ДХХ ва ИИВ Тошкентда қандай ноқонуний диний жамоатни фош этганини очиқлади

Сурат манбаси, DXX
ДХХ тарқатган баёнотда айтилишича, Тошкентдаги миллий таомлар ошхоналаридан бирида тунги вақтда божхона идораларининг уч нафар ходими, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, технопарк директори ўринбосари, хусусий автомактаб директори ўринбосари, "Сергели-авто" бозорида савдо билан шуғулланувчи шахслар ва бошқалардан иборат жами 17 нафар фуқаро овқатланиш баҳонасида тўпланиб, турли хил диний адабиётлардан фойдаланган ҳолда ноқонуний жамоат кўринишидаги йиғинларни ташкил этишган.
1976-2001 йиллар оралиғида туғилган мазкур шахсларнинг кўпчилиги асли наманганлик бўлиб, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилишади.
ДХХ ёзишича, Божхона қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари динга мутаассибларча берилиб, 2021 йилдан бошлаб мазкур норасмий диний дарсларни мунтазам равишда ташкил этиб келган. У ҳар бир дарс учун жамоат аъзоларидан маълум миқдорда пул йиғиб, устозларга берган.
ДХХ тарқатган видеода бир неча эркаклар, ниқобли зобитлар ва стол устига санаб қўйилаётган доллар купюралари кўринади.
Мазкур хабарда айтилишича, гуруҳ аъзолари 1989 йилда Наманган вилоятида туғилган ва ҳозирда Мисрда бўлган шахсдан "Телеграм" мессенжери орқали онлайн тарзда сабоқ олишган. Шунингдек, уларга Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳам оффлайн тарзда диний маърузалар ўтган.
Божхона қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари динга мутаассибларча берилиб, 2021 йилдан бошлаб мазкур норасмий диний дарсларни мунтазам равишда ташкил этиб келган.
"Ҳозирда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, божхона органлари тезкор ходими ва катта инспектори, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси ҳамда жамоат аъзоларига Миср давлатидан туриб, онлайн тарзда диний сабоқ берган фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қолган фуқаролар жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган", - дейилади ДХХ хабарида.
Диний эркинликларга чекловлар
Human Rights Watch чоп қилган "2025 йилги Дунё ҳисоботи"да айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати диний жамоатларни қайд қилишдан бош тортиш, собиқ диний маҳбусларни мунтазам назорат қилиш, мусулмонларни кенг талқинли ва мавҳум матнли экстремизмга алоқадор моддалар билан жавобгарликка тортиш орқали диний эркинликларни чеклаб келади.

Сурат манбаси, DXX
"2024 йилда 23 кишидан ташкил топган камида иккита гуруҳ Ўзбекистонда ман этилган Ҳизб-ут Таҳрир ҳаракатига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинди ва бу билан марҳум президент Ислом Каримовнинг қўли остидаги репрессив тажрибага қайтгандек бўлди", дейилади Human Rights Watch ҳисоботида.
Ҳисоботда, шунингдек, айтилишича, Ўзбекистон парламенти ота-оналар ва васийларга нисбатан 18 ёшга тўлмаган фарзандларига "ноқонуний" диний таълимни олишга рухсат бергани учун жазо чораларини тайинловчи қонунни кўриб чиқмоқда.
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 23 июлда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2024 йил 20 сентябрда маъқулланган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонунда ҳам диний таълимга чекловлар киритилди.
Қонун иловасида шундай дейилади: "Аҳоли орасида, айниқса ёшлар ўртасида носоғлом маърифий ишларни амалга ошириш ҳоллари кўпайиб, бундай тадбирлар доирасида аҳолининг ва ёшларнинг онгига, маданиятига ва ҳис-туйғуларига бегона бўлган турли ёт қарашлар ва ғоялар сингдирилмоқда."
Унда айтилишича, мазкур соҳага аҳолининг қизиқиши кучайиб бораётганлиги ҳамда у бу борада фаолият юритувчи шахсларнинг асосий даромад манбаига айланиб бораётганлиги соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруриятини юзага келтирмоқда.












