Россия Ўзбекистон орқали ҳарбий дронлар учун қурилмалар сотиб олишни режалаяптими? Yangiliklar, Urush va tinchlik

Сурат манбаси, Reuters
Россия Ўзбекистонда сохта ширкатлар очиб, ҳарбий дронлар учун электроника қурилмаларини сотиб олишни режалаштираётгани даъво қилинди. Ушбу иддао билан чиққан Украина Миллий қаршилик маркази, шунингдек, Москва хорижий қурилмалардан дронлар ишлаб чиқариб, уларни Россияга транспортировка қилишни режа қилаётганини таъкидлади.
Бу ҳақда kyivpost.com нашри ёзмоқда. Сайтга кўра, Путин бу борада ҳамкорлик қилиш шартларини 26 декабр куни МДҲ давлат раҳбарларининг учрашувида Ўзбекистон ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти билан муҳокама қилган.
Хабарда ёзилишича, Россия Ғарб қўйган санкцияларни айланиб ўтиш учун Ўзбекистонда сохта ширкатлар очмоқчи.
Нашрнинг таъкидлашича, гўё Россия, шунингдек, Ўзбекистондан совет қуроллари учун ўқ-дори сотиб олишни ҳам кўзлаган.
Ҳозирча Ўзбекистон расмийлари ушбу даъволарга муносабат билдиргани йўқ.
Ўзбекистонда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар йиғилаётгани ҳақида 2022 йилнинг октябр ойида украиналик журналист Дмитрий Гордон айтиб чиққанди.
Журналист бу дронлар Украинага ҳужум қилаётган Россияга етказиб берилаётганини иддао қилган.
Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги ўз пайтида Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилиши ҳақида тарқалган хабарларни ёлғон, деб атаган.
Мудофаа саноати давлат қўмитаси Ўзбекистон эронлик ҳамкорлар билан биргаликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармагани ва ишлаб чиқармаётганини ҳам таъкидлаганди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дрон йиғилаётгани ҳақидаги даъвони рад қилган ва на Украина томони, на бошқа хорижий ҳамкорлар "Эрон дронларини йиғиш" масаласи бўйича расмий мурожаатлар қилганини билдирган.
"Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилади", дейилганди 2022 йилнинг 27 октябрида чиққан баёнотда.
Ушбу баёнотлардан сўнг журналист Гордон маълумотни беришда хатога йўл қўйганини ва аслида Тожикистонни назарда тутганини айтганди.
Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш борасида қонунчилик томонидан баъзи чекловлар жорий қилинган.
Шундай бўлса-да, ўтган йилнинг ноябр ойида gazeta.uz Россиянинг Fly and See Agro компанияси Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш нияти борлиги ҳақида ёзди.
Хабарда айтилишича, "Навоий" махсус иқтисодий зона дирекцияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев ва Fly and See Agro компанияси бош директори Василий Птитсин республикада учувчисиз учиш тизимларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзолаган.
Унга кўра, Навоийда россиялик мутахассислар иштирокида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун дронлар ишлаб чиқарилиши, шунингдек, ташқи бозорларга (жумладан, Россияга) экспорт қилиниши режалаштирилган.
Ундан олдинроқ Малайзиянинг 3 та — Alphaswift, Meraque ва Aoniс компаниялари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаси ҳамда етказиб беришда фойдаланиш учун дронлар ишлаб чиқариш масалаларини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













