Қрим, Белгород ва Херсон: Россия ҳарбий объектларида яна устма-уст портлаш, бунақаси бўлмаган, Путин ҳозирча жим Video Ukraina Rossiya Qrim Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Бир куннинг ўзида Россиянинг Қрим, Белгород ва Херсондаги ҳарбий объектлари портлатилганига оид хабарлар олинмоқда. Хабарлар кўплигидан уни ёритишда ҳатто "портлашлар кечаси", деган тавсиф ҳам қўлланилмоқда. Бунақаси олти ойлик уруш мобайнида кузатилмаган. Путин ҳозирча жим. Буларнинг ҳаммаси Украинанинг ишими?
Украина ва Россия: Қримни ким портлатаяпти?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Украина уруши ва Россия: Зеленский Қримни барибир олмоқчи, Қримдаги портлаш ортида ким турибди? - Видео
- Украина ишғоли ва куннинг саволи: Путин ядровий тугмани босадими?
- Украина уруши: Россиядан нохуш хабар, АҚШ Украинани янада кучайтирмоқчи, Путин қўрққан иш амалга ошадиган ва энди россияликларга қийин бўладими?
- Украина уруши: Россия Запорожьеда референдум ўтказмоқчи
Россия ҳарбий объектларига нималар бўлаяпти?
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Пайшанба куни ниҳоясида Россиянинг Қрим ва Украинадаги қатор ҳарбий объектлари портлашлар нишонига айланганига оид хабарлар олинди.
Дастлаб Белгород вилоятидаги қурол-яроғ омборига ўт кетгани айтилди.
У ерда бир неча портлаш содир бўлганига оид расман тасдиқланмаган хабарлар бор.
Маҳаллий масъулларга кўра, ҳозир сатҳда оператив гуруҳ ишламоқда. Ёнғин сабаби ўрганилмоқда.
Украина томонига кўра, Изюм йўналишида жанг қилаётган Россия Армиясининг омборлари портлаётир.
Бунинг ортидан, Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яна портлаганига оид хабарлар чиқди.
Уларда Бельбек ҳарбий аэродроми ҳудудида портлашлар юз бергани айтилди.
Севастополга масъул Россия вакилининг айтишича, аэродром сатҳида дронни уриб туширишган.
Бельбекда Россиянинг Қримдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган.
Россиялик масъулларга кўра, кеча кечқурун Керчда ҳам ракетадан ҳимоя тизими ишлаб кетган.
Маҳаллий аҳоли иккита портлаш садосини эшитганликларини айтишган.
Украина оммавий ахборот воситалари маҳаллий аҳолига таяниб, худди ўша соатларда Херсоннинг Россия ишғоли остидаги Нова Каховкасида ҳам портлашлар юз бераётгани ҳақида хабар беришган.
Айрим тасдиқланмаган видеоларда у ерда ҳам ракетадан ҳимоя тизими ишлаб кетганини кўриш мумкин бўлган.
Қарийб олти ойлик уруш давомида Россиянинг ҳарбий объектлари бир куннинг ўзида бунчалик портлашлар нишонига айланмаган.
Сўнгги уч ҳафта ичида Россия Қора Денгиз Флотининг Севастополдаги Бош қароргоҳи, Қримдаги Саки ҳарбий ҳаво базаси ва Майское, Гвардейскийдаги ҳарбий объектлари ҳам портлаганди.
Булар барчасининг ортида ким турибди?

Сурат манбаси, TASS
Қрим сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида устма-уст портлашларга саҳна бўлди.
Воқеаларнинг бу каби кутилмаган ривожи Украина уруши манзарасида юз берди.
2014 йилда аннексия қиларкан, Қрим Россия қудратининг рамзига айланган.
Стратегик жиҳатдан ўта муҳим аҳамиятга эга.
Россия Қора Денгиз Флотининг асосий базаси. Украина урушида Россия учун муҳим таъминот маркази.
Давлат ташвиқотича, ҳатто, Россия хавфсизлигининг манбаи. Душман ёриб ўтишга ожиз мустаҳкам қалъа...
Қримга нима бўлди?

Сурат манбаси, Reuters
Севастополь
Россия Қора Денгиз флотининг Бош қароргоҳи 31 июль куни дрон ҳужумининг нишонига айланади. Бу ўшанда яхши уюшмаган маҳаллий партизанларнинг кичиккина акцияси сифатида талқин этилади. Россия давлат матбуоти дроннинг қўлбола экани, унга ўрнатилган портловчи ускунанинг ҳам кучсиз экани иддао қилади. Аммо бу ҳужум ортида ким тургани ҳали-ҳануз маълум эмас.
Саки
Севастополдаги ҳужумдан ўн кунча ўтиб, Россиянинг Қримдаги йирик ҳарбий ҳаво базаси устма-уст портлашларга саҳна бўлади. Россия бир куннинг ўзида ўнга яқин самолёти, кўплаб қурол-яроғидан айрилади. Бу Россия авиацияси Иккинчи Жаҳон урушидан кейин кўрган энг оғир талафотга қиёс берилади. Расмий Москва бунга омбордаги қурол-яроғларнинг портлагани сабаб бўлганини айтади. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган, дейди. Сакида аслида нима бўлгани ҳануз маълум эмас. Россия ҳарбийлари қуршовида сатҳдан мустақил маълумот олиш имконсиз. Ҳатто АҚШ ширкати олган сунъий йўлдош тасвирлари ҳам портлаш сабабига ойдинлик кирита олмаган. Ғарб ва украин матбуотида бу Украина махсус кучларининг иши, деган қарашлар бор. Аммо Украина бу хусусда расман раддия билан чиққан.
Майское

Сурат манбаси, Reuters
Сакидаги ҳужумдан ўн кунча ўтиб, Россиянинг Майское қишлоғида жойлашган қурол-яроғ омбори портлайди. Қримдан яна устма-уст қаттиқ портлашларга оид хабарлар олинади. Жанкое электрподстанциясига ўт кетади. Темир йўл ҳам ишдан чиқади. Худди ўша куннинг ўзида Гвардейский ҳаво базасида ҳам нимадир портлайди. Россиялик ҳарбийлар дастлаб буни дрон ҳужуми, деб фараз қилишади. Кейин эса, қўпорувчилик амали, деб чиқишади. Аммо бу портлашларнинг ҳам асл сабаби ва ортида ким турганлиги борасида асосли маълумотлар ҳозирча имконсиз.
Акс-садолар
Украина президенти бу ҳодисаларга ўзининг расмий муносабатини сўнгги тунги мурожаатларидан бирида билдирган. Володимир Зеленский Қримни "ишғол остидаги" ҳудуд сифатида тилга оларкан, у ердаги портлашлар ортида турли сабаблар ётганини айтган. Украина президенти бу сабабларнинг барчасини "бепарволик", деган бир сўзда ифодалаган. Аммо худди шу чиқиши чоғида ўз фуқароларини Россиянинг ҳарбий объектларидан узоқроқ туришга ҳам ундаган. Яқинда Қримни ҳеч кимга бериб қўймасликлари, уни барибир қайтариб олишларини ҳам айтган. Экспертлар сўнггиларини ҳам дрон ҳужумларига боғлашлари мумкин. Агар ушбу фаразни қатъий рад этувчи далиллар бўлмаса, сўнгги ҳодисалар Қрим ҳудудида дронларни йиғиш ёки уларни четдан олишга имконли қандайдир уюшган гуруҳ ишлаётганини англатади, деган қарашлар бор. АҚШ томони эса, ўзлари Украинага бераётган қурол-яроғлар бундай ҳужумларга қодир эмаслигини айтиб чиққан. Аммо Украина ҳозир бу каби ҳужумларга қодир бўлаётгани эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















