Украина Россия дрон уруши: Байрактар кучлими ё Шаҳид? Yangiliklar Ukraina Dunyo Putin

Сурат манбаси, Reuters
Украина Россияни Киевдаги тинч аҳолига қарши камикадзе (худкуш) дронлардан фойдаланганликда айблади.
Улар портловчи моддаларни олиб юради, зарба пайтида портлайди ва бу жараёнда дрон ҳам йўқ бўлади.
Рус камикадзе дрони нима?
Россия Украинадаги можарода сентябрь ойи ўрталаридан бери Эроннинг Шаҳид-136 дронидан фойдаланаётгани тахмин қилинмоқда.
Россияда «Геран-2» деб ҳам аталади. Унинг учига портловчи каллак жойланган ва ҳужумга буйруқ берилгунга қадар нишон устида бемалол учиши мумкин.
Шаҳид-136 нинг қанотлари кенглиги тахминан 2,5 метр ва уни радарда аниқлаш қийин.
Бунақа дронлардан Россияда қанча борлиги номаълум, аммо АҚШ Эрон Россияга юзлаб шундай дронларни юборишни режалаштирганини айтди. Эрон эса буни рад этмоқда.

Камикадзе дронлари Украинага қандай зарар етказди?
Россия илк бор 13 сентябрь куни мамлакат шарқидаги Харков вилоятидаги Купянск шаҳри яқинидаги нишонларга қарши Шаҳид-136 дронидан фойдалангани ҳақида хабар берилган эди.
Ўша ойнинг охирида у жанубдаги ҳужумларда ишлатилган. Одесса ва Миколаевдаги вайроналар орасидан дронларнинг қолдиқлари топилган.
Октябрь ойида Шаҳид-136 дронлари Киев жанубидаги Била Церква шаҳрига қўнди.
Россия қанотли ракеталардан кўра бу дронлардан фойдаланиши мумкин, чунки улар нисбатан арзон - ҳар бири 20 000 доллар атрофида туради.
Украина уларга қарши қандай курашмоқда?
Украина қуролли кучлари ушбу дронларни уриб тушириш учун зенит-ракеталар ва алоқа тўлқинларига халал берувчи қурилмаларидан фойдаланган. Октябрь ойи бошида Украина Қуролли кучлари барча Шаҳид-136 дронларнинг 60 фоизини тутиб олганини маълум қилганди.
Бироқ, уларнинг барчасини тушириш қийин.
"Улар пастлаб учади ва сиз уларни кетма‑кет юборишингиз мумкин. Бу дронларга қарши туриш Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун қийинчилик туғдиради", дейди ҳарбий эксперт Жастин Крамп Би‑би‑сига.
Украина камикадзе дронларидан фойдаланганми?
Улардан Украина фойдаланганми ёки йўқ, номаълум, бироқ экспертларнинг фикрича, улар Қрим ғарбидаги Россия ҳарбий базаси, Севастопол яқинидаги авиабаза ва Севастопол бандаргоҳидаги кемаларга яқинда уюштирилган ҳужумларда иштирок этган бўлиши мумкин.
Лондон Қирол коллежида мудофаа бўйича тадқиқотчи доктор Марина Мирон шундай дейди: "Агар сиз ҳужумлар пайтидаги портлашларга қарасангиз, улар жуда кичик эканлигини кўрасиз. Менимча, улар портловчи моддаларга тўлдирилган бир марталик дронлардир".
Украина ва Россияда яна қандай дрон бор?
Украинанинг асосий ҳарбий дрони Туркияда ишлаб чиқарилган Байрактар TB2 ҳисобланади. У кичик учоқ ўлчамига эга, бортида камералар мавжуд ва лазер билан йўналтириладиган бомбалар билан қуролланиши мумкин.
Қироллик Бирлашган хизматлар институти таҳлил марказидан доктор Жек Уотлингнинг айтишича, уруш бошида Украина флотида бундай учоқлар "50 га яқин" бўлган.
АҚШ Украинага 700 та Switchblade дронларини юбораётганини айтди, улар ҳам камикадзе дронларидир.
Россия, шунингдек, камералар билан жиҳозланган ва кичик бомбаларни олиб юриши мумкин бўлган "кичикроқ ва содда" Орлан-10 учоғидан фойдаланади.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳарбий дронлардан қандай фойдаланилган?
Иккала томон - Россия ва Украина учун дронлар душман нишонларини аниқлаш ва уларга артиллерия ўқларини йўналтиришда самарали восита эканлигини исботлади.
"Россия кучлари «Орлан-10» дрони нишонни аниқлагандан сўнг, уч-беш дақиқа ичида ўз артиллерия қисмларини душманга қарата олади", дейди доктор Уотлинг. Акс ҳолда, ҳужумга 20-30 дақиқа кетиши мумкин.
Доктор Марина Мироннинг айтишича, дронлар Украинага чекланган кучларини кенгайтиришга имкон берган.
"Агар сиз илгари душман позицияларини овламоқчи бўлсангиз, махсус кучларни юборишингиз керак эди ва бунда сиз бир оз аскар йўқотишингиз мумкин, - дейди у. - Ҳозир хавф остига қўйган нарсангиз - бу дрон."

Сурат манбаси, EPA
Урушнинг дастлабки бир неча ҳафталарида Украинанинг Байрактар дронлари роса олқишланди.
"Уларга ўқ-дорилар омбори каби нишонларга зарба берди ва "Москва»ни [ҳарбий кемани] чўктиришда муҳим роль ўйнади", дейди доктор Мирон.
Бироқ Байрактар катта ва секин ҳаракатланувчи дрон бўлиб, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан унга самарали қарши тура олди.
Ҳарбий бўлмаган дронлардан қандай фойдаланилади?
Ҳарбий дронларни алмаштириш қимматга тушади - битта Байрактар TB2 тахминан 2 миллион доллар туради.
Шундай қилиб, ҳар икки томон, айниқса Украина, DJI Mavic 3 каби кичик тижорат моделларидан фойдаланади, бу тахминан 1700 фунт стерлинг туради.
Ушбу тижорий дронлар кичик бомбалар билан жиҳозланиши мумкин. Бироқ, улар асосан душман қўшинлари жойлашувини ва тўғридан-тўғри ҳужумларни аниқлаш учун ишлатилади.
"Украинада Россиядагидек кўп ўқ-дорилар йўқ, - дейди доктор Мирон. - Бу эса нишонни аниқлаш ва артиллерия билан нишонга олиш учун осмонда кўзингиз бўлиши ва бор нарсадан унумли фойдаланиш зарурлигини англатади."
Аммо тижорий дронлар ҳарбий дронларга қараганда анча кам самарали.
Масалан, DJI Mavic'нинг умумий парвоз масофаси бор-йўғи 30 км бўлиб, у максимал 46 дақиқа уча олади.
Россия уларга қарши электрон қурилмалардан фойдаланмоқда, дейди доктор Мирон.
"Россия қўшинларида электромагнит импульс юборадиган Ступор милтиғи бор", дейди у. Унинг сўзларига кўра, бу тижорий дронларининг GPS ёрдамида навигация қилишига тўсқинлик қилади.
Россия кучлари, шунингдек, Аэроскоп каби онлайн тизимлардан тижорий дронлар ва уларнинг операторлари ўртасидаги алоқаларни аниқлаш ва бузиш учун фойдаланган.
Ушбу тизимлар дроннинг қулатади ёки базага қайтаради, шунингдек, маълумот юборишини узиб қўйиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













