АҚШ Украина учувчиларини F-16 қирувчиларини бошқаришга ўргатади. Бу урушда бурилиш ясайдими? Dunyo Yangiliklar

F-16

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, F-16

АҚШ Конгресси ўтган ҳафта Украина учувчиларини Америка қирувчиларини бошқаришни ўргатиш молиявий дастурини тасдиқлади. Бунга 100 миллион доллар ажратилади. Ҳарбий бюджетга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Сенат тасдиқлаши ва кейин Президент имзолаши керак.

Агар Украина ғарб самолётлари ва уларни бошқара оладиган учувчиларга эга бўлса, бу Россия билан урушга қандай таъсир қилади?

"АҚШ Президенти Украинага F-15 ва F-16 ҳамда бошқа қурилмаларни етказиб беришга қарор қабул қилгунча, ушбу қонун лойиҳаси бу самолётлар учун украиналик учувчилар ва экипаж аъзоларини тайёрлаш имконини беради", дейди қонун лойиҳаси муаллифи республикачи конгрессмен Адам Кинзингер.

Агар қонун лойиҳаси тўлиқ қабул қилинса бу Украина ҳаво кучлари фаоллиги ҳозиргача суст бўлган Россия ва Украина урушидаги катта ҳодиса бўлади.

Ҳарбий экспертларнинг айтишича, Украина Қуролли кучлари ҳужумга ўтишга қарор қилса буни ҳарбий самолётларсиз амалга ошириб бўлмайди.

Су-27

Сурат манбаси, AFP

Ғарб Украинага қирувчи учоқлар етказиб бериши мумкинлигини ҳозирча эълон қилгани йўқ. Америка ҳарбий матбуотининг ёзишича, агар Украина учувчилари айнан АҚШда тайёргарликдан ўтса, катта эҳтимол билан F-16 қирувчилари етказиб берилиши мумкин.

Нотенг жанглар

Американинг Air Force Magazine нашри украиналик учувчининг Россия Ҳарбий ҳаво кучларига қарши жанглари ҳақида ҳикоясини чоп қилди.

Nomad тахаллуси билан гапирган учувчи Украинанинг МиГ самолётлари билан Россия қирувчи учоқларига қарши туриш жуда қийинлигини айтган. Чунки россияликлар 100 чақиримлик масофагача етиб борувчи ракеталардан фойдаланади.

Nomadнинг айтишича, Украина Ҳарбий ҳаво кучларидан бўлган бир дўсти яқинда Донбассда бўлган жангларда кузатиш қийин бўлиши учун самолётнинг радарини ўчириб қўйган. Кейин яқин масофадан ракета отиш учун Россия самолётлари учиши мумкин бўлган минтақага яқинлашган.

Су-27 ВВС Украины

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Су-27

Бу каби парвозларнинг кўп ҳолларида Украина учувчилари Россиянинг Су-30 ёки Су-35 самолётлари ракеталарини отганидан кейин уларни пайқаб қолади.

"Йигитларимиз замонавий самолётларга эга Россия учувчиларига қарши бор кучлари билан курашяпти", дейди у.

Air Force Magazineнинг мақоласи чоп қилинган 13 июлда Nomad АҚШдаги Украина ҲҲКнинг ягона ҳарбий учувчиси бўлган. У малака ошириш дастурида иштирок этмоқда.

Nomadнинг айтишича, Украинадаги учувчилар узоқроқ масофага учувчи замонавий ракеталар билан жиҳозланган Американинг F-16 қирувчи учоғини бошқаришни орзу қилишади.

Айни дамда Украинада инглиз тилини биладиган камида 30 нафар ҳарбий учувчи АҚШга кетишга тайёр бўлиб тургани айтилади.

Бир ҳарбий учувчининг Америка учоқларида жанг қила олиш қобилиятига эга бўлиши учун камида ярим йил талаб қилинади.

F-16 қанақа самолёт?

Америка самолётларининг Украинага берилиши борасида ҳозирча гап-сўз йўқ. Бироқ ўтган йилнинг декабрида АҚШ катта сондаги C ва D тоифасидаги 47 та F-16 ҳамда шу тоифадаги 48 та F-15 қирувчиларидан воз кечмоқчи эканлиги маълум бўлди.

Бу сондаги F-16 самолётлари 3-4 та украин эскадрилларини қуроллантириши мумкин.

Истребител

Сурат манбаси, Marina Lystseva/TASS

Бундан ташқари F-16 яна 25 давлатнинг қуролли кучларида мавжуд ва уларнинг кўпчилиги бу русумдаги самолётларни янгилашни исташи мумкин.

Шу вақтгача 4,5 мингта бу каби самолёт ишлаб чиқарилган.

Илк бошида самолёт осмонда ҳукмронлик ўрнатиш орқали ҳаво жангида иштирок этиш учун мўлжалланганди. Шу томонлама у советларнинг МиГ-29 га ўхшаб кетади.

Бу самолётларда парвоз қилган россиялик учувчи Александр Гарнаевнинг Би-би-си рус хизматига айтишича, МиГ-29 ва F-16 ўртасидаги техник фарқ "Запорожец" ва "Ауди" автомобилларига ўхшайди.

"МиГ-29 аллақачон ўз ҳолига ташлаб қўйилган, F-16 бўлса энг замонавий қурилмалар ва қуроллар билан жиҳозланган", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek