Украина уруши: Россия Запорожьеда референдум ўтказмоқчи Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Россиянинг Украина Запорожье вилоятида ўрнатган оккупацион маъмурияти вилоятни Россия ҳудудига қўшиш мақсадида референдум ўтказишга қарор қилган.
8 август куни Россия ўрнатган Запорожье вилояти раҳбари Евгений Балицкий "Россияга қўшилиш мақсадидаги референдумга тайёргарлик кўриш" тўғрисида фармойиш имзолаган.
Бироқ бундан олдин Россия ҳарбийларининг назоратида бўлган ҳудудлар расмийлари референдум масаласи аллақачон ҳал бўлганини айтганлар.
Алоқадор мавзулар
- Собиқ Россия президенти Медведев: Ғарб Россияни йўқ қилмоқчи
- Украина уруши: Ғарб қуроллари Россия ҳужумларини камайтирди - Видео
- Украина Херсонни қайтариб олиш учун қарши ҳужумларни кучайтирмоқда - манба
- Россия Украинадан ўғирлаган ғаллани қаерга олиб бораяпти?
- АҚШ Украина учувчиларини F-16 қирувчиларини бошқаришга ўргатади. Бу урушда бурилиш ясайдими?
"Запорожье ерлари Украина таркибидан буткул чиқиб кетаяпти. Запорожье вилояти Россияга қўшилиш йўлини танлади, орқага йўл йўқ", - деб айтган Владимир Рогов, оккупацион маъмуриятда кенгаш аъзоси мансабини эгаллаган амалдор.
Россия вилоятнинг бутун ҳудудини босиб олган, бироқ вилоят маркази Запорожье шаҳри Украина қўлида.
Украинанинг Россия босиб олган бошқа ҳудудлари, Херсон, Мариуполь сингари Запорожье вилоятида ҳам референдумга тайёргарлик бошланганига анча бўлди.
23 июлда Россия ҳарбий назоратидаги ҳудудларда референдумни ўтказиш бўйича сайлов коммиссияларини тузиш бошланган.
Оккупацион маъмуриятлар Россия Марказий Сайлов комиссиясидан ёрдам сўрамоқчи эканликлари хабар қилинди.
Референдумни шу йилнинг кузида ўтказишга қарор қилинган.
Лекин аниқ санаси маълум эмас.
Украина Президенти Володимир Зеленский, бундай референдумлар Россия билан ҳар қандай музокара тугашини англатади, деди.
"Агар оккупантлар бу сохта референдумлар йўлидан борадиган бўлсалар, ўзлари учун Украина билан ва эркин дунё билан ҳар қандай музокара имкониятини ёпган бўладилар, бундай имконият вақти келиб Россия тарафига аниқ зарур Бўлади", - дея Зеленскийдан иқтибос келтирган УНИАН агентлиги.
Вилоят ҳудудидаги Запорожье Атом Электр станцияси охирги кунларда ташвишли хабарларга сабаб бўлди.
Россия ҳарбийлари Энергодар шаҳрини ва Европадаги энг йирик атом электр станцияси ҳисобланган Запорожье АЭСини март ойи бошида босиб олган эдилар.
АЭСни Россия ҳарбийлари назорат қилаяпти, украиналик ишчилар станцияни юритаяптилар.
АЭСга россияликл олимлар киритилган.
Шанба-якшанба кунлари АЭС ҳудудини ракета ҳужумларига тутишда Украина ва Россия бир-бирларини айбладилар.
Россия АЭС реакторлари хоналарига портловчи моддалар жойлаштиргани, АЭС биносидан қалқон сифатида фойдаланиб Украина ҳудудларини ракета ҳужумига тутаётгани хабар қилинди.
Сўнгги ҳужумлар манзарасида АЭС бир энергоблоки иши тўхтатилган.
БМТ, Европа Иттифоқи, БМТнинг Атом қуввати бўйича агентлиги МАГАТЭ ядровий фалокат таҳдиди юзага келганидан хавотир билдирдилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















