Янгиликлар: Россия уруш учун Ўзбекистон пахтасидан қурол ясамоқда – Украина ва Путин O‘zbekiston Yangiliklar Rossiya

Сурат манбаси, TIMUR KARPOV
Би-би-си тадқиқоти нималарни аниқлади?
Порох ишлаб чиқариш учун Россияга пахта керак - қурол заводлари бу хомашёни Ўзбекистондан сотиб олади. Маҳаллий ширкатлар уни сотишади. Би-би-си маълум қилишича, улардан бирининг ҳатто Варшавада офиси ҳам бор.
Алоқадор мавзулар:
- МДҲ ва Ўзбекистон: МДҲ давлатлари ўзаро савдода Путин истаганидек доллардан воз кечиши мумкинми?
- Россиялик сиёсатчи: "Жиддий айтаяпман, Ўзбекистонни қўшиб олиш фикрида собитман" - Россия элчиси Ўзбекистон ТИВга таклиф этилди
- Янгиликлар: Россия ва Хитой Ўзбекистон, Марказий Осиё устидан тўқнашадими? Видео
- Янгиликлар. Марказий Осиё: СССРдан қолган мерос минтақа учун шунчалик хавфлими?
Тафсилотлар

Россия ҳарбий заводлари уруш бошланганидан кейин сўнгги икки йил ичида ишлаб чиқаришни оширмоқда. Бу, жумладан, ўзбек пахтасини сотиб олиш ҳисобига бўлмоқда - бу хомашё порох ва снаряд ишлаб чиқариш учун зарур.
Бу заводлар санкциялар остида, бироқ улар айни пайтда офиси Варшавада жойлашган ширкатдан пахта сотиб олмоқда, деб тушунтиради Би-би-си.
Ўзбекистонда ўнлаб йиллар давомида пахта теримида мажбурий меҳнат қўлланиб келинган ва уни етиштираётган фермерлар харидор фирмалар ва давлатга қарши туришга мажбур.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си Рус хизмати Россия ва Ўзбекистон ўртасида пахта савдоси қандай амалга оширилаётгани ҳақида ҳикоя қилади:
Манфаатли ҳамкорлик
"Совуқ ҳаво, ҳар қандай ёғингарчилик, ҳароратнинг ҳар қандай ўзгариши - буларнинг барчаси пахта ҳосилига катта таъсир қилади. Бизда шундоқ ҳам пахта сифати паст, шунинг учун сентябрь ойида, ҳали кунлар совимай, ёғингарчилик бошланмай ҳосилни тезроқ териб олиш вазифаси қўйилади", дейди кўп йиллардан бери Ўзбекистонда пахта саноатини кузатиб келаётган документалист ва журналист Тимур Карпов Би-би-сига.
Пахта бу мамлакат иқтисодиёти учун энг катта ресурслардан биридир. 2019/2020 йилги мавсумда 1 миллион гектардан ортиқ майдонни пахта (бу республикадаги барча экин майдонларининг чорак қисми) эгаллаган бўлса, 2022 йилда экспорт қилинадиган пахтанинг умумий қиймати 1,6 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзига хос иқлим шароити туфайли Ўзбекистонда пахта етилганда бир вақтда икки миллионгача одам (бу мамлакат аҳолисининг саккиздан бир қисми) далага теримга чиқади - Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, бу дунёдаги энг йирик мавсумий сафарбарлик ҳисобланади.

Сурат манбаси, TIMUR KARPOV
Давлат кўп йиллар давомида соҳани назорат қилиб келган ва ҳозир ҳам Ўзбекистон пахта бозорида асосий иштирокчи бўлиб қолмоқда, давлат экин майдонларига эгалик қилади ва ҳосилни ўзи назорат қилади.
2020 йилда Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси Қозон порох заводи билан шартнома имзолаганди. Татаристон саноат вазирлиги сайтида эълон қилинган пресс-релизда айтилишича, томонлар ўзаро ҳамкорликка келишиб олгандилар: Россия Ўзбекистонга порох етказиб беришга ва мамлакатда ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйишига кўмак беришга ваъда берди, Ўзбекистон эса ўз навбатида пахта етказиб бериш мажбуриятини олди.
Далаларда теримчилар пахтани - қайта ишланмаган пахта толаларини аралашмалар билан йиғиб олишади. Қайта ишлаш жараёнида пахта толаси тозаланиб, фуқаровий ва мудофаа саноатида қўлланилиши мумкин бўлган хомашё олинади.
Ҳарбий заводлар, биринчи навбатда, битта турдаги порох ишлаб чиқариш учун пахтани ишлатади - бунинг учун пахта целлюлозаси нитроцеллюлоза олиш учун махсус қайта ишланади, ундан порох тайёрланади. Иккинчидан, целлюлоза танк учун зарядларни ишлаб чиқаришда ҳам ишлатилади.
Целлюлоза Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган - бу маҳсулотни Россияга фақат ҳарбий эҳтиёжлар учун мўлжалланмасагина олиб кириш мумкин.

"[Ўзбекистон] порох тайёрлаш учун зарур бўлган асосий хомашё етказиб берувчи ҳисобланади. 2019 йилда биз шартномалар имзоладик, уларни жорий йилда муваффақиятли амалга оширдик ва келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун пойдевор қўймоқдамиз", деганди ўшанда завод бош директори Александр Лившиц.
Татаристон Саноат палатаси веб-сайтида айтилишича, Қозон порох заводи ўқ ўқотар қуроллар, кичик калибрли артиллерия, танк ва учоқ қуроллари, дала ва денгиз артиллерияси ва яқин масофали жанговар тизимлар учун ўқ-дорилар ишлаб чиқаради.
Ўзбекистондан Россия порох заводларига пахта целлюлозаси тўғридан-тўғри етказиб берилишига биринчи бўлиб "Важные истории" нашри (Россияда "хорижий агент" ва номақбул ташкилот сифатида таснифланган), Vlast.Kz ва OCCRP концернининг (Россияда исталмаган ташкилот сифатида таснифланган) қўшма текшируви эътибор қаратганди.
Би-би-си Рус хизмати Қозон порох заводи харидлари билан ҳам танишди. Завод камида 2019 йилдан буён тўғридан-тўғри ўзбек хомашёсини харид қилиб келади - Import Genius маълумотларига кўра, урушгача бўлган 2019 йилда завод 60 минг долларга 48 тонна пахта целлюлозасини сотиб олган.
Уруш бошланганидан кейин завод ишлаб чиқаришни кенгайтирди - завод 2022 йил август ва 2023 йил декабрь ойларида камида икки марта янги иш ўринларига эълон берган.
Зарур хомашё етказиб бериш ҳам ортди. 2022 йил ва 2023 йил бошида завод Фарғона кимё заводидан 2,1 миллион долларга 1225 тонна пахта целлюлозаси сотиб олди - бу 2019 йилга нисбатан қарийб 25 баробар кўпдир.
Фарғона заводи Россиянинг бошқа порох заводларига ҳам пахта целлюлоза етказиб берган. Import Genius маълумотларига кўра, 2022 йилда Перм порох заводига 48 минг долларга 26 тонна, 2023 йилда эса воситачи орқали 140 минг долларга 79 тонна Алексинга етказилган, у ерда порох ҳам ишлаб чиқарадиган Алексин кимё заводи жойлашган.
Умуман олганда, «Важные истории», OCCRP ва Vlast.Kz нашрларининг биргаликдаги текширувига кўра, 2023 йилда завод Россияга деярли 5 миллион долларлик 2,7 минг тонна пахта целлюлозаси етказиб берган. Улардан 2,2 миллиони порох заводларига етказиб берилган бўлса, қолгани ўтмишда Россия мудофаа заводларини ҳам хомашё билан таъминлаган воситачи ширкатлар орқали бўлган.

Сурат манбаси, VALERY KHARITONOV/TASS
Ўзбекистондан пахта целлюлозаси харид қиладиган яна бир корхона Котовск шаҳрида жойлашган Тамбов порох заводидир. 2022 йил январь-июль ойларида, «Коммерсант» газетаси ёзишича, завод ишлаб чиқаришни 34 фоизга кенгайтирган - ҳозир завод мунтазам равишда бўш иш ўринларини эълон қилмоқда.
2022 йилда Тамбов порох заводи Ўзбекистоннинг "RAW MATERIALS CELLULOSE"дан 253 тонна пахта целлюлозасини 485 минг долларга сотиб олган.
Россиянинг «Ярспецпоставка» компанияси ҳам худди шу таъминотчидан пахта целлюлозасини сотиб олганди - 2022 йилда компания 139 тонна пахта целлюлозасини сотиб олди ва уларни Тамбов вилоятининг Котовск шаҳрига юборди. «Ярспецпоставка» Тамбов порох заводи пахта целлюлозасини сотиб оладиган ягона воситачи компания эмас. Би-би-си Рус хизмати «Феникс» МЧЖдан Котовскга камида учта етказиб бериш бўлганини аниқлади - компания BAXTTEKS-FARM'дан 63 тонна сотиб олганди.
Умуман олганда, «Важные истории», OCCRP ва Vlast.Kz нашрлари қўшма текширувига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон фирмалари Россияга 5 миллион долларлик пахта целлюлозаси етказиб берган. 2023 йил биринчи тўққиз ойида - аллақачон 8,7 миллион долларга маҳсулот сотилган. Суриштирувчи журналистлар аниқлашича, Ўзбекистондан етказиб бериладиган маҳсулотлар Россияга ушбу хомашё импортининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Қолганлари Қозоғистондан етказиб берилади.
Россияга порох учун хомашё етказиб берувчи компанияларни ким назорат қилади?
Ўзбекистон юридик шахслари реестрига кўра, 2021 йилда Фарғона кимё заводининг 100% таъсисчиси мамлакатдаги энг йирик банк Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банкидир. Банкнинг 100% акциялари эса Ўзбекистонга тегишли эди. Аммо 2023 йилга келиб, завод шахсий қўлларга ўтди - ҳозир "Важные истории" нашри таъкидлашича, завод эгалари Россиянинг икки фуқароси - Рустам Мўминов ва Михаил Глуховдир.
Мўминов, эҳтимол, Россияга порох учун хомашё етказиб берувчи яна бир компания - RAW MATERIALS CELLULOSE (компания Тамбов порох заводига камида 253 тонна хомашё етказиб берган) ни назорат қилади. RAW MATERIALS CELLULOSE асосчилари орасида Лариса Уткина ҳам бор. Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги маълумотларига кўра, у 2021 йилда иккита савдо белгисини рўйхатдан ўтказган - «Alliance Capital» ва «Chemistry International» («Alliance Capital» таркибига киради).
"Alliance Capital" веб-сайтига кўра, унинг таъсисчиси Рустам Мўминов (Фарғона кимё заводининг икки эгасидан бири) ва асосий активларидан бири Фарғона кимё заводи ҳисобланади. Ҳозир компания веб-сайтига кўра, «Alliance Capital» бош офиси Варшавада жойлашган. Би-би-си Рус хизмати томонидан кўриб чиқилган ҳисоботда айтилишича, унинг Европа Иттифоқидаги асосий фаолияти йўллар, магистраллар ва кўприклар қурилишидир. Шу билан бирга, компания 2022 йилда зарар кўрган.
Ҳисоботда компания эгаси, 43 ёшли Виктория Бонковска ҳам қайд этилган. Би-би-си Рус хизмати Викториянинг отаси исми Рустам эканлигини ва унинг туғилган санаси ва рўйхатдан ўтган манзили Москвада яшовчи Виктория Рустамовна Мўминованинг маълумотларига тўғри келишини аниқлади. Катта эҳтимол билан, бу ўша одам.
Шундай қилиб, катта эҳтимол билан Польшадаги «Alliance Capital» эгаси Фарғона кимё заводи хўжайини Рустам Мўминовнинг қизи ҳисобланади. Виктория ҳозир қаерда яшаётганини билиш имкони бўлмади, у Би-би-си Рус хизматининг хатларига жавоб бермаган.
Оқ олтин, ҳуқуқсиз фермерлар ва мажбурий меҳнат

Ўзбекистон пахта саноати йиллар давомида мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланиб келган. Бунинг сабаби, пахта терими бир вақтнинг ўзида жуда кўп ишчи кучи талаб қилади. Чунки пахта тез терилмаса, ҳосил йўқолиши мумкин, деб тушунтиради Тимур Карпов.
Human rights watch'нинг 2012 йилги ҳисоботига кўра, масалан, йиғиш пайтида яқин атрофдаги болалар шифохоналари ходимлари, ўқитувчилар, талабалар ва мактаб ўқувчилари далаларга жўнатилган - ҳар бир теримчининг мажбурий нормаси бўлган. Катта ёшдаги болалар ва катталар учун бу норма 60 килограммни ташкил этган ва иш куни 12 соат давом этган. Худди шу ҳисоботда Human rights watch 18 ёшли Наврўз Муйзиновни мисол келтиради - у пахта тераётганда даладан рухсатсиз чиқиб кетгач, калтаклаб ўлдирилган.
Ўшанда Ғарб брендлари Ўзбекистон билан ҳамкорликдан бош торта бошлади - натижада Adidas, Puma, H&M ва бошқа брендлар ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар босими туфайли ва 2016 йилда Ислом Каримов вафотидан кейин вазият ўзгара бошлади. Биринчидан, теримга болаларни юбориш амалиёти бекор қилинди. 2021 йилги ҳосил йиғим-теримида «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми»нинг ҳуқуқ фаоллари мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланиш ҳолатини аниқламади.
Аммо фермерлар ва пахта теримчилари ҳукумат босимига ҳамон дуч келмоқда.
2017 йилдан бошлаб давлат ва фермерлар ўртасида янги воситачи - кластерлар - фермерлардан пахтани сотиб олиб, уни қайта ишловчи, хорижга ёки ички бозорга сотиш учун жўнатувчи корхоналар пайдо бўлди. 2018 йилга келиб кластерлар пахта майдонларининг ярмини назоратга олди.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми асосчиси Умида Ниёзованинг фикрича, кластерлар пахта саноатига шаффофлик қўшмайди ва фермерлар учун деярли ҳеч нарса ўзгармайди: "Фермерлар ҳали ҳам пахта ёки ғалла экиш мажбурияти остида ерни ижара олади, гарчи бу уларга фойдали бўлмаса ҳам. Аммо энди бу кластерларга фермерлар бириктирилган - улар пахтани давлатга эмас, балки ўз ҳудудидаги маълум бир кластерга сотишлари шарт ва улар кластер танлай олмайди. Фермерлар ва кластерлар ўртасидаги муносабатларни экплуатация дейиш мумкин: фермер ҳамма нарсага ва ҳаммага мажбурдир - аслида унинг бу кластерга нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ, фақат мажбуриятлари бор. Кластер моҳиятан пахта тозалаш заводларига эга бўлган хусусий корхонадир."

Сурат манбаси, TIMUR KARPOV
Қорақалпоғистонлик ҳуқуқ фаоли, «Чироқ» ташаббус гуруҳи раҳбари Азимбай Отаниязов ҳам унинг фикрига қўшилади. У фермерлар бир йилдан ортиқ вақт давомида кластерлардан пахта учун тўлов ололмаётган ҳудудларни санайди: "Амударё тумани ва Тахиатош туманида ҳам манзара бир хил. Кегейли, Қораўзак ва барча туманларда кластерлар банкрот бўлгани учун фермерлар пулларини ололмаяпти. Нега улар банкрот? Чунки бу давлат томонидан назорат қилинадиган хусусий бизнес. Давлат эса тадбиркорларнинг интилишлари билан қизиқмайдиган амалдордир".
Қўшни вилоятларда ҳам вазият худди шундай - январь ойида «EFFECT.UZ» Telegram каналида Сирдарё вилоятида фермерлар кластердан 52 миллиард сўм (4 миллион долларга яқин) ололмаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Отаниязовнинг таъкидлашича, кластерларни тузиш жараёни шаффоф бўлмаган ва корхоналар ҳукумат амалдорлари ёки уларнинг яқинлари қўлига ўтиб кетган. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми 2020 йилда Ўзбекистондаги асосий кластерлар фаолияти ҳақидаги тадқиқотини эълон қилди: тадқиқотчилар 71 та кластерни ўрганиб чиқиб, ярмига «қизил» мақомини беришди. Бунга мулкчиликнинг ноаниқ шакли, сиёсий муҳим шахслар билан алоқалар, инсон ҳуқуқлари ёки амалдаги қонунчилик бузилиши ва бошқа омилларни киритиш мумкин.
Кластерлар давлатнинг сўзсиз розилиги ёки у билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ишлаётгани 2023 йилги ҳосил мавсумидаги селектор йиғилиши видеоёзувида ҳам тасдиқланган. Унда президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниевга ниҳоятда ўхшаш бир шахс ўз қўл остидагиларга терим режасини бажармаётгани учун танбеҳ бериб, фермерларнинг розилигисиз даладан пахта териб олишга буйруқ беради.

Сурат манбаси, Getty Images
2023 йилги пахта терими мавсумида жами тўртта шунга ўхшаш ёзув оммага чиқиб кетган - уларда президент маслаҳатчисига жуда ўхшаш шахс пахта йиғим-теримининг кунлик режасини бажармаётган вилоят ҳокимларини танқид қилади: улардан бирида Авазбек Ёқубжоновичнинг [бу Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Авазбек Эргашев ҳақида бўлиши мумкин] думини кесиш, прокурорни Самарқандга текширув учун юбориш, яна бир вилоят ҳокимига қарши жиноят иши очиш ҳақида гапиради.
Ўзбекистон Президенти Админстрацияси ва "Alliance Capital" Би-би-си Рус хизмати сўровларига жавоб бермади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













