Давлат сиёсатига зид медиамаҳсулотлар «маънавий экспертиза»дан ўтказилади – Цензура қайтаяптими?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонда давлат сиёсатига ва маънавий-ахлоқий мезонларга зид медиамаҳсулотлар “маънавий экспертиза”дан ўтказилади ва тўхтатиш бўйича таклиф берилади.
Тузилажак маънавий экспертиза гуруҳи цензуранинг расман қайтиши сифатида талқин қилинди. Республика Маънавият ва маърифат маркази буни инкор қилмоқда.
Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов ўзининг Telegram каналида Ўзбекистонда медиамаҳсулотлар ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги учун “маънавий экспертиза”дан ўтказилишини маълум қилди.
Бу тартиб Республика Маънавият ва маърифат маркази, Президент администрцияси ҳузуридаги АОКА, Маданият вазирлиги, Киномотография агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Миллий медиа бирлашмасининг биргаликдаги қарори билан келишилгани айтилган.
“Бугун шиддатли даврда ахборотлар кўлами ва оқими кенг. Медиамакон замонавий, қизиқарли ва долзарб мавзудаги хилма-хил медиамаҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Лекин уларнинг барини ҳам сифат жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам миллийлигимизга мос ва хос, тарбиявий аҳамияти юқори деб бўлмайди. Шу боисдан ҳам ёшлар тарбиясига ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш ва уларнинг софлиги, миллий ахлоқимизга мослик даражасини таҳлил қилиб бориш анча муҳим”, – дейилади хабарда.
Тарғибот видеосида айтилишича, ҳозирга қадар маъанавий экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланган ва гуруҳнинг асосий вазифалари белгиланган.
“Жумладан, соҳа мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ томонидан Ўзбекистон ҳамда хорижда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган медиамаҳсулотларнинг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи аҳлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилади”, дейилади хабарда.
Buning qip-qizil senzura ekani, shundog‘am qonunda so‘z erkinligini suiiste’mol qilish, huquqbuzarlik va jinoyat uchun javobgarlik mavjudligini bilish uchun katta aql shart emas
Ушбу мезонларга зид медиамаҳсулотларнинг намойишини тўхтатиш бўйича тегишли идораларга таклиф киритилади.
“Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади”, дейилади расмий хабарда.
Хабарни илиқ кутганлар ва унга қарши чиққанлар ҳам бўлди.
“Хайрият, пайдар-пай яхши хабарлар гувоҳи бўляпман. Бардавом бўлсин!
Жамият бу борада фаол бўлиши керак”, деб ёзади диндор қатлам орасида таъсирга эга Mubashshir Ahmad.
“Биз шу кунларни қаттиқ кутгандик! Бугунги кунда уйда оила билан баъзи каналларни кўриб бўлмайдиган ва баъзи қўшиқларни эшитиб бўлмайдиган бўлиб қолганди.
Одам баъзан, хафа бўлиб кетарди. Чет эллик ўртоқлар ўзбек халқи ҳақида қидирувга нимадир берса-ю, шу беъмани нарсалар келиб чиқса ёки бундай нарсаларни кўрётган ёши авлод қандай аҳволга келса деб хафа бўлардим. Энди ўйлайманки, барчаси ўзгаради. Медиаларимиз ёшлар кўра оладиган форматга келади”, дейди Sevinch Berdiyorova.
Бироқ бошқалар аслида бунинг ортида цензура турганини айтади.
Бу яққол цензурани англатади, бошқа нарса эмас, дейди блогер Сардор Салим Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда.
“Ҳозир Россияда цензура урушга қарши бўлиш шиори остида бўй кўрсатаётган бўлса, бизда маънавият ёки ёшларни ҳимоя қилиш шиорлари остида киритиляпти. Ўзи аслида цензура мавжуд, лекин мурватларни яна-да қаттироқ бурашяпти. Яъни бу нарсаем қонунлаштиришмоқчи”, дейди у.
Сардор Салим бу Маънавият ва маърифат марказининг ташаббуси эмас, балки марказлашган, мақсадли ҳатти-ҳаракатлар эканлигини айтади.
“Цензура қилмаймиз”

Сурат манбаси, Расмий
Цензура борасида эътирозлардан сўнг Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов расмий муносабат берди.
У ушбу лойиҳа медиаконтентларнинг ёшлар, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга таъсиридан хавотирланган ота-оналар, зиёлилар, шунингдек, кенг жамоатчилик сўрови, талаб ва ташаббуслари асосида жорий қилинаётганини алоҳида таъкидлаган.
“"Маънавият экспертизаси" лойиҳаси медиа маҳсулотларга цензура қўймайди. Экспертларнинг фаолияти медиа контент ишлаб чиқувчилар, ижодий гуруҳлар ва бадиий кенгашлар учун тавсиявий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади”, дейилади муносабатда.
Марказ оммавий ахборот воситалари, журналистлар, ижодкорлар, блогерларнинг ижод эркинлигига дахл қилинмайди, деган.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов “Маънавият маркази ўзидан бошқаларни аҳмоқ деб ўйлайдими?” дея кескин муносабат билдирди.
У тасдиқланган низомда маънавий экспертиза гуруҳининг асосий вазифалари белгиланганлига эътибор қаратган.
“Низомга мувофиқ, мутахассислар гуруҳи томонидан Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган маҳаллий ва хорижий хорижий медиа маҳсулотларнинг давлат сиёсати, миллий қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зидлиги ўрганилади ва рухсат берилади.
Бунинг қип-қизил цензура экани, шундоғам қонунда сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жавобгарлик мавжудлигини билиш учун катта ақл шарт эмас. Буни қарангки, Марказ энди баёнот билан чиқиб, биз сўз эркинлигига дахл қилмоқчи эмасмиз, нотўғри тушунманглар, деб чиқибди.
Хўш, Сизнинг материалингизни соҳада қонунлар етарли бўлишига қарамай кимдир "мен кўрсам, уни эълон қилишинг мумкин" деб турса, нима деб тушуниш мумкин? Маънавият маркази ўзининг ҳаракатлари қайси қонун, Конституция ва халқаро нормаларга мувофиқлигини изоҳлай оладими? Яна ўзини овсарликка солиб, яна воҳима қилманглар, деганига ўлайми?..”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Блогер Сардор Салим ушбу ташаббус ижод ва фикр эркинлиги борасидаги ягона ташаббус эмаслигини, балки комплекс чора-тадбирлардан бири эканлигини айтади.
“Буни хавотирли мужда, деб қабул қилган бўлардим. Бунинг оммага чиқарилганининг ўзи катта гап. Яқин келажакда истиқболимизнинг нима бўлишини кўрсатиб турибди”, дейди Сардор Салим.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















