқонуний амалиётлар кўпайишига олиб келмоқда.

Уларнинг айтишича, сиёсий ва иқтисодий манфаатлар қонунни четга суриб қўйиш учун баҳона бўлолмайди.

"Муса Солиҳга нисбатан қонуний асоссиз қўлланилган маъмурий қамоқ чорасини дарҳол бекор қилиб, уни озод этилиши ва қонуний бўлмаган депортация амалиётларини тўхтатишга ва халқаро мажбуриятларга риоя қилишга чақириб қоламиз", дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган баёнотда.