Ўзбекистон: Бу йилги Рамазон нимаси билан ёдда қолади?

Сурат манбаси, O'zbekiston Prezidenti matbuot xizmati
Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ифторлигини ўтказди, ифторликда шундай деди:
"Фуқароларимизнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланаётгани бу йил Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда".
Президент Мирзиёев бу йил Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази биноси, Самарқанддаги буюк муҳаддис Имом Бухорий мақбараси атрофида улкан мажмуа очилишини, Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик юбилейи нишонланишини айтди.
Ўзбекистон ижтимоий давлат, халқчил ва инсонпарвар сиёсат олиб бораяпти, деди Президент Мирзиёев.
Шу мақсадда 2024 йили "кўмакка муҳтож инсонларга 16 триллион сўмлик (1,25 млрд АҚШ доллари) моддий ёрдам ва нафақалар берилган".
Президент Мирзиёев Ислом дунёсидаги зиддият ва можаролардан ташвиш билдирди, "нотинчлик ўчоқлари исталган пайтда кенгайиб, бутун-бутун минтақаларга ёйилиб кетиш хавфи тобора ортиб бормоқда", деди.
Президент Мирзиёев ёшларни хатарли ғояларнинг салбий таъсирларидан асраш муҳимлигини урғулади, Тасаввуфдаги Нақшбандия тариқатининг Пири Баҳоуддин Нақшбанднинг "Қўлинг меҳнатда, дилинг Аллоҳда бўлсин" деган ўгитини эслатди.
Аксар кузатувчилар фикрича, Президент Мирзиёевнинг ушбу чиқиши Ўзбекистон раҳбариятининг янги диний сиёсатини белгилаб берадиган чиқиш бўлган.
Рамазон арафасида Президент Мирзиёев оғзаки нуқтда "диний концепция" деб аталаётган Ўзбекистон парламентининг икки палатаси қабул қилиб маъқуллаган ҳужжатни имзолади.

Сурат манбаси, .
У "Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси" деб номланади.
Диний концепцияда Ўзбекистоннинг дунёвий давлат экани урғуланган, бағрикенглик ва тенгликнинг муҳимлиги таъкидланган.
Қарийб 5000 сўзли концепция матнида "дунёвий" сўзи 51 марта ишлатилган.
Концепцияда Ўзбекистон учун дин соҳасидаги баъзи "таҳдид ва хатарлар" ҳам тилга олинган.
Булар бошқа одамларга диний нормаларни мажбуран юклаш, гендер тенглигини бузиш уринишлари, диний сабабларга кўра фуқаролик бурчларини бажармаслик, ижтимоий нормалар ва умуминсоний қадриятларни эътибордан четда қолдириш, тиббий хизмат олиш ҳуқуқини чеклаш ва давлат хизматчилари орасида дунёвий давлат тушунчаси етишмаслиги сингарилар экани кўрсатилган.
"Диний концепция" қабул қилиниши ортидан Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров мусулмонларга мурожаат қилиб, муқаддас Рамазон ойида болаларни масжидларда ўқиладиган Таровеҳ намозларига олиб келмасликни сўради.
Муфтий мурожаати ортидан милиция ходимлари Ўзбекистон масжидларида Таровеҳ намозига келган мактаб ўқувчиларини ушлаб олиб чиқиб кетаётганлари тасвирга туширилган видеолар кўпайди.
Ўзбекистон расмийлари мамлакатга "диний концепция" нега керак эди, деган саволга жавоб берганлари йўқ, мамлакатда диний эркинлик вазияти ёмонлашиб бораяпти деган хабарларни рад этадилар.












