Ислоҳот ортга қайтмоқдами? Ўзбекистон пахта далаларида яна мажбурий меҳнат бошланган - The Cotton Campaign

2011 йилдан 2021 йилгача 331 халқаро бренд мажбурий меҳнат туфайли ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганди.
Сурат тагсўзи, 2011 йилдан 2021 йилгача 331 халқаро бренд мажбурий меҳнат туфайли ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганди.

"The Cotton Campaign" (Пахта кампанияси) хабар қилишича, Ўзбекистон пахта далаларига мажбурий меҳнат яна қайтган. Ташкилот 2023 йилги пахта мавсумидаги меҳнат шароитларини кузатиб ўз ҳисоботини чоп қилди.

"The Cotton Campaign" - Марказий Осиёдаги мажбурий меҳнатни йўқ қилиш ва пахта етиштирувчилар ҳуқуқларини тарғиб қилувчи инсон ва меҳнат ҳуқуқлари ноҳукумат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва савдо уюшмалари ва сармоядор ташкилотлардан тузилган коалиция.

У Ўзбекистон пахта далаларидаги болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши 2011 йилда бойкот эълон қилиши ортидан 331 халқаро бренд ва савдо уйлари ўзбек пахтасидан юз ўгирганди. 2021 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда мажбурий меҳнат йўқ қилинганини хулоса қилиши ортидан 2022 йилда ушбу бойкот тўхтатилган.

Аммо, "The Cotton Campaign" пахта далаларидаги вазиятни кузатишда давом этяпти. Коалиция тарқатган хабарда айтилишича, 2023 йилги ҳосил мавсумида кўнгилли ишчиларнинг етишмаслиги кузатилган. Ташкилотга кўра, бунга бир қатор омиллар, хусусан қишлоқ хўжалигидаги бошқа ишларга қараганда пахта терими учун тўловнинг нисбатан камлиги ва Ковид пандемияси ортидан Россияга ишга йўлланган ўзбекистонликлар оқими ошгани сабаб бўлган.

BBC

"Марказий ҳукумат мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича аниқ сиёсатга эга ва у ишчилар танқислигини ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри давлат ходимларини сафарбар қилмаган. Лекин, маъмурий буйруқбозлик ва назорат тизими маҳаллий раҳбарларни мажбурий меҳнатни қўллашга ундаган. (Маҳаллий) ҳукумат расмийлари жазо, ишдан олиниш ва ҳатто жиноий жавобгарлик хавфи остида кунлик пахта терими режасини ўз вақтида тўлдиришлари талаб қилинган", - дейилади хабарда.

Коалиция 2023 йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат қўлланганига учта асосий омил дея қуйидагиларни келтирган:

1) Ҳосилни ҳукумат назорат қилишда ва режа тўлдирилишини талаб қилишда давом этиши;

2) Фермерларда савдолашиш кучи йўқлиги ё камлиги сабаб етказиб берилган пахта учун тўловни олмасликлари ё кечикиб олишлари, ва ўз навбатида теримчиларни рағбатлантирувчи даражада юқори тўловларни тўлай олмасликлари;

3) Иш жойларида, жумладан давлат муассасаларида ҳам шикоят қилиш механизмлари йўлга қўйилмагани ва ўзаро уюшиб ҳимояланиш эркинлиги йўқлиги;

Натижада, ташкилотга кўра, туманларда қатор давлат идоралари ходимлари пахта теришга ёки ўз ўрнига ёлланган теримчиларга пул тўлашга мажбурланган.

Теримчиларнинг яшаш шароитлари.

Сурат манбаси, Timur Karpov

Сурат тагсўзи, Теримчиларнинг яшаш шароитлари.

"Кўнгилли теримчиларнинг етишмаслиги ва бошқа муаммолар тизимдаги стрессни синаб кўради. Раҳбарлар мажбурий меҳнатга юзланганлари факти шуни кўрсатадики, ҳозирги ислоҳотлар етарли эмас ва кескин ортга қайтиш хавфи бор", - дейди Глобал меҳнат адолати-Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми ((GLJ-ILRF) директори Аллисон Жилл.

"Мажбурий ва эксплуатацион меҳнатнинг барча турларини йўқ қилиш ва муносиб меҳнат шароитларига эришиш учун ишчилар ва фермерларнинг уюшиш эркинлиги ва коллектив савдолашиш ҳуқуқларини кучайтириш ва ҳимоя қилиш ўта муҳим", - дейди у.

"The Cotton Campaign" аъзоларидан бири бўлган "Ўзбек инсон ҳуқуқлари форуми" директори Умида Ниёзованинг айтишича, кенг ва мунтазам кузатилган мажбурий меҳнатни тўхтатиш йўлидаги ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистондаги пахта етиштириш тизими мажбурий бўлиб қолмоқда.

"Барқарор пахта секторига эришиш учун фермерларнинг қандай экинларни етиштириш ва қайси пахта компаниялари билан мулоқот қилишлари, ҳамда шартномалар шартларини савдолашиш ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминловчи ислоҳотлар керак", - дейди у.

"Ўзбек инсон ҳуқуқлари форуми" ҳисоботи

Сурат манбаси, cottoncampaign.org

Сурат тагсўзи, "Ўзбек инсон ҳуқуқлари форуми" ҳисоботи

"The Cotton Campaign" ёзишича, Ўзбекистонда давлат мажбурий меҳнатни йўқ қилганлиги борасидаги хулоса ортидан глобал брендлар ва савдо уйлари Ўзбекистондан пахта олиш қанчалар самарадорлигини эҳтиёткорлик билан кузатмоқдалар.

"Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий пахта компаниялари ислоҳотларни кучайтириш ва халқаро меҳнат стандартларига риоя қиладиган пахта ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш йўлида тезкор чора кўриши керак", - дейилади "The Cotton Campaign" баёнотида.

Аксинча, ташкилотга кўра, глобал брендларни Ўзбекистондан пахта олиш йўлида рағбатлантириш ҳаракатлари хавф остида қолади.

"Дунё бўйлаб тобора кўп қабул қилинаётган қонун-қоидалар брендлардан ишчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва ҳурмат этилишини талаб қилади", - дейди Америка кийим-кечак ва пойафзал уюшмаси (AAFA) директори ўринбосари Нейт Ҳерман.

АҚШ Давлат котибининг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бўйича собиқ ўринбосари ва "The Cotton Campaign" асосчиларидан бири Беннетт Фриманга кўра, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг йўқ қилинишини ҳамма манфаатдор.

"Ўзбекистондан масъулиятли маҳсулотни олиш ўзбек саноатидаги барча тарафларга фойда келтиради: ҳам пахта компаниялари, ҳам кичик тикувчилик корхоналари, ҳам фермерлар ва ҳам ишлаб чиқаришнинг турли босқичларидаги ишчилар бундан манфаатдор бўладилар. Бу воқеъликка айланиши учун Ўзбекистон ишчилар ва фермерларни ҳимоя қилиш йўлида кенгроқ ислоҳотларни татбиқ қилиш учун сиёсий иродани намойиш қилиши керак", - дейди у.

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK