Ўзбекистон ва эркинлик: Матбуот рейтингида кескин қулаш, Тошкентда эса журналистлар мукофотланди

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 2023 йилги ўрнидан 11 поғона пастлаб, 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади

Сурат манбаси, Reporters without borders

Сурат тагсўзи, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 2023 йилги ўрнидан 11 поғона пастлаб, 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади

Ўзбекистонда сешанба куни журналистика соҳасидаги «Олтин қалам» миллий мукофоти учун ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.

«UzReport TV» телеканали жамоаси бош миллий мукофот - Tracker автомобилига лойиқ топилди. Журналистлар, шунингдек, интернет журналистикаси, радио ва телевидение, босма ОАВлар, ҳарбий ва ватанпарварона, ҳамда энг яхши ижтимоий мавзу каби номинацияларда тақдирландилар. Биринчи ўринларни олганлар учун 68 миллион сўм, учинчи ўрин учун эса 51 миллион сўм мукофотлар топширилди.

Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган бу дабдабали тадбирда шу кунларда "Чегара билмас мухбирлар" эълон қилган халқаро рейтинг тилга олинмади.

Ўтган ҳафта «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 2023 йилги ўрнидан 11 поғона пастлаб, 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади. Мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «оғир»дан «жуда жиддий» босқичга ўтгани таъкидланди.

Тошкентдаги тадбирдан тўрт кун аввал Ўзбекистон президенти администрациясидаги Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов ўзининг Х даги саҳифасида халқаро рейтингдаги Ўзбекистон ўрнига муносабат билдирди.

"Ҳукумат репрессив матбуот қонунларига чек қўядиган ислоҳотларни ҳануз амалга оширгани йўқ. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензуралаш кенг тарқалган", деб ёзилган халқаро ҳисоботда.
Сурат тагсўзи, "Ҳукумат репрессив матбуот қонунларига чек қўядиган ислоҳотларни ҳануз амалга оширгани йўқ. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензуралаш кенг тарқалган", деб ёзилган халқаро ҳисоботда.

"Албатта, муаммолар кўп. Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши, журналист ёки блогерман деб турли ноқонуний ҳаракатлар, шантаж, фирибгарлик ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида жабр кўрган фуқаролар сони ортиб кетишига сабабчи бўламиз. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди деб ўйлайман", - деб ёзди Алламжонов.

Аммо, у "Чегара билмас мухбирлар" ҳисоботида келтирилган танқидларга изоҳ бермади. Халқаро ҳисоботда, жумладан, қуйидагилар айтилган:

"Ҳукумат репрессив матбуот қонунларига чек қўядиган ислоҳотларни ҳануз амалга оширгани йўқ. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензуралаш кенг тарқалган. Ҳукумат матбуот устидан, ҳамда ҳукуматга яқин алоқаси бўлган блогерларнинг катта гуруҳи устидан катта назоратга эга. Ўзбекистонда хусусий телевизион тармоқ йўқ. Давлатга тегишли радио расмий пропагандани узатади, хусусий радио-станциялар эса ёпилишдан қўрқиб ҳар қандай танқиддан ўзларини тиядилар, босма матбуот давлат манфаатларига хизмат қилади."

Танқидий қарашлари билан танилган баъзи фаоллар матбуот рейтингидаги Ўзбекистон ўрнига муносабат билдирдилар. Сардор Салим ўз Фейсбук саҳифасида қуйидагиларни ёзди:

"Кураторлардан тушурилган муждага кўра, сўз эркингли рейтингларида Мирзиёев ҳокимиятга келган 2016-йилдан буён энг паст кўрсаткичга асосий уч сабаб:

1) Берилган эркинликни суиъстемол қилган блогерлар.

2) Берилган эркинликдан унумли фойдаланмаётган, ўзини цензуралаётган қўрқоқ журналистлар.

3) Берилган эркинликларни тушунмаган жоҳил халқ.

Рафик эса, доимгидек, "соувсем неуиновен"."

BBC

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам бу борада ўз Телеграм каналида фикр билдирди:

"Бир видео кўрдим. Ўзбекистон "Чегара билмас мухбирлар" рейтингида 2023 йил якунларига кўра 11 поғона пастлаб, матбуот эркинлиги билан боғлиқ аҳволи "оғир" бўлган мамлакатлар гуруҳидан "жуда оғир" бўлганлар қаторига қайтди-ку, мухбир мана шу рейтингдаги ўрнимиз пастлаганига муносабатингиз қандай, деб миллий медиамиз дарғаларига микрофон тутган.

Бу саволга жавоб берган учала дарғанинг жавобидан чиқадиган умумий хулоса шундай: бу халқаро ташкилотнинг ўз субъектив (ва ҳатто тушунарсиз) мезонлари бор, унинг Ўзбекистондаги вазиятга берган баҳолари нисбий ва биз бу баҳога қўшилмаймиз, Ўзбекистонда ҳозир ижод муҳити эркин, бунақанги эркинлик тарихимизда бўлмаган, ҳамма хоҳлаган гапини гапириб ётибди, "стаканнинг ярми бўш эмас, тўла".

Мен шу ва бошқа дарғаларнинг бундан икки йил аввал худди шу рейтингда маълум бир сабабларга кўра бирданига 24 ўринга кўтарилганимизда, "мана, юртимиздаги оламшумул ўзгаришларни ҳатто "Чегара билмас мухбирлар"дек душман ташкилот ҳам тан олишга мажбур бўляпти, бу муваффақият ва бу муваффақият билан барчангизни табриклайман!", деган гапларини излаб топишга эриндим.

Лекин шундай гаплар айтилган, албатта. Мана шу одатимиз ёмон лекин - бирор нуфузли рейтингдаги ўрнимиз кўтарилса, ҳаммага шуни байроқ қилиб кўрсатамиз: "Мана, қара, ярамас, шулар ҳам тан оляпти-ку ислоҳотларимизни, сен нимадан норозисан?!", деб. Ўрнимиз тушса борми: "Рейтинглар нисбий, мезонлари тушунарсиз, муаллифлари кўр, кўр бўлмаса - душман, ундан кўра келсин-да, сасимай ошимиздан еб кетсин!"."

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK